Norma.uz

Кафил бўлдингизми – жавобгарсиз

Бизнинг МЧЖ халқ истеъмоли товарларини ишлаб чиқариш учун асбоб-ускуналарни харид қилиш ва кейин реализация қилиш мақсадида 2 йил муддатга кредит олди. Асбоб-ускуна харид қилинди, бироқ МЧЖ уни реализация қила олмади. Бир ярим йил ўтганидан кейин МЧЖда молиявий қийинчиликлар юзага келди, биз кредит бўйича қарзни қандай сўндиришни билмаяпмиз, унга асосий қарз ва кредит учун фоизлардан ташқари кредитдан фойдаланганлик учун кечиктирилган фоизлар қўшилди.

Мазкур вазиятда кредит бўйича қарзни қандай қилиб сўндиришимиз мумкин?

Б.Абдуллаева, бош бухгалтер.

З.Содиқова, юрисконсульт.

Тошкент вилояти.

 

– Сиз ушбу вазиятда бир неча хил усулда масалани ҳал қила оласиз.

Банк амалиётида энг кўп тар­қалган усуллар – гаров ёки кафиллик. Бунда гаровга қўювчи ёки кафил бўлиб қарздор ҳам, учинчи шахслар – бошқа юридик ёки жисмоний шахслар ҳам чиқишлари мумкин.

Гаровнинг моҳияти шундаки, қарздор гаров билан таъминланган мажбуриятни бажармаган тақдирда кредитор (гаровга олувчи) бу мажбурият бўйича ўз талаби гаровга қўйилган мол-мулкнинг қийматидан ушбу мол-мулк эгаси бўлган шахс (гаровга қўювчи)нинг бошқа кредиторларига қараганда имтиёзли суратда қаноатлантирилишига, қонунда белгилаб қўйилган чегиришлардан кейин, ҳақли бўлади (Фуқаролик кодексининг (ФК) 264-моддаси). ФКнинг 267-моддасига кўра, ҳар қандай мол-мулк, шу жумладан ашёлар ва мулкий ҳуқуқлар (талаблар) гаров нарсаси бўлиши мумкин. Муомаладан чиқарилган мол-мулк, кредиторнинг шахси билан узвий боғлиқ бўлган талабномалар, хусусан ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги талаблар, алиментлар тўғрисидаги талаблар ҳамда бошқа шахсга берилиши қонун билан ман этилган бошқа талаблар бундан мус­тасно. Фуқароларнинг ундирув қаратилиши мумкин бўлмаган айрим турдаги мол-мулкини гаровга қўйиш қонун ҳужжатлари билан ман этилиши ёки чекланиши мумкин. Бунда ФКнинг 266-моддасига мувофиқ ашёнинг мулкдори ашёни гаровга қўювчи бўлиши мумкин. Гаровга қўйиладиган ҳуқуқнинг эгаси бўлган шахс ҳуқуқни гаровга қўювчи бўлиши мумкин. Башарти, қонунда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, мулкдорнинг розилигисиз ашёвий ҳуқуқни гаровга қўйишга йўл қўйилмайди.

Гаров тўғрисидаги шартномада, ФКнинг 271-моддасига кўра, гаров нарсаси ва унинг баҳоси, моҳияти, миқдори ва гаров билан таъминланадиган мажбуриятнинг бажарилиш муддати кўр­сатилган бўлиши керак. Унда гаровга қўйилган мол-мулк тарафларнинг қайси бирида эканлиги ҳам кўрсатилиши шарт. Гаров тўғрисидаги шартнома ёзма шаклда тузилиши керак. Ипотека тўғрисидаги шартнома, шунингдек нотариал тасдиқланиши керак бўлган шартномага мувофиқ олинадиган мажбуриятларни таъ­минлаш юзасидан кўчар мол-мулкни ёки мол-мулкка бўл­ган ҳуқуқларни гаровга қўйиш тўғрисидаги шартнома нотариал тасдиқланиши шарт. Ипотека тўғрисидаги шартнома тегишли мол-мулк ҳақида тузиладиган битимларни рўйхатдан ўтказиш учун белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилиши керак.

Гаровдан фарқ қилиб кафиллик шартномаси бўйича кафил бошқа шахс ўз мажбуриятини тўла ёки қисман бажариши учун унинг кредитори олдида жавоб беришни ўз зиммасига олади. Кафиллик шартномаси ёзма шаклда тузилиши керак, акс ҳолда унинг ҳақиқий бўлмаслигига олиб келади (ФКнинг 292-моддаси).

ФКнинг 293-моддасига кўра қарздор мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда кафил ва қарздор кредитор олдида солидар жавоб берадилар, башарти қонунда ёки кафиллик шартномасида кафилнинг субсидиар жавобгар бўлиши назарда тутилган бўлмаса.

Башарти, кафиллик шартно­масида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, кафил кредитор олдида қарздор билан баравар ҳажмда жавоб беради, шу жумладан фоизлар тўлайди, қарзни ундириб олиш бўйича суд чиқимларини ва қарздор мажбуриятини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги туфайли кредитор кўрган бошқа зарарларни тўлайди.

Агар кафиллик шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, биргалашиб кафил бўлган шахслар кредитор олдида солидар жавоб берадилар. ФКнинг 295-мод­дасига мувофиқ мажбуриятни бажарган кафилга кредиторнинг ушбу мажбурият бўйича ҳуқуқлари ҳамда гаровга олувчи сифатида кредиторга тегишли бўлган ҳуқуқлар кафил кредиторнинг талабини қан­ча ҳажм­да қаноатлантирган бўлса, шунча ҳажмда ўтади. Кафил кредиторга тўланган суммага фоизлар тўлашни ва қарздор учун жавобгарлик муносабати билан кўрган бошқа зарарини тўлашни қарздордан талаб қилишга ҳақ­ли.

Кафил мажбуриятни бажарганидан кейин кредитор қарздорга бўлган талабни тасдиқловчи ҳуж­жатларни кафилга топшириши ва бу талабни таъминлайдиган ҳуқуқларни бериши шарт.

Яна бир кенг тарқалган усуллардан бири талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечиш тўғ­рисида битим ёки қарзни ўтка­зиш тўғрисида битим тузиш тар­зида мажбуриятни зиммасига олган шахсларни ўзгартириш ҳисобланади. Бунда қарздор ўз қарзини фақат кредиторнинг розилиги билан ўтказишга ҳақлидир. Кредиторнинг шахси билан чамбарчас боғланган ҳуқуқларнинг, хусусан алиментлар тўғрисидаги ва ҳаётга ёки соғлиққа етказилган зарарни тўлаш тўғрисидаги талаб­ларнинг бошқа шахсга ўтишига йўл қўйилмайди (ФКнинг 314-моддаси). ФКнинг 320-моддасига кўра оддий ёзма ёки нотариал шаклда тузилган битимга асосланган талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечиш ўша шакл­да амалга оширилиши керак. Давлат рўйхатидан ўтказиш талаб қилинадиган битим бўйича талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечиш ушбу битимни рўйхатга олиш учун белгилаб қў­йилган тартибда рўйхатга олиниши керак (ФКнинг 314, 320 ва 321-моддалари).

Агар кафил ёки гаровга қўювчи­ни топиш мумкин бўлмаса, шунингдек етарли мол-мулк йўқ бўлса, сизга кредит маблағлари ҳисобига сотиб олинган асбоб-ускунани кредит бўйича қарзни қоплаш ҳисобига бериш вариантини кўриб чиқишни тавсия қиламиз. Ушбу ҳолда банкнинг розилиги билан ФКнинг 342-моддаси талабларига риоя этган ҳолда воз кечиш тўғрисида келишув тузиш мумкин.

 

Павел СИЛЬНОВ, адвокат.

Прочитано: 5549 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика