Norma.uz

Жиноий жавобгарликка қайси ўшдан тортиш мумкин

Ўзбекистонда қайси ёшдан бошлаб шахсни жиноий жавобгарликка тортиш мумкин? Бу борада қандайдир чеклашлар, энг паст ва энг юқори ёш параметрлари борми?

О.Қурбонова, уй бекаси.

Тошкент вилояти,

Олмалиқ шаҳри.

 

– Мамлакатимизда Жиноят кодекси (ЖК) билан белгиланган ёшга тўлган, ақли расо жисмоний шахслар жиноий жавобгарликка тортиладилар. Умумий қоидага кўра аксарият жиноятларни содир этганлик учун жиноий жавобгарлик 16 ёшдан бошланади. Фақат ЖКнинг 17-моддасида кўрсатилган баъзи жиноят таркиблари учунгина жавобгарлик 13, 14 ва 18 ёшдан бошланади.

Жиноят содир этгунга қадар 13 ёшга тўлган шахслар жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдирганликлари учунгина жавобгарликка тортиладилар (ЖК 97-моддасининг иккинчи қисми). 14 ёшга тўлган ўсмирлар: қасддан одам ўлдириш, қасддан баданга оғир шикаст етказиш, қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш, номусга тегиш, жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда зўрлик билан қондириш, одам ўғирлаш, босқинчилик, тамагирлик, талончилик, ўғирлик ва баъзи бир бошқа жиноят­лар учун жавобгарликка тортилишлари мумкин.

18 ёшга тўлгандагина шахслар вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш; ота-онани моддий таъминлашдан бўйин товлаш; вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб этиш; лавозимни суиистеъмол қилиш; пора олиш ва баъзи бир бошқа ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликка тортиладилар.

Қонун ҳужжатларида жиноий жавобгарлик бошланишини ёш билан чеклашнинг бирор-бир юқори чегараси назарда тутилмаган. Яъни шахс содир этган жинояти учун 70 ёшда ҳам, 80 ёшда ҳам, 100 ёшда ҳам жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Бироқ ЖКнинг 50-моддасида жиноят содир этган шахс­лар учун жазо тайинлашнинг баъзи бир хусусиятлари белгиланган. Чунончи, узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш (20 йилдан ортиқ, лекин 25 йилдан кўп бўлмаган) аёлга, 18 ёшга тўлмасдан жиноят содир этган шахсга ва 60 ёшдан ошган эркакка нисбатан тайинланиши мумкин эмас. Уларга нисбатан белгиланган жазо муддати ЖК Махсус қисмининг тегишли моддасида назарда тутилган озодликдан маҳрум этиш энг кўп муддатининг тўртдан уч қисмидан ортиқ бўлиши мумкин эмас.

Ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят содир этганлик, эҳтиётсизлик оқибатида жиноят содир этганлик ва қасддан унча оғир бўлмаган жиноят содир этганлик учун озодликдан маҳрум этиш тариқасидаги жазо ҳомиладор аёлларга ва 3 ёшга тўлмаган болалари бор аёлларга нисбатан, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга нисбатан тайинланмайди.

Ахлоқ тузатиш ишлари пенсия ёшига етганларга, меҳнатга қобилиятсизларга, ҳомиладор аёлларга, ёш боласини боқиш учун таътилда бўлган аёлларга ва ҳарбий хизматчиларга нисбатан қўлланилмайди (ЖКнинг 46-моддаси).

Ахтам ҲИКМАТОВ, адвокат.

Прочитано: 4929 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика