Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 11 / Божхона

Код исмга ўхшайди – барча товарлар учун мажбурий

Бурғилаш қоришмасини тайёрлаш учун бизга кимёвий реагент керак, уни Хитойдан етказиб кела оламиз. Экспорт қилувчи бизга божхона тўловлари миқдорини белгилаш ва етказиб беришнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида қарор қабул қилиш учун ТИФ ТН кодини тақдим этди. Таққослаш чоғида бизда бундай ТИФ ТН коди йўқлиги маълум бўлди. Маслаҳат сўраб декларантга мурожаат қилганимизда у бошқа кодни кўрсатди, бироқ божхонадан ўтказиш пайтида унга рози бўлмасликлари мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. Биз нима қилишимиз керак? Эҳтимол, газетангиз сульфометиллашган танинга божхона божи ставкаси қанча эканлигини айтиб берар?

Р.Қодирова, МЧЖ директорининг ўринбосари.

  

– Ўзбекистон Республикаси ТИФ Товар номенклатураси бўйича товарнинг аниқ кодини билмасдан туриб божхона божи миқдорини белгилаш – ҳатто газетамиз учун ҳам бажариб бўлмайдиган вазифа. Аввало уни тўғри классификациялаш лозим. Ушбу жараён сермеҳнат бўлиб, кўп вақтни, баъзан эса махсус экспертиза ўтказишни ҳам талаб қилади. ТИФ ТНда ҳар қандай товар учун код мавжуд бўлади, сабаби Товар номенклатураси шундай тузилган. Фикримизча, реагентингизни ТИФ ТНнинг бешинчи ва олтинчи бўлимларидан излаш керак. Бироқ бу товарларни классификациялаш қоидаларини қўллаш кўникмаларига эга бўлган мутахассисларнинг вазифаси.

Ўйлашимизча, сизнинг вазиятда махсус сўров билан божхона органига мурожаат қилган мақбул, у товарни классификациялаш бўйича олдиндан қарор чиқаради. Бундай таомил Божхона кодексининг 114-моддасида назарда тутилган. Унинг ўтказилиши Божхона органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолиятининг Товар номенклатурасига мувофиқ товарларни классификациялаш тўғрисида дастлабки қарорлар қабул қилиниши тартиби ҳақида низом1 билан тартибга солинади.

Бунда шу нарса муҳимки, олдиндан қарор қабул қилиш таомилининг қўлланиши, сизнинг ҳолатда бўлганидек, маҳсулот олиб кирилгунга ва божхонада расмийлаштирилгунга қадар товар номенклатурасининг у ёки бу позицияси ёки кичик позициясига товарни киритиш бобида божхоначиларнинг фикрини, шунингдек келиб чиққан мамлакатини аниқлаш имконини беради. Иккинчидан, у кейинчалик божхонада расмийлаштириш ва назорат қилишни осонлаштиради ҳамда жадаллаштиради. Божхоначилар дастлабки қарорда берилган маълумотларни экспорт қилувчи тақдим этган товар билан қиёслаб қўя қолишлари мумкин.

Учинчидан, бу ҳам ТИФ иштирокчиси учун жуда муҳим, дастлабки қарор барча божхона органлари учун мажбурий ҳисобланади ва қабул қилинган пайтдан бошлаб 1 йил мобайнида амал қилади.

Дастлабки қарорни олиш учун ДБҚ ёки ҳудудий божхона хизматига товарларни классификациялаш хусусида ёзма сўровнома жўнатиш керак. Унда жисмоний шахс Ф.И.О. ва тўлиқ почта манзилини, юридик шахс эса ташкилот номи ва жойлашган жойи, раҳбар Ф.И.О.ни кўрсатиши лозим. Сўнгра товарни батафсил тавсифлаш лозим: унинг тўлиқ тижорий ва фирма номи; асосий техник ва тижорий хусусиятлари (вазифаси, стандарти, нави, русуми, модели, артикули, келиб чиқиши, тавсифи, оғирлиги ва ўров ҳажмлари) кўрсатилади. Сўровномада дастлабки қарор қабул қилиш учун зарур бўлган барча маълумотлар, ҳужжатлар ва материаллар бўлиши керак. Шу сабабли унга товарларнинг намуна ва пробалари, товар тўғрисида маълумот қайд этилган тижорий ва бошқа ҳужжатлар илова қилиниши керак. Мисол учун, лабораториялар ва лаборатория тадқиқотларини ўтказиш ҳуқуқига эга бўлган бошқа ташкилотлар мутахассислари берган маълумотнома ва гувоҳномаларнинг асл нусхалари ТИФ ТНга мувофиқ классификациялаш учун зарур бўлган товарларнинг мазкур пробалари (намуналари)ни тадқиқ қилиш натижаларига илова қилинади. Сўровномада дастлабки қарорни қабул қилиш учун тўлов тўланиши кафолатланади.

Сўровнома божхона органига келиб тушган кундан бошлаб 20 кун мобайнида кўриб чиқилади. ТИФ ТН бўйича товар кодини белгилаш хусусида низолар юзага келганда ва уларни ҳал этиш мушкул бўлганда божхона товарлар пробалари (намуналари) ва тегишли ҳужжатларни зарур тадқиқот ёки синов ўтказиш учун аҳон божхона ташкилотига юбориши мумкин. Мазкур ҳолда дастлабки қарор чиқариш муддати сўровнома келиб тушган кундан бошлаб 90 кунга қадар узайтирилади. Бироқ, фикримизча, бу сизнинг ҳолатга тааллуқли эмас.

Қарор қабул қилгач, божхона органи 3 кун мобайнида бу ҳақда ариза берувчини ёзма равишда огоҳлантиради ва унга банк ҳисобварағи реквизитлари ҳамда дастлабки қарорни қабул қилиш учун тўловни тўлаш муддатини маълум қилади.

ДБҚ қабул қилган қарор 2 нусхада расмийлаштирилади: биринчи нусхаси ариза берувчига юборилади, иккинчи нусхаси эса ДБҚнинг Марказий божхона лабораториясида (МБЛ) қолади. Ҳудудий божхона хизматининг ҳужжати 3 нусхада расмийлаштирилади: бир нусхасини у ўзида қолдиради, қолган икки нусхани ариза берувчи ва МБЛга юборади.

Божхона органидан дастлабки қарорни олиш учун уни қабул қилганлик учун тўлов тўланганлигини тасдиқловчи тўлов ҳужжати асос бўлиб ҳисобланади. У эквивалентда 50 еврони ташкил қилади (Божхона йиғимлари ставкаларининг2 5-банди).

Божхона лабораторияларида товарлар намуналари (пробалари)ни тадқиқ қилиш ёки синовдан ўтказиш мумкин бўлмаган ҳолларда бошқа ихтисослашган лабораториялар ва муассасаларда уларни ўтказиш харажатлари божхона органлари зиммасига юкланади.

 

 

1ДБҚнинг АВ томонидан 20.11.2002 йилда 1190-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

2ВМнинг 30.04.1999 йилдаги 204-сон Қарори билан тасдиқланган.

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз

Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

Прочитано: 2792 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика