Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2014 год / № 10 / Криминалист эксперт ён дафтаридан

Икки ғилдираклими, демак бехатар эмас

Йўл-транспорт ҳодисалари ҳолатларини аниқлашда криминалист эксперт­нинг иши анчагина муҳим роль ўйнайди. Бунда далиллар, таъбир жоиз бўлса, мисқоллаб йиғилади. Ўтказилган экспертизаларнинг натижалари эса суднинг ё айблов, ёки оқлов ҳукмини чиқаришида асос бўлади.

 

ЙЎЛЛАРДАГИ ФОЖИАЛАР

Эндиликда икки ғилди­рак­ли транспорт воситалари­нинг экс­пертизага келтирилиши ил­гаригидек эмас, бинобарин анча кам. Таъкидлаш жоизки, шу кунга қадар биронта ҳам мотороллерни экспертиза қи­лишга олиб келишмади. Уларнинг унча тез юрмаслиги ва кўпчилик меҳрини қозонмаганлиги бунга сабаб бўлса керак.

Мотоцикллар билан велосипедлар авваллари текширишларимизнинг доимий объекти эди. Зотан велосипедчилар тугул, кўпинча мотоциклчилар ҳам айниқ­са, турли вилоятларнинг олис туманларида бошқариш ҳуқуқига эга эмасликлари устига йўл ҳаракатининг оддийгина қои­даларини билмас эдилар. Бу эса баъзан фожиаларга олиб келарди.

Анча аввал содир бўлган бир воқеани кўп эслайман. Ўшанда олисроқ туманлардан бирида 18 ёшли ўспирин ўз дўсти билан мотоциклда сайр қилиб юришган экан. Ёшлик – ғўрлик деганларидек, тезликни ошириб шамолдек елиб бораётганликларидан завқланганликларини айтиб ўтирмаса ҳам бўлади деб ўйлайман. Улар барча қои­даларни бузиб иккинчи даражали йўлдан биринчи даражали йўлга ўтиб олгач, ўнг тарафдан келаётган «Жигули» автомобилини ўтказиб юбормаганлар. Бунақа «пойга»нинг оқибати яхши тугамаслиги аён.

Тўғри, мотоциклни бош­қариб бораётган йигит ўрта даражадаги тан жароҳати би­лан қутулиб қолди, аммо ор­қа ўриндиқдаги дўсти мотоциклдан отилиб кетиб, боши билан асфальт йўлга урилиб, ўша оннинг ўзида жон таслим қилган.

Бунақа воқеалар якка-ёлғиз эмасди. Уч ғилдиракли, яъни кажавали мотоцикл аварияси менинг кўп йиллик амалиётимда учраган ягона ҳодисадир. Мотоциклни бошқариб бораётган йигит кескин бурилишда бошқарувни идора эта олмай қолиб, қарама-қарши тарафга ҳаракатланиладиган йўлга ўқдек отилиб чиқиб қолганини, кажаваси юк автомобилига бориб урилганини аранг эслайди. Кажава шунчаки урилмаган: юк машинаси бостириб ўтгани учун кажава ҳам, унда ўтирган йўловчи ҳам эзғиланган. Йўловчи ўша жойнинг ўзида вафот топибди, мотоциклни бошқариб бораётган йигит эса тан жа­роҳати олган бўлса-да, омон қолибди.

Ана шу ҳар иккала йўл-транспорт ҳодисаси бўйича бир қанча экспертиза ўтказ­дик. Суд-автотехника экспертизаси тормоз тизими созлигини текширди. Транс­порт-трассоло­гик экспертиза олдига мотоцикллар билан автомобиль тўқнашуви ҳолатини аниқлаш вазифаси қўйилган эди. Комп­лекс тиббий-трассологик экспертиза ҳам ўтказилди. У ҳар иккала мотоциклчининг тан жароҳатларига, мотоциклда ва автомобилда қолдирилган изларга қараб улардан қай­си бири икки ғил­дирак­ли мо­тоциклни бош­қарганлигини аниқлаб берди. Айбдор ҳай­довчилар қил­мишига яраша жазо олди, аммо ёруғ дунёни бевақт тарк этганларни ҳаётга қайтариб бўлармиди?!

 

АЙБ КИМДА?

Велосипедчиларни машина, айниқса юк машинаси билан уриб-туртиб ва босиб кетиш ҳолларида автомобилга урилганлик изларини топиш қийин. Би­нобарин, юк машинаси деталларининг сал­моғи ва мустаҳкамлигини инсон ваз­ни ва велосипеднинг пухталиги билан қиёслаб бўлмайди, албатта.

Лекин велосипедчиларни уриб, босиб кетган юк машинаси ҳайдовчилари экс­пертиза ёрдамида фош этилган ҳоллар ҳам йўқ эмас. Чунончи, велосипедчини уриб, ерга қапиштириб кетган «ЗИЛ-130» автомобили ҳайдовчиси бунга дахлдор эканлигини қатъиян рад этиб туриб олди. Автомобиль кўпдан буён ишлатиб келинаётгани боис унда тўқнашув излари аниқ­ланмади. Аммо велосипеднинг айрисида тирналган, бўёғи кўчган жойлар борлиги сабабли машина, айниқса унинг туртиб чиқиб турган, дўнг жойлари яна бир бор синчковлик билан кўздан кечирилди. Юк машинаси кабинаси чап зинапоясининг ишқаланиб қирилган жойида оч яшил бўёқ излари топилди. Ана шу қатлам билан велосипед бўёғи суд-кимё текшируви асосида айнан бир хил эканлиги ўз тасдиғини топ­ди. Велосипедчи кийимининг йир­тилган қисми автомобиль бортининг ўнг бурчаги билан бир баландликда эканлиги ҳам маълум бўлди.

Юк машинаси ҳайдовчиси трассологик ва суд-кимё экспертизалари хулосалари би­лан танишиб чиққач, айбини бўйнига олди, велосипедчини қувиб ўтаётганида интервални тўғри ололмаган бўлсам керак деб изоҳ берди. Велосипедчи гандир-гундир қилиб борарди деб қўшиб қўйди ҳам.

Трассолог экспертлар экс­пертизадан ташқари тер­гов экспериментларини ўтказиш­да ҳам иштирок этадилар. Бир сафар велосипедчини уриб ўтиб кетган автомобиль ҳай­довчисининг айбсизлиги ўз исботини топган тергов ҳара­катларида шахсан иштирок этганман.

Терговчини ярим тиркамаси ҳам бўлган, кўп юк ташийдиган юк машинаси ҳайдовчиси ҳаракатланиш асносида ярим тиркаманинг ўнг ён тарафи охирроғида велосипедчини кўра оладими-йўқми деган савол қизиқ­тирарди. Бу саволга эса фақат тергов эксперименти жавоб бериши мумкин.

Автомобиль ҳайдовчиси велосипедчини уриб юборган бўлиши мумкинлигини рад этмаса-да, аммо уриб юборилган пайтда уни кўр­маганман деб туриб олди. Ҳайдовчи велосипедчини ай­ланиб қувиб ўтиб бўлдим деб ўйлаб, йўлда давом этаверган. Орқадан уни қувиб келган енгил машина шофёри одам уриб юборганлигини айтгач, у ортига қайтган ва... йўл ёқа­сида ётган йигит билан велосипедни кўрган.

Тергов эксперименти айнан ўша транспорт воситалари билан, текширилаётган йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган айнан ўша шароитда ўтказилди. Табиийки, эксперимент иштирокчилари ҳаётини таҳдид остига қўйиб бўлмасди. Шу сабабли автомобилни йўлда ҳар хил тезликда, шу жумладан ҳайдовчи айтган тезликда юргизиб кўришди. Шу аснода ярим тиркаманинг орқа қисми у ён-бу ёнга қанчалик сурилиб ҳаракатланиши текширилди. Автомобилнинг тезлиги ва ҳай­довчининг бош­қа­ришига қа­раб машинанинг 20 см дан 50 смга қадар сил­таниб-сурилиб оғиши тас­диқланди. Ҳайдовчи ўнг тарафдан бораётган вело­сипедчини қувиб ўтаётганида машинасини чапроққа олган­лигини ҳам айтди.

Тергов экспериментининг иккинчи босқичида йўлда тўхтаб турган автомобилнинг ўнг ён тарафидан бўйи ва гавда бичими вафот топган ўспиринга ўхшаб кетадиган йигит айни ўша велосипедда бир неча марта у ёқ-бу ёққа ўтди. Автомашина кабинасида ҳайдовчининг ўрнида ўтирган терговчи ва экспериментнинг бошқа иштирокчилари навбатма-навбат ўнг тарафдаги орқа томонни кўрсатадиган ойнага қараб турдилар. Маълум бўлдики, агар ойна ярим тиркама ор­тидаги йўлни кўрсатадиган қилиб ўрнатилган бўлса, ярим тиркама борти тўсиб қо­ладиган бўлгани учун ҳам велосипедчи, ҳатто пиёда одамни кўриб бўлмас эди.

Хуллас, тергов эксперименти автомобиль ҳайдов­чиси тўқ­нашув пайтида чин­дан ҳам велосипедчи­ни кўриши мум­кинмаслигини тасдиқлади. Суд-тиббиёт экс­пертизаси­нинг хулосасига қараганда велосипедчига зарба чап ён тарафдан келган, у бошининг ўнг тарафи билан йўлнинг қаттиқ қатламига бориб урилганлигидан ўлим топган.

Яқинда унча кўнгилсиз якун топмаган яна бир воқеа содир бўлди. Енгил автомобиль спорт велосипеди ҳайдаб бораётган ўсмирни уриб кетган экан. Ўсмир йиқилгач, машинанинг бир ғилдираги уни босиб ўтган. Аммо тақдир унга тантилик, шафқат қилибди. Спорт велосипеди жуда пухта ишланган экан шекилли, у автомобиль оғирлигининг му­айян қисми залворига дош берибди. Ўсмир, гарчи кўкрак қафаси қаттиқ лат еб, танасида қонталаш, моматалоқ бўлган, тилинган ва шилинган жойлар бўлса ҳам, омон қолди.

Куппа-кундуз куни уни ма­шинаси билан босиб ўтиб кетган ҳайдовчи воқеани ҳамма кўрган бўлса-да, ўсмирни уриб-туртиб юбор­ган­лигини ҳам, босиб кетганлигини ҳам рад этишга уринди. Унинг айтишича, ўсмирга тегинмаган, аммо жуда яқинидан ўтганлиги сабабли ўсмир қўрқиб кетиб, рулини кескин буриб юборган ва йиқилиб тушган бўлиши мумкин.

Трассологик экспертиза ўт­ка­зилди. Автомобиль ва велосипедни текшириб чиқ­қан экспертимиз уларда бир-бирига тўқнашганлик ало­матини топа олмабди. Ўғлоннинг кийими машинага илиниб қолиб, йир­тилган экан. Энг муҳими, унинг спорт майкасида эксперт автомобиль шинаси протекторининг расми изларини аниқлабди. Бу расм шинанинг ён тарафи эмас, айни йўлдан юрадиган қисмида эканлиги ғилдирак, шак-шубҳасиз, босиб ўтганлигини кўрсатар эди. Издаги расм гумон қилинаётган автомобиль ши­насидаги расм билан бир хил бўлиб чиқди.

Ана шу далиллар суд учун етарли эди. Велоси­педчи учун бу фало­кат оғир оқи­бат­ларга олиб келмаганлиги сабабли автомобиль ҳайдов­чиси зиммасига ёш велопой­гачининг онасига моддий ва маънавий зарар­ни қоплаш тариқасида мўмай­гина миқ­дорда компенсация тў­лаш мажбурияти юклатил­ди.

Ольга МАРШАНСКАЯ,

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Республика суд экспертизаси марказининг давлат
суд эксперти.

Прочитано: 961 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика