Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2014 год / № 16 / Тадбиркорлик муҳити

Орзудагидек суд: қўл олишиб тарқалишди

Жорий йилда Навоий вилояти бўйича ҳакамлик суди ўзининг дастлабки беш йиллик фаолиятини нишонлайди. Ўтган йиллар маҳаллий ҳакамлар учун фаол ўтди дейиш қийин. Улар ишни қатъият билан бошладилар. Оёққа туриш даври учун хос бўлган турли ташкилий мушкулотларга қарамай, Навоийдаги ҳакамлик суди ўз фаолиятининг биринчи йилидаёқ самарали ишлади. Кейин эса муваффақиятсизлик бошланди. Арбитраж омадсизликка учраб, уч йил фаолият юритмади. Ўтган йилга келибгина ўзини тиклади. Бироқ Навоий ҳакамларини натижаларга қараб баҳоласак, ҳаммасини аввал-бошидан бошлашга тўғри келди деб бўлмайди. 2013 йилда 4,1 млрд сўмлик 54 та даъво аризаси кўрилди.

Минтақада ҳакамлик суди ишини юритишни «жонлантирган», суднинг фаолият юритаётган раиси Абдувоҳид НОРОВ билан суҳбатимиз уч йиллик мажбурий танаффусдан қай тарзда қайтилгани ва хатолардан қандай сабоқлар чиқарилгани тўғрисида сўз юритишдан бошланди.

 

– Ўшанда умуман олганда оддий сабаб билан иш тўхтаб қолган эди. Узоқ вақт жонбозлик ва жамоатчилик асосида ишлаш қийин. Мен ҳакамлик судининг дастлабки раисини қораламайман, уни тушунаман. Катта иш тажрибасига эга бўлган юрист аёл ҳакамлик ишлари билан ўриндошлик бўйича шуғулланган. Бунда унинг ташкилий масалаларни ҳал қилиши ва ҳеч кимнинг тажрибаси бўлмаган ишни йўлга қўйиши керак бўлган эди. У бир ярим йилча ишлади, кейин эса, ўйлашимча, оғирчилигига бардош бера олмай, асосий иш жойидаги ишларга эътибор қаратишни афзал кўрди.

– Буни энди камчиликлар эътиборга олинди, нуқсонлар бартараф этилди, сиз ҳам «жамоатчи судья» эмассиз деб талқин қилсак бўладими?

– Вилоят ҳакамлик судида ҳозир беш нафар судья ишлаяпти. Улардан икки нафари – юрист, қолганлари – молиявий-хўжалик фаолияти соҳасидаги мутахассислар. Штатда (яъни «иш ҳақи олувчилар» сирасида) суд раиси ва котиб бор. Бошқалар ўз меҳнатлари учун гонорар шаклида ҳақ оладилар.

– Штатдан ташқари ҳакамларнинг моддий манфаатдорлиги уларнинг фаоллик кўрсатишлари ва ҳакамлик суди ишига жалб этилишлари учун етарлимикан?

– Фикримча, бундай саволга ўрин йўқ. Минтақа ҳакамлик судининг фаолияти даъво аризаларидан ажратмалар ҳисо­бига таъминланади. Чунончи, ўтган йили уни ривожлантиришга 29,7 млн сўмдан кўп маблағ жалб этилди.

– Навоий ҳакамлик судининг ишидаги уч йиллик мажбурий танаффус республика миқёсидаги ҳакамлик фаолиятига ҳеч ҳам таъсир эта олмас эди. Бошқача айтганда, навоийлик­лар «дам олган» паллада бошқалар ишлашди, ҳакамлик суди иш юритишда, ривожланишда давом этди. Ўтган йилги амалиётингиз, семинар ва учрашувларда ҳамкасблар билан юзма-юз мулоқотингиз бу хусусда баҳо бериш имконини берса керак. Ҳакамлик манфаатлар қарама-қаршилигини ҳал қилишда қай йўсинда ва қанчалик илгари сурилди?

– Ҳозир сиз бир қанча мавзуни кўтариб, уларга бирйўла жавоб беришни талаб қиляпсиз (кулади). Республикамизда ўт­ган йиллар ичида ҳакамлик навоийликларсиз ҳам олға қараб катта қадам қўйганлиги ҳақиқат. Бу тўлқин бизни ҳам четлаб ўтмади.

Келинг, аввалига ушбу жараён бошланган позицияларга қайтиб, баъзи ҳо­лат­ларга ойдинлик киритиб олайлик. Мамлакатимизда ҳакамлик суди ишини юритиш 2007 йилда – тегишли Қонун* чиққанидан кейин бошланди. У жаҳон молиявий инқирози авж олганда, давлат маҳаллий товар ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича фаол ҳаракат қилиб, хўжалик юритувчи субъектлар учун турли преференциялар берган даврда фаолият юрита бошлади. Ушбу «оқим»да тижорат тузилмалари низоли масалаларни иложи борича кам чиқим қилиб ҳал этишлари мумкин бўлган ҳакамлик суди иш юритишининг юзага келиши замон талабларига жавоб берарди.

Вилоятда ҳакамлик суди дастлабки ишлаган йилни тўртинчи йил билан таққослаш унчалик тўғри бўлмаслигини тушунаман. Бироқ шундай ҳолатда ҳам ўзгаришлар яққол кўзга ташланади. Ишни қабул қилиб «мерос»ни ўргана бошлаганимда ушбу арбитраж тузилманинг дастлабки босқичидаги барча низолар фақат кичик бизнес вакиллари ишда қатнашадиган хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги ихтилофларни ҳал этишга тааллуқли бўлганлигига эътиборни қаратдим.

Бу қандайдир «буюртма» бўйича қи­линган дея олмайман. Шунчаки ўша даврда кичик бизнеснинг фаоллигини рағбатлантириш кучайган эди. Улар олдида янги фаолият соҳалари очилган ва навбатдаги преференциялар берилган эди. Ҳакамлик суди иш юрита бошлагани ўринли бўлган. Ҳакамлик амалиётимизга кириб кела бошлаганида бизнеснинг эъти­бори хўжалик ва умумфуқаролик судлари билан таққослаганда ҳакамлик арбитражига мурожаат қилишнинг фойдали жиҳатларига қаратилди. Ушбу афзаллик­лар бор-йўғи учта, бироқ улар ғоятда жозибали: суд муҳокамаларида маблағ ва вақт тежаш, келишувга эришиш мумкин. Айни улар кичик бизнес вакилларини бизнинг дастлабки «мижозларимиз»га айлантирди.

Бироқ ўтган вақт ичида ҳакамлик судининг ўзи ҳам анча ўзгарди. У энди амалда ҳар қандай тижорат низоларини кўриши мумкин. Масалан, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмайдиган, ўзаро қарз мажбуриятларини тартибга солиш масалалари бўйича ихтилофларга эга бўлган фуқаролар бизга мурожаат қиладилар. Ўтган йили судимиз муҳокамаларининг қарийб 60%и айни жисмоний шахслар ўртасида низоларни ҳал қилишга тўғри келди. Биз учун ягона чеклов мавжуд – давлат муассасалари билан манфаатлар ихтилофларини кўриб чиқмаймиз.

– Ҳакамликнинг афзалликлари ҳа­қида гапирганда келишув битимларини тилга олдингиз. Бироқ бундай қарорлар хўжалик ва умумфуқаролик судлари амалиётида ҳам мавжуд...

– Ҳақиқатан ҳам шундай. Бироқ фақат ҳакамликка хос бўлган жиҳатлар бор. Бизда ҳар бир муҳокама тарафлар билан шартномани имзолашдан бошланади, унда тарафлар низонинг ҳакамлик судида кўрилишига розилик берадилар. У эса келишув битими билан якунланади, унда тарафлар чиқарилган ҳукмга рози бўладилар, уни ижро этиш бўйича мажбуриятлари батафсил қайд этилади. Айтайлик, суд кредиторнинг даъволарини қондирди ва дебитор талабларнинг асослилигини тан олди, бироқ бутун қарз суммасини дарҳол сўндира олмайди. Судда даъвогар ва жавобгар ҳисоб-китоб қилиш жадвалини келишиб олишади, у ҳам келишув битимида қайд этилади.

Масалан, биз қурилиш соҳасидаги МЧЖнинг Туронбанкнинг маҳаллий бўлин­масидан қарздорлиги масаласини кўриб чиқдик. Қарз олувчи 258 млн сўм қарзи борлигини тан олди. Бироқ мураккаб молиявий аҳволи туфайли корхона кредитни сўндириш жадвалидан чиқиб кетган ва ўзининг қарз мажбуриятлари бўйича жавоб бера олмай қолган. Умумий саъй-ҳаракатлар билан қарздорга икки ойлик кечиктириш муддати бериш ва белгиланган санада қарзни тўлиқ сўндириш тўғрисида ягона битимга келдик. Ана шу шартларнинг ҳаммаси муддатида бажарилди.

Тўғри, доим ҳам ҳамма иш силлиқ боравермайди. Бир якка тартибдаги тадбиркор МЧЖдан 12 млн сўмлик маҳсулотни реализация қилиш учун олган, бироқ унинг учун атиги 5,4 млн сўмни қайтарган. Кейин унинг фаолияти юришмай, ўзининг шартномавий мажбуриятларини бажармай қўйди. Судда тарафлар муддатни кечиктириш ва қарзни сўндириш пайти тўғрисида келишиб олдилар. Бироқ тадбиркор келишув битими шартини бажармади, шунда биз хўжалик судига ушбу иш бўйича ижро ишини қўзғатиш тўғрисида илтимоснома билан чиқдик.

Дарвоқе, муҳим бир жиҳатга тўхталиб ўтсам. Ҳакамлик судлари ўз фаолиятини Савдо-саноат палатаси (ССП) вилоят бошқармалари ҳузурида амалга оширадилар. Агар даъвогар ССП аъзоси бўлса, унинг номидан ижро ишини юритиш таомилини бошлаш илтимос қилинган аризани умумфуқаролик ёки хўжалик судига Палатанинг вилоят бошқармаси беради. Солиқ кодексининг 329 ва 330-моддаларига асосан у давлат божини тўлашдан озод қилинган. Демак, даъвогар ҳам Палата аъзоларининг манфаатлари юзасидан қўзғатилган даъволар бўйича ушбу харажатларни кўтармайди.

Шубҳасиз, имтиёзлар – хўжалик юритувчи субъектларни ССП аъзолари сафига киришга, низоларни ҳал этиш учун ҳакамлик судига мурожаат қилишга жалб этадиган ва ундайдиган муҳим элементлардан биридир. Чунончи, агар хўжалик судига мурожаат қилинса, даъвогар уни ривожлантиришга даъво талаби суммасининг 2%ини тўлаши шарт бўлса, биз фақат 1%ни оламиз. Тегишинча, агар умумфуқаролик судининг ҳисоб-китоб ра­қамига даъво суммасининг 1%ини киритиш зарур бўлса, бизда «тариф» 0,5% билан чекланган. Биз низоларни ҳал қилиш учун ҳакамлик судига мурожаат қилган, Палата аъзоси ҳисобланган пойтахт банк­ларининг ҳудудий бўлинмалари суд чи­қимларидан кам деганда 200–300 млн сўмни тежаганлигини ҳисоблаб чиқдик.

Бошқа бир муҳим жиҳатни олайлик. Бизда кассация инстанцияси ҳам, апелляция инстанцияси ҳам йўқ. Шу сабабли ҳакамлик хизматларига мурожаат қиладиган тарафлар вақт жиҳатидан ютадилар, хўжалик ҳамда умумфуқаролик судларининг бирламчи инстанциялари чиқарган қарорлар устидан шикоят қилиш зарурати туғилганда кутиш ва мавҳумлик ҳиссидан халос бўладилар.

– Шу ўринда беихтиёр савол туғи­лади, Палата аъзоси билан тадбиркорлар ва товар ишлаб чиқарувчилар «клуби»га кирмаган жавобгар ўрта­сидаги низони кўришда ҳакамлик арбитрлари холис бўлишларига кафолат борми?

– Ўйлашимча, тадбиркорлар – фаҳм-фаросатли одамлар, ҳакамлик суди қаёққа оғишини дарҳол билиб оладилар ва ҳис этадилар. Унинг қаерга оғаётганлиги анча тез кўринади, бу эса ҳакамлик институтига ишончнинг йўқолиши ва унинг обрўси тушиб кетишига олиб келади. Биз даъвогар ва жавобгарнинг мақомига қарамай, низоларни кўришда холисона ёндашувни сақлаб қола оламиз деб ўйлайман. Айтмоқчи, ўтган йили бир ишни кўрган эдик, унда ўз вақтида янги уйни харид қилишга кредит олган марҳум фермернинг оиласидан кредитни узишни талаб қилган Палата аъзоси – банкнинг даъвоси кўрилди. Биз талабни қондиришдан бош тортдик, банк ҳам чиқарилган ҳукмга қўшилди.

Фикримча, ҳакамлик тижорат низоларини ҳал этиш бўйича тўлақонли институтга айланиши учун унинг ҳуқуқлари ва ваколатларини кенгайтириш ишини давом эттириш зарур. Масалан, ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини чиқараркан, ижро варақаси берилиши тўғрисида хўжалик ёки умумфуқаролик судига мурожаат этиши керак. Бизга доим уни беришган. Модомики ҳакамлик судининг ҳукми қонуний кучга эга бўлиб, устидан шикоят қилиб бўлмас экан, нега унинг мустақил равишда Суд қарорларини ижро этиш департаментига мурожаат қилиши ва қабул қилинган қарорнинг бажарилишига эришишига рухсат бериш мумкин эмас? Даъво аризасини кўриш даврида жавобгарнинг банк ҳи­собрақамларидаги пул маблағларини музлатиш ва унинг мол-мулки билан боғлиқ операцияларни тақиқлаш билан боғлиқ масалалар ҳам шулар жумласидан. Бизнинг аризаларимиз бў­йича бундай кўрсатмаларни хўжалик ва умумфуқаролик судлари беришлари мумкин, бироқ даъвони кўришга қабул қилган ҳакамлик суди бера олмайди. Бу, менимча, ғайритабиий ҳол. Бундай сунъий тўсиқларни бартараф этиш керак.

– Суҳбат учун раҳмат.

 

*«Ҳакамлик судлари тўғрисида»ги Қонун (16.10.2006 йилдаги ЎРҚ-64-сон). 1.01.2007 йилдан кучга кирган.

 

Ўз мухбиримиз Амир МАҲМУДОВ ёзиб олди.

Навоий шаҳри.

Прочитано: 2019 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика