Norma.uz

Ишда қолишга ҳақлиманми?

 Мени компанияга ишга таклиф қилишди. Ишга меҳнат шартномаси бўйича муддатсиз расмийлаштиришди. Бир оз вақт ўтгач мен билан тузилган меҳнат шартномасини қайта расмийлаштириб, мени болани парвариш қилиш бўйича таътилда бўлган ходиманинг жойига ўтказишди. Буйруқ ва меҳнат дафтарчасидаги бу ҳақдаги ёзув билан мени таништиришди.
Кейинги куни аввалги лавозимимга янги ходимни қабул қилишди ва у билан номуайян муддатга меҳнат шартномаси тузишди.
Эътиборсизлигим боис шартномадаги: «Илгари тузилган барча меҳнат шартномалари мазкур меҳнат шартномаси имзоланган пайтдан бошлаб ўз кучини йўқотади» деган ёзувга аҳамият бермаган эканман.
Энди ходима таътилдан қайтганидан кейин мени ишдан бўшатишлари мумкинми?

Андрей.

Тошкент шаҳри.

 

– Сизнинг вазиятда иш берувчи бир қатор хатоларга йўл қўйган.

Агар ходим меҳнат шартномаси бўйича номуайян муддатга ишга қабул қилинган бўлса, иш берувчи унга меҳнат функцияси тақозо этган ишни номуайян муддатга тақдим этиши шарт. Агар иш берувчи иш билан таъминлай олмаса, меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ходим учун бир қатор кафолатларни назарда тутади. Масалан, иш берувчининг айби билан бекор туриб қолинган вақтда унинг иш ҳақи тўланади (МК 159-моддасининг биринчи қисми); иш берувчининг молиявий ҳолатидан қатъи назар, ходимга бажарган иши учун ҳақ белгиланган меҳнат ҳақи шартларига мувофиқ МКнинг 161-моддасида кўрсатилган муддатларда тўланади (МКнинг 154-моддаси) ва ҳоказо.

Бироқ, мурожаатингиздан кўриниши­ча, тарафларнинг келишувига кўра сиз қонунга мувофиқ иш жойи сақланадиган, вақ­тинча ишда бўлмаган ходиманинг вақ­тинча ўрнини босиш учун бошқа ишга ўтказилгансиз. Меҳнат шартномаси ­муайян муддатга қайта тузилган ва у бекор қилиниши учун (муддати тугаши муносабати билан) қўшимча асосга эга, бу эса сизни анча ночор ҳолга солиб қўйган. Ҳолбуки, амалдаги қонун ҳужжатларига кўра, бошқа ишга ўтказиш ҳолларининг ҳаммаси муддатига кўра вақтинча ва доимий ишга бўлинади (МКнинг 92–95-моддалари).

Сизнинг ҳолатда иш берувчи болани парвариш қилиш таътилида бўлган, иш жойи (лавозими) сақланадиган, ишда бўлмаган ходиманинг вазифаларини бажариш учун сизни вақтинча бошқа ишга ўтказиши керак эди. Янги ходимни эса муддатли шартнома бўйича сиз ҳозир бўлмаган пайтда ишга қабул қилиши лозим эди (МКнинг 76-моддаси ва 93-мод­дасининг биринчи қисми).

Ходима таътилдан қайтган ва амалда ўз меҳнат вазифаларини бажаришга киришган кундагина сиз аввалги ишга қайта оласиз.

МКнинг 96-моддасига кўра вақтинча бошқа ишга ўтказиш унинг муддати кўр­сатилган ҳолда буйруқ билан расмийлаштирилади ва у меҳнат шартномасида қайд этилмайди. Ходимнинг меҳнат дафтарчасига бошқа ишга вақтинча ўтказиш тўғрисидаги ёзув фақат ходимнинг илтимосига кўра қайд этилади (Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғ­рисида йўриқноманинг 2.1-банди, АВ томонидан 29.01.1998 йилда 402-сон билан рўйхатдан ўтказилган).

Бошқа ишга ўтказиш муддати тугагач, иш берувчи сизга аввалги ишингизни бериши шарт (МКнинг 93-моддаси). Ходим билан сиз ишда бўлмаган вақтга мўлжаллаб тузилган муддатли меҳнат шартномаси муддати тугаши муносабати билан сиз ишга қайтган кундан эътиборан бекор қилинади (МКнинг 105-моддаси).

Меҳнат шартномасидаги «Илгари тузилган барча меҳнат шартномалари мазкур меҳнат шартномаси имзоланган пайтдан бошлаб ўз кучини йўқотади» ёзувига келсак: ушбу мисол иш берувчи сизнинг ҳуқуқингизни қонунда назарда тутилмаган шартлар билан чеклаганлигини қайд этиш имконини беради. Шу муносабат билан ходим МКнинг 93-моддасида назарда тутилган ўзининг аввалги ишини олиш кафолатларидан ноқонуний тарзда маҳрум этилиши мумкин.

Иш берувчининг ҳаракатлари меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш сифатида баҳоланиши ва қонунда назарда тутилган тартибда жавобгарликка олиб келиши мумкин.

Агар сиз иш берувчи билан бевосита музокара олиб бориб, ихтилофни мустақил равишда ёки ўз вакилингиз иштирокида ҳал эта олмасангиз, ўз ҳуқуқларингизни ҳимоя қилиш мақсадида:

давлат меҳнат ҳуқуқ инспекциясига;

прокуратура ёки иш берувчи жойлашган жойдаги судга мурожаат қилишингиз мумкин.

 

 Абдусалом РИСҚУЛЛАЕВ, эксперт-юристимиз.

Прочитано: 2105 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика