Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 8 / Назорат

Назорат ишининг устуворликлари

Ўтган йили истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилаётганлиги юзасидан Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасига (бундан буён матнда Қўмита, Монополияга қарши курашиш органи деб юритилади) келиб тушаётган мурожаатлар сони 30 фоизга қисқарди. Бу эса фуқароларнинг ҳууқий хабардорлик даражаси ва фаоллик кўлами ошганлигидан далолат беради. Зотан улар қонун ҳужжатларини мукаммал билгач, ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари камситилиши билан боғлиқ кўпгина масалаларни ўзлари ҳал эта оладилар.

Монополияга қарши курашиш органига мурожаатлар уч йўл билан, хусусан ёзма шаклда, potrebitel.uz ва my.gov.uz порталларига йўллаш ҳамда 259-21-37 «Ишонч» телефон рақами орқали келиб тушади. 2012 йили шу йўсин 6 000 дан ортиқ киши мурожаат қилган бўлса, 2013 йилда уларнинг сони 4 400 нафарни ташкил этди. Уларнинг аризаларини кўриб чиқиш натижалари асосида ўтган йили истеъмолчилар фойдасига 1 млрд сўм қайта ҳисоб-китоб қилинди.

 

 

КЎЛАМ КАТТАРОҚ ОЛИНСА

Ҳуқуқбузарликлар орасида уй-жой ва коммунал хўжалигидагилар 2013 йилда етакчи ўринни эгаллади. Бундай ҳуқуқбузарликлар 60 фоиздан ҳам ошиб кетди. Энг кўп шикоят газ таъминоти ташкилотларининг ишига тааллуқлидир. Иссиқлик ва электр таъминоти корхоналарига эътирозлар ундан кейинги ўринни эгаллаб турибди. Аризаларнинг тахминан 20 фоизи савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги, 10 фоизи транспорт ва алоқа жабҳасидаги қоидабузарликлар оқибатидир. Бошқа соҳаларга тааллуқли аризалар ҳам 10 фоизни ташкил этади.

Уй-жой ва коммунал хўжалиги соҳасида истеъмолчилар билан хизмат кўрсатувчилар ўртасидаги ихтилоф-келишмовчиликларни камайтириш учун Қўмита мамлакатимиз пойтахтидаги газ ва электр таъминоти корхоналарида сайёр қабуллар ўтказди. Жойларда 9 000 га яқин истеъмолчи қабул қилинди. Мурожаатлар кўриб чиқилганидан кейин қайта ҳисоб-китоб қилиниб, фуқароларга қарийб 300 млн сўм қайтарилди.

Фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик ишлари хусусида, қоидабузарликларга бот-бот йўл қўйилаётган соҳаларнинг долзарб муаммолари юзасидан семинарлар, брифинглар, давра суҳбатлари ўтказилди. Уй-жой ва коммунал хўжалиги, савдо корхоналарига 3 000 дан ортиқ плакат берилди, пойтахтда истеъмолчиларнинг асосий ҳуқуқларини тушунтирувчи 100 дан ортиқ баннер ўрнатилди.

Қўмита реклама тўғрисидаги ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳақидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини изчил назорат қилиб бормоқда. Шу соҳага тааллуқли барча норматив ҳужжатлар Қўмита билан келишиб олинмоғи керак. 2013 йилда унинг иштирокида 7 та норматив ҳужжат, шу жумладан аҳолига суюлтирилган газ ва кўмир сотишга оид; маиший истеъмолчилар учун электр таъминотига оид намунавий шартномаларнинг лойиҳалари ишлаб чиқилди. Монополияга қарши курашиш органи истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя этишга тааллуқли 14 та норматив ҳужжатни экспертизадан ўтказди. Булар орасида иссиқлик энергиясидан, сувдан фойдаланишнинг, қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиш хизматлари кўрсатишнинг янги қоидалари лойиҳалари бор. Ҳозир бу лойиҳалар бошқа идоралар томонидан кўриб чиқилмоқда, gki.uz сайтида умумхалқ муҳокамаси учун ҳавола этилган.

Уй-жой ва коммунал хўжалиги соҳасидаги муаммоларни ҳал этишга фуқароларнинг ўзини ўзи бошқаришдек ноёб институти – маҳаллалар яқиндан ёрдам бермоқда. Монополияга қарши курашиш органи томонидан Хоразм вилоятидаги «24-сон Тоза боғ» маҳалла фуқаролари йиғини мисолида Маҳалла кодекси ишлаб чиқилди. Унда маҳалла аҳлининг ўзаро муносабатлари, ҳудудларни ободонлаштириш, турар жойларни сақлаш ва асраш, ёшларда ўзи яшаётган уй, ҳовли учун масъуллик ҳиссини, уларга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш фазилатини тарбиялаш борасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари, бошқа масалалар ўз аксини топди.

Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғ­рисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши масаласи юзасидан текширувлар ва мониторинглар ўтказишда давом этилмоқда. Ўтган йили амалга оширилган 600 дан ортиқ ўрганиш натижасида 300 га яқин қоидабузарлик ҳоллари, 500 млн сўм миқдорида ноқонуний фойда олинганлиги аниқланди. Ҳуқуқбузарларга нисбатан ишлар қўзғатилди, 27 млн сўм миқдорида жарима жазолари қўлланилди.

2013 йилда назорат ишидаги устуворликлар қандай бўлди, Қўмита ходимлари истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қила бориб, қанақа муаммоларни ҳал этдилар, нималарга муваффақ бўлинди, қайси ишларни ютуқ деб ҳисоблаш мумкин деган масалалар юзасидан Қўмитанинг реклама фаолиятини назорат қилиш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя этиш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Дилшод АЗИМОВ қуйидагиларни айтиб берди.

 

 

ТЕКШИРУВ МУДДАТИ ҲАҚИДА ЁЗМА РАВИШДА ОГОҲЛАНТИРИНГ

Газ ҳисоблагичларни текшириш масаласи ҳал этилганлигини ўтган йилнинг энг катта ютуғи деб ҳисоблаш мумкин, – деб сўз бошлади Д.АЗИМОВ. – Бу муаммо юзасидан Қўмитага шикоятлар, таъбир жоиз бўлса, ёмғирдек ёғиларди. Газ етказиб берувчилар илгари жуда кескин иш тутишарди. Ҳисоблагич аппарати тегишли тартибда текширувдан ўтказилмаган бўлса, нореал қарз суммаларини кўпиртириб ёзиб беришарди. Баъзан бу ёзув бир неча миллион сўмни ташкил этарди. Ҳисоблагич текширувдан ўтказилганлигига оид сертификатнинг нусхаси газ таъминоти ташкилотига тақдим этилмаганлиги учун ҳам жазо чораси кўриларди.

Бироқ Газни ҳисобга олиш приборларини сотиб олиш, уларни квартираларда ва якка тартибдаги уйларда ўрнатиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида низомнинг (ВМнинг 28.03.2002 йилдаги 99-сон қарорининг 4-иловаси) 37-бандида назарда тутилишича, газ етказиб берувчи истеъмолчига газни ҳисобга олиш приборининг техник кўрик ҳамда текшириш синовлари даври ва муддатларини маълум қилиши шарт. Бундан ташқари «Ўзтрансгаз» АКнинг 28.12.2009 йилдаги 846-8-сон буйруғи асосида газ таъминоти ташкилоти абонентни газ ҳисоблагич прибори текшириладиган муддат тугашидан 7 кун олдин ёзма равишда хабардор қилиши шарт. Хабардор этилганидан кейин текширувдан ўтказилиши учун газ ҳисоблагич приборини 5 кун мобайнида жойидан бўшатиб олиб абонентга бериш лозим. Газ етказиб берувчи ҳисоблагич текширувдан ўтказилганлигига оид сертификат нусхаси ўзига етказиб берилиши лозимлиги ҳақида ҳам истеъмолчини хабардор этиши керак.

Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғ­рисидаги, шунингдек рақобат тўғрисидаги ва табиий монополиялар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини бузганлиги учун «Тошкентгазтаъминот» унитар корхонасига Қўмита томонидан кўрсатма тақдим этилди. Корхона таркибий бўлинмаларининг 8 нафар мансабдор шахсига кўрсатма бажарилмаганлиги учун жарима санкциялари қўлланди.

Газ ҳисоблагич асбоблари билан боғлиқ яна бир муҳим жиҳат бор. Мабодо ҳисоблагич «Ўзстандарт»да текширилганда прибор ишида қусур борлиги аниқланса, газ таъминотчилари истеъмолчига кейинги уч йил юзасидан тақрибан 3 млн сўм тўлаш юзасидан асоссиз даъво қилишар эди. Текширувчилар мазкур истеъмолчининг приборига бир йилдан ортиқ вақт мобайнида назар ташламаганлиги, келиб кўрмаганлиги эътиборга олинмасди. Ҳолбуки назоратчилар нормадан четланиш ҳолларини вақтида қайд этишлари, абонентнинг ҳузурига бориб ҳисоблагич кўрсаткичларини ёзиб олишлари ва истеъмол даражасини таҳлил қилиб кўришлари керак. Кўрсатмада биз шуни уқтириб ўтдикки, агар ҳисоблагичнинг қусур билан ишлаётганлиги уни текшириб кўриш асносида аниқланган бўлса, газ таъминоти ташкилоти абонентга нисбатан асоссиз устама тўлов тўлаш талабини қўйишга ҳақли эмас. Акс ҳолда бу истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини бузувчи, қонунга хилоф ҳаракат сифатида баҳоланади.

Биз коммунал хизматлар кўрсатувчи корхоналарнинг сайтларини таҳлил этиб, шундай хулосага келдикки, қаерда Интернет-порталлар орқали истеъмолчиларга имкон қадар кўпроқ ахборот берилаётган бўлса, ўша ерда қоидабузарликлар ҳам, аҳолининг хизматлар сифатига бўлган шикоятлари ҳам кам. Масалан, «Ўзбекэнерго» ДАК абонентларга ўз сайтида шахсий кабинет очиш, тўловларни бошқариш, электр энергияси истеъмоли юзасидан саволлар бериш имкониятини яратиб қўйганлиги истеъмолчилар билан ўзаро муносабатларга ижобий таъсир ўтказмоқда, истеъмолчиларнинг ўз ҳуқуқлари ва мажбуриятларидан хабардорлигини, тўлов интизомини оширмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистонда 7,5 млн дан ортиқ киши Интернетдан фойдаланувчи ҳисобланади. Маҳсулот етказиб берувчилар ана шу имкониятдан фойдаланмоқлари зарур.

 

 

ИССИҚ БЕРИШ ҲАМ, ИССИҚСИЗ ҚОЛДИРИШ ҲАМ БИРОВНИНГ ИХТИЁРИДАМИ?

Кўп квартирали уйлардаги электр энергиясини узиб қўйиш, бундай энергиянинг кучланиши гоҳ кўп, гоҳ кам бўлиши, истеъмолчилар билан хизмат кўрсатувчиларнинг ваколатларини аниқ белгилаб қўйиш, иситиш ускуналарини бузиб (ажратиб) ташлаш масалалари ҳамон очиқ қолмоқда. Ҳисоблагичлардаги пломбалар узилиши (узиб юборилиши) билан боғлиқ мурожаатлар ҳам кўп.

2013 йилда етказиб берувчилар билан шу йўналишда ишлашни давом эттирдик. Иссиқлик хизматлари кўрсатиш тўғрисидаги низом лойиҳасини кўриб чиқиб, иситиш тизимларини истеъмолчилар бузиб, ўзиникини ажратиб олишига рухсат беришни таклиф қилдик, мазкур иш ШНК, санитария нормалари ва қоидаларига қатъий мувофиқ ҳолда амалга оширилишини ҳамда тизим иши бузилишига олиб келмаслигини шарт қилиб қўйдик. Амалдаги қонун ҳужжатлари бундай қилишга йўл қўймайди. Иссиқлик таъминоти ходимлари ҳам бу йўсин ўзгартишга қатъий қарши чиқмоқдалар. Ўтган асрда ишлаб чиқилган идоравий ҳужжатлар жуда пойма-пой, бир бирига тўғри келмаслиги ҳам бор гап. Ҳаёт тинмай ўзгармоқда, эртами-кечми, барибир шундай қилишимизга тўғри келади. Табиий монополиячи бунчалик қаттиққўллик қилмаслиги, ўз талабида қатъий туриб олмаслиги керак.

Шу ўринда нима сабабдан одамлар марказлаштирилган иситиш тизимидан воз кечиб, муқобил тизимга ўтишни хоҳлашмоқда деган савол келиб чиқади. Яширишнинг ҳожати йўқ – баъзи квартираларга йиллаб иссиқлик берилмайди, агар одамлар сифатли хизматдан баҳраманд бўлганларида эди, бунақа истакка ҳожат ҳам бўлмасди. Квартира иссиқ бўлгач, ким ҳам ортиқча харажат қилиб, иситиш тизимини ажратиб оларди дейсиз?!

Бугунги кунда «Навоий» ЭИИЗда замонавий икки контурли қозонлар ишлаб чиқарилмоқда. 50 х 60 см ўлчамли, мўъжазгина қозонлар 400 кв.м саҳнли турар жойни иситиб беради, иссиқ сув билан ҳам таъминлайди. Бундай қозонларни кўп квартирали уйларга ҳам ўрнатса бўлади. Оқибат-натижада бундан ишлаб чиқарувчилар ҳам, истеъмолчилар ҳам мамнуният ҳосил қилади. Уйнинг умумий иситиш тизимига зарар етказмаган ҳолда унинг маълум қисмини бузиб ажратиб олишни аниқ тартибга солувчи рисоладагидек норматив ҳужжат ишлаб чиқиш фурсати келгандир балки? Қолаверса, баъзи ҳужжатларда локал (маҳаллий) иссиқлик таъминотини қўллаш имкониятлари ҳам тажассум топган. Тўғри, бунда жуда кўплаб техникавий ва қонунчилик масалаларини бир-бирига боғлаш зарур. Ҳар нима бўлганда ҳам муаммо ечим топиши лозим – давр шуни талаб қилмоқда.

Иссиқлик энергияси етказиб берувчилар билан истеъмолчилар ўртасидаги жавобгарлик ҳанузга қадар аниқ фарқлаб қўйилмаган. Иситиш билан боғлиқ муаммолар келиб чиққанда таъминотчилар ХУМШга, ширкат эса етказиб берувчиларга жавобгарликни оширмоқчи бўлади. Кўпгина ширкатларда иссиқлик берилмаётганлиги ёки етиб бормаётганлиги сабабларини аниқлаш ва бартараф этишга қодир малакали мутахассислар йўқ.

 

 

ЧИПТАГА УСТАМА НА ҲОЖАТ?

Баъзи рекламалар содда, ишонувчан кишиларни чалғитиб қўяди. Миллий ташувчилар – «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК ва «Ўзбекистон темир йўллари» ДАК учун истеъмолчиларни ҳимоя этиш мақсадида авиация ва темир йўл чипталари тарифларининг чегаралари белгилаб қўйилган. Буни истеъмолчилар билмасалар ҳам керак. Ана шу масалани ўрганиш натижалари бунга яққол далилдир. Бизда авиачипталар сотиш билан Ҳаво қатнови бош агентлиги ДУК, темир йўл чипталари сотиш билан эса «Ўзтемирйўлпасс» ОАЖ ва уларнинг агентлари бўлмиш юридик шахслар шуғулланади. Чипта сотувчиларга чегирмалар ва сийловлар билет қийматига киритилган. Шунга қарамай, мониторингда аён бўлдики, кўпгина авиация ва темир йўл кассалари тариф чегарасининг устига ноқонуний тарзда устама белгиламоқдалар. Ана шу йўсинда олинган фойда ҳеч қаерда ҳисобга киритилмайди, истеъмолчилар эса бунингсиз ҳам нархи баланд чипталар учун ортиқча пул тўламоқдалар. Биз ана шу қоидабузарликлардан «Ўзбекистон ҳаво йўллари» ва «Ўзбекистон темир йўллари» компанияларини хабардор қилиб, ўз таклифларимизни тақдим этдик ва бу масалани назорат остида ушлаб турибмиз.

 

 

АРАВАЧА БЕПУЛ-КУ...

Қўмитага «Тошкент» халқаро аэропортида юк ва багаж ташийдиган аравачалар етишмаслиги хусусида кўп шикоят тушди. Бу танқислик сабабини мутасаддилар аравачалар ўғирлаб кетилаётганлиги билан изоҳлаган бўлдилар. Вазият ўрганиб чиқилганидан кейин бизга масала ҳал бўлди, энди аравачалар етарли, деб хабар қилишди. Ҳамма мамнун, шикоят ва эътирозлар йўқ.

Биз назоратни давом эттириб, бунга қандай эришилганига қизиқдик ва қуйидагиларни аниқладик. Йўловчи банкоматга 3 000 сўм ташлаб, жетон олади ва уни аравача олаётганда назоратчига беради. Йўловчини шаҳарга чиққунга қадар кузатиб чиқиб, аравачани қайтариб олиб кетишади, хайр-хўш ҳам насия. Йўловчилардан биронтаси ҳам кўчанинг қаеридадир аравача олаётганда тўлаган 3 000 сўмни қайтариб берадиган бир эмас, иккита пункт борлигини билмайди. Ҳолбуки жетонни у ерга тақдим этиб, йўловчи ўз пулини қайтариб олиши мумкин*. Ана шу ғалатироқ тартиб ҳақида ҳеч қаерда ахборот бўлмаганлиги сабабли аэропортдаги мазкур «ноу-хау» истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини бузишдан бошқа нарса эмас деса бўлади. Бу имкониятдан бирорта йўловчи хабардор бўлган тақдирда ҳам тўс-тўполонда дўкончани топиб, 3 000 сўмини қайтариб олиши даргумон. Аслида иккита шундай пункт борлиги хизмат бепул эканлиги хусусидаги ҳисобот учун, бинобарин хўжакўрсинга бўлса керак. Истеъмолчилар ана шу хизмат ҳақида тўлиқ ахборот олишларини, уларга пулларини қайтариб берадиган пунктлар етарли миқдорда бўлишини талаб қилиб туриб олдик. Аслида эса бу хизмат ҳамма йўловчилар эмин-эркин баҳраманд бўладиган, қулай ва бепул бўлгани маъқул. Ана шунда жетон билан боғлиқ «ихтиролар»га, истеъмолчилар ҳисобидан бойиб қолиш учун ўйлаб топилган қинғир йўлларга ҳожат бўлмайди.

 

 

БИРИНЧИЛИКНИ БОЙ БЕРИБ

2012–2013 йиллар якунлари бўйича реклама бозоридаги аҳвол таҳлили реклама ҳажми ортиб бораётганлигини ва унда вазият бирмунча ўзгарганлигини кўрсатди. Яқин-яқинларгача бу бозорда босма оммавий ахборот воситалари биринчиликни қўлдан бермай келарди. Кейинги мониторинг натижаларига қараганда, эндиликда рекламанинг 60 фоизи телевидение, 20 фоизи босма нашр­лар, 10 фоизи ташқи реклама, 9 фоизи радио ва 1 фоизи бошқаларнинг улушига тўғри келмоқда.

Ўтган йили реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ижроси юзасидан 300 дан ортиқ мониторинг ўтказдик. 2012 йилда бирмунча кўпроқ ўтказилган эди. Боиси 2010 йилда «Реклама тўғрисида»ги Қонунга (25.12.1998 йилдаги 732-I-сон Қонун) тамаки, тамаки маҳсулотлари ва алкоголь маҳсулотларнинг ҳар қандай рекламасини тақиқловчи қўшимча киритилган эди. Инқилобий деса бўладиган бу қадам реклама берувчилар билан тушунтириш ишларини олиб бориш борасида ҳам, назорат бобида ҳам катта, кўламдор ишларни тақозо этди. Саъй-ҳаракатлар бежиз кетмади, эндиликда бизда бу хил рекламани учратмайсиз. Дастлабки пайтларда қизиқ ҳоллар ҳам бўлди. Хусусан, телевидение орқали берилган, шаҳримизда озодаликка риоя этишга чорловчи ижтимоий рекламада бир бола ўйинчоқ машинаси билан хазонларни, шу билан бирга ғижимланган, аммо номи аниқ кўриниб турган сигарета қутисини йиғарди. Бу аслида яширин рек­ламадир. Қўмита талаби билан роликдан ана шу лавҳа чиқариб ташланди. Дарвоқе, мазкур ролик ҳанузга қадар телевидениеда намойиш этиб келинмоқда.

 

 

ЛИЦЕНЗИЯСИ ЙЎҚҚА РЕКЛАМА ЧИКОРА

Таълим хизматлари рекламасини жойлаштириш масаласи анча вақтгача очиқ қолаверди. Бундай хизматларни кўпинча юридик шахс ташкил этмаган ҳолда чет тилларни ўргатувчи ва репетиторлик билан шуғулланувчи тадбиркорлар таклиф этардилар. Лекин бу юридик шахслар учун фаолиятнинг лицензияланадиган тури ҳисобланади.

Давлат тест маркази бизга ўқув-таълим марказларига берилган лицензияларга оид маълумотларни тақдим этди. Бундай реклама бозоридаги вазиятни ўрганиш асносида юридик шахсларнинг лицензия олмай туриб репетиторлик хизматлари кўрсатишга ва чет тилларни ўргатишга оид анча-мунча таклифларини аниқладик. Бундай ҳоллар қонун ҳужжатларини бузиш, ноинсоф рақобат деб баҳоланади. Негаки қонунга итоаткор, анчагина қаттиқ бўлса-да, лицензия талабларини бажариб келаётган ўқув марказлари тадбиркорлик юритишда тенг бўлмаган шароитга тушиб қолмоқда. Биз оммавий ахборот воситаларига лицензияси бўлмаган бундай тузилмалардан реклама олмаслик хусусида хат юбордик (талаб реклама тарқатувчилар орасида катта шов-шувга сабаб бўлди). Тадбиркорларни ҳам огоҳлантирдик. Мабодо шундай ҳоллар аниқланадиган бўлса, қоидабузарликлар хусусида солиқ органларини хабардор қилишимиздан огоҳлантирдик.

 

 

МАЙДА ҲАРФГА РУЖУ ҚЎЙМАНГ

Реклама берувчилар рекламаларида лупасиз ўқиш мушкул бўлган майда ҳарфдан фойдаланиш билан истеъмолчилар ҳуқуқларини бузадилар. Зотан улар шу йўл билан товар харид қилиш ёки хизматлардан баҳраманд бўлиш шартлари тўғрисидаги мавжуд маълумотларни яширмоқчи бўладилар. Бироқ истеъмолчилар фойдаланиши қийин бўлган ахборот уларни чалғитувчи, рекламанинг ўзини эса ғирром реклама деб ҳисобланиши мумкин.

Бунда димлама товуқ-гриль, пицца ва шунга ўхшашлар рекламасини кўрсатиш мумкин. Уларни хонадонларга бепул етказиб бериш тўғрисидаги ёзувни фақат микроскоп ёрдамида ўқиш мумкин, холос. Ҳолбуки бу – рекламанинг муҳим қисми, шундай экан, у қийинчиликсиз, бемалол ўқиладиган бўлиши керак.

Маълум вақт мобайнида уяли телефон компаниялари бепул Интернет имконияти берилиши ҳақида хабар қилишарди. Аслида эса бундай эмас, чунки оператор кунига 25 МБ лимит белгилаганди. Бу ахборот ҳам рекламада мужассам, лекин шунақа майда ҳарфлар билан ёзилганки, истеъмолчи унга эътибор қилмайди, қизиқиб ўқимоқчи бўлган тақдирда ҳам бунинг уддасидан чиқиши қийин.

Шундай компаниялардан бири Сурхондарё вилоятида истеъмолчиларга тариф ойига 2 АҚШ долларини ташкил этади деб хабар берган. Амалда эса кўрсатган хизмати учун ойига 3 АҚШ долларидан олаверган. Мавжуд ахборотни яшириш мақсадида майда ҳарфдан фойдаланиш «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг (26.04.1996 йилдаги 221-I-сон Қонун) 4, 6 ва 7-моддалари таъсир доирасига тушади. Шу сабабли ҳам мазкур жиҳатларни инобатга олишларини сўраб оммавий ахборот воситаларига ҳамда реклама бозорининг йирик субъектларига хат жўнатдик. «Реклама тўғрисида»ги Қонунга ҳарфлардан фойдаланиш юзасидан қўшимча киритиш хусусида таклифларни илгари суришни ҳам ўйлаб турибмиз.

 

 

АЖАБЛАНТИРАДИГАН ЖОЙИ ЙЎҚ

Дори воситалари рекламасида нуқул дорининг яхши, афзал тарафига зўр берилади, ижобий хислатлари бўрттириб кўрсатилади ва айни бир вақтда ножўя самараси тилга олинмайди. Бундай ноинсоф, ғирром рек­лама истеъмолчини чалғитиб қўяди, унинг соғлиғига зарар етказиши мумкин. Рекламани жойлаштириш тўғрисидаги низомда (Монополиядан чиқариш давлат қўмитасининг АВ томонидан 6.04.2001 йилда 1024-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган) дори-дармонларни қўллаш ва ишлатишга доир ножўя жиҳатлари борлиги ҳақидаги ахборот илова этилиши шарт қилиб қўйилган. Дори-дармон воситасини ноёб, энг самарали, қўшимча таъсирлар мавжуд эмаслиги жиҳатидан энг хавфсиз восита сифатида ифодалашга йўл қўймаслик зарур. Шунга қарамай, бу борада ҳамон қоидабузарликлар учраб турибди.

Бундан ташқари, реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларида вояга етмаганларга мўлжалланган дори воситалари рекламасини Соғлиқни сақлаш вазирлиги рухсатисиз жойлаштириш тақиқланади. Бироқ бу норма кўпинча нотўғри талқин этилади. Дори-дармон ишлаб чиқарувчиларнинг аксарияти ўз маҳсулотларини рек­лама қилишга рухсат беришни сўраб (гарчи зарурати бўлмаса ҳам), Соғлиқни сақлаш вазирлигига мурожаат қиладилар. Шу боис ҳозирги кунда Вазирликда дори воситалари рекламасини жойлаштиришдаги рухсат берувчи тартиб-таомилларга доир ҳужжат лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда.

 

 

«хУФИЁНА РИЭЛТОРЛАР» ИНТЕРНЕТГА ТАНДА ҚЎЙИШДИ

Интернетда реклама бериш масаласи ҳозирча очиқ қолмоқда. Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигида рўйхатдан ўтказилган Интернет-сайтлар оммавий ахборот воситаларига тенглаштирилган. Уларда реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига қандай риоя этилаётганлигини ҳам кузатиб бормоқдамиз. Мабодо қоидабузарликларга қўл қўяётган бўлсалар, тегишли чоралар кўраётирмиз.

Қўмита «хуфиёна риэлторлар»ни бозордан йўқотиш учун риэлторлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия беради, унинг бир нусхасини рек­лама берувчилар тақдим этмоғи лозим. Агар оммавий ахборот воситаларида кўчмас мулк олди-сотдиси тўғрисидаги ахборотни мулкдорнинг ўзи жойлаштираётган бўлса, у паспортининг, кўчмас мол-мулкка бўлган мулкдорлик ҳуқуқига оид ҳужжатнинг нусхасини тақдим этмоғи керак. Бундай чоралар қонунга хилоф тарзда ишлаётган риэлторларни босма нашрлар саҳифаларидан йўқотиш имконини беради. Аммо улар бу тахлит эълонларни Интернет-маконда осонгина жойлаштиришлари мумкин – уларни бу йўналишда кузатиб бориш жуда мушкул.

Бизнинг талабимиз билан бир қанча сайтлар, хусусан спиртли ичимликлар ишлаб чиқарувчилар сайтлари ёпилди. Мамлакатимизда алкоголь маҳсулотларининг ҳар қандай рекламаси тақиқ этилганлиги муносабати билан шундай қилинди. Реклама бозорининг баъзи субъектлари гўё ўзбекистонлик истеъмолчилар учун эмас, балки бошқа мамлакатлардаги истеъмолчилар учун, деган важ билан спиртли ичимликлар рекламасига истисно тариқасида рухсат беришимизни сўраб мурожаат қилишган. Лекин ягона Интернет-макондаги ахборотларни бунисини сиз ўқийсиз, унисини эса бошқалар ўқийди қабилида ажратиб бўлмайди.

 

Реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлиги учун хўжалик юритувчи субъектлардан 28 тасига 2013 йили 120 млн сўмдан ортиқ суммага жарима солинди. Ана шу муддат мобайнида нотўғри рекламага оид 8 ҳолат аниқланди, бунинг учун қоидабузарлар 51 млн сўм жарима тўладилар. Мансабдор шахслардан 13 нафарига жами 5 млн сўм жарима солинди.

*Таҳририятдан. Бу тартибот йўловчи жетонни юк-багаж қабул қилиш залининг ўзидаёқ аравача «посбони»га, ана шу ёрдамчи (транспорт) воситасига алмашиш маъносида бериши туфайли ҳам ишламайди. Бинобарин кўчага чиққанидан кейин унда тақдим этадиган нарсанинг ўзи бўлмайди. Қолаверса аравача «ўғрилари»ни 3 000 сўм закалат бериш билан тўхтатиб қолиш ишонса бўладиган нарса эмас.

 

Ирина ГРЕБЕНЮК,

махсус мухбиримиз.

Прочитано: 3041 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика