Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2014 год / № 15 / Парламент хабарлари

Ўзбекистон республикаси олий мажлиси сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлиси тўғрисида ахборот

2014 йил 10-11 апрель кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди.

 

● Сенаторлар ўз ишларини Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан парламент му­ҳокамасига қонунчилик ташаббуси тартибида киритилган «Ўз­бекистон Республикаси Кон­ституциясининг айрим мод­даларига ўзгартиш ва қў­шимчалар киритиш тўғ­рисида (32, 78, 93, 98, 103 ва 117-мод­даларига)»ги Ўзбекистон Рес­публикаси Қону­нини кўриб чи­қишдан бошладилар.

Ушбу ўзгартиш ва қўшимчалар ҳокимият ва бошқарув тизимини янада демократлаштириш, «Кучли давлатдан – кучли фуқа­ролик жамияти сари» принципи босқичма-босқич амалга оширилишини таъминлаш, Олий Мажлис палаталарининг давлат ҳокимияти органлари тизимидаги ролини, ички ва ташқи сиёсатнинг стратегик вазифаларини рўёбга чиқаришдаги ҳуқуқлари ҳамда ваколатларини кенгайтириш, қонун чиқарувчи олий орган, ҳокимият вакиллик органларининг Вазирлар Маҳкамаси ва ижро этувчи органлар фаолияти устидан назорат қилиш, шунингдек, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш вази­фаларини амалга ошириш учун ҳукуматнинг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг масъулиятини ошириш мақса­дида киритилмоқда.

Сенаторлар ушбу Қонун қонун чиқарувчи, ижро этувчи, суд ҳокимиятларининг бўлинишидан иборат конституциявий принципни амалга оширишнинг муҳим омили бўлишини алоҳида қайд этдилар.

Асосий Қонунга парламент назорати институти киритил­моқда.

Бош вазир лавозимига номзод парламентда унинг номзоди кўриб чиқилаётган ва тасдиқланаётган пайтда ҳуку­матнинг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳара­кат дастурини тақдим этиши ҳақидаги норманинг Конституцияга киритилиши демократик жамиятнинг энг муҳим таркибий қисми бўлган парламентаризм, кўппартиявийлик тизими ва партиялараро рақобат, фракциялараро курашни янада мустаҳкамлашда ғоят муҳим аҳамият касб этади. Қонунда мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига доир энг муҳим масалалар юзасидан ҳукуматнинг ҳар йили ўз маърузаларини парламентга тақдим этиш мажбурияти ҳам назарда тутилмоқда.

Сенаторлар Конституциянинг 98-моддасида Вазирлар Маҳ­камасининг ваколатлари ва ҳу­қуқларини аниқлаштиришни ва кенгайтиришни назарда тутадиган нормаларнинг мустаҳкамлаб қўйилиши муҳимлигини таъкидладилар.

Конституциянинг 32-моддаси­га киритилаётган тузатишлар ижтимоий-иқтисодий ва гуманитар соҳалардаги ғоят муҳим вазифаларни ҳал қилишда фу­қаролик институтларининг роли ва аҳамиятини анча кучайтиради. Ушбу модданинг Ўзбекистон Республикаси фу­қа­ролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш орқали иштирок этиш ҳуқуқига эга эканлигини белгилаб берадиган нормаси бу ҳуқуқ давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ривожлантириш ва такомиллаштириш йўли билан ҳам амалга оширилиши ҳақидаги норма билан тўлдирилмоқда.

Маҳаллий ижро этувчи ҳо­кимият органларининг мус­тақиллигини ва айни вақтда вакиллик органи олдидаги ма­съулиятини кучайтириш мақса­дида Конституциянинг 103-мод­даси вилоят, туман ва шаҳар ҳокимининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботлар тақдим этиш мажбуриятини белгилайдиган норма билан тўлдирилмоқда. Ушбу ҳи­соботлар бўйича халқ депутатлари Кенгашлари тегишли қарорлар қабул қилади.

Сенаторлар Конституциянинг 117-моддасига киритилаётган тузатишлар парламент томонидан тузиладиган мус­тақил конституциявий орган сифатидаги Ўзбекистон Рес­публикаси Марказий сайлов комиссиясининг фаолиятини ташкил этиш, унинг ишлаши ва мақомининг конституциявий асосларини мустаҳкамлашда алоҳида аҳамиятга эгалигини ҳам кўрсатиб ўтдилар.

Сўзга чиққан сенаторлар дав­латимиз раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган Қо­нун­нинг қоидалари чет эллик сиёсий арбоблар ва мутахассислар томонидан юқори баҳоланаётганлигини, улар бу янгиликлар энг демократик талабларга ва умумэътироф этилган халқаро стандартларга мослигини таъкидлаётганликларини кўрсатиб ўтдилар. Сенаторлар Қонунни маъқулладилар.

● Шундан кейин сенаторлар «Ўзбекистон Республика­си Конс­титуциясининг айрим мод­даларига ўзгартиш ва қў­шимчалар киритиш тўғри­сида (32, 78, 93, 98, 103 ва 117-моддаларига)»ги Ўзбекис­тон Республикасининг Қонуни қа­бул қилинганлиги муноса­бати билан Ўзбекистон Рес­публикасининг айрим қо­нун ҳужжатларига ўзгар­тиш ва қўшимчалар киритиш ҳа­қида»ги Қонунни кўриб чиқ­дилар ва маъқулладилар. Ушбу Қонунга мувофиқ амалдаги қонун ҳужжатларининг норма­лари Ўзбекистон Респуб­ликасининг Конституциясига ки­ритилган тузатишларга муво­фиқлаштирилди.

Сенаторлар халқаро вазият нуқтаи назаридан келиб чиқиб, бутун жаҳон ҳамжамияти қатори Ўзбекистон ҳам Украина ва унинг атрофидаги вазиятдан ташвишланмаслиги мумкин эмас­лигини таъкидладилар. Сенаторлар ушбу масала бўйича Таш­қи ишлар вазирлигининг шу йил 4 ва 24 мартдаги баёнотларида билдирилган позицияни қўллаб-қувватлаб, Украинада юз бераётган воқеалар вазиятнинг жиддий мураккаблашувига ҳамда қарама-қаршиликка олиб келгани баробарида, улар тангликнинг янада кучайишини, олдиндан айтиш мушкул бўлган оқибатларни келтириб чиқариши, мамлакат суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига жиддий хавф солиши мумкинлиги Ўзбекистонда чуқур хавотир ва ташвиш уйғотмаслиги мумкин эмаслигини қайд этдилар.

Сенаторлар юзага келган вазиятнинг бартараф этилишини, энг аввало, куч ишлатишлар қўлланилишидан воз кечилган ҳолда, вужудга келган муаммолар тинч йўл билан, сиёсий воситалар ва саъй-ҳаракатлардан фойдаланилган тарзда, халқаро ҳуқуқнинг асосий меъёрларига ҳамда БМТ Низомига асосланган ҳолда, музокаралар йўли билан ҳал этилишида кўрилади, деган фикрни билдирдилар.

● Сенаторлар Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фу­қаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини ижро этиш юзасидан тайёрланган «Давлат ҳокимияти ва бошқару­ви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Ўзбе­кистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар.

● Шундан кейин Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқа­ролик жамиятини ривожлантириш концепциясига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 18 июлдаги «Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига муво­фиқ ишлаб чиқилган «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қону­нини янги таҳ­рирда кўриб чи­қилди.

Қонун корпоратив бошқарув ва назорат органларининг ва­ко­латларини, ҳу­қуқлари ва масъулиятини янада аниқ белгилаб қўйишга, бозор муносабатларини қўлланиш амалиётини ҳамда уларни ривожлантиришнинг янги реал воқеликларини ҳисобга олган ҳолда акциядорлик жамиятлари кузатув кенгашлари, умумий йиғилишлари ва тафтиш комиссияларининг ролини ҳамда аҳамиятини оширишга, акциядорлик компаниялари фао­лиятининг шаффофлигини ва ҳамма акциядорлар ва потенциал инвесторлар учун акциядорлик жамиятлари фаолиятига доир ахборотдан фойдаланиш имкониятини оширишга қаратилганлиги қайд этилди.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

● Сенаторлар «Ҳуқуқбузар­ликлар профилактикаси тўғ­рисида»ги Ўзбекистон Респуб­ликаси Қонунини ҳам кўриб чи­қдилар. Ялпи мажлисда ушбу Қонун ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг ҳуқуқий меха­низмларини янада такомиллаштиришга, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси субъектлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қи­лувчи тузилмалар ўзаро ҳам­корлигининг самарадорлигини оши­ришга, улар­нинг фаолияти мувофиқлаш­тирилишини, кў­ри­лаётган чораларнинг тизимлилигини ва батартиблигини таъминлашга, шунингдек, ҳуқуқ­бузарликлар профилактикаси масалаларини тартибга со­ладиган кўп сонли ҳуқуқий нормаларни бирхиллаштиришга қаратилганлиги кўрсатиб ўтил­ди.

● Сўнгра сенаторлар Ўзбекис­тон Республикаси Президентининг 2012 йил 30 ноябрдаги «Судларнинг фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғ­ри­сида»ги Фармони ва 2012 йил 29 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузу­ридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссияси фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармойиши қоидаларини амалга ошириш доирасида тайёрланган янги таҳ­рирдаги Судьяларнинг малака ҳайъатлари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақидаги Ўзбекистон Республикаси Қону­нини кўриб чиқдилар.

Мажлисда қайд этилганидек, ушбу Низомнинг нормалари судьялар лавозимларига номзодларни танлаш, тайёрлашнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмлари тизимини, барча даражалардаги судьяларнинг малака коллегиялари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштиришга, суд ҳокимиятининг ҳақиқий мустақиллигини таъминлашга қаратилган.

● Сенаторлар «Ўзбекистон Республикасининг айрим қо­нун ҳужжатларига ўзгар­тиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини ҳам кўриб чиқдилар.

Қонун билан бир қатор қо­нунларга: «Нотариат тўғри­сида»ги, «Алоқа тўғри­сида»ги, «Суд ҳужжатларини ва бошқа органларнинг ҳужжатларини иж­ро этиш тўғрисида»ги, «Хўжа­лик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан на­зорат қилиш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида»ги, «Қо­нун лойиҳаларини тайёр­лаш ва уларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида»ги, «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги қонунларга, Жиноят, Фуқаролик кодексларига, бошқа бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

● Шундан кейин Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг таркибига ўзгартишлар киритиш тўғ­рисидаги масала кўриб чи­қилди ва тегишли қарор қабул қилинди.

* * *

Сенаторлар ялпи мажлиснинг иккинчи кунини Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2013 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини муҳокама қилишдан бошладилар. Ҳисоб палатасининг фаолияти Давлат раҳбари томонидан 2013 йил 18 январда бўлиб ўтган, 2012 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлан­тириш якунлари ҳамда 2013 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисида белгилаб берилган вазифалар асосида амалга оши­рилганлиги қайд этилди. Ҳи­собот йилида Ҳисоб палатаси томонидан мамлакатнинг турли вазирликлари ва идораларида 43 та йўналиш бўйича 252 та объектда назорат тадбирлари ўтказилди.

Бюджет қонунчилигига муво­фиқ Давлат бюджетини шакллантириш ва ижро этиш устидан республика миқёсида ҳам, маҳаллий кўламда ҳам тизимли назорат ташкил этилди, бюджет маблағларидан фойдаланишнинг қонунийлиги, самарадорлиги ва мақсадга мувофиқлиги текширилди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси бюджетдан ташқари фондларининг Давлат бюджетида жамланадиган маблағлари тўлиқ шакллантирилиши, мақсадли ва оқилона сарфланиши устидан узлуксиз назорат амалга ошириб борилди. Амалга оширилган ишлар натижасида ҳисобот йилида давлат ёки хўжалик юритувчи субъектларнинг манфаатларига етказилган етмиш миллиард сўмдан кўпроқ зарарнинг ўрни қопланишига эришилди.

Масалани муҳокама қилиш жараёнида сенаторлар Ўзбекис­тон Республикаси Ҳисоб палатасининг назорат тадбирларини кучайтириш ҳамда уларнинг самарадорлигини ошириш, мо­ли­явий ҳуқуқбузарликларни қисқартириш ва келгусида уларнинг олдини олиш бўйича зарур чоралар кўришга қаратилган ўз таклиф ва тавсияларини билдирдилар.

Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг ҳисоботини муҳокама қилиш вақтида кўрсатиб ўтилгани­дек, Ўзбекистон Республикаси Та­биатни муҳофаза қилиш дав­лат қўмитасининг 2013 йил­даги фаолияти атроф-му­ҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қо­нун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини таъминлашга, мамлакатимизда экологик вазиятни соғлом­лаштиришга қаратилди.

Қабул қилинган тадбирлар дастурига муво­фиқ, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан ушбу дас­турнинг 14 та асосий йўналиши бўйича 48 та тадбирнинг бажарилиши таъминланди. 2013-2017 йилларда ат­роф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича ҳаракат дастурини, шунингдек, унинг асосида қабул қилинган ҳудудий дастурларни рўёбга чиқаришга алоҳида эътибор берилди.

Табиатни муҳофаза қилиш тадбирларининг бажарилиши натижасида мамлакатнинг саноат корхоналарида атмосферага ифлослантирувчи моддаларни чиқариб ташлаш анча миқдорда – 111,6 тоннага қисқартирилди. Мамлакат минтақаларидаги ижтимоий аҳамиятга молик объектларда қайта тикланадиган энергия манбаларини жорий этиш борасида аниқ мақсадли ишлар олиб борилмоқда.

Ҳисоботни муҳокама қилиш асносида сенаторлар Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан аниқ таклиф ва тавсияларни баён этдилар.

● Сенаторлар Ўзбекистон Рес­публикаси адлия вазирининг 2013 йилда давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар фаолиятидаги қонунийликнинг ҳолати тўғрисидаги ахборотини тингладилар. Ўтган даврда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан айрим давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органларининг норма ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини мониторинг қилиб бориш доирасида вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралари томонидан тақдим этилган мингдан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ҳуқуқий экспертиза қилинган. Идоравий норма ижодкорлиги соҳасида вазирлик ва идораларнинг 403 та ҳужжати давлат рўйхатидан ўтган.

Бунда мониторинг асносида аниқланган қонун ҳужжатларини бузиш ҳолларини бартараф этишга алоҳида эътибор қа­ратилган. Хусусан, Ўзбекистон Респуб­ликаси Адлия вазирлигининг Қо­нунчиликка риоя этилишини назорат қилиш бош бошқармаси томонидан 18 та давлат тузилмаси тизимида 16 та мониторинг текшируви ўтказилиб, уларнинг натижалари бўйича давлат тузилмалари фаолиятида қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилишини таъминлаш юзасидан аниқ чоралар кўрилган.

Аниқланган камчиликлар бў­йича адлия органлари томо­нидан қоидабузарликларни, шу­нингдек, уларнинг содир этилишига имкон берадиган сабаблар ва шароитларни бартараф этишга, жамиятда қонуннинг, қонунийликнинг устунлигини қа­рор топтиришга қаратилган 957 та таъсир кўрсатиш чораси кўрилган. Манфаатдор вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларига идоравий нор­матив-ҳуқуқий ҳужжатларда аниқланган камчиликларни тўл­ди­риш ҳамда зиддиятларни бартараф этишга қаратилган 30 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ишлаб чиқиш таклиф қилинган, уларнинг норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш бўйича аниқ чоралар амалга оширилган.

Кўриб чиқилган ҳамма масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

Сенатнинг икки кунлик мажлисида 16 та масала, шу жумладан, 7 та қонун кўриб чиқилди.

 

Ўзбекистон Республикаси   

Олий Мажлиси Сенатининг

Матбуот хизмати материаллари асосида тайёрланди.

Прочитано: 2230 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика