Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2014 год / № 9 / Биз яшайдиган уй

Ҳисоблагич пломбаси шикастланган. Айб кимда?

Агар кунларнинг бирида ҳисоблагичнинг кўрсатувларини текширмоқчи бўлган назоратчи ёки истеъмолчи ҳисоблаш асбобида пломбанинг йўқлиги ёки шикастланганлигини билиб қолса, нима қилиш керак? Агар сизнинг бунга дахлингиз бўлмаса, қаерга мурожаат қилиш, қайси ҳужжатларга амал қилиш, ўзингизни қандай ҳимоя қилишингиз керак?

Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасида (бундан кейин – Қўмита) бизга маълум қилишларича, уларга келиб тушадиган мурожаатлар орасида бундай кўринишдаги аризалар оз эмас экан. Пломбаларнинг йўқолиши ёки шикастланиши сабаблари турлича бўлиши мумкин. Масалан, абонент ўзи сезмаган ҳолда буни эҳтиётсизлиги оқибатида қилган бўлиши мумкин. Вақт ўтиб, назоратчи келиб: «Пломбангиз йўқолган. Қонунга мувофиқ жавоб берасиз» дейди. Коммунал маҳсулотларни истеъмол қилиш амалиётида инсофсиз абонентларнинг ўзлари кўрсатувларини камайтириш учун ҳисоблаш асбобларини очишлари, бунда пломбани шикастлашлари ёки суғуриб олишлари мумкин бўлган далиллар етарлидир. Ушбу ҳолатда коммунал хизматларни етказиб берувчи корхоналарнинг виждонсиз назоратчилари айбдор бўлишлари ҳам мумкин. Бундай мурожаатларнинг анча қисми электр ҳисоблагичлар уй йўлакларидаги зинапоя катакларига ўрнатилиши билан боғлиқ. Электр шчитлар қулфлаб қўйилмайди, бегоналар қўли етадиган жойларда пломбани олиб қўйиш ёки шикастлаш муаммо эмас.

 

ИСТЕЪМОЛ МЕЪЁРИ ПАСАЙМАГАНМИ – ДЕМАК, ҚОИДАБУЗАРЛИК ҚИЛИНМАГАН

– Ҳисоблагичлар истеъмолчи­ларнинг мулкидир, улар ҳисобла­гичларнинг сақланиши ва бутлиги учун жавобгардирлар, – дейди Қўмитанинг реклама фаолиятини назорат қилиш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилшод АЗИМОВ. – Қонун ҳуж­жатларида уларнинг айби билан пломбанинг олиниши ёки йўқлиги учун қатъий жавобгарлик белгиланган. Бироқ абонент бу ишга дахлдор бўлмаган ҳоллардаги механизм аниқ тарзда ҳуқуқий асосланмаган. Қўмитага келиб тушадиган мурожаатларни кўриш давомида биз комплекс ёндашув ва ечимни талаб этадиган муаммоларга тўқнаш келдик.

Кўпинча кишилар ҳисоблагични электрон ҳисоблагичга алмаштириш хоҳишини билдирганларида муаммо юзага чиқади. Эски ҳисоблаш асбобини олиб ташлаш учун келган корхона вакили, унда пломба йўқлигини кўради. Пломбанинг йўқлиги унинг учун қоидабузарлик ҳисобланади. Бироқ уни истеъмолчининг ўзи олиб ташлаган бўлганда, ҳисоблагични олиб ташлаш тўғрисида ариза билан у ерга бормаган бўларди. Чунки бунинг учун жиддий жавобгарликка тортилишини билади.

Биз назоратчи 80-йиллар сурғуч пломбаси бўлган индукцион ҳисоб­лагични кўздан кечириб, пломбада гўё пломбалаш йили йўқлигини рўкач қилиб, абонентни унинг ишига аралашишда айблаган ҳол баён этилган мурожаатни кўриб чиқдик. Абонентга шу заҳоти бунинг учун салмоқли жаримани асоссиз равишда ёзишган. Фуқаро ҳисоблагичнинг фотосуратини бизга олиб келди, биз уни ҳудудий электр тармоқлари корхонаси (ҲЭТК) мансабдор шахслари ҳозирлигида катталаштирдик: ҳаммаси жойида экан, пломбалаш йили кўриниб турибди. Улардан: «Қоидабузарлик қилинганлигида қандай айбладингиз?» деб сўрага­нимизда, бунга жавобан ҳеч қандай далил келтира олмадилар.

Ёки бошқа бир ҳолни олайлик. Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилиш автоматлаштирилган тизимига (ЭЭҲНАТ) уланган электр ҳисоблагични кўздан кечириш чоғида назоратчи пломбанинг йўқлигини аниқлаб, далолатнома тузган. Истеъмолчини кўрсатувларни камайтириш учун пломбани олиб ташлаганликда айблашган. ҲЭТК абонентга 2 йил учун асоссиз равишда қайта ҳисоб-китоб қилиб, қарийб 1,5 млн сўмлик тўлов ҳисоблади. Фуқаро пломбани олиб ташламаганлиги, ҳисоблагичнинг ишига аралашмаганлигини айтиб эътироз билдирди. Агар у қасддан ана шу ишни қилганда эди, ЭЭҲНАТ шу заҳоти аралашиш ҳолатини ва ҳисоблаш асбоби кўрсатувларининг камайишини қайд этиши керак эди. Бу ҳолат аниқланмаган, буни мурожаатни кўриб чиқишда қатнашган «Ўзстандарт» агентлиги ва «Ўз­энергоназорат» ДИ вакиллари тас­диқ­ладилар. Улар ҳақли равишда бундай ҳолларда вазиятни ўрганиш, ҳисоблагични текшириш лозимлигини таъкидладилар, аслини олганда, қонун ҳужжатларида айни шу нарса назарда тутилган. Агар истеъмол ҳажмлари камаймаган бўлса, демак қоидабузарлик ҳам бўлмаган. Биз етказиб берувчининг талабини асоссиз деб топдик, унга ноқонуний талабларни бекор қилиши тўғрисида кўрсатма юбордик.

Электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларининг (ВМнинг 22.08.2009 йилдаги 245-сон Қарорига 1-илова, бундан кейин – Қоидалар) 120-бандида белгиланишича, маиший истеъмолчида ҳисобга олишни назорат қилиш асбобини ишга тушириш чизмаси ўзгарганда, у шикастланганда (истеъмолчининг айби билан) ёки пломбалар бузилганда, ҳисобга олишни назорат қилиш асбобларидан ташқари бошқа электр қабул қилгичлар уланганда ва амалда истеъмол қилинган электр энергияси кўрсаткичларини камайтириш мақсадида бошқа қоида бузишларга йўл қўйилганда ҲЭТК вакили қоида бузилиши ҳақида далолатнома тузади. Далолатнома асосида ҳисобга олинмаган электр энергиясининг қиймати қайтадан ҳисоб-китоб қилинади.

Демак, бундай ҳолларда истеъмолчининг айбини, электр энергияси истеъмоли кўрсаткичларининг камайганлиги далилини тасдиқлаш лозим. ҲЭТК ҳам, бошқа коммунал маҳсулотларни етказиб берувчилар сингари, сабабларга алоҳида эътибор бермайдилар: пломба йўқ ёки шикастланган бўлса, истеъмолчини айбдор қиладилар. Бироқ ёндашув табақалашган бўлиши, буни қонун ҳужжатларида янада аниқроқ акс эттириш керак.

Ушбу ва шу сингари мурожаат­ларни кўриб чиқиш чоғида яна бир жиддий муаммо юзага келади. Қоидаларнинг 120-бандида айтилишича, айланиб чиқишда кўз билан кўриб аниқланадиган юқорида кўрсатилган қоида бузишларга йўл қўйилган тақдирда охирги марта айланиб чиқилган кундан бошлаб, бироқ даъво муддатидан ортиқ бўлмаган муддатдаги давр учун ҳисобга олинмаган электр энергияси миқдори қиймати қайта ҳисоб-китоб қилинади.

Бироқ айланиб чиқиш таомили қанчалик тез-тез ўтказилиши керак? Бирорта ҳам етказиб берувчи ушбу саволга жавоб бермади, бизнинг талабимизга кўра уларни ўтказиш даврийлиги тўғрисида мансаб йўриқномаларини тақдим этмади. Шу сабабли кўпинча қайта ҳисоб–китоб «даъво муддатидан кўп бўлмаган» давр, яъни 3 йил учун амалга оширилади, бу эса етказиб берувчи учун жуда фойдали. Бироқ бу Қоидаларни эркин талқин қилиш саналади, шунингдек қонунчиликда қайта ҳисоб-китоб қилиш учун қайси давр инобатга олиниши хусусида аниқ жавоб берилмаганлиги оқибатидир. Агар бундай қоида бўлмаса ёки етказиб берувчи уни айтишни хоҳламаса, нега бунинг учун коммунал маҳсулотларнинг ҳисобга олинмаган истеъмоли учун (ҳали буни исботлаш керак) 3 йиллик салмоқли сумма зиммасига юкланаётган абонент пул тўлаши керак?

Ушбу меъёрнинг йўқлиги боис биз айланиб чиқиш чоракда бир маротаба ўтказилишини талаб қиляпмиз. Ушбу таклифни биз истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши бобида экспертиза қилинган ҳужжатлар лойиҳаларига киритдик. Улар орасида – тайёрланаётган «Газ таъминоти тўғрисида», «Иссиқлик таъ­ми­ноти тўғрисида»ги қонунлар; ис­сиқлик энергиясидан фойдаланиш; сувдан фойдаланиш; қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиш хизматларини кўрсатиш қоидалари; маиший истеъмолчилар учун электр таъминоти намунавий шартномаси лойиҳалари бўлиб, уларни ҳозир бошқа идоралар кўриб чиқмоқда.

Ҳозирча айланиб чиқиш даврийлиги тасдиқланмаган экан, етказиб берувчи охирги 3 ой учун қайта ҳисоб-китобни, агар биз истеъмолчи пломбанинг йўқлиги ёки шикастланишига дахлдор эмаслигини исботлай олмасак, ҳисоблагичнинг охирги назорат кўриги пайтидан бошлаб амалга оширишини талаб қиляпмиз.

Айланиб чиқиш далили, уни ўтказиш санаси ҳужжат билан қайд этилиши жуда муҳим. Чунки қайта ҳисоб-китоб миқдори ана шунга боғлиқ бўлади. Назоратчи уйга бир йил ва ундан кўп вақт келмаслиги ёки, аксинча, бир ойда бир неча маротаба келиши мумкин. Назорат кўриги вақтида у ҳисоблагичнинг соз ҳолатдалиги хусусида ҳам худди қоидабузарлик аниқланган чоғ­дагидек далолатнома тузиши ва далолатноманинг 1 нусхасини истеъмолчига бериши керак. Баъзан назоратчилар абонентга айланиб чиқиш журналига имзо чекишни таклиф қиладилар, бироқ низо туғилганда бу етарли далил бўлмайди.

 

УЙ-ЖОЙГА ОИД КРИМИНАЛ СЮЖЕТ

Пломбаларни абонентлар қасд­дан ёки эҳтиётсизлик оқибатида олиб ташлаши далиллари истисно эмас, уларга виждонсиз назоратчилар ҳам дахлдор бўлиши мумкин. Ушбу масала ҳам истеъмолчиларнинг Қўмитага мурожаатларида ўз ифодасини топган.

Масалан, назоратчи ҳисоблагич­нинг кўрсатувларини олиш ва унинг ишини кўриш учун истеъмолчининг уйига келиши мумкин. Тўлов квитанциясини кўрсатишни сўрайди. Сиз уни ҳисоблаш асбоби ёнида ёлғиз қолдириб бир дақиқага нари кетасиз. Қайтганингизда у пломба йўқлиги ёки улардан бири етишмаслигини айтади. Воқеа қай йўсинда давом этиши маълум...

Истеъмолчини пулга «тушириш» мақсадида унга босим ўтказила бошлаши мумкин. Эсанкираб қолган абонент етказиб берувчилар билан ҳазиллашиб бўлмаслигини тушунади, бироқ у пломба қаерга йўқолганлиги тўғрисида тасаввурга эга эмас. Пломбага тегмаганман деб қасам ичади, ҳисоблагичда ушбу пломбалар умуман қанча бўлганлигини эслай олмайди ҳам. Назоратчига бу важлар таъсир қилмайди. У пломбанинг йўқолганлиги тўғрисида далолатнома тузмоқчи бўлади, унинг йўқлиги учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган қатъий санкциялар билан қўрқитади... бироқ бунинг учун истеъмолчи айбдор бўлиши керак, бироқ назоратчи бу ҳақда оғиз очмайди. Бунда истеъмолчининг айби йўқлигини қандай исботлаш керак?

Бундан кейинги воқеалар қай тарзда ривожланиши маълум. Ҳеч бўлмаганда, оғиздан оғизга нақл сифатида ўтадиган ушбу воқеалар бир-бирига жуда ўхшайди. Назоратчи истеъмолчи пломба йўқлиги учун тўлаши керак бўлган қайта ҳисоб-китобнинг тахминий суммасини айтади. Бундан ташқари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 101-моддасига мувофиқ у жарима тўлаши керак. Истеъмолчига буларнинг ҳаммаси кучли таъсир кўрсатади ва у назоратчига «келишиш»ни так­лиф қилади. Ноҳалол текширувчи айни шу гапни эшитиш ниятида ушбу ҳолатни «саҳналаштирган» бўлади. У абонентга ёрдам бермоқчилигини писанда қилиб, «келишув» нархини тилга олади. Одатда нарх ҳам оз бўлмайди, бироқ, табиийки, уни расмий қайта ҳисоб-китоб суммаси ва жарима санкциялари билан солиштириб бўлмайди ва истеъмолчи битимга рози бўлади.

Соддагина «қоидабузар» назоратчи билан «келишиб» масалани ҳал қилдим деб ҳисоблаши мумкин. Бироқ, уддабуроннинг тузоғига илиниб, ўзига ўзи чоҳ қазийди. Пулни олган «халоскори» ваъдасини бажармай, пломбани тиклашга шошилмаслиги ҳам мумкин. У ишонувчан фуқарони шерикларига топшириши эҳтимол, улар ҳам уни «соғиш»ни бошлайдилар. Сюжет бошқача йўналишда ривожланиши ҳам мумкин. Истеъмолчи билан «келишган» назоратчини ишдан бўшатадилар ёки бошқа участкага ўтказадилар. Янгиси келиб, ҳаммаси бошқатдан бошланади.

Бундай «шартномавий» муносабатларга киришган истеъмолчилар коммунал маҳсулотлар истеъмолини ҳисобга олиш асбобларидаги пломбаларни тиклашнинг қонун ҳужжатлари билан белгиланган механизми мавжудлигини унутмасликлари лозим. Ушбу меъёрларни назарга илмаслик эртами-кечми фош бўлиши мумкин, ана шунда ўз қилмишлари учун жавоб беришга тўғри келади.

Бундай ҳоллар Жиноят кодексининг таъсир доирасига тушадиган, бошқаларнинг мол-мулкига қасддан зарар етказиш ва тамагирликдан бошқа нарса эмас. Бироқ нима учун баъзи бир назоратчилар ушбу ҳаракатлар учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган жавобгарликка тортилмайдилар? Гап шундаки, бунда истеъмолчининг ҳам айби бор. Пломбанинг йўқолишида айбдорми ёки йўқми, муаммога иложи борича тезроқ чек қўйишга, бу ҳақда коммунал хизматлар етказиб берувчиси, туман ИИБ, прокуратура, Қўмитага маълум қилиш ўрнига масалани назоратчи билан ҳал қилишга уринади. Бошқача айтганда, ўз ҳуқуқларининг бузилишига йўл қўяди.

Кўп фуқаролар пломба йўқолганда айбсизликларини исботлаш уларга қимматга тушади – гўё монополиячи ҳар доим ҳақ бўлиб чиқади деб ҳисоблашади. Аслини олганда истеъмолчилар ўзларига эҳтимолий қоидабузарлар сифатида қарайдиган коммунал хизматларни етказиб берувчиларнинг ноқонуний ҳаракатларидан кўпинча ҳимояланмаган бўладилар. Кишилар бундай ҳолларда нима қилишни билмайдилар ҳам. Натижада уларнинг ҳуқуқий саводсизлиги туфайли пул ишламоқчи бўлган тамагир назоратчи билан «келишиб», унинг жиловида юрадилар ва бирор-бир ерга шикоят билан мурожаат қила олмайдилар. Тамагир эса жазо олмай қолади. Етказиб берувчилар: «Бизда бундай аризалар йўқ» дея ҳайратланишади. Шу сабабли қоидабузарларни жавобгарликка тортиш ғоятда мушкул. Далилсиз ҳеч нимани исботлаб бўлмайди. Шундай бўлса-да, Қўмитанинг реклама фаолиятини назорат қилиш ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармасида бундай мурожаатларнинг борлигини тасдиқладилар.

 

ҚЎНҒИРОҚ ЧАЛИНАЯПТИ – ЭШИКНИ ОЧИНГ

Назоратчиларнинг ваколатларини ошириб юбориши ва жазосиз қолиши истеъмолчилар ва хизматларни етказиб берувчилар ўртасида кўплаб муаммо ва зиддиятларни туғдиради. Бу эса кишилар текширувчиларнинг ҳисобга олиш асбобларига яқинлашишини чек­лаб, уларни квартираларига киритмасликлари сабабларидан биридир. Бу ҳам жиддий муаммо. Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамасининг 1.11.2013 йилдаги 295-сон Қарори билан Қоидаларнинг 49-банди хатбоши билан тўлдирилди, унда айтилишича, ҲЭТК вакилининг электр энергиясини ҳисобга олиш асбобларига қўйилмаслиги белгиланган намунадаги далолатнома билан расмийлаштирилади, у ҲЭТК вакиллари, истеъмолчи ёки ўзга жалб этилган шахслар томонидан имзоланади. Ўзга жалб этилган шахслар бўлмаганда ва истеъмолчи имзолашни рад этганда далолатномага истеъмолчи у билан танишганлиги тўғрисида белги қўйилади ва электр тармоқларидан узиб қўйилади.

Бу мажбурий, бироқ анча қаттиқ чора. Бироқ холисона айтганда бу – муаммонинг оқибати. Зеро оммавий тус олган текширувчиларни уйга қўймаслик йўли билан истеъмолчилар ўзларини уларнинг суиистеъмолликларидан ҳимоя қилишга уринмоқдалар. Агар ҳисобга олиш асбобларига қўймаганлик учун электр тармоғидан узиб қўйишни абонентларга таъсир ўтказиш дастаги сифатида баҳоласак, бу чора инсофли текширувчилар қўлида бўлиши керак.

 

 

НИМА ҚИЛМОҚ КЕРАК?

Ҳисобга олиш асбобларида пломбаларни олиб ташлаш ёки шикастлаш чоғида юзага келадиган муаммоларни қандай қилиб камайтириш ёки уларга йўл қўймаслик мумкин?

1. Агар ҳисоблагичда пломба бўлмаса ёки шикастланган бўлса, уни қонун ҳужжатлари билан белгиланган тартибда тиклаш лозим, унинг механизми у ёки бу коммунал маҳсулот тақдим этиш қоидалари ҳамда истеъмолчи билан хизмат етказиб берувчи ўртасидаги шартнома билан тартибга солинади.

2. Агар сиз пломбанинг йўқолиши ёки шикастланишига дахлдор бўлмасангиз, айбингиз йўқлигини исботлашингиз керак. Етказиб берувчидан коммунал маҳсулот истеъмоли ҳажми тўғрисида ахборот беришни талаб қилинг, текширув ўтказинг, у ҳисоблагичингизнинг техник ҳолатини, унда меъёрдан четга чиқишларнинг бор-йўқлигини кўрсатади.

3. Агар сизда текширувчининг айби билан пломба олиб ташланганлиги тўғрисида тахмин қилиш учун асос бўлса, юқоридагидек йўл тутинг. Пломба олиб ташланганлиги тўғрисида коммунал хизматларни етказиб берувчи корхона раҳбари, туман ИИБ, Қўмита номига ариза ёзинг.

4. Назоратчидан унинг шахси ва ваколатларини тасдиқлайдиган ҳужжатларни талаб қилинг.

5. Уни ҳисобга олиш асбобингиз ёнида ёлғиз қолдирманг. Ҳисоблагич қўшниларингиз ҳозирлигида кўрикдан ўтказилгани маъқул.

6. Етказиб берувчи истеъмолчини участка назоратчиси кимлиги, шунингдек айланиб чиқиш қандай даврийлик билан ўтказилиши тўғрисида хабардор қилиши керак.

7. Агар абонентда назоратчи хусусида шубҳа пайдо бўлса, унинг шахси ва ваколатларини тасдиқлатиш учун хизматларни етказувчи корхона билан телефон орқали боғланиши керак.

8. Айланиб чиқиш якунлари бўйича назоратчи далолатномада ҳисоблагичнинг ҳолати, унинг созлиги, пломбаларнинг сонини ҳужжат билан тасдиқлаши керак. Назоратчи ва истеъмолчи имзолайдиган ҳужжатнинг бир нусхаси абонентда қолиши керак.

9. Йўлаклардаги электр шчитларга ўрнатилган электр ҳисоблагичлар бегона кишиларнинг аралашишидан пухта ҳимояланиши керак.

10. Етказиб берувчилар истеъмолчиларни ишонч телефонлари тўғрисида хабардор қилишлари керак, улар орқали абонентлар назоратчиларнинг суиистеъмолликлар қилиши далиллари тўғрисида хабар беришлари мумкин.

11. Суиистеъмол қилишнинг ҳар бир ҳолати етказиб берувчилар томонидан кўрилиши ва ошкор этилиши керак.

 

Мавзувий сонни Ирина ГРЕБЕНЮК олиб боради.

Прочитано: 2063 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика