Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 8 / Божхона

Т-6 шаклидаги декларация мониторингизда

Ажойиб янгилик! Яқин орада мамлакатимизга келувчи ёки ундан чиқувчилар Ўзбекистон чегарасининг назорат-ўтказиш пунктларида Т-6 шаклидаги декларация бланкаларини излаш ва уларни тўлдиришга вақт сарфламайдиган бўладилар. Ушбу муҳим ҳужжатнинг бланкасини Давлат божхона қўмитасининг сайтидан чиқариб олиш ва декларациянинг ҳар бир саволига жавобни пухта ўйлаган ҳолда тўлдириш мумкин бўлади.

 

Шуниси муҳимки, божхона хизмати кузга келиб ўзининг customs.uz сайтида уни тўлдириш тартиби билан бирга PDF форматида (қаранг: http://www.gov.uz/upload/iblock/757/%20gs-6.pdf.) Т-6 бланкасини жойлаштиришни режалаштиряпти. Ушбу ҳужжат яқин вақт ичида ишлаб чиқилади. Ана шунда сайёҳларнинг Т-6 шак­лидаги декларацияни он-лайн режимида тўлдириш орзуси рўёбга чиқади.

 

 

ИНТЕРНЕТ МАЪҚУЛЛАЙДИ

Айтиш лозимки, бланкани қоғозга чиқариш ва уни олдиндан тўлдириш мумкинлиги тўғ­рисидаги ахборот мамлакатимизнинг Интернет маконида катта қизиқиш уйғотди. Баъзи фикр­ларни келтириб ўтамиз.

Давронбек Тожиалиев: «Уни он-лайнда тўлдиришни ҳам жорий этиш керак. Токи постда паспортни текшириш вақтида тўлдирилган декларациядаги маълумотлар ҳам пайдо бўлсин».

Binafsha Kalandarova: «Жуда яхши ишга қўл урилибди. Анча вақт тежалади, тартибсизликлар камаяди. Бланкани он-лайнда тўлдириш бобидаги Давронбекнинг таклифига қўшиламан. Чамаси, бунинг учун бир оз вақт зарур бўлади. Бугунги кунда шунисига ҳам хурсандмиз».

Тўйчи Рўзибоев: «Он-лайнда тўлдириш – жуда яхши фикр. Қанча қоғоз ҳам тежалади. Ўзингиз ўйлаб кўринг, агар 250 нафар йўловчи 2 варақдан бланка тўлдирса, А4 бичимида 500 варақ ишлатилади. Ўрта ҳисобда бу 4 кг қоғоз дегани, шундан 2 кг божхонада қолади. Натижада 100 та рейс учганда қарийб 200 кг қоғоз йиғилиб қолади».

Баъзилар комментларда Т-6 шаклининг ўзи нималиги, уни тўлдириш осон ёки қийинлиги тўғрисида сўзлаб беришимизни сўрашган. Газетамиз жисмоний шахс томонидан багаж ва қўл юки таркибини декларация­лашнинг асосий жиҳатларини эслатиб ўтишга қарор қилди. Бироқ аввало шуни таъкидлаб ўтамизки, жисмоний шахс­ларни божхонада расмийлаштириш ва назоратдан ўтказиш таомиллари, аслини олганда, Жаҳон божхона ташкилоти аъзоси бўлган барча давлатларда (Ўзбекистон 1992 йилдан бери WCO аъзоси) айнан бир хилдир, айрим жиҳатлар бундан мустасно. Улар, хусусан, жисмоний шахслар томонидан олиб ўтиладиган товарлар ва валюта суммаларини декларациялашга тааллуқли. Уларни ҳамма ерда декларациялайдилар. Фарқи буни ёзма ёки оғзаки шаклда қилиш кераклигидадир.

 

 

ТАНИШИНГ – Т-6 ШАКЛИ

Ўзбекистон божхона чегараси орқали олиб ўтиш чоғида божхона декларацияси деб номланадиган ҳужжат қўлланади. Божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг1 1.20-бандига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган, қиймати ЭКИҲнинг 10 бараваригача бўлган товарларга БЮД тақдим этилмайди ва товарлар товарга илова қилинувчи ҳужжатлар асосида ўтказилади, қонун ҳуж­жатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Жисмоний шахслар Ўзбекис­тондан олиб чиқадиган товарларга божхона юк декларация­си қуйидаги ҳолларда тақдим этилмайди:

а) товарлар қиймати 1 000 АҚШ долларига эквивалент суммадан ошмаса;

б) яшаш жойи ўзгар­ганда (аввалги яшаш жойидан ҳисоб­дан чиқарилганлиги тўғрисидаги бе­лги аниқлаш­тирилган ҳолда) товарлар жисмоний шахс­нинг шахсий (хўжалик) мулки ҳисобланса;

в) узоқ муддатли хизмат са­фарларига чиқиб кетаётган Ўзбе­кистон фуқаролари шахсий мол-мулкини олиб чиқаётганда, шу­нингдек Ўзбекистондан чиқиб кетаётган бошқа давлатларнинг фуқаролари илгари ўзлари олиб кирган шахсий мол-мулкини олиб чиқаётганда.

Санаб ўтилган ҳолларда товарларга Т-6 шаклидаги божхона декларацияси тўлди­рилади.

Т-6 шаклидаги божхона дек­ларациясини тўлдириш ва расмийлаштириш тартиби тўғри­сидаги йўриқномага2 кўра ҳуж­жат 2 нусхада тўлдирилади. Биттаси божхона органининг йиғма­жилдларида қолади, иккинчи нусхаси уни тўлдирган шахсга берилади ҳамда унда кўрсатилган товарлар ва предметларни олиб чиқиш учун асос бўлиб хизмат қилади. Бланкалар ўзбек, рус ва инглиз тилларида тайёрланади ва танлаб олиниб, ана шу тиллардан бирида тўлдирилиши мумкин.

 

Маълумот учун! Кўп фуқа­роларда чегарани кесиб ўтиш чоғида товарларни дек­ларациялаш керакми деган савол туғилади. Товарларни декларациялаш ҳамма вақт керак! Бироқ декларациялаш оғзаки ва ёзма шаклда бўлади. Божхона кодексида оғзаки сўраш, одамлар орасида оғзаки декларациялаш деб аталадиган божхона назорати шакли назарда тутилган. Божхоначиларга мажбурий декларацияланадиган товарларингиз йўқлигини айтиш кифоядир. Улар багажни кўрикдан ўтказиш, ҳатто шахсий кўрикдан ўтказиш ҳуқуқига эгалар, буни хавфсизлик талаблари тақозо этади.

 

 

ТЎҒРИ ТЎЛДИРАМИЗ

Т-6 шаклидаги декларация 16 ёшга тўлган шахс томонидан белгиланган ўтказиш пунктлари орқали (аэропортларда, темир йўл вокзалларида, автомобиль ва пиёдаларнинг ўтиш жойларида) божхона чегарасини ҳар гал кесиб ўтганда, миллий ва (ёки) чет эл валютаси, валюта бойликлари, товарлар, транспорт воситалари ҳамда ишлаб чиқариш ёки бошқа тижорат мақсади учун мўлжалланмаган бошқа нарсаларни олиб ўтган тақдирда, шунингдек кузатиб борилмайдиган юкни (багажни) ҳар гал жўнатиш ва хориждан олиш пайтида тўлдирилади. Ушбу ҳолда декларацияни юборилган бойликларнинг эгаси бўлмаган бошқа шахс тўлдириши мумкин, бунинг учун у ушбу товарлар ва предметларнинг жўнатувчиси берган, нотариал тасдиқланган ишончномани тақдим этади. Ишончнома декларация билан биргаликда тақдим этилади ва ишончноманинг бир нусхаси ҳам божхона органининг йиғмажилдларида сақланади.

Декларацияни 2 нусхада тўл­дириш 5 дақиқадан кўп вақт­ни олмайди, чунки Т-6 шакли анча қулай, саволлар аниқ тузилган, уларга жавоб бериш учун асосан «ҳа» ёки «йўқ» жавоби берилган квад­ратчалар устига «Х» белгисини чизиш керак. Т-6 шаклида барча бандларни тўлдириш ва барча саволларга жавоб бериш зарур. Тегишли бандлардаги матнли ахборот босма ҳарфлар билан, бунинг учун ажратилган квадратчаларга ёзилади.

Декларацияда қуйидагилар кўрсатилади:

1-бандда паспорт ёки шахсни тасдиқловчи бошқа гувоҳномага мувофиқ маълумотлар, доимий истиқомат қилиш мамлакати фуқаролиги, жўнаётган мамлакат ва бораётган мамлакат, пас­портнинг серияси ва рақами; туғилган санаси (кун, ой, йил), жинси (эркак, аёл);

 

Маълумот учун! 16 ёшга етмаган шахслар тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек уларга тегишли бўлган товарлар ва предметлар тўғрисидаги маълумотлар уларнинг ота-оналари, бошқа қариндошлари ёки уларни кузатиб борувчи шахслар дек­ларацияларида, қариндошлик даражаси, фамилияси, исми ва туғилган йилини кўрсатган ҳолда кўрса­тилади.

 

2-бандда бориш тури (чиқиш, келиш, транзит);

3-бандда сафардан мақсад (хизмат, ўқиш, иш, саёҳат, қариндош­ларни бориб кўриш, даволаниш, доимий яшаш жойи, тижорат);

4-бандда юкнинг мавжудлиги тўғрисидаги маълумотлар;

5-бандда товарлар­нинг мавжудлиги тўғ­ри­сида­ги маълумотлар ва миллий валюта ёки бошқа нақд валюта, валюта бойлик­ларининг суммаси, ҳар қандай тур ва ҳолатда қимматбаҳо металлардан ясалган буюмларнинг миқдори;

 

Маълумот учун! Ўз­бе­кистон Республикасининг нақд миллий валютасини олиб кириш ва олиб чиқиш тартиби тўғрисида низомга3 кўра ЭКИҲнинг 5 бараваригача миқдорда нақд пул суммаси оғзаки, ундан ортиқ бўлса – Т-6 шаклидаги декларацияга мажбурий тарзда киритган ҳолда декларацияланиши мумкин.

 

6-бандда товарлар тўғрисидаги маълумотлар.

Кўп фуқаролар товарлар ва предметларни декларациянинг 5 ва 6-бандлари «а» кичик бандларида батафсил баён этишни зарур деб ҳисобламайдилар. Бу ўзлари учун зарар. Илгари йўловчи республикадан олиб чиққан, энди яна олиб кираётган қимматбаҳо ноутбук (фото- ва видеокамера, заргарлик буюмлари) учун божхона қандай асосга кўра бож тўлашни талаб қилаётганлиги сабабини сўраб газетамизга кўпинча мурожаат қилишади. Текширувлар одатда фуқаро Ўзбекистонга қайтаётиб, республикамиздан ушбу ашёларни олиб чиққанлиги далилини исботлай олмаганлигини кўрсатади. Хорижга чиқаркан, у буюмларини декларацияламаган ёки декларациянинг иккинчи нусхасини сақлаб қўймаган бўлиб чиқади. Багажда анча қимматбаҳо ашёлар бўлганда бу жуда муҳим. Декларацияда кўрсатилган маълумотлар, уларнинг фарқловчи аломатлари ва хусусиятлари буюмларнинг хорижда харид қилинмаганлигини тасдиқлаши мумкин.

 

Маълумот учун! Божхона декларацияси йўқолган тақдирда тикланмайди ва унинг эгаси унда кўрсатилган товарлар ва предметларни тўсиқсиз олиб ўтиш ҳуқуқини йўқотади.

Т-6 шаклидаги декларацияда мавжудлиги тўғрисида «ҳа» ёки «йўқ» квадратчаларини чизиш йўли билан жавоб бериш зарур бўлган махсус товарларнинг номлари кўрсатиладиган бандлар бор. Булар – ҳар қандай қуроллар, ўқ-дорилар, портловчи, радиоактив материаллар; наркотик, психотроп, заҳарли, кучли таъсир қилувчи моддалар ва дорилар; ҳайвонот ва наботот объектлари, уларни ташкил этувчи қисмлар ва улардан олинган маҳсулотлар; босма нашрлар ва маълумотларнинг бошқа ифодаловчилари; солиқ солинадиган товарлар; вақтинча олиб кириладиган (олиб чиқиладиган) товарлар; транспорт воситалари. Уларга рухсат бериш ҳужжатлари талаб қилинади, уларни божхона органининг мансабдор шахсига тақдим этиш лозим.

Декларациянинг 6-банди «б» кичик бандида транспорт воситаси тўғрисидаги маълумотларни уни божхона чегарасини кесиб ўтаётганда бошқарган фуқаро, техник паспорт ҳамда мазкур транспорт воситасига эгалик ва уни бошқариш ҳуқуқини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжатлар асосида тўлдиради. Унинг қонуний эгаси берган ишончнома бўйича бошқаришда декларацияда у тўғридаги маълумотлар – реестр рақами, берилиш санаси, нотариал идоранинг номи ҳамда нотариуснинг фамилияси, исми, отасининг исми ёзма равишда кўрсатилади.

 

 

БОЖХОНА РАСМИЯТЧИЛИКЛАРИ

Тўлдирилган Т-6 шакли унда кўрсатилган миллий ва чет эл валютаси, валюта бойликлари, товарлар ва бошқа предметлар билан бир вақтда божхона органининг ходимига тақдим этилади. Декларациянинг 5-банди «а» кичик бандида рақамлар билан ёзилган нақд валюта суммасини божхона органининг ходими сўз билан такроран ёзади. Товарлар ва предметларнинг божхона назоратидан кейин декларация уни амалга оширган ходимнинг шахсий рақамли муҳри билан тасдиқланади. Шахсий рақамли муҳр декларациянинг 5-банди «а» кичик бандига ва орқа томонига қўйилиб, божхона органи ходимининг имзоси билан тасдиқланади.

 

1ДБҚ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 3.11.1999 йилда 834-сон билан рўйхатдан ўтказилган.

2ДБҚнинг АВ томонидан 23.04.2004 йилда 1342-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

3МБ бошқаруви ва ДБҚнинг АВ томонидан 16.03.2004 йилда 1326-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

Прочитано: 3008 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика