Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 13 / Шахсий тажриба

Тугмачани босмоқ – ҳисоботни топширмоқ демак

 Жисмоний шахснинг ялпи даромадини электрон усулда декларациялаш борасидаги шахсий тажриба.

 

Бугунги кунда электрон ҳи­собот тўғрисида шунчалик кўп ёзишмоқдаки, ҳисоботни бундай жўнатишни беихтиёр синаб кўриш тараддудига тушдик. Тўғри, менинг фирмам йўқ, ишим ҳам статистика ва солиқ ҳисоботлари топшириш билан боғлиқ эмас. Шу сабабли ҳам даромадларни декларациялашнинг электрон усулини синаб кўрмоқчи бўлдим.

Буни жўнатиш учун бошқа кўпгина ҳужжатларни элект­рон усулда жўнатаётганда бўл­гани каби даставвал электрон рақамли имзони (ЭРИ) расмийлаштириш лозим. Ходимимиз Юнусобод ДСИда бундай имзони олишига бир неча дақиқа (ариза ёзишга кетган вақт) кифоя қилибди. Мен бориб учрашган инспекцияда иш бошқачароқ бўлди. Аризани паспортимнинг кўчирма нусхаси билан биргаликда инс­пекция девонхонасига топширишим керак экан, у ерда бир ҳафтадан кейин келишимни айтишди. Айтилган куни ЭРИ олдим. Саноқли дақиқаларда битадиган ишга бир ҳафта кутиш нима учун зарур экан, билолмадим.

Шундай қилиб компьютерни ёқдим, унга ЭРИни киритдим. Давлат солиқ қўмитасининг soliq.uz сайти очилди.

Муаммо ЭРИ тан олинмаганидан бошланди. Сайтни ишлаб чиқувчилар буни назарда тутишган шекилли, қизил ҳарфларда огоҳлантирув кўринди: «Тизимга кириш учун JRE компонентаси ўрнатилиши лозим. Юклаш учун хабар устига босинг». Компьютерни унча-мунча биламан деб юрардим, аммо бу компонентасини ўзим ўрната олмадим. Шу тизим бўйича мутахассисимизга мурожаат қилдим. У 20 дақиқа компьютерда куйманиб ниҳоят уддалади. Унинг ҳар бир ҳаракатини диққат билан кузатиб турган бўлсам ҳам бу жараённи бошқа компьютерда такрорлай олмадим.

ДСҚ сайти навигацияси нисбатан жўн. ЭРИ бўлгач, «Шахсий кабинет»га кириш ҳам мураккаб эмас. Декларацияни тўлдиришга унналиб ётганимда «Агар сиз солиқ хизмати органларидан маълумотлар олишни хоҳласангиз...» деган ёзув бир неча марта чиқди. Йўқ, хоҳламайман дедим ичимда.

Электрон декларация жуда қулай, унинг ўзбек ва рус тилларида ифодалари ҳам мавжуд. Аммо унда даставвал ШЖБПҲни кўрсатиш керак экан. Декларацияда СТИР ЭРИдан автомат тарзда олинади.

Электрон декларацияни тўл­дириш қоғоздагисидан унча фарқ қилмайди, аммо баъзи ўзига хос жиҳатлари ҳам бор.

Биринчи саҳифачанинг охи­рида «Солиқ кодексининг 180-мод­дасига асосан солиқ тў­лашдан озодмисиз?» деган савол турибди. Мабодо сиз «Ҳа» деб жавоб берсангиз, имтиёзга эга бўлган шахсларнинг бир қулоч рўйхати чиқади. Таассуфки, камина улар жумласига кирмайди.

Иккинчи саҳифачада ҳам яна битта савол бор: «Солиқ кодексининг 179-моддасига биноан солиқларни тўлашдан озодмисиз?». Бу модда кўпчиликка тааллуқли. Зотан меҳрибон раҳбарларимиз бизни вақти-вақти билан моддий ёрдам, ҳадя ва шу сингари имтиёзлар белгиланган бошқа даромадлар билан сийлаб туришади.

Электрон декларация қоғоз­дагисидан яна шуниси билан фарқланадики, декларация тўлдирувчи унда ўзи даромад олган корхонанинг СТИРини кўрсатмоғи керак. Даромад тўғрисида улар томонидан берилган маълумотномаларда эса СТИР кўрсатилмайди. Ҳолбуки кўрсатилиши керак эди. Муам­мони бир неча қўнғироқдан кейин ҳал этдик. Хўш, корхона СТИРини аниқлаш имкони бўлмаса, нима бўларди деб ўйланиб ҳам қолдим.

Қоғоздаги декларация тўрт бўлимдан иборат бўлади. Электрон декларацияни тўлдириш асносида нокеракларини тушириб қолдириш мумкин.

Декларацияни тўлдиришга муаллифлик ҳақи (гонорар) туфайли кўпроқ вақт сарфланди. Сумма кўп эмасди, лекин барибир декларацияда акс эттирилмоғи лозим. «Фан ва адабиёт асарларини яратганлик учун олинган даромадлар» деган саҳифачада бор-йўғи бешта катак бор, лекин уларни тўлдиришда бироз қий­налдим.

«Муаллифлик ҳуқуқи объекти», «Даромад суммаси» сатр­ларини тўлдириш осон кечди. «Харажатлар суммаси» сатри эса анча овора қилди. Маълумки, муаллифлик ҳақидан ижодий фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ, ҳақиқатда қилинган ва ҳужжат билан тас­диқланган харажатлар че­гирилмоғи лозим, лекин бу миқдор олинган жами даромаднинг 30 фоизидан кўп бўлмаслиги керак. Бундай харажатлар жумласига фан, адабиёт ва санъат асарларини яратиш ва улардан фойдаланиш учун зарур материаллар олишга, фан, адабиёт ва санъат асарларини яратиш, нашр қилиш, ижро этиш ёки бошқа йўсинда истифода этиш мақсадидагина фойдаланиладиган бинолар ва мол-мулкни ижарага олишга кетган харажатлар киради.

Меникига ўхшаш ҳолатларда, яъни адабиёт асарини яратиш учун бир тийин ҳам сарфланмаган ҳолатларда электрон дастур ҳисоб-китоб қилишдан бўйин товлайди ва декларацияни тўл­диришни давом эттиришга йўл қўймайди. Оқибат-натижада ҳужжат билан тасдиқланмаган бўлса-да, харажатни бир сўм деб кўрсатишга мажбур бўлдим (кейинчалик даромадларим ва харжатларимни текширадиганлар мени кечирсинлар).

Ниҳоят декларациянинг охирги, IV бўлимига етиб келдик, ундаги сатрларнинг бир қисми ўз-ўзидан тўлдирилиб қолибди. Ҳисоблаб чиқарилган ва ушлаб қолинган солиқ суммасини чиқаргач, жўнатишга оид тугмачани босдим. Бўлмади!

Ахборот киритилмаганлиги сабабли декларацияни жўнатиб бўл­маслиги тўғрисида ёзув чиқди. Қизиқ, мен шу пайтгача нима билан шуғулланиб ўтирдим ўзи?

Дарвоқе, электрон декларация саҳифаларида «Далее» («Кейин­ги босқичга ўтиш») деган туг­мача бор-у, аммо «Орқага» деган тугмача йўқ. Ҳуж­жат бошланғич босқичга қайтарилса, киритилган барча ахборотлар, таассуфки, йўқ бўлиб кетади ва уларни қайтадан киритиш лозим. Хуллас, мулла бўлсанг такрор қил деганларидек, ишни яна бошидан бошлашга тўғри келди (қоғоздаги декларацияни ҳам бир дафъанинг ўзида тўлдириб бўлмайди-ку деб тасалли бераман ўзимга ўзим). Шу аснода сайтни яратганларга раҳмат айтиш мавриди ҳам бўлди – илгари киритган ахборотларимни компьютер «шипшитиб» турди.

Ниҳоят «Декларацияни жў­нат­моқчимисиз?» деган ёзув пайдо бўлди. Мамнуният билан шундай қилдим.

Электрон декларацияни тўл­дириш борасидаги бу тажрибам қарийб икки соатга борди (бу ҳужжатни аслида 15 дақиқада тўлдириш мумкин экан). Яширишнинг ҳожати йўқ, солиқ инспекциясига бориш кўпроқ вақтимни олар эди. Электрон ҳисоботнинг бу яхши, афзал томонидир.

Янги усулнинг номатлуб томони солиқ инспектори билан бўладиган жонли, инсоний мулоқотнинг йўқлигидир: инс­пектор нотўғри тўлдирилган декларацияни дарҳол тузатиб берган бўлар эди. Юборган декларациянг қабул қи­лин­ганлигига оид тасдиқ йўқ­лигини ҳам янги усулнинг қу­сурларидан деса бўлади.

Яна бир гап. ДСҚнинг сайтида электрон калькулятор бор экан, у жисмоний шахсларнинг даромад солиғи ва мол-мулк солиғини, ер солиғи ҳамда сув ресурсларидан фойдаланганлик учун олинадиган солиқни, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорларнинг қатъий белгиланган солиғини ва суғурта ба­далларини ҳисоблаб беради. Калькулятор даромадларим ва тўлаган солиқларимни ҳисоблаб чиқиб, ортиқча тўланган озроқ сумма борлигини кўрсатиб берди.

Электрон декларацияни жў­на­тишга жўнатиб, энди ДСИдан қандай хабар бўлар экан деб сабр­сизлик билан кутмоқдаман...

 

Роман ВАФИН.

Прочитано: 851 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика