Norma.uz

Қўшимчалар киритиш ортиқча, ёки ҳакамлик судларининг суд фаолияти солиқ солиш объекти бўла оладими?

«NORMA» жамоатчи эксперти А.Му­ҳаммадбоевнинг «Баъзи қў­шимчалар ҳақида, ёки ҳакамлик су­ди ишини юритадиган юридик шахс­ларнинг даромадларига солиқ солиш» мақоласини («Норма маслаҳатчи», 8.04.2014 йилдаги 14 (455)-сон) қи­зиқиш билан ўқиб чиқдим, унда солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришнинг долзарб ва муҳим масалалари кўта­рилган.

Мақола муаллифининг мақсади, тушунишимизча, ўз нуқтаи назарини билдириш ҳамда ҳакамлик суди ва юридик шахснинг низо ушбу судда ҳал этилиши муносабати билан олинган даромадларига солиқ солиш лозимлигини асослаш бўлган.

Одатда солиқ солишнинг янги объектларини излаш – хизмат бурчига кўра ушбу иш билан шуғулланиши керак бўлган шахсларнинг вазифаси, шундай бўлса-да, экспертнинг бюджетга солиқ тушумларининг янги манбаини аниқлаш ва уни қонунийлаштиришни таклиф этишга уриниши қизиқарлидир.

Амалдаги ҳужжатлар таҳлилида муал­лиф адолатли ва юридик жиҳатдан асос­ли тарзда ҳакамлик судлари юридик шахс ҳисобланмайди, шу сабабли уларга тўғридан-тўғри солиқ солинмайди деб қайд этади. Бундан ташқари, ҳакамлик судлари томонидан низоларни кўриш фаолияти тижорат фаолияти деб ҳисобланиши мумкин эмас. Бу хусусда ҳеч ким баҳслашмайди ҳам, зеро буларнинг ҳаммаси «Ҳакамлик судлари тўғрисида»ги Қонунда (16.10.2006 йилдаги ЎРҚ-64-сон, бундан кейин – Қонун) қайд этилган.

Мақола муаллифи кўрсатган асосий оғриқли нуқта – олинган ҳакамлик йиғими суммаси билан низони кўриш чоғида суд амалда қилган харажатлар ўртасидаги фарққа солиқ солинмаслиги, ушбу фарқ юқори инстанцияларга ёки ҳакамлик судини ташкил этган юридик шахсга ўтказилишида. Биз «юқори инстанциялар» кимлигини била олмадик, зеро ҳакамлик суди «инстанциялар»дан мустақилдир (Қонуннинг 4-моддаси). Яъни ҳакамлик суди ҳисобрақамига 1 млн сўм йиғим келиб тушса ва суд ушбу суммадан судьялар ва бошқа шахсларга 700 минг сўм сарфласа, ҳакамлик суди ҳисобрақамидаги 300 минг сўмга солиқ солиниши керак. Агар ушбу суммани суд юридик шахс­нинг ҳисобрақамига ўтказса, айнан унга даромад сифатида солиқ солиниши шарт. Мантиқсизликда айбловдан қочиш ва солиқ солиш учун асос топиш мақсадида мақола муаллифи ҳакамлик судини хизмат кўрсатадиган хўжаликка тенглаштиришни, ҳакамлик судини ташкил этган юридик шахсни эса суд ишини юритадиган шахс сифатида эъти­роф этишни таклиф қилади.

Ҳакамлик судини хизмат кўрсатувчи хўжаликка тенглаштиришни номақбул деб ҳисоблаймиз. Ҳакамлик суди ҳеч кимга хизмат кўрсатмайди. У юридик ва жисмоний шахсларнинг поймол этилган ёки низолашилаётган мулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи алоҳида юрисдикцион орган ҳисобланиб, табиийки, Қонун билан белгиланган доирада амалда одил судловни амалга оширади. Солиқ кодексининг (бундан кейин – СК) 139-моддасига кўра, хизмат кўрсатувчи хўжаликлар деганда фаолияти солиқ тўловчининг асосий фаолиятига хизмат кўрсатишга қаратилган хўжаликлар тушунилади. «Хизмат кўрсатувчи хўжаликларга ёрдамчи хўжаликлар, уй-жой-коммунал хўжалиги объектлари, ошхоналар ва буфетлар... киради».

Ҳакамлик суди юридик шахс ҳисоб­ланмайди ва унга солиқ солинмайди деб эътироф этган ҳолда эксперт ҳакамлик судини ташкил этган юридик шахс суд ишини юритувчи субъект ҳисобланади деб ёзади. Буни исботлаб бўлмайди, чунки муаллиф Қонунга (4–6-моддалар), ФКга (10-модда) ва оддий мантиққа қарши чиққан. Зеро тарафлар ўртасидаги ҳакамлик муҳокамасини ҳузурида ҳакамлик суди ташкил этилган ташкилот эмас, балки низолашувчи тарафлар мазкур ташкилот билан меҳнат муносабатларида бўлмаган ва у билан фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги бирор-бир шартномалар билан боғланмаган шахс­лар жумласидан тайинлайдиган судьялар кўрадилар. Ушбу судьяларни низолашувчи тарафлар ўз хоҳишларига кўра низо предмети ҳисобланган муносабатлар бобида махсус билимларга эга бўлган ва уни кўришга розилик берган шахслар жумласидан тайинлайдилар. Шу туфайли, хусусан, ҳакамлик судьяларининг мустақиллиги қоидаси амалга оширилади. Зеро Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси (ССП) ҳакамлик суди ишини юритади деб айтиш ҳеч кимнинг хаёлига келмайди. Ҳамма суд ишини ССП ҳузурида ташкил этилган ҳакамлик суди юритишини билади.

Фикримизча, эксперт ўзининг мақо­ласида қуйидаги фикрни унчалик тўғри баён этмайди: «Одатда ҳакамлик судлари томонидан йиғимларнинг қатъий белгиланган ставкалари белгиланади, уларнинг миқдори давлат судларига худди шундай даъволар киритилганда тўланадиган Давлат божи ставкаларига (ВМнинг 30.11.1994 йилдаги 533-сон Қарори билан тасдиқланган) мутаносиб равишда ҳисобланади».

Бу фикр реал ҳолатга зиддир, чунки ҳакамлик судлари, мақолада кўрсатил­ганидек, қатъий белгиланган йиғим­лар ставкаларини белгиламайдилар, аксинча, низони ҳал қилиш билан боғлиқ реал харажатлар суммасини белгилайдилар, бунда ана шу харажатларнинг суммаси белгиланган давлат божи ставкаларидан анча камдир.

 Энди асосий фикрга келсак. Қо­нуннинг 20-моддасига кўра, кўр­сатилган судлар низони ҳал қилиш билан боғлиқ харажатларни амалга оширишлари мумкин, улар 10 дан ортиқ харажатларни ўз ичига олади, шу жумладан ҳакамлик муҳокамасини ташкилий, моддий жиҳат­дан ва бошқача тарзда таъминлаш харажатлари, суд томонидан белгиланадиган бошқа харажатлар киради.

Ҳакамлик суди нормал фаолият кўр­сатиши учун ижарага олинган хонага мунтазам равишда ҳақ тўлаш, компьютерлар ва бошқа техникани, мебелни харид қилиш ва сақлаш, штатдаги ходимларга (суд мажлиси котиби ёки иш юритувчига) иш ҳақи ҳисоблаб ёзиш, агар пул бўлса – ҳакамлик суди учун автомобиль сотиб олиш зарур ва ҳоказо. Бироқ ҳамма гап шундаки, кўрсатилган тўловларнинг барчасини ҳакамлик суди уни ташкил этган юридик шахс орқали амалга ошириши керак. Ижара шартномаси ва бошқа шартномалар юридик шахс ҳисобланмайдиган ва шу сабабли бундай шартномаларни тузиш, унга доир ҳуқуқларга эга бўлиш ва мажбуриятларни бажаришга ҳақли бўлмаган ҳакамлик суди эмас, балки юридик шахс номидан тузилади (ФКнинг 39-моддаси). Бундан ташқари, гонорарлар ва иш ҳақини банк фақат юридик шахснинг ҳисоб-китоб рақамидан тўлайди.

Шу сабабли ҳакамлик суди юқорида кўрсатилган асосий харажатларни фақат юридик шахс орқали амалга оширишга ҳақли бўлиб, унинг ҳисобрақамига низоларни кўрганлик учун олинган ҳакамлик йиғимларининг пул суммаларини ўтка­зади.

Айни шу ерда, ҳурматли экспертнинг фикрича, юридик шахс ҳисоб-китоб рақамига келиб тушган, ҳакамлик йи­ғимининг бир қисми бўлган пул суммаларига юридик шахснинг даромад солиғи сифатида солиқ солиниши керак. Бу эса, фикримизча, Қонуннинг 20-моддаси қоидаларига зиддир, унда ҳакамлик йиғими пул суммаларини бевосита ҳакамлик судининг ҳисобрақамидан ёки ҳакамлик йиғими ўтказилган юридик шахснинг ҳисобрақамидан фақат суд харажатларини қоплашга сарфланиши назарда тутилади.

Қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонун­чилик палатаси қўмиталарида муҳо­кама қилинганда (мазкур мулоҳазалар муаллифи ҳам унда иштирок этган эди), ҳакамлик судларига солиқ солиш, шунингдек уларнинг йиғимларидан судни ташкил этган юридик шахсга ажратмалар масаласи жиддий ўрганилган, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, халқаро ҳуқуқ талаблари ва бошқа мамлакатлар тажрибасини ҳисобга олган ҳолда муҳокама қилинган эди. Муҳокамаларда Адлия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, прокуратура органлари, судлар, бошқа ташкилотлар ва ННТларнинг етакчи мутахассислари иштирок этганлар.

Ушбу муҳокамаларнинг, кейинчалик қонун чиқарувчи қабул қилган қарор­ларнинг асосий ғояси давлат судларига муқобил бўлган, тижорат низоларини кўриш ва ҳал этиш учун суд ваколатлари берилган махсус юрисдикцион органни барпо этиш бўлган. Шунингдек ҳакамлик судлари ва ҳакамлик йиғимларидан улар оладиган пул суммаларини барча турдаги солиқлар ва мажбурий тўловлардан озод қилишга қарор қилинган, бундан ҳакамлик судьяларининг гонорарларидан олинадиган даромад солиғи мустасно. Ҳакамлик йиғимларидан келиб тушадиган пул маблағларини сарфлашнинг ягона ва асосий шарти – кўрсатилган маблағлар, Қонуннинг 20-моддасига кўра, фақат ушбу суд фаолиятини таъминлашга сарфланиши керак. Ўшанда ушбу моддада ҳакамлик суди моддада саналмаган бошқа харажатларни ҳам белгилаши мумкин деган қоида маъқулланган эди. Суднинг ўзи ушбу харажатларни амалга ошириши ёки ҳузурида ўзи ташкил этилган юридик шахс орқали расмийлаштириши аҳамиятга эга эмас. Солиқ хизмати учун пул маблағлари ҳакамлик судининг таъминотига кетиши муҳим. Бу ҳолда ҳакамлик йиғимларига солиқ солинмайди (судьяларнинг гонорарлари бундан мустасно).

СКда ҳакамлик судлари ва уларни ташкил этган юридик шахсларнинг ҳакамлик йиғимларидан пул маблағларини сарфлаш бобидаги солиқ мажбуриятлари тўғрисида қоидаларнинг йўқлиги тўғри, ҳакамлик суди ишини юритишга солиқ солинишини хўжалик ва фуқаролик судлари ишини юритишга тенглаштирган халқаро амалиёт ва миллий қонун ҳужжатларига мувофиқ келади. Агар ҳакамлик йи­ғимларига солиқ солиш таклифи қабул қилинса, ҳакамлик судларининг 90%идан ортиғи молиялаштиришнинг етишмаслиги оқибатида ёпилади, чунки улар шундай ҳам ўз фаолиятини моддий таъминлаш бобида жиддий қийинчиликларга учраяпти.

Фикримизча, ҳакамлик йиғимларидан ҳакамлик судларининг ҳисобрақамларига ёки уларни ташкил этган юридик шахс­ларнинг ҳисобрақамларига келиб тушадиган пул маблағларига солиқ солиш тўғрисидаги таклифлар етарлича асосланмаган ва амалдаги қонун ҳужжатларига зид бўлган таклифлар сифатида рад этилиши керак.

Шамиль АСЬЯНОВ,

Ҳуқуқий муаммоларни ўрганиш маркази ҳузуридаги ҳакамлик суди раиси

(«Ҳакамлик судлари тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ аъзоси).

Прочитано: 977 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика