Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 11 / Устуворликлар

Ишбилармонлик фаоллиги барометри

Ҳар йили февралдан апрелгача Жаҳон банки (ЖБ) таркибидаги институт – Халқаро молия корпорацияси (ХМК) услубияти бўйича «Doing Business» (DB) тадқиқотлари ўтказилади. Шу боис яқинда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан БМТ Тараққиёт дастурининг «Савдони ривожлантиришга кўмаклашиш» ва «Ўзбекистон бизнес форуми» лойиҳалари билан ҳамкорликда ўтказилган «Ўзбекистоннинг бизнес юритиш бўйича (Doing Business) халқаро рейтингини ошириш» мавзусидаги давра суҳбати долзарб бўлди. Унда вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, илмий-тадқиқот институтлари, халқаро ташкилотлар, тадбиркорлик субъектларининг 40 дан зиёд вакили иштирок этди. Улар Жаҳон банки ва ХМК томонидан 2013 йил кузда чоп этилган «Бизнесни юритиш–2014: Кичик ва ўрта корхоналар фаолиятини тартибга солишни тушуниш» маърузасини муҳокама қилдилар ва унга доир аниқ таклифлар ва ҳаракат дастурини ишлаб чиқдилар.

 

Мажлисни очар­кан, ССП раи­си Алишер ШАЙХОВ Президентнинг Вазирлар Маҳкамасининг январдаги мажлисида қилган маърузасида 2014 йилги иқ­ти­содий дастурнинг устувор йўналишларидан бири сифатида тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш ва амалга ошириш учун турли рухсатномалар бериш муддатларини янада қисқартириш, уларнинг тартиб-таомилларини соддалаштириш ва арзонлаш­тириш ҳамда тадбиркорлик йўлидаги ортиқча бюрократик ғовларни бартараф этиш ва бундай ҳолатларга йўл қўймаслик зарурати белгиланганлигини таъкидлади.

Кейинги йилларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, иқтисодиётга мамлакатимиз ва хориж инвес­тицияларини кенг жалб этиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича кўп иш қилин­ди, тадбиркорлик субъекти ҳу­қуқ­ларининг устуворлиги принципи жорий этилди. Ўтган йилнинг ўзидагина 80 турдан зиёд рухсат бериш таомиллари, 15 та лицензияланадиган фаолият тури бекор қилинди, статис­тика ҳисоботларининг 65 тури қисқартирилди, 23 тур бўйича эса уларни тақдим этишнинг даврийлиги камайтирилди. Шунингдек 22 та интерактив солиқ хизматлари жорий этилди, рухсатномалар бериш муддатлари икки баравар ва уларнинг қиймати беш баравар камайтирилди. Натижада Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг «Бизнесни юри­тиш–2014» («Doing Business») рей­тингида Ўзбекистоннинг позицияси жиддий тарзда ошди. Чунончи, «Шарқий Европа ва Марказий Осиё» минтақасида республикамиз 156-ўриндан 146-ўринга кўтарилди.

 

«DOING BUSINESS» ВА УНИНГ АҲАМИЯТИ ҲАҚИДА

Ана шу ва бошқа масалаларга ўзининг «Ўзбекистоннинг бизнес юритиш (Doing Business) бўйича халқаро рейтинги» тақдимотида ХМКнинг Марказий Осиё ва Озарбайжонда молиявий инфратузилмани мустаҳкамлаш бўйича консультатив дастури лойиҳасининг мувофиқлаштирувчиси Ориф Насибов ойдинлик киритди.

DB йиллик тадқиқот бўлиб, у маҳаллий экспертлар (9 000 нафардан зиёд) орасида сўров ўтказиш йўли билан амалга оширилади. У тадбиркорлик фаолиятини юритишнинг оддийлигини қуйидаги 10 индикатор асосида баҳолайди: корхоналарни барпо этиш, қурилишга рухсатномалар олиш, электр таъминотига уланиш, кўчмас мулкни рўйхатдан ўтказиш, кредитлар олиш, инвесторларни ҳимоя қилиш, солиқ солиш, халқаро савдони юритиш, контрактлар ижросини таъминлаш, банкротлик. Маъруза хусусий секторни тартибга солиш бўйича ҳуқуқий муҳитнинг қиёсий таҳлилини тақдим этади, бутун ҳаётий цикл мобайнида кичик ва ўрта корхоналарнинг фаолиятини тартибга соладиган меъёрий ҳужжатларга ва уларни амалиётда қўллашга (ҳуқуқий қўллашга) баҳо беради. Бунда тартибга солишнинг йўқлиги эмас, балки оқилона тартибга солишнинг мавжудлиги баҳоланади.

О.Насибовнинг тушунтиришича, бизнесни юритиш бўйича юқори рейтинг қонун ҳужжатлари бозор иштирокчиларининг ўзаро ҳамкорлигига имкон яратадиган ва жамият манфаатларини хусусий секторга ортиқча босимсиз ҳимоя қиладиган мамлакатларга берилади. У тадқиқотлар нафақат тадбиркорликни ривожлантиришга тўсқинлик қилувчи муаммоларни кўрсатиши, балки уларнинг сабабларини аниқ­лаши ҳамда зарур ислоҳотлар ўтказиш тўғрисида тавсифларни ўз ичига олишини қайд этди. Маъруза икки босқичда тайёрланди: аввалги маърузадан кейинги ўзгаришларни киритган ҳолда меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг таҳлили ва тадбиркорлар сўрови.

2012 йил июнидан 2013 йил майигача бўлган давр учун охирги ҳисобот 189 мамлакатни қамраган (илк марта унга Ливия, Мьянма, Сан-Марино ва Жанубий Судан киритилган). ХМК вакилининг фикрига қараганда, унда Ўзбекистон позициясининг ўсиши хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш бўйича жорий этилаётган қонун ҳужжатларининг самарали эканлигидан далолат беради.

«Doing Business» макроиқти­содий сиёсат, молиявий сектор, инфратузилма сифати, миллий валютанинг бар­қарорлиги сингари омилларни эътиборга олмайди. Асосан у ортиқча талабларни миллий қонун ҳужжатларидан чиқариб ташлашни назарда тутади ва ислоҳотларни ўт­казишга салмоқли молиявий қў­йилмаларни талаб қилмайди.

Бўлғуси тадқиқот, деб изоҳ­лайди О.Насибов, анкеталарни e-mail орқали Тошкент респондентларига, асосан юристлар (қарийб 70%) ва бухгалтерларга юбориш йўли билан ўтказилади. Ҳар бир индикатор бўйича кейс бўлади. Одатда энг ёмон вариант танланади. Мисол учун, агар «Компанияни ҳокимликда рўйхатдан ўтказиш» индикатори бўйича қонун 2 кунни назарда тутиб, респондент эса 6 кунни кўрсатса, охирги кўрсаткич ҳисобга олинади. Агар, масалан, экологик экспертиза хулосасини олишга 60 кун ажратилиб, амалиётда эса у 20 кунда олинса, ҳисоб-китобга биринчи рақам олинади.

«Doing Business» тадқиқоти бир қатор афзалликларга эга. Биринчидан, шаффофлик – унинг барча ахбороти маъ­руза сайтида очиқ жойлаштирилган. Иккинчидан, фойдаланилаётган танлаб олишни қайта текширишга зарурат йўқ, чунки тегишли қонун ҳужжатларининг қоидаларидан фойдаланилади, сўралганларнинг жавоб­лари албатта текширилади. Учинчидан, маъруза тайёрлашнинг қиймати нисбатан юқори эмас. Тўртинчидан, услубиятни турли иқтисодий моделларга эга бўлган мамлакатларда маълумотларни йиғиш ва таҳлил қилишга қўллаш мумкин.

Айни вақтда DB услубияти муайян камчиликларга эга. У ишбилармонлик муҳитининг компания­лар ва инвесторлар учун муҳим бўлган бир қисминигина ўлчайди. Тадқиқот мамлакатларнинг иқтисодий ҳолати ва молия­вий тизими таркибини ҳисобга олмайди. Рейтинг муайян мамлакатнинг энг йирик ишбилармонлик маркази бўлган бир шаҳри бўйича шакллантирилади.

 

ЎЗБЕКИСТОН ИШБИЛАРМОНЛИК МУҲИТИ КЎЗГУСИДА

DBда бизнес юритишнинг енгиллиги асосан таомиллар сони, бунга сарфланадиган вақт ва бизнесни очиш, юритиш ва ёпиш чоғидаги тўловлар ҳаж­мини ҳисоблаш, шарт-шароитларнинг мавжудлигини аниқлаш йўли билан баҳоланади. Охирги маърузага кўра Ўзбекистонда энг сезиларли яхшиланиш корхоналарни рўйхатдан ўтказишда юз берган. Ушбу кўрсаткич бўйича мамлакатимиз 66 позиция юқорига кўтарилган ва тадқиқотга киритилган 189 мамлакат орасида 21-ўринни эгаллайди, кредитлаш соҳасида эса рейтинг 24 позицияга ўсган (ўтган йили 87-ўринда эди). Бизнесни очиш учун 4 таомилни бажариш зарур, Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари ҳамда Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти (ИҲРТ) мамлакатларида ушбу кўрсаткич 5 га тенг. Корхонани рўйхатдан ўтказиш муддати бизда 8,5 кунни, уларда эса тегишинча 12,8 ва 11,1 кунни ташкил қилади.

Таомиллар сонини қисқар­тириш, электрон тизимларни жорий этиш орқали бюрократик тўсиқларни камайтириш билан бир қаторда мамлакатимизда ҳуқуқий институтларни яхшилашга катта эътибор бериляпти. Чунончи, ҳу­қуқий институтлар даража­сини тавсифлайдиган уч ин­дикатордан иккитасига – тў­ловга қобилиятсизликни ҳал қилиш ва контрактлар ижросини таъминлашга баҳо бериш Ўзбекистонда тегишинча 8 (63-ўрин) ва 2 (40) позициясига яхшиланди. Учинчи кўрсаткич – инвесторлар­нинг ҳуқуқларини ҳимоя қи­лиш бў­йича эса у ўзгарган – бир босқичга пасайган (138). Қури­лишга рухсатномалар олиш бўйича кўрсаткич бир позицияга ўсди (159). Халқаро савдони юритиш шарт-шароитлари ўзгармади.

Қуйидаги соҳаларда пасайиш қайд этилди: электр таъминоти тизимига уланиш 4 позицияга (173) ва солиқ солиш 3 позиция­га (168) ёмонлашган.

Президент Вазирлар Маҳ­кама­сининг январдаги мажлисида эътироф этганидек, Ўзбекистонда ишбилармонлик муҳити ва бизнес юритиш шароитларининг бугунги ҳолати эркин бозор иқтисодиётининг талаб ва принциплари, умумий халқаро нормаларга тўлиқ жавоб беради деб айта олмаймиз. Тадбиркорларимиз қишлоқ жойларда энергия таъминотининг беқарорлигига, ишлаб чиқариш ва йўл инфратузилмасининг керакли даражада ривожланмаганига, текширувларнинг кўплигига, шунингдек жойларда ижро интизомининг нисбатан пастлигига ҳалигача дуч келмоқда.

 

ТИФ ТАОМИЛЛАРИНИ ЯХШИЛАШ ОРҚАЛИ

«Халқаро савдо» индикатори «Doing Business» рейтингининг муҳим компоненти ҳисобланади. USAIDнинг минтақавий иқтисодий ҳам­корлик бўйича лойиҳаси хал­қаро эксперти Игорь Артемьев уни яхшилаш бўйича бошқа мамлакатларнинг тажрибаси тўғрисида ҳикоя қилди. Ушбу индикатор қуйидаги уч компонентни ўз ичига олади: божхона ва бошқа назорат қилиш органлари экспорт ва импорт учун талаб қиладиган ҳужжатлар; божхона тозалаши, техник назорат, порт ва омбор операциялари, ер устидаги транспорт ва юклаш-тушириш ишларига сарфланадиган вақт; уларга оид харажатлар (белгиланган баҳолар бўйича, пора ва божхона божларини ҳисобга олмасдан).

Шунингдек эксперт экспорт ва импорт таомилларининг давомийлиги (кунлар) ва қиймати (АҚШ долларида) бўйича DB кўрсаткичларини ёритди. Чунончи, Ўзбекистонда ҳужжатларни тайёрлаш тегишинча 31 ва 46 кунни эгаллайди, харажатлар – 285 ва 335 АҚШ доллари; божхона, техник назорат – 5/200 ва 8/200; порт ва терминалларда ишлов бериш – 5/300 ва 3/300; ер устидаги транспорт, юклаш ва тушириш – 38/4 000 ва 38/4 400. Оқибатда экспортга 79 кун ва 4 785 АҚШ доллари, импортга тегишинча 95 кун ва 5 235 доллар сарфланади.

Статистиканинг гувоҳлик беришича, денгизга чиқиш жойи бўлмаган мамлакатларда импортчи фирмалар вақтининг логистик харажатлари 43-76%ини ТИФ таомиллари ташкил этади. Эксперт бу ерда ҳам ҳужжатлар айланиши, импорт устидан божхона ва техник назоратни соддалаштириб, кўп иш қилиш мумкинлигига эътиборни қаратди. У бошқа мамлакатларнинг ТИФни тартибга солишни такомиллаштириш тажрибаси тўғрисида сўзлаб берди.

Бугунги кунда 157 давлат бож­хона ҳужжатларининг элект­рон ишловини қўллайди, би­роқ уларнинг фақат учдан бирида БЮД ва бошқа ҳужжатларни Интернет орқали жўнатиш мумкин. Асосан булар – ИҲРТ аъзоси бўлган мамлакатлар. Кўпчилик эса ТИФ иштирокчиларидан ҳужжатларни қаттиқ ташувчиларда беришни талаб этади. 2012–2013 йилларда бор-йўғи 9 мамлакат, шу жумладан Россия ушбу тизимларни такомиллаштирган.

Артемьев назорат қилиш-тартибга солиш органларини ягона электрон ойнага бирлаштиришга катта эътибор бердики, бу ТИФни анча соддалаштиради.

Денгизга чиқиш жойига эга бўлмаган мамлакатлар учун географик тўсиқларни бартараф этишда минтақавий ҳамкорлик муҳим жиҳат ҳисобланади. Эксперт қуйидаги мисолни келтирди. Веналик (Австрия, географик жиҳатдан биқиқ мамлакат) экспортчига транспорт буюртириш ва юкни 900 км олисда жойлашган Гамбург шаҳри портига (Германия) ташиш учун бор-йўғи 3 кун керак. Угадугалик (Буркина Фасо) экспортчига ўз юкини худди шундай масофада жойлашган Гана ёки Того портларига етказиш учун камида бир ҳафта даркор. Австриялик экспортчига трансчегаравий ҳамкорлик тўғрисидаги битим, божхона ва трансчегаравий таомилларни уйғунлаштириш ёрдам берди. Мисол учун, интеграциявий бирлашмалар бож­хона иттифоқларининг негиз бўлувчи қисмларидан бирини, эркин иқтисодий зоналар ва ҳоказоларни уйғунлаштиришни назарда тутади.

И.Артемьев таомилларнинг очиқ-ошкорлигини ошириш ТИФ юритиш харажатларини камайтиришини айтди. Масалан, 166 мамлакат бож тарифларининг миқдорлари тўғрисидаги ахборотни ўз сайтларида жойлаштиради. Уларнинг 147 таси ҳужжатларга доир он-лайн талабларини чоп этади. Шу билан бирга деярли 20 мамлакатда божхона тўловларининг миқдорлари тўғрисида фақат божхона брокерларидан билиш мумкин. Зеро контрактларни бажариш вақтининг қисқариши бевосита иқтисодий ўсиш, инвестициялар, аҳолининг бандлигига ва камбағалликнинг камайишига таъсир кўрсатади.

 

ИНТЕРНЕТДАН ЛУҚМА

Ҳақиқатдан кўз юммаслик керак. Президент тадбиркорларнинг ҳаётини енгиллаштирадиган фармонлар чиқаряпти. Ҳокимлик икки кун ичида рўйхатдан ўтказади, банклар эса ҳисобрақамларни бир кун, ҳатто бир соат мобайнида очади, кредитлар уч кун ичида расмийлаштирилади. Имзоларни нотариатда тасдиқлатиш керак эмас. Бироқ хусусий шахсга тегишли нотурар жойни ижарага олганда сиз барибир нотариусга борасиз. Агар илгари уларга иккитагина маълумотнома (солиқ ва кадастр хизматларидан) етарли бўлган бўлса, энди улар ижара шартномасини тузиш учун сотишга бўлгандек барча маълумотномаларни (газ, электр энергияси, ИССИҚЛИК ЭНЕРГИЯСИ, ахлат, солиқ хизмати, кадастр, телефон) йиғишни талаб қилишяпти. Гўёки вазирликдан шундай оғзаки кўрсатма берилган эмиш. Нима учун «иссиқлик энергияси» сўзларини бош ҳарфлар билан ёзганлигим сабабини эҳтимол ҳамма тушунгандир. Битта маълумотнома олиш учун сиздан иккинчи маълумотномани талаб қилишади ва ундан кейин бу ҳақда яна ўйлаб кўришади. Агар сиз маълумотномани 5 кун ичида олсангиз, дўппини осмонга отаверинг...

Агар ҳар бир раҳбар Президент ва бош вазир сингари ўйласа ва ишласа, лоақал ўзининг оғзаки фармойишлари билан халал бермаса, ишончим комилки, икки йилдан ке­йин биз рейтингнинг дастлабки ўнлигига кирардик.

Олег Иванов.

 

Яқинда компания (МЧЖ ва муассиси – бир шахс) ташкил этдик, Инспекциядан таъсис шартномасини олиб келишни сўрашди. Шахс ўзи билан ўзи шартнома туза олмаслиги хусусидаги танбеҳимдан кейин Инспекция бошлиғи қонунни асос қилиб келтирди. Тадбиркорларимизда битта муаммо бор: пул ишлаб топиш ва санашни билишади, ҳужжатларни эса расмийлаштира олишмайди. Рўйхатдан ўтказишга ҳужжатларни топширишни Интернет орқали, электрон почта бўйича жорий этиш зарур деб ҳисоблайман.

Линур Мухарямов,

2013 йил 30 октябрь. 

 

МУВАФФАҚИЯТ ВА МУАММОЛАР ХУСУСИДА

Бизнес юритиш (Doing Business) бўйича Ўзбекистоннинг халқаро рейтингини оширишга доир қабул қилинаётган чоралар тўғрисида Иқтисодиёт вазирлиги тақдимот тайёрлади. Унда таъкидланишича, Президентнинг 18.07.2012 йилдаги ПФ-4455-сон Фармони билан Қонунчиликни такомиллаштириш ва ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилашга ҳамда тадбиркорликка янада кенг эркинлик беришга йўналтирилган тадбирларни амалга ошириш бўйича 2013–2014 йилларда жорий этиладиган комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Унда 35 банд бор. Дастурда, хусусан, кўчмас мулкка эгалик ҳуқуқини рўйхатдан ўтка­зиш таомилларини 12 тадан 1 таомилгача; унинг муддатларини эса 7 кунгача қисқартириш назарда тутилган.

Солиқ ҳисоботи шаклларини 2,3 баравар (йирик корхоналар учун) ва 1,7 баравар (кичик корхоналар ва микрофирмалар учун) қисқартириб, 2014 йил охиригача барча тадбиркорлик субъектларини уларни электрон шаклда топширишга ўтказиш назарда тутилган.

Шу йилнинг кузида Жаҳон банкининг «Бизнес юритиш–2015» янги ҳисоботи эълон қилинади. Давра суҳбати иштирокчилари унда умумбелгиланган солиқларни тўловчи микрофирма ва кичик корхоналар ҳам (акцизланадиган маҳсулот ишлаб чиқарувчи ва фойдали қазилмаларни қазиб олувчилардан ташқари) бюджетдан ташқари мақсадли жам­ғармаларга мажбурий ажратмалар тўловчилари сафидан чиқарилишига умид билдирдилар. Кўрсатилган чоралар рухсатномалар бериш ва сув таъминоти ҳамда канализация тармоқларига уланиш ҳамда тадбиркорлик субъектларининг телефон тармоғидан фодаланишини таъминлаш бўйича ишларни ўтказиш муддатларини қисқартиришни ҳам назарда тутади.

Тақдимотда тадбиркорлик субъектларини давлат рўй­хатидан ўтказишни соддалаштириш ва арзонлаштириш (4 кун, қиймати – 120 минг сўм), қурилишга рухсатномалар олиш (8 таомил, 90 кун, 1 568,5 минг сўм), электр таъминоти тизимига уланиш (5 таомил, 57,5 кун) тадбирлари батафсил ёритилган. Айтиш жоизки, DB–2014 рейтингида 9 таомил ва 108 кун кўрсатилган.

Ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш, тартиботлар сонини ва муддатларини қисқартириш учун 2014 йил 7 январда Вазирлар Маҳкамасининг «Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги 1-сон Қарори қабул қилинди. Унда, хусусан, Давкадастрқўмга 2014 йилнинг 1 июлигача Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси билан биргаликда «бир ойна» принципи бўйича кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказиш бўйича амалдаги дастурий таъминотни ушбу Қарор талабларига мувофиқлаштириш топширилди.

Тақдимот муҳокамасида иш­билармон кишиларнинг, шу жумладан тадбиркорликни тартибга солиш бўйича қонун ҳужжатларини ўзгартириш тўғ­рисидаги сўровда иштирок этувчиларнинг ахборотга эгалиги даражаси пастлиги қайд этилди. Чунончи, ҳисоботда айтилишича, объектнинг тугалланган қурилишини қа­бул қилиш АВ томонидан 23.11.1998 йилда рўйхатдан ўтказилган Қурилиш меъёрлари ва қоидаларига му­вофиқ амалга оширилади, ҳолбуки улар 2008 йилдаёқ ўз кучини йўқотган. Шунингдек мол-мулкни сотувчи сув истеъмоли ва канализация учун алоҳида-алоҳида маълумотномалар олади деб уқтирилди, бу эса қонун ҳужжатлари ва амалиётга мувофиқ келмайди, чунки республикамизда сув таъминоти ва канализация хизматларини битта ташкилот кўрсатади. Бундан ташқари, DBда кўрсатилишича, кўчмас мулкни сотаётганда сотувчи унга бўлган ҳуқуқ рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани қайтадан олиши керак, бу эса қонун ҳужжат­ларига зиддир.

 

ИНТЕРНЕТДАН ЛУҚМА

Бундай таҳлиллар ҳис-туйғуларнинг жўш уришидан халос бўлиш имконини беради. Мисол учун, коррупция – кўп жиҳатдан субъектив ҳолат, ушбу мавзуга оид ҳар қандай сўровлар унга ноаниқ баҳо беради. Кимдир секингина порани «оширади», бошқаси эса қонунни яхши билгани учун пора бермайди. Баъзан ўлчовларга қараб туриш керак. Шу сабабли DB рейтинги аниқ кўрсаткичларга таяниши билан менга ёқади.

О.С., МЧЖ директори.

* * *

Бизнес юритиш бўйича Ўзбе­кистоннинг халқаро рейтингини ошириш масалалари муҳо­камаси анча қизғин ўтди. Амалда рейтингнинг барча тоифалари бўйича таомиллар­ни соддалаштиришга, тадбиркорлик ва инвестиция иқлимини яхшилашга қаратилган бир қа­тор охирги қонун ҳужжатлари­нинг аҳамияти таъкидланди. Афсуски, ўтган йиллар амалиётидан келиб чиқиб, ҳисоботда шу йилнинг 1 июнигача расмий равишда кучга кирадиган ўзгаришларгина эътиборга олинади.

Иштирокчилар рейтингларда мамлакатнинг позициясини яхшилашга доир иш тизимли бўлиши кераклигини таъкидладилар. Вазирликлар ва идоралар бизнес ҳамжамияти билан яқиндан ҳамкорлик қилиб, уни янгиликлар ва ўзгартишлар, таомилларнинг хусусиятлари тўғрисида тезкор хабардор қилиб боришлари керак.

Давра суҳбати якунлари бўйича таклифлар ва аниқ тавсиялар берилди.

Гулнора АБДУНАЗАРОВА,

махсус мухбиримиз. 

Прочитано: 1155 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика