Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 16 / Жиноятга жазо муқаррар

Фирибгарлардан қандай ҳимояланиш мумкин?

Фирибгарларнинг квартира бобидаги қилмишлари ҳақидаги ҳикоя хотимасида Ольга Курляндцева квартира олди-сотдисида доғда қолмаслик учун нималарга эътибор бериш ҳақида тавсия беришни лозим топган.

Мутахассислар, энг аввало, квартирани сотиш ёки сотиб олиш ишини воситачи ёрдамида амалга оширасизми ёки ўзингиз эплайсизми, шуни қатъий аниқлаб олишни маслаҳат берадилар. Одамлар кўпинча маклерларга ишонмайдилар. Барча асосий таҳдид-таваккалчиликлар, бой бериш-у қуп-қуруқ қолишлар улар туфайли содир бўлади, риэлторлар чўнтакларини мижозлар ҳисобидан қаппайтириб юрадилар деб ҳисоблайдилар. Масалан, сотувчига ёки сотиб олувчига квартиранинг бир нархини айтадилар-у бутунлай бошқа нархга сотадилар-да орадаги фарқни ёнга урадилар, хизматлари учун тузуккина ҳақ олишлари ҳам рост дейишади улар. ­Аммо буларнинг ҳаммаси фирибгарлар тўрига тушиб қолишга қиёсланадиган бўлса, анчайин, арзимаган гаплардир.

Ҳужжатларни тўплашнинг ўзи квартира эгасига малол келадиган иш. Вақт, маблағ кетади, сарсон бўлиш, асаб бузиш ҳоллари кам дейсизми? Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам кўчмас мулк билан боғлиқ битимда фақат сотиб олувчи билан сотувчининг ўзи иштирок этаётган бўлса, алданиб қолиш эҳтимоли жуда оз.

Тўғри, квартиранинг олди-сотдисини профессионал мутахассисга топширган маъқул. Ўлжасини пойлаб, ҳамиша кимнидир боплаб доғда қолдириш илинжида бўладиган, ишонувчан, соддароқ фуқарони ҳамма нарсадан мосуво қилиб кетишга доим тайёр фирибгарга дуч келмаслик учун қуйидаги қоидаларга риоя этмоқ керак.

 

1.

 Кўчмас мулк билан боғлиқ битим тузилаётганда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя этиш мақсадида уй-жой бозоридан фикри-зикри ва қилмиши номатлуб риэлторларни йўқотишга қаратилган қонунчилик нормалари қабул қилинган. «Риэлторлик фаолия­ти тўғрисида»ги Қонун (22.12.2010 йилдаги ЎРҚ-269-сон) билан бу фаолиятни мажбурий лицензиялаш жоизлиги ва бундай хизматлар мажбурий тартибда шартнома тузиш орқали амалга оширилиши зарурлиги белгилаб қўйилган. Шу сабабли, мабодо кўчмас мулк олди-сотди битими фирма ёрдамида тузилаётган бўлса, унда лицензия бор-йўқлигини текшириш зарур. Бунда воситачи тақдим этган сертификат билан кифояланмаслик, балки ваколатли давлат органи – Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасига ёки Ўзбекистон риэлторлик ташкилотлари уюшмасига* мурожаат қилиб, ҳужжатнинг қонунийлигини тасдиқлатиб олиш лозим. Борди-ю, хизматлар хусусий шахслар томонидан тақдим этилаётган бўлса, шуни назарда тутиш керакки, улар малака сертификати ва лицензия асосидагина риэлторлик фаолияти билан шуғулланишга ҳақли. Лицензия эса якка тартибдаги тадбиркорларга олди-сотди ўтказиш учун эмас, балки кўчмас мулк бозорида фақат ахборот ва маслаҳат хизматлари кўрсатиш учун берилади.

 

2.

 Фирма ёки воситачи жисмоний шахс билан шартнома тузиш зарур. Бу эса сизнинг манфаатларингизни ҳам кафолатлайди, ҳам ҳимоя қилади. Агар битим мижозга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра барбод бўлса ёки ҳақиқий эмас деб топилса, шартномада назарда тутилган моддий ва маънавий жавобгарлик хизмат кўрсатувчи зиммасида бўлади.

 

3.

 Битим воситачилар ёрдамида амалга оширилаётганда сотиб олувчи квартирани ким сотаётганлигини кўриши керак. Сотувчининг паспортини синчиклаб кўриб чиқишдан тортинманг, паспортдаги суратни эгаси билан солиштириб кўринг, ҳужжатларни, маълумотномаларни қайта-қайта текширинг, квартира эгасидан уни қандай нархда сотмоқчи бўлаётганлигини аниқланг. Битимни нотариал идорада тасдиқлатиш учун бир туркум ҳужжатлар, шу жумладан яшаш жойидан маълумотнома ҳамда квартирада рўйхат бўйича турган хонадон аҳли тўғрисидаги 17-шаклдаги маълумотнома нусхаси тақдим этилади. Бу маълумотномаларни риэлтордан ҳам олса бўлади, уларни ХУМШда ёки паспортни қайд этувчи ходимдан текшириб олиш мумкин. Ана шунда ким билан мулоқотга киришганингиз дарҳол аён бўлади. Мабодо воситачи маълумотномаларни сизга беришни истамаса, билингки, ўртада қандайдир қинғирлик бор – бу ҳол сизни янада огоҳликка ундамоғи лозим. Шубҳа ва гумон туғилган тақдирда квартира сотувчиси билан бирга коммунал хизматларга бориб, қарзи йўқлиги ҳақидаги маълумотномани текшириб кўришдан эринманг.

 

4.

 Нотариал идорада нотариус ҳужжатлар билан, унинг муҳрлари билан пухта танишиб чиқиши, уларда қирилган, ўчирилган, тузатилган жойлар бор-йўқлигини текшириб кўриши лозим. Бу нарсалар бир қарашда, дафъатан кўзга ташланмаслиги мумкин. Тўғри, нотариусларнинг иш ҳажми оз эмас, лекин улардан ҳужжатларнинг барча реквизитларини диққат билан текшириб кўришини сўраш мумкин.

 

5.

 Квартираси бўлса ҳам унда яшамаётган одамлар маълумотнома ва ҳужжатлар беришга тақиқ қўйишнинг пухта тизими ёрдамида ўзларини ҳимоя этишлари мумкин. Жумладан, паспортни қайд этувчи ходимга, ХУМШга, кадастр ва коммунал хизматлар ҳамда шу сингариларга квартирасига оид маълумотномаларни унинг (квартира соҳибининг) рухсатисиз бермаслик ҳақида ариза билан мурожаат қилиш мумкин. Квартира эгаси ўзи яшамаётган турар жойдан хабар олиб туриши, квартирасига кимдир қизиқиб қолса, воқиф этишини қўшниларга тайинлаб қўйиши мумкин.

 

6.

 Квартира пастроқ нархда сотилаётганлиги сотиб олувчини ҳамиша ҳушёр торттириши керак. Одатда, бу нарса фирибгарлик тўрининг асосий қисмларидан бирини ташкил этади. Зотан қонунбузарлар жиноий хатти-ҳаракатларда гумон қилишмасдан туриб, олди-сотди битимини тезроқ тасдиқлатиб, тезроқ пул олиш пайида бўладилар.

 

7.

 Ишончнома асосида амалга ошириладиган битимлар замирида муайян таҳдид-таваккалчилик яширинган бўлади, негаки ишончномаларни қалбакилаштириш осон. Шу сабабли ҳам бундай ҳолларда квартира эгаси билан учрашиш шарт. Агар ўша пайтда у йўқ бўлса ёки квартирада яшамаётган бўлса, унинг турар жойини, аҳвол-ҳолатини, ҳаёт эканлигини, унинг номидан тузилган шартнома нотариал тасдиқланган-тасдиқланмаганлигини аниқлаш зарур.

 

8.

 Одатда, фирибгарлар кўпроқ ёши улуғ, ёлғиз яшайдиган, ҳимоясиз кишиларни чув туширадилар. Жиноятчилар айни ўша пайтда ёнида қариндош-уруғи ва яқинлари йўқ кишиларни танлайдилар. Шу сабабли қариндош-уруғ ва яқинлар бағрингизда бўлсин. Квартира фирибгарлар эътиборига тушиб, унинг атрофида уймалашиб қолганлигига гумон қилсангиз, ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилинг.

 

 

*Таҳририятдан. Лицензияси бор, шунингдек Риэлторлик ташкилотлари уюшмаси аъзоси бўлмиш риэлторлик ташкилотларининг рўйхати билан gkilicenz.uz ва aro.uz сайтларида танишиш мумкин.

 

Ирина ГРЕБЕНЮК, махсус мухбиримиз.

Прочитано: 2366 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика