Norma.uz

Ривожланиш стратегияси амалда. Ўзбекистон Республикасини 2014 йилнинг I чорагида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан белгилаб берилган 2014 йил­ги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифалари ва йўналишларини амалга ошириш, шунингдек, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларини ривожлантириш бўйича ўрта муддатли дастурларнинг бажарилишини давом эттириш 2014 йилнинг I чорагида асосий макроиқтисодий кўрсаткичларнинг ижобий динамикасини сақлаш ва кейинги чорак­ларда иқтисодиётни янада ривожлантиришнинг мустаҳкам асосини яратишни таъминлади.

 

Иқтисодиётнинг барқарор юқори ўсиш суръатларини таъминловчи амалдаги стратегияни давом эттириш, бунинг учун мавжуд захира ва имкониятлардан кенг фойдаланиш

Иқтисодиётнинг барқарор юқори ўсиш суръатларини таъминловчи амалдаги стратегия ўз натижаларини бермоқда. Хусусан, жорий йилнинг I чорагида мамлакатимиз ЯИМ 7,5%га ошди. Инф­ляция даражасининг паст кўрсаткичи ва давлат бюджети профицитининг ЯИМга нисбатан 0,2%ни ташкил этиши орқали мамлакат макроиқтисодий барқарорлиги янада мустаҳкамланди.

Ҳисобот даврида саноат ишлаб чиқариши ҳажми 8,9%га, жумладан, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш 12,8%га ўсди, саноат ишлаб чиқаришининг умумий ҳажмида истеъмол товарлари улушининг 2013 йилнинг биринчи чорагидаги 29,5%дан 2014 йилнинг I чорагида 34,4%гача ўсишига эришилди.

Натижада шу йилнинг I чорагида ЯИМ ўсишининг 20%дан ортиғи саноат ривожланиши ҳисобига таъминланди. Бу 2013 йилнинг шу давридагига нисбатан қарийб 2 баравар кўп (11,6%); саноатда меҳнат самарадорлиги 7,2%га ўсди, ишлаб чиқарилаётган маҳсулот таннархини ўрта ҳисобда 8,8%га ва ЯИМдаги энергия сарфини 15%га қисқартиришга эришилди.

Қишлоқ хўжалиги ялпи маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми 6,2%га ошди.

Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳажми ва тури кенгайтирилди, хизматлар соҳаси ривожлантирилди. Умуман, кўрсатилган хизматлар ҳажми 11,8%га ўсди, уларнинг ЯИМдаги улуши 52,9%га кўпайди (2013 йилнинг шу даврида 52,5%).

 

2014 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий кўрсаткичлари

(2013 йилнинг шу давридагига
нисбатан фоиз ҳисобида)

Кўрсаткичлар

 

Ўсиш суръатлари

 

Ялпи ички маҳсулот

 

107,5

 

Саноат маҳсулотлари

 

108,9

 

Истеъмол товарлари

 

112,8

 

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари

 

106,2

 

Ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми

 

112,4

 

Қурилиш ишлари

 

115,5

 

Чакана савдо айланмаси

 

114,3

 

Пуллик хизматлар

 

109,1

 

Жами хизматлар

 

111,8

 

 

 

Инвестиция жараёнининг янада ўсиши ва такомиллаштирилиши, саноатда энг муҳим юқори технологияли ва замонавий объектлар ҳамда қувватларнинг ишга туширилишини таъминлаш

Инвестиция сиёсатининг фаол амалга оширилиши ва энг замонавий объектлар ҳамда қувватларнинг ишга туширилишини жадаллаштириш натижасида ўзлаштирилган капитал қўйилмаларнинг умумий ҳажми эквивалентда 2,5 миллиард долларни ташкил этди ва 2013 йилнинг шу давридагига нисбатан 12,4%га ўсди.

Ўзлаштирилган хорижий инвестицияларнинг умумий ҳажми ярим миллиард доллардан ортди ва 588,6 миллион долларни ёки ўзлаштирилган умумий капитал қўйилмалар ҳажмининг 23,3%ини ташкил этди. Хорижий инвестициялар ва кредитлар умумий ҳажмининг 89%дан ортиғини (525 миллион доллар) тўғридан-тўғри чет эл инвестицияси ташкил қилди ва 2013 йилнинг шу давридагига нисбатан 1,7 баробар ўсди.

Бюджет маблағлари ҳисобидан ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми 24,8%га ва бюджетдан ташқари фондлар ҳисобидан 30,6% ўсди. Умуман, давлат бюджетидан иқтисодиётга ажратилаётган харажатлар 37,9%га кўпайди.

Шу билан бирга аҳолининг юқори инвестициявий фаоллиги натижасида аҳоли маблағлари ҳисобидан ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми 13%га ортиб, 1,3 триллион сўмдан кўпроқни ташкил қилди.

Шу йилнинг I чорагида тижорат банкларининг умумий капитали 2013 йилнинг шу давридагига нисбатан 24,7%га, банкларнинг умумий активлари 28,9%га, мижозларнинг банклардаги жалб қилинган депозитлари 30,5%га, шу жумладан, аҳоли маблағлари 31,1%га кўпайди. Банк тизими капиталининг етарлилиги даражаси 24,3%ни ташкил қилди, бу эса халқаро стандартларга нисбатан 3 баробар юқоридир.

Капитал қўйилмалар умумий ҳажмининг 66,9%и ишлаб чиқариш қурилишига йўналтирилди. Натижада шу йилнинг бошидан буён қиймати 416,2 миллион долларга тенг 37 тармоқ лойиҳасининг амалга оширилиши ниҳоясига етди.

Бундан ташқари, ҳудудларни ижтимоий-иқти­содий ривожлантириш ҳудудий дастурлари рўёбга чиқарилиши доирасида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича умумий қиймати 660 миллиард сўмдан зиёд бўлган 876 та лойиҳанинг амалга оширилиши якунланди, жумладан, 510 та янги ишлаб чиқариш қуввати ишга туширилди.

Шу йилнинг I чорагида умумий қиймати 3,3 миллиард долларга тенг 36 та янги йирик инвестициявий лойиҳа амалга оширилиши бошланди.

 

Иқтисодиёт тармоқларини таркибий ўзгартириш, диверсификация қилиш ва янгилаш жараёнларини чуқурлаштириш, мамлакатимизда тўлақонли рақобат муҳитини шакллантириш

Машинасозлик ва металлга ишлов бериш соҳаси (126%), қурилиш материаллари саноати (114%), тўқимачилик (112,1%) ва фармацевтика (117,7%) саноатининг жадал ўсиш суръатларига эришилди. Бу тармоқлар биргаликда саноат тармоғидаги қўшимча ўсишни 70%идан зиёдини таъминлади.

Истеъмол молларини ишлаб чиқарувчи корхо­наларга шу йилнинг I чорагида 801,6 миллиард сўмлик банк кредитлари ажратилди (2013 йил­нинг шу давридагига нисбатан 122,8%). Натижада истеъмол товарларини ишлаб чиқариш ҳажми 12,8%, жумладан, озиқ-овқат товарларини ишлаб чиқариш 5,3% ва ноозиқ-овқат товарларини ишлаб чиқариш 18,7%га ортди.

Тайёр маҳсулотлар, бутловчи қисмлар ва ма­териалларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаш­тириш бўйича дастурни амалга ошириш доирасида йил бошидан буён 154 турдаги янги маҳсулотларни ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Умуман, шу йилнинг I чорагида 352 маҳаллийлаштириш лойиҳаси бўйича 439,8 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди, импорт ўрнини босиш самарадорлиги 197,9 миллион долларни ташкил этди.

Иқтисодий ночор корхоналарни реструктуризация қилиш ва молиявий соғломлаштириш ҳамда уларни янги мулкдорларга бериш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар доирасида шу йилнинг бошидан буён тегишли дастурларга киритилган корхоналарни тиклашга 568,2 миллиард сўмлик инвестиция йўналтирилди. Натижада ушбу корхоналарда 668,2 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 37 миллион доллардан зиёди экспорт қилинди, 6,1 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилди.

Шу йилнинг I чорагида экспорт ҳаж­ми 8,4%га кўпайди. Хусусан, қиймати 55 миллион долларга яқин 70 дан зиёд янги турдаги маҳ­сулотлар экспортга чиқарилди. Буларга, жум­ладан, аралашган фосфорли ўғитлар, озуқабоп аммоний фосфатлари, радиатор тасмаси, кисло­родсиз мисдан ясалган турли маҳсулотлар, мар­каздан қочувчи насослар ва бошқалар киради. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан кичик бизнес корхоналари маҳсулотлари экспортини кенгайтириш ва рағбатлантириш мақ­садида 448 тадбиркорлик субъектига 207,3 миллион долларлик маҳсулотларини экспортга чиқаришда кўмаклашилди, «Ўзтадбиркорэкспорт» ихтисослаштирилган ташқи савдо компанияси томонидан кичик бизнес корхоналарининг 208,6 миллион долларлик маҳсулоти экспорт қилинди.

Жорий йилнинг I чорагида 2012–2016 йилларга мўлжалланган Хизматлар соҳасини ривожлантириш дастурининг амалга оширилиши давом эттирилди ва унинг доирасида шу йилнинг бошидан буён сервис хизматларини кўрсатиш бўйича 1,9 мингдан зиёд лойиҳа амалга оширилди.

Микро ва истеъмол кредитини ривожлантириш, замонавий халқаро стандартлар ва технологиялардан фойдаланган ҳолда тўлов тизимини такомиллаштириш, шунингдек, молиявий инфратузилма институтларини ривожлантиришга доир қабул қилинган чора-тадбирлар молиявий хизматлар ҳажмини 33,6%га ошириш имконини берди.

Жорий йил бошидан буён 31,7 километрлик темир йўлларни реконструкция қилиш ва таъмирлаш, 96 юк ва 7 йўловчи ташиш вагони ишлаб чиқариш ишлари бажарилди. Мароқанд – Қарши ва Қарши – Термиз темир йўл участкаларини электрлаштириш лойиҳаларини амалга ошириш бўйича тегишли равишда 7,3 миллион ва 4,9 миллион доллар ўзлаштирилди.

Ўзбекистон миллий автомагистрали таркибига кирувчи автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича Республика йўл жамғармаси маблағлари ҳисобидан 41,7 миллиард сўм ёки 2013 йилнинг шу давридагига нисбатан 2,2 баробар кўп ҳамда ҳукуматимиз кафолати билан хорижий қарзлар ҳисобидан 9,6 миллион доллар ўзлаштирилди.

Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини техник ва технологик янгилашга доир чора-тадбирларни амалга ошириш давом эттирилди. Йил бошидан буён 1 848,3 гектар майдонда янги боғлар, жумладан, 873,9 гектарда интенсив боғлар, 4,7 минг гектар ерда токзорлар, 48 гектар майдонда 53 иссиқхона яратилди.

Сабзавот етиштириш ҳажми 10,8%га, гўшт 6%га, сут 6,7%га, тухум 13,5%га ошди. Йирик шохли қорамоллар умумий сони 4%га ўсиб, 10,6 мил­лион бошни ташкил этди.

 

Рақобат муҳитини шакллантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва янада рағбатлантириш

Кейинги йилларда ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилашга доир қабул қилинган ҳужжат­ларнинг амалга оширилиши натижасида жорий йилнинг I чорагида янгидан ташкил этилаётган кичик бизнес субъектлари сони (деҳқон ва фермер хўжаликларидан ташқари) 7,8%га ҳамда кичик бизнес даромадларининг аҳоли умумий даромадларидаги ҳиссаси 44%дан 46,3%га ошди, шунингдек, микрофирма ва кичик корхоналарга солинадиган ягона солиқ тўлови ҳисобидан давлат бюджетига тушувчи маблағлар ҳажми 22,6%га ўсди.

Биржа савдолари орқали кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан 270,4 миллиард сўм­лик (1,8 баробар ўсиш) ўзи ишлаб чиқарган маҳ­сулотлар сотилди, бу умумий биржа айланмасининг 13,5%ини ташкил этди. Кичик бизнес субъектлари томонидан 894,5 миллиард сўмлик (1,5 баробар ўсиш) маҳсулот харид қилинди.

Кичик бизнес субъектларидан электрон савдолари орқали амалга ошириладиган давлат харидлари ҳажми 63 миллиард сўмни (электрон савдолар орқали амалга ошириладиган давлат харидлари умумий ҳажмининг 95,4%ини) ташкил этди. Давлат харидлари бўйича электрон савдоларнинг жорий этилиши ҳисобига 17,9 миллиард сўмлик ёки 21,4% бюджет маблағлари иқтисод қилинди.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга доир дастурий чораларнинг кўрилиши ялпи ички маҳсулотда кичик бизнес улушини 41%га (2013 йилнинг I чорагида 40,5%), саноатда 26,8%га (26,4%), пуллик хизматлар кўрсатишда 42,7%га (37,2%), бандликда 76%га (75,5%) оширишга хизмат қилди.

 

Ижтимоий соҳани ривожлантириш, иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш, уй-жой қуриш ва аҳоли яшаш масканларини ободонлаштириш

Иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини амалга ошириш доирасида жорий йилнинг I чорагида 227,9 мингта иш ўрни, жумладан, қишлоқ жойларда 137 мингдан зиёд (умумий миқдорнинг 60,3%и) янги иш ўрни яратилди.

Янги ташкил этилган иш ўринларининг 145 мингдан зиёди кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасидадир.

Ҳудудлар кесимида энг кўп иш ўрни Фарғона (22,1 минг иш ўрни), Самарқанд (20,1 минг), Қашқадарё (20,4 минг), Андижон (19,1 минг), Тошкент (19,4 минг) вилоятларида ва Тошкент шаҳрида (20,8 минг) ташкил этилди.

Жорий йилнинг I чорагида аҳолининг иқтисодий фаоллиги мамлакат бўйича умумий ҳисобда иш ҳақи 18,7%, пенсиялар ўртача ҳажми 19,3%га ошишига хизмат қилди.

Ҳисобот даврида Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида якка тартибдаги уй-жой қуриш ҳамда янги қишлоқ массивларини замонавий ижтимоий ва бозор инфратузилмаси объектлари билан таъминлаш дастурини амалга ошириш доирасида жорий йилда 11 мингта янги шинам уйларни қуриш ва фойдаланишга топширишни жадаллаштиришга доир чоралар кўрилди. Умуман, жорий йилнинг I чорагида 1 884 минг квадрат метр (ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 104,8%), жумладан, қишлоқ жойларда 1 353,6 минг квадрат метр уй-жой (106,1%) фойдаланишга топширилди.

«Соғлом бола йили» Давлат дастурида белгиланган жисмонан соғлом, маънавий етук, баркамол авлодни тарбиялашга доир чора-тадбирларни фаоллик билан амалга ошириш бошланиб, жорий йилнинг биринчи чорагида бу тадбирларни молиялаштиришга барча манбалар ҳисобидан 1 трил­лион сўмга яқин маблағ йўналтирилди.

 Жорий йилнинг 17 январида бўлиб ўтган ҳукумат мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан белгилаб берилган 2014 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим вазифа ва устувор йўналишларининг изчил ва самарали амалга оширилиши жорий йилнинг I чорагида мамлакатимизда барқарор юқори иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш ҳамда иқтисодиётнинг ташқи бозорлардаги беқарор конъюнктуранинг салбий кўринишларига қарши бардошлилигини ошириш имконини берди.

 

Иқтисодиёт вазирлиги ва Давлат статистика қўмитасининг ахбороти асосида тайёрланди.

Прочитано: 4685 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика