Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 12 / Хўжалик юритиш қоидалари

Болғача ишлатилмайдиган аукцион

Иқтисодиётимизда самарали бозор механизми сифатида аукцион ­(кимошди) савдолари фаол ривожланяпти. Ушбу дастакка муҳим аҳамият бериляпти. Тадбиркорларни рақобатни ривожлантиришга, товарлар нархини мақбуллаштиришга хизмат қиладиган электрон харидлар тизимига жалб этиш юзасидан фаол иш олиб бориляпти.

Баъзи саволларга берилган жавоблар ушбу механизмнинг амал қилишини яхшироқ тушуниш, манфаатдор субъектларга эса уларда фаол иштирок этишда ёрдам беради.

 

Президентнинг «Электрон харидлар тизимини мақбуллаштириш ва улардан тадбиркорлик субъектларининг фойдаланишини кенгайтириш тўғрисида»ги Қарори (5.04.2013 йилдаги ПҚ-1948-сон, бундан кейин – Президентнинг ПҚ-1948-сон Қарори) кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига қулай шароитлар яратишга йўналтирилган. Унга кўра устав жамғармасида давлат улуши 50%дан ортиқ бўлган табиий монополия субъектлари, унитар корхоналар ва хўжалик жамиятлари айрим турдаги товарларни (ишларни, хизматларни) бир шартнома бўйича эквиваленти 300 АҚШ долларидан 100 минг АҚШ долларигача бўлган миқдорда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси (бундан кейин – ЎзРТХБ) томонидан ташкил қилинадиган электрон аукцион савдоларидагина харид қиладилар.

Уларни ўтказиш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат ва корпоратив харидлар жараёнини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори (11.06.2013 йилдаги 166-сон, бундан кейин – ВМнинг 166-сон Қарори) билан белгиланади. Он-лайн режимидаги электрон савдолар тузилган барча битимларнинг мақомини кузатиш имконини беради, уларнинг очиқ-ошкоралиги ҳамда кичик бизнес вакиллари ўртасидаги рақобатни таъминлайди, буюртмачиларга энг кам нархни камайтириш ҳисобига маблағларни тежаш имконини беради.

 

Амалиётда икки тушунча – давлат ва корпоратив харидлар тушунчаси ишлатилади. Улар нимаси билан фарқланади?

 

– Корпоратив ва давлат харидлари ўртасидаги фарқ Ўзбекистон рес­публика товар-хом ашё биржасида электрон харидларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида низом (ВМнинг 166-сон Қарорига 2-илова) билан белгиланади. Товарлар (ишлар, хизматлар)нинг давлат харидлари Давлат бюджети маблағлари ҳисобига ва Давлат харидлари бўйича ҳукумат комиссияси томонидан аниқланадиган рўйхат бўйича бошқа марказлаштирилган манбалар ҳисобига амалга оширилади. Уларни вазирликлар, идоралар, ҳокимликлар, мактаблар, давлат мактабгача таълим муассасалари ва бюджетдан молияланадиган бошқа тузилмалар амалга оширадилар.

Корпоратив харидлар Давлат улуши устун бўлган табиий монополиялар субъектлари, корхоналар ва ташкилотлар электрон харидлари бўйича Ҳукумат комиссияси томонидан аниқланадиган товарлар (ишлар, хизматлар) рўйхати бўйича устав фондидаги давлат улуши 50%дан кўп бўлган табиий монополиялар субъектлари, давлат унитар корхоналари ва хўжалик жамиятлари томонидан амалга оширилади.

Президентнинг ПҚ-1948-сон Қарори кичик бизнес субъектлар учун бўлғуси харидорлари доирасини кенгайтирди. Бироқ корпоратив харидлар рўйхати ушбу ҳужжат билан белгиланган корхоналар билан чекланмайди. Уларда республиканинг бошқа компаниялари ҳам иштирок этишлари мумкин, чунки бу ерда товарларни арзон нархларда харид қилиш ва янги етказиб берувчиларни топиш мумкин.

 

Битимларнинг кўпчилиги биржада тузилади. Ушбу ҳаракатларнинг ҳаммасини ким мувофиқлаштиради?

 

– Давлат улуши устувор бўлган ­табиий монополиялар субъектлари, корхоналар ва ташкилотларнинг электрон харидлари бўйича Ҳукумат комиссияси ишчи органи тўғрисида низомга (ВМнинг 166-сон Қарорига 1-илова) кўра корпоратив харидларни мувофиқлаштириш ва улар мониторинги Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасига юкланган. У шунингдек кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг савдолардаги иштирокини таҳлил қилади, Ҳукумат комиссияси қарорларининг лойиҳаларини тайёрлайди, электрон савдоларда харид қилиниши керак бўлган товарлар ва хизматлар рўйхатини тасдиқлайди.

ЎзРТХБ давлат ва корпоратив харидларни ўтказувчи асосий оператор сифатида майдонга чиқади. Биржанинг вазифаларига харид тизимларининг батартиб ишлашини таъминлайдиган иловалар ва веб-сайтлар мажмуини тақдим этувчи uzex.uz махсус ахборот порталини барпо этиш ва уни тутиб туриш киради. Унда давлат ва корпоратив ­буюртмалар тўғрисидаги маълумотлар, бошқа ахборот жойлаштирилган. Шу ернинг ўзида электрон харидлар билан боғлиқ операциялар ҳам амалга оширилади.

 

Электрон савдолар орқали ўтадиган товарлар гуруҳларини ким белгилайди ва ушбу рўйхатга нималар киради?

 

– Электрон харидлар бўйича Ҳу­кумат комиссияси томонидан корпоратив харидлар юзасидан товарлар (ишлар, хизматлар) гуруҳлари рўйхати белгиланган. Рўйхатнинг анчагина кенглиги корпоратив харидлар соҳасидаги янгиликлар миқёсидан далолат беради. Унга машинасозлик соҳаси маҳсулотлари, электротехник жиҳозлар, қурилиш материаллари, кабелли ўтказиш маҳсулотлари, ташкилий техника, маданий-маиший товарлар, дастурий маҳсулотлар, биноларни сақлаш ҳамда жорий таъмирлаш хизматлари ва бошқалар киради.

 

Қандай қилиб савдолар иштирокчиси бўлиш мумкин?

 

– Электрон харидларда иштирок этиш учун буюртмачи ва етказиб берувчиларга аккредитация керак. Биржа уни бепул ўтказади ва у Ўзбекистон РТХБда электрон харидларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида низомга мувофиқ муддатсиз тусга эга бўлади.

Аккредитация натижалари бўйича биржанинг ҳисоб-китоб-клиринг палатаси (ҲКП) буюртмачига ёки етказиб берувчига берилган фойдаланувчининг индивидуал тартиб рақамига (ИТР) мувофиқ алоҳида шахсий ҳисобрақам очади. Шундан кейин биржа савдолар қатнашчисига электрон персонал кабинет ташкил этади, унга мазкур буюрт­мачи ёки етказиб берувчи қатнашган барча битишувлар тўғрисидаги маълумотларни юборади.

 

Савдолар иштирокчилари зиммасига қандай жавобгарлик юклатилади?

 

– Электрон харидларни ташкил этиш ва ўтказиш тартибида аккредитацияланган – кафолатловчи ва ноҳалол етказиб берувчиларнинг реестрларини юритиш назарда тутилади. Кафолатловчилар муайян товарлар электрон савдоларда жойлаштирилишига оид контракт тузилишини кафолатлашлари керак. Савдолар ғолиби, шунингдек ундан кейин келувчи иккинчи етказиб берувчи контрактни имзолашдан бош тортган ёки бўйин товлаган тақдирда кафолатловчи етказиб берувчилар биринчи навбатдаги ижрочилар сифатида қаралади. Амалга оширилган битимлар юзасидан шарт­нома тузишдан бўйин товлаганлар эса Давлат ва корпоратив харидлар масалалари бўйича низолар ва ихтилофларни кўрувчи биржа комиссияси (бундан кейин – махсус комиссия) қарори билан Ноҳалол етказиб берувчилар реестрига киритилади.

Кафолатловчи етказиб берувчи сифатида аккредитация олиш учун юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор охирги 12 ой мобайнида савдолар предметини етказиб бериши, аккредитациядан олдинги 18 ой мобайнида Ноҳалол етказиб берувчилар ­реестрида қайд этилмаслиги, биржага аккредитация учун товарлар ва хизматлар рўйхатини кўрсатган ҳолда ариза тақдим этиши лозим.

Мажбуриятни бажаришдан бўйин товлаган ёки бош тортган тараф учун жарима санкциялари назарда тутилган. Чунончи, агар 5 иш куни мобайнида савдолар ғолиби контракт тузишни рад этганда ёки уни тузишдан бўйин товлаганда, унинг бўнак тўлови савдолар ғолиби аниқланган санадан бошлаб бир ҳафта муддатда, етказилган зарар учун компенсация сифатида, буюртмачининг тегишли ҳисобрақамига ўтказилади. ­Буюртмачи зарарларни қоплаш тўғрисида талаб билан судга мурожаат қилишга ҳам ҳақли. Бундан ташқари, махсус комиссия буюртмачи ёки бошқа манфаатдор шахсларнинг аризасига кўра «бўйин товловчи»ни Ноҳалол етказиб берувчилар реестрига киритади. Шунингдек унга суд томонидан ўз мажбуриятларини бажармаслик ёки лозим даражада бажармасликда айбдор деб топилган етказиб берувчилар, давлат ва корпоратив буюртмани жойлаштириш шаклидан қатъи назар, киритиладилар.

Реестрга киритиш етказиб берувчини олти ой мобайнида савдоларда қатнашишдан маҳрум қилиш, шунингдек етказиб берувчининг кафолатловчи сифатидаги аккредитациясини бекор қилиш хавфини туғдиради. Агар «бўйин товловчи» мустақил эмас, балки агент орқали ишлаган бўлса, у ҳам қонун ҳужжатларига мувофиқ жазоланиши мумкин. Хусусан, агент контракт тузиш муддатларига риоя этмаганда, уни тузишни рад этганда, контрактни мижозга тақдим этмаган ёки ўз вақтида тақдим этмаганда, буюртманоманинг шартлари мижоз топшириқларига мувофиқ бўлмаганда махсус комиссия уни савдоларда қатнашишдан олти ой муддатга четлаштиришга ҳақлидир.

 

Савдоларда нархни пасайтириш қоидасига эътибор берилади. У нимадан иборат бўлади?

 

– ЎзРТХБда электрон харидларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра корпоратив ва давлат харидлари бўйича савдолар он-лайн режимида ўтказилади. Улар аукцион шаклида энг кам нархни тенглик, объективлик ва ошкоралик қоидасига кўра пасайтириш йўли билан ўтказилади. Савдоларда биржа ҲКПдаги ўз шахсий ҳисобрақамларига олдиндан бўнак тўловларини ўтказган буюртмачилар ва етказиб берувчилар қатнаша оладилар. Буюртмачининг бўнак тўлови тизим томонидан савдолар ғолиби аниқлангунга қадар блокировка қилинади. Ўз навбатида, етказиб берувчининг бўнак тўлови ҳам бошқа етказиб берувчи томонидан кам нарх кўрсатилган таклиф берилгунга қадар блокировка қилинади. Ёки у савдолар ғолиби сифатида белгиланганда контрактни имзолагунга қадар блокировка қилинади.

Буюртмачи персонал кабинетда ­эълонни мустақил равишда ёки топшириқ шартномаси билан ўзаро муносабатлар белгиланадиган агентлар орқали шакллантиради. Бўнак киритилганда эълон автомат равишда буюртманомага айлантирилади. Давлат харидлари тўғрисидаги эълон савдоларнинг ғолибини аниқлаш санасидан камида 10 кун олдин, корпоратив харидлар тўғрисидаги эълон эса – камида 15 кун олдин жойлаштирилиши керак.

Савдоларни ўтказиш, ҳар бир лотга киритиш, ғолибни аниқлаш, битимни рўйхатдан ўтказиш ва контрактни шакллантиришни электрон тизим автомат тарзда амалга оширади. Етказиб берувчилар белгиланган шаклдаги ­буюртманомани электрон тарзда берадилар. Савдолар тугагандан кейин тизим буюртманомани энг кам нарх билан автомат тарзда белгилайди ва буюртмачининг шартларига мувофиқ келадиган контрактни шакллантиради, у буюртмачининг ҳам, ғолиб етказиб берувчининг ҳам персонал кабинетларида акс этади. Ғолиб белгиланганидан кейин 5 иш куни мобайнида контракт биржа ва етказиб берувчи томонидан имзоланади, бир вақтнинг ўзида у рўйхатдан ўтказилади ҳамда буюртмачи ва етказиб берувчининг шартномавий мажбуриятлари кучга киради.

Етказиб берувчи контрактни имзолашдан бош тортган ёки бўйин товлаган тақдирда кейинги «энг яхши» нархни таклиф этган етказиб берувчи, унинг розилиги билан, ғолиб деб топилади. Агар у ҳам контрактни имзолашдан бош тортса, савдоларда иштирок этган ва энг кам нархдан ошмайдиган нархни так­лиф этган кафолатловчи етказиб берувчи ғолибга айланади. Бир нечта кафил мавжуд бўлган тақдирда энг кам нархни так­лиф этган етказиб берувчи ғолиб бўлади, ушбу шартлар ҳам тенг бўлганда буюрт­маномани бошқалардан илгари берган етказиб берувчи ғолиб деб топилади.

Агар савдоларда камида 2 нафар етказиб берувчи қатнашса, савдолар бўлиб ўтган деб ҳисобланади. Акс ҳолда ­буюртмачи савдоларни яна 10 кунга узайтиради.

 

Электрон савдоларда иштирок этганда яна нималарга эътибор қаратиш керак?

 

– Электрон механизм давлат ва корпоратив харидларнинг очиқ-ошкор бўлишига имкон беради. Бироқ савдоларнинг иштирокчилари нафақат товарларнинг қийматига, балки сифатига ҳам эътибор қаратишлари керак, у кўп жиҳатдан фирма обрў-эътибори ва мақомини белгилайди.

Чунончи, буюртмачига 2 000 та бук­лет керак. Айтайлик, бундай товарни иккита компания таклиф этяпти. Уларнинг бири янги ускунага эга, унда малакали мутахассислар ишлайди. Иккинчи компания ходимлари малакасиз, ускунаси эса бузилиб туради. Табиийки, биринчи компания буклетларининг таннархи ва сифати юқори, таклиф этаётган нархи ҳам шунга яраша.

Шу сабабли, буюртманомани нафақат энг кам нархни кўрсатаётган, балки товарининг сифати маъқул келадиган етказиб берувчи ютиши учун буюртмачи товарга (хизматга), шу жумладан унинг сифатига доир талабларни ҳам батафсил баён этиши лозим.

Бошқа томондан эса, савдоларда қатнашганда нархларни ҳам ҳисобга олиш керак. Зеро электрон савдоларда айни буюртмачи дастлабки, энг кам нархни тайинлайди. Агар у товар (хизмат)нинг сифатига юқори талаб қўйсаю, бироқ унинг учун аввал-бошдан рақобатбардош бўлмаган нархни таклиф қилса, уларда иштирок этишни хоҳловчиларнинг йўқлиги туфайли савдоларни амалга ошмаган деб топиш хатари юзага келади. У ёки бу товарлар (хизматлар)ни харид қилишга буюртманома берганда так­лиф этилаётган нарх сизнинг талабларингизга мувофиқ келишига ишонч ҳосил қилинг.

 

Электрон савдолар механизмининг афзаллиги нимада?

 

– Ўтган йили корпоратив харидлар бўйича электрон савдолар ҳажми 61,8 млрд сўмни, пул маблағлари тежалиши 10,6 млрд сўмни ташкил этди, бу эса харидлар энг кам қийматининг 14,7%ини ташкил этади. Биржа семинарлар, учрашувлар ва бошқа маркетинг тадбирларини ташкил этиш воситасида кичик бизнес субъектларини электрон харидларга кенг жалб этиш ишини олиб боради. 2013 йил якунларига кўра етказиб берувчилар сони 6 мингдан ошди, уларнинг 93,9%и кичик бизнес вакилларидир.

Давлат ва корпоратив харидлар орқали товарлар ва хизматларнинг кенг ассортименти: ёзув-чизув қуроллари, компьютер ускуналари, транспорт ижараси ёки хариди ва ҳоказоларни таклиф этилади. Шу сабабли ҳозирги пайтда аккредитация қилинган етказиб берувчилар рўйхатида турли фаолият билан шуғулланадиган компаниялар қайд этилган.

 

 

– Бизнинг компаниямиз давлат харидлари тизимида анчадан бери иштирок этади, – дейди «Moxiza-NUR» МЧЖ раҳбари Бахтиёр Усмонов. – Биз талабгир бўлган хўжалик товарлари ва қурилиш материалларини таклиф этамиз. Бизнинг нархларимизга мувофиқ келадиган савдоларда иштирок этамиз. Президентнинг ПҚ-1948-сон Қарорига мувофиқ давлат харидларидан ташқари, корпоратив харидлар ҳам электрон форматда ўтади. Мижозларимизнинг рўйхати ҳам кенгайган.

Бахтиёр Усмоновнинг қайд этишича, электрон харидларда асосан у ёки бу товарни харид қилувчилар буюртманомани эътиборсизлик билан тўлдиришлари туфайли низоли масалалар юзага келади. Буюртмачилар уни расмийлаштираётганларида ўзларига айнан нима кераклигини аниқ-равшан тасаввур қилмайдилар. Шу боис ҳам товарлар ва хизматларга батафсил талаблар қўйилмайди.

 

Сўзимиз якунида электрон савдоларда харид қилинадиган товарлар ва хизматларнинг рўйхати мунтазам аниқлаштирилиб ва тўлдирилиб бораётганлигини қайд этиб ўтамиз. Шу сабабли хўжалик юритувчи субъектлар uzex.uz порталидаги ахборотни кузатиб боришлари зарур. У ерда сизнинг маҳсулотингизни излаётган бўлишлари эҳтимолдан йироқ эмас.

 

Ольга КИРЬЯКОВА, мухбиримиз.

Ҳикматулло ТИЛЛАБОЕВ,

ЎзРТХБ матбуот хизмати бош мутахассиси.

Прочитано: 2130 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика