Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2014 год / № 9 / Қонун ижодкорлари нималар устида ишлашмоқда

Тижорат сирини ҳимоя қилиш ҳуқуқий мустаҳкамланади

Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида қизғин муҳокама этилаётган қонун лойиҳаларидан бири Ўзбекистон Республикасининг «Тижорат сири тўғрисида»ги қонуни лойиҳаси ҳисобланади. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, ЎзЛиДеп фракциясининг аъзолари Насимжон АЛИМОВ ва Полянте СВЕШНИКОВ ушбу ҳужжатнинг аҳамияти, мазмун-моҳияти ҳақида сўзлаб беришди.

 

– Ўзбекистон демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш ҳамда бозор муносабатлари тизимига ўтиш сари олға қадам қўймоқда. Бу йўлда барча мулкчилик шаклларини ривожлантириш, уларнинг ҳуқуқий ҳимояси ва дахлсизлигини таъминлаш устувор вазифа ҳисобланади.

Маълумки, бугунги кунда деярли ҳар бир хўжалик субъекти ўзига тегишли бўлган муайян ахборот ҳажмига эга. Ана шу ахборотни у тижорат сири деб номлаган, бироқ бу тушунча қандай мазмун-моҳиятга эга эканлигини ва уни қай тарзда ноҳалол рақобатдан ҳимоя қилишни ҳар доим ҳам аниқ англамаган ҳолда шакллантирмоқда. Шу муносабат билан ахборот хавфсизлиги масаласини аниқ-равшан белгилаш хўжалик субъектлари учун бугун айниқса долзарблик касб этаётир.

Авваламбор тижорат сири тушунчаси ва бу борадаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишга сабаб бўлган омиллар ҳақида қисқача гапириб ўтсак. Тижорат сири бу тижорат фаолияти билан шуғулланувчи ҳар қандай корхонанинг турли фан-техника, технология, ишлаб чиқариш, молиявий–иқтисодий амалиётлардаги ахборотни, шунингдек ўзининг тегишли ҳужжатлари ва ахборотининг сир сақланишига бўлган ҳуқуқидир. Хўжалик субъектларининг иқтисодий фаолиятида тижорат сирини ташкил қилувчи ахборот ресурслари бошқа моддий ва интеллектуал активлар сингари салмоқли ўринни эгаллайди. Бундай ахборот эгалари мустақил равишда ўз ваколатлари доирасида ишлов беришнинг режими ва қоидаларини, ҳимоя қилиш ва фойдаланишга рухсат беришни белгилашга ҳақлидирлар. Тижорат сирининг бундай эгаси тегишли ҳуқуқнинг соҳиби каби тўлиқ тарзда ўзининг ахборот ресурсларидан эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этиш ваколатларини қонун ҳужжатларида белгиланган доираларда тўлиқ тарзда амалга ошира олиши лозим. Шу ўринда амалиёт ва миллий қонунчилигимиз кўрсатганидек, айнан қандай ахборот тижорат сирига тааллуқли эканлиги, уни келгусида корхонага зарар етказмаган ҳолда шерикларга, рақобатчиларга, давлат органларига қай даражада ошкор қилиш, қандай қилиб тижорат сирини ҳимоя қилишни таъминлаш ва бошқа масалалар ҳал этилмай қолмоқда.

Миллий қонунчилигимизда тижорат сирини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий меъёрлари асосан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексида (98, 1095-1097-моддалар) белгиланган. Ўзбекистон Республикасининг «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисидаги Қонунида ахборотни тақдим қилиш тартиблари белгиланган бўлиб, унда «ахборот» «ахборот соҳаси», «махфий ахборот», «ахборот борасидаги хавфсизлик» каби тушунчалар, шунингдек ахборотни ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари (3, 6-моддалар) келтирилган.

Махфий ахборот, тижорат сири ва бирор бир сирнинг тури тўғрисидаги қонунчилик нормалари республикамизнинг 40 кодекси ва қонунларида акс этган. Бундан ташқари 35 та Президент фармони ва ҳукумат қарорларида мазкур тушунчаларга дахлдор қоидалар мавжуд бўлса-да, бироқ ушбу масалада ҳуқуқий ёндашувлар турли-туманлиги ва тижорат сирини ҳимоя қилиш институтининг мазмуни қонун ҳужжатларида бир хил маънода акс этмаганлиги билан ажралиб туради. Норматив-ҳуқуқий базанинг етарли эмаслиги ва ушбу соҳада бир қатор масалаларнинг етарли даражада ўрганиб чиқилмаганлиги боис ҳар доим ҳам махфий ахборотнинг сақланишини таъминлай олиш, тижорат сирига эгалик қилиш ҳуқуқини қайтариб олишнинг уддасидан чиқилмайди.

Қонунчилик палатаси томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасининг «Тижорат сири тўғри­сида»ги қонуни лойиҳаси ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва ахборот ресурсларини ҳимоя қилиш соҳасидаги бир қатор қонун ҳужжатлари ижросини таъминлаш мақсадида тайёрланган бўлиб, унда махфий ахборотлар сирасига киритилган маълумотлар рўйхати келтирилгандир. Қонун лойиҳаси тижорат сирининг ҳуқуқий мақомини белгилайди ва бозор шароитларида ноҳалол рақобат юзага келган тақдирда хўжалик субъектларининг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш вазифасини бажаради.

Қонун лойиҳаси Россия, Белоруссия, Озарбайжон, Молдавия, Япония, Германия, АҚШ сингари мамлакатларнинг бу борадаги тажрибаси пухта ўрганилиши, шунингдек махфий ахборот тўғрисидаги миллий қонун ҳужжатларимиз таҳлил этилиши натижаси ўлароқ тайёрланган.

Лойиҳада долзарб бўлмаган қоидалар истисно қилинади ва амалдаги қонун ҳужжатларига ҳаволаларнинг сони чекланади. Унда қонуннинг мақсадларини тушунтирувчи ифодалар аниқлаштирилган ва «тижорат сири», «ахборотнинг махфийлиги», «эгаси» ва «конфидент», «тижорат сирининг режими» ва «тижорат сирининг ҳимоя қилиниши», «тижорат сирини топшириш», «тижорат сиридан фойдалана олиш ҳуқуқи», «тижорат сиридан фойдаланишга рухсат» ва бошқа тушунчаларга таърифлар берилган. Лойиҳада тижорат сирини ҳимоя қилиш, ноҳалол рақобатнинг олдини олиш; тижорат сирига нисбатан асосий талаблар, бундай сирни ташкил қилувчи маълумотлар таркиби ва ҳажми унинг эгаси томонидан белгиланиши тўғрисидаги норма, тижорат сирини ташкил қилмайдиган маълумотлар рўйхати, тижорат сири эгасининг унинг режими белгиланган пайтдан эътиборан вужудга келадиган ҳуқуқлари келтирилади. Шунингдек тижорат сирини ҳуқуқий ҳимоя қилишнинг муддати, унинг режими эгаси томонидан ва шартнома асосида – конфидент томонидан белгиланиши бўйича нормалар, тижорат сирини ҳимоя қилиш чоралари рўйхати, шунингдек тижорат сирининг режимини ўзгартириш ёки бекор қилиш тартиби ва бошқа кўплаб нормалар белгиланган.

Қонун нормаларининг амалга оширилиши хўжалик субъектларининг самарали фаолият юритиши учун қулай шарт-шароитлар яратади, шунингдек келгусида ахборот технологиялари, ишлаб чиқариш янгиликлари, инновация ривожланишининг рағбатлантирувчи омили сифатида хизмат қилади ва пировард натижада бизнеснинг истиқболдаги равнақи учун ёрдам беради.

Маъруф УСМАНОВ ёзиб олди.

Прочитано: 1273 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика