Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 11 / Бизнинг лойиҳалар

Бошлиққа дебет-кредит керакми?

Тадбиркорларнинг каттагина қисми бухгалтерия сир-синоатларини билмасак ҳам бўлади деб ўйлайди. Билимдон, ўзига пухта бухгалтерни ёллаб, унга ҳисоб ишини олиб бориш топширилса бўлди-да деб ҳисоблайди кўпчилик. Баъзилар раҳбарнинг шусиз ҳам ташвиш ва муаммолари етарли деган фикрда. Шу боис айрим раҳбарлар ўзлари имзолаётган молиявий ҳужжатларга хитой ёзувида битилган нарсадек қарашади, бухгалтернинг тушунтиришлари эса уларга ёт тилдаги гапларга ўхшайди. Ишини яхшигина йўлга қўйиб олган тадбиркор Санжар РЎЗМЕТОВни бундайлар сирасига киритиб бўлмайди. Тўғри, бир неча йил муқаддам у ҳам бухгалтерия бобида ҳеч нарса билмасди, тушунмасди ҳам. Ҳаётнинг ўзи унга сабоқ берди, бухгалтерияни ўрганишга ундади. Бухгалтер тариқасида бухгалтерга шуларни маслаҳат берган бўлур эдим деб айта олмаса ҳам, ҳар қалай у раҳбар билан раҳбарлик тажрибасини ўртоқлашишга тўла ҳақлидир.

 

– Нима сабабдан бухгалтерияни ўрганишга қатъий аҳд қилдингиз?

– Бухгалтерия иши бўйича кўпроқ нарса билишга қатъий жазм этганимда ёшим 40 ларга бориб қолган эди. Маълумотим бўйича иқтисодчиман, бинобарин бухгалтерия фаолияти бўйича озми-кўпми билимим бор – институтда бир пайтлар бухгалтерия ҳисоби асосларини ўрганганмиз. Амалиётда эса кўп нарса билмаслигим аён бўлди. Тадбиркор дўстларим дуч келган кўнгилсиз воқеаларни билганим учун, қолаверса шахсий тажрибамдан келиб чиқиб, бу ишнинг ақалли таянч кўникмаларини олишим керак деб қарор қилдим. Бундан ташқари, ҳар қандай раҳбар бухгалтерия ҳисобининг ташкил этилиши ва ҳолати учун жавобгар эканлигини ҳам унутмайман. Бухгалтерия ишининг билимдонлик билан, тўғри юритилиши бизнес соҳаси ривожини кўп жиҳатдан таъмин этиши сир эмас. Бундан ташқари, муассиснинг ва унга ишонган кишиларнинг моддий фаровонлиги ва руҳий хотиржамлиги ҳам бухгалтерия иши тўғри юритилишига боғлиқдир.

– Ҳозиргина эслаб ўтган кўнгилсиз, салбий вазиятлар ҳақида муфассалроқ тўхтаб ўта олмайсизми?

– Бир танишимнинг бухгалтери солиқ текшируви арафасида шартта ишдан бўшаб кетди. Танишим ниҳоятда жиғибийрон бўлди, жаҳли чиқди. Бир тасаввур қилинг-а, солиқ идоралари компанияга ташриф этай деб турибди, сен эса ишни ақалли нимадан бошлаш кераклигини билмайсан. Ана шундай мураккаб бир шароитда ишлашга бўйни ёр берадиган янги бухгалтерни топиш осон иш эмас. Масаланинг мураккаб­лик томони яна шунда эдики, дўстим ўз компаниясининг бухгалтерия ҳисобида нималар содир бўлаётганини тариқча ҳам тасаввур этмасди, негаки бундай ҳисоб юритиш билан боғлиқ ҳамма ишларни батамом бухгалтерга ишониб қўйган бўлиб, унинг ишига сира аралашмасди. Дўсту ёр ва таниш-билишлар кўмакка келишди, текширувдан у эсон-омон ўтиб олди. Аммо қанча асаббузарликларни бошидан кечирганлиги унинг бир ўзига аён.

Бошқа бир воқеа бундан ҳам мураккаброқ кечди. Бухгалтерия ҳисобини яхши тушунмайдиган тадбиркор виждонсиз, фикри бузуқ бухгалтерни ишга ёллаган экан. Бухгалтерининг қинғир ишларидан у бир мўъжиза бўлиб қутулиб қолди. Яхшиямки бахтига бухгалтерияни мунтазам назорат қилиб борувчи ҳамкор дўсти бор экан – тадбиркорнинг унга келиб тушган ҳужжатларидаги норасолик ва қинғирликларни сезиб қолиб, ҳаммасини бухгалтердан эмас, балки директорнинг ўзидан аниқлаштирмоқчи бўлибди. Бухгалтерларнинг ҳаммасини ноҳалол, ғирром деб ҳисоблаш инсофдан эмас, албатта. Лекин бухгалтернинг иши назорат қилиб борилиши шарт омиллар сирасига киради. Аҳён-аҳёнда бўлса-да учрайдиган бундай ҳодиса-воқеаларни ёдда тутган ҳолда бизнес ишига тааллуқли ҳамма нарсаларни имкон қадар беш қўлдек билишга ҳаракат қилиш зарур. Ишончим комилки, одам ўзига тушунарли бўлмаган ҳужжатни имзоламаслиги керак. Бухгалтер билан бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солишга тааллуқли масалалар ҳақида сўзлашганингда у нимани айтаётганлигини билишинг лозим.

– Ўқиш-ўрганишни нимадан бошлагансиз?

– Озмунча ихтисослаштирилган китоб ва адабиётларни ўқимадим-ов. Курсларга қатнаб, билимимни оширишга фурсатим етмасди ҳисоб. Гапнинг рости, бухгалтердан ёлчиганман. У ҳеч қачон маслаҳатини аямайди, у ёки бу масаланинг нозик жиҳатларини қулай йўсинда тушунтириб беради. Ҳамма гап билимларнинг зарур ҳажмини бошиданоқ белгилаб олишда экан. Бухгалтерия ишининг ҳаммасини ўқиб-ўргана олмаслигим табиий. Шу сабабли унинг асосларини, шунингдек раҳбар сифатида ўз фаолиятимда дуч келишим мумкин бўлган ҳолатларни, хусусан ҳисоб ишини ташкил этиш, солиқларни ҳисоблаб чиқариш, ҳисоботларнинг айрим жиҳатларини ўрганиш билан кифояландим. Шу зайил мураккаб бухгалтерия забони менга тобора тушунарлироқ бўлиб қолди, бухгалтер билан мулоқотим бирмунча осонлашди, фойдани кўпайтиришни режалаштириш енгил кечадиган бўлди. Ҳали-ҳануз бу ишдаги янгиликлардан бохабар бўлиб туришга ҳаракат қиламан.

– Бундан чиқди, ҳар қандай раҳбар бухгалтерия ҳисоби асосларини билиши шарт экан-да?

– Мен чиндан ҳам бунга қатъий ишонаман. Бухгалтерия ҳисобини тушуниб олиш, ҳеч бўлмаганда унинг тузилишини билиш муҳимдир. Бухгалтерингиз билан кўпроқ мулоқотда бўлинг, у ёки бу масалани тушунтириб беришини сўрашдан тортинманг, ихтисослаштирилган адабиётларни ўқиб боринг, курсларга қатнанг. Бу йўсин орттириладиган билимлардан наф катта. Зотан бу билимлар, айтайлик солиқ органлари вакиллари билан тўғри мулоқот қилишдан ташқари корхонангиз даромадларини ошириш имкониятини ҳам беради. Тўғри, бухгалтерияда ҳаммаси осон ва жўн эмас, аммо синаб кўришдан асло чўчимаслик керак. Нафи аниқ бўлгач, дадилроқ ҳаракат қилаверинг!

Суҳбатни мухбиримиз Наталья СПИРИДОНОВА олиб борди.

Прочитано: 3562 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика