Norma.uz

Шикаст етказдингизми – таъмирлаб беринг

Яқинда қўшма корхонамизда ишлашга янги ходим қабул қилиниб, хизмат вазифаларини бажариши учун унга хизмат автомобили берилди. Бир неча кун аввал ходимнинг айби билан автомобиль шикастланди (чироғи синди). Энди биз ундан зарар миқдорини ундирмоқчимиз.

Биз у билан имзолаган тўлиқ шахсий моддий жавобгарлик тўғрисидаги шартнома ундан зарар миқдорини ундириш учун етарли асос ҳисобланадими? Ҳамма ҳаракатларимиз қонуний бўлишини хоҳлардик. Бунда яна қандай ҳужжатларни расмийлаштириш зарур?

Гулмира Рустамовна.

 

– Меҳнат кодексининг (МК) 12-моддасига кўра чет эллик юридик ва жисмоний шахсларга тўлиқ ёки қисман тегишли бўлган ва Ўзбекистон ҳудудида жойлашган корхоналарда Ўзбекистон Республикасининг меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари қўлланилади.

Ходимдан зарарни ундириш тартиби, агар жамоа шартномаси ёки ташкилот битимида бошқа нарса назарда тутилмаган бўлса, МК XII бобининг 3-§и билан белгиланади.

Ходим иш берувчига бевосита етказилган ҳақиқий зарарни тўлаши шарт. Ходим иш берувчига бевосита етказилган ҳақиқий зарар учун ҳам, иш берувчи бошқа шахсларга етказилган зарарни тўлаши натижасида келиб чиққан зарар учун ҳам моддий жавобгар бўлади (МКнинг 198-моддаси).

Тўлиқ шахсий моддий жавобгарлик тўғрисидаги шарт­нома зарар суммасини ундириш учун асос ҳисобланади, чунки МК 202-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига кўра махсус ёзма шартнома, яъни тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисидаги шартнома асосида ходимга ишониб топширилган қимматликларнинг сақланишини таъминламаган тақдирда етказилган зарар учун унга тўлиқ моддий жавобгарлик юклатилади.

Зарарни баҳолаш далолатномаси ва ходимнинг тушунтириш хати ҳам зарур, чунки зарарни муайян ходимлардан ундириш тўғрисида қарор қабул қилишдан олдин иш берувчи етказилган зарар миқдорини белгилаш ва унинг келиб чиқиш сабабини аниқлаш мақсадида текшириш ўтказиши шарт. Бунинг учун ваколатли ходимлар жумласидан тегишли мутахассислар иштирокида комиссия тузилади (МКнинг 204-моддаси биринчи қисми) ва унинг қарори асосида зарарнинг миқдорини белгилаш учун баҳолаш компаниясига мурожаат қилинади.

Зарарнинг келиб чиқиш сабабини аниқлаш учун ходимдан тушунтириш хати талаб қилиниши шарт. Ходимнинг тушунтириш хати беришдан бўйин товлаши иш берувчи уни етказилган зарар учун моддий жавобгарликка тортишига моне бўла олмайди. Ходим барча текшириш материаллари билан танишиш ҳуқуқига эга (МКнинг 204-моддаси иккинчи қисми).

Ўртача ойлик иш ҳақидан ортиқ бўлмаган миқдорда етказилган зарар суммаси айбдор ходимдан иш берувчининг фармойишига (буйруғига) мувофиқ ундирилади. Мазкур фармойиш (буйруқ) зарар етказилганлиги аниқланган кундан бошлаб бир ой ичида чиқарилиши мумкин. Бироқ шуни ҳисобга олиш лозимки, агар етказилган зарарнинг ходимдан ундирилиши лозим бўлган суммаси унинг ўртача ойлик иш ҳақидан ошиб кетса ёки зарар аниқланган кундан кейин бир ойлик муддат ўтган бўлса, зарар суд тартибида ундирилади (МКнинг 207-моддаси).

Санаб ўтилган ҳужжатларнинг барчаси ходимдан зарарни ундириш учун етарли асос бўлади. Бунинг учун қўшимча равишда бирор-бир ҳужжатларнинг расмийлаштирилиши қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган.

 

Темур МЎМИНОВ,

эксперт-юристимиз.

Прочитано: 2294 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика