Norma.uz

Реклама қонуний бўлмоғи даркор

Бугун рекламанинг ҳаётимизда ўрни катта. Агар товар, маҳсулот ёки кўрсатилаётган хизматлар қанчалик кўп тарғибот-ташвиқот қилинса, улар аҳолида шунчалик кўп қизиқиш уйғотади. Шу боис ҳозир иқтисодиётнинг деярли барча соҳаларида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар у ёки бу даражада реклама қилиняпти. Лекин баъзида бу борада қонунбузилиш ҳолатлари ҳам учраб туради.

 

Давлат рақобат қўмитаси Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси ўтган йили «Реклама тўғрисида»ги Қонун талаблари ижроси юзасидан муайян тадбирларни амалга оширди. Жумладан, «Рухсор» телевидениеси орқали икки нафар хонанда ижросидаги қўшиққа олинган видеоклипда хонандалардан бирига тегишли шахсий уяли алоқа телефонининг рақами аудио илова орқали эшиттирилган. Мазкур масалани ўрганиш давомида ушбу телефон рақами ҳақиқатан ҳам хонанданинг шахсий телефон рақами эканлиги маълум бўлди.

«Реклама тўғрисида»ги Қонуннинг 14-моддаси талабларига кўра, яширин реклама истеъмолчининг идрокига унинг ўзи англамаган ҳолда таъсир ўтказадиган, жумладан, махсус видео иловалардан (қўш овозли ёзувдан) фойдаланиш йўли билан ҳамда бошқа усуллар билан таъсир кўрсатадиган реклама, деб таъриф берилган. Яширин рекламадан радио-, теле-, видео-, аудио- ва киномаҳсулотларда, шунингдек, бошқа товарларда фойдаланишга ва уни ўзга усуллар билан тарқатишга йўл қўйилмаслиги белгилаб қўйилган. Натижада юқоридаги видеомаҳсулот истеъмолчининг онгига ўзи англамаган ҳолда таъсир ўтказадиган тарзда тайёрланганлиги аниқланди.

Шунингдек, «Мулоқот» телеканали орқали 2013 йил 5 июнь куни соат 21.55 дан 23.40 гача эфирга узатилган «Ёқут китоб сири» бадиий фильми намойиши давомида соат 22.20 да, 22.34 да ва 23.21 да реклама блоклари жойлаштирилган. Хуллас, ушбу фильмни тўлиқ эфирга узатиш мобайнида у реклама учун бир неча марта узиб қўйилган.

2013 йил 6 июнь куни соат 21.47 дан 23.56 гача эфирга узатилган «Ўз мамлакатига саёҳат» бадиий фильми намойишида ҳам 45 дақиқа вақт оралиғида реклама бериш мақсадида фильмнинг икки марта узилишига йўл қўйилган. Ваҳоланки, «Реклама тўғрисида»ги Қонуннинг 17-моддаси иккинчи хатбоши талабига кўра, 45 дақиқадан ортиқ давом этадиган концерт-томоша, спорт дастурлари, кино ва телефильмларда кўпи билан бир марта реклама берилиши мумкинлиги белгиланган. Вазирлар Маҳкамасининг 225-сон қарорига асосан юқоридаги ҳолатларга нисбатан ўтган йили 6 марта иш қўзғатилиб, 6 та субъектга нисбатан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилди.

«Тасвирий ойина» ижодий уюшмаси Тошкент вилояти бўлими томонидан эса ташқи рекламани жойлаштириш тартибига риоя қилинмаганлиги юзасидан тақдим этилган хатларга асосан бир қатор ўрганишлар ўтказилди. Пировардида 4 та хўжалик юритувчи субъект («Ўзбектелеком» АК Тошкент филиали, «BERAD-AGRO» агрофирмаси, «KOLORIT DIZAYN INK» МЧЖ ва «O’zbekkimyomash zavodi» ОАЖ) томонидан «Реклама тўғрисидаги» Қонуннинг 20-моддаси талабларига риоя қилинмаганлиги аниқланиб, уларга нисбатан тегишли тартибда иш қўзғатилиб, жами 18 106,8 минг сўм миқдорида жарима қўлланилди.

 

Реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши юзасидан Давлат рақобат қўмитаси ва унинг ҳудудий органлари томонидан 2013 йилда жами 303 марта таҳлил ўтказилиб, 202 ҳолатда турли қонунбузарликлар аниқланган ва 120 млн сўмлик молиявий жарима ҳамда 13 нафар мансабдор шахсга нисбатан 4,8 млн сўмлик маъмурий жазо чоралари қўлланилган. Қонунбузарлик ҳолатларини бартараф этиш бўйича 148 та хўжалик субъектига ёзма кўрсатмалар берилган. 8 та  нотўғри реклама тарқатиш ҳолатлари бўйича 51,4 млн сўм миқдорида жарима солинган.

 

Сурхондарё вилояти туманларидан биридаги тиббиёт коллежи ёнида, «Термиз–Душанбе» автомагистрали ёқасида Тошкент шаҳридаги уяли алоқа компанияси томонидан махсус конструкцияда ташқи реклама воситаси жойлаштирилган. Унда «Tarmoq ichida 0» хизмати реклама қилинган бўлиб, ушбу хизмат учун кунлик абонент тўлови $ 0,25 эканлиги ёзилган. Бироқ уяли алоқа компанияси Интернетдаги сайтида ушбу «Tarmoq ichida 0» хизмат учун кунлик абонент тўлови $ 0,40 эканлиги маълум бўлди. Мазкур ҳолатда компания томонидан «Реклама тўғрисида»ги Қонуннинг 13-моддаси талаблари бузилган. Яъни компания томонидан рекламадан фойдаланувчиларни чалғитувчи ёки чалғитиши мумкин бўлган, шахсларга, шунингдек давлатга моддий ва маънавий зарар етказиши мумкин бўлган нотўғри, била туриб ёлғон реклама берилган.

Мазкур ҳолат юзасидан алоқа компаниясига нисбатан тегишли тартибда иш қўзғатилиб, қонун талаблари бузилишини бартараф этиш ҳамда жарима қўллаш тўғрисида кўрсатма берилди.

Амалдаги қонунчиликка биноан болалар учун (14 ёшгача бўлганларга мўлжалланган) кўрсатувларда (эшиттиришларда) реклама тақиқланган. Мазкур мажбурий нормага риоя этилиши юзасидан Давлат рақобат қўмитаси томонидан доимий равишда кузатув ишлари амалга оширилиб келинмоқда. Айрим ҳолларда қонун талабларига риоя этмаслик ҳолатлари ҳам аниқланмоқда. Масалан, Бухоро вилоятидаги «Истиқлол-ТВ» телеканалида воятга етмаган болаларга мўлжалланган «Маймунлар салтанати» номли мультфильм намойиши оралиғида реклама жойлаштирилгани аниқланган.

Шу боис «Реклама тўғрисида»ги Қонуннинг 17-моддаси тўртинчи хатбошиси талаблари бузилганлиги муносабати билан белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, камчиликларни бартараф этиш юзасидан ёзма кўрсатма берилган.

 

istemolchi.uz сайти материаллари асосида тайёрланди.

 

Мавзувий сонни Ирина ГРЕБЕНЮК олиб боради.

Прочитано: 2282 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика