Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 7 / Хўжалик юритиш қоидалари

Агар ижарачи мулкка эга бўлишга интилса

Бизнинг МЧЖ (ЯСТ тўловчи) кўчар ва кўчмас мулкларни ижарага беради. 2013 йил охирида у юридик шахсларга ижарага бериш учун янги «Нексия» сотиб олди. Хусусий корхона (ЯСТ тўловчи) автомобилни кейинчалик унга бўлган мулк ҳуқуқини ўтказган ҳолда ижарага беришимизни таклиф қилди. Шунингдек ХК автомобиль қийматини 24 га бўлиш ва ушбу суммани ойлик ижара тўловига киритишни таклиф қилди. Чунончи, агар шартнома 2 йилга тузилса, «Нексия» 31 500 000 сўмни ташкил этади, ойлик ижара ҳақи 300 000 сўмни ташкил қилади, бунда ХК бизга ҳар ойда 1 612 500 сўм тўлаши керак бўлади.

Бу ҳолда биз қандай шартнома тузишимиз керак – кейин сотиб олиш шарти билан ижара шартномасиними ёки лизинг шартномасиними? Улар бир-биридан нимаси билан фарқ қилади? Шартномада автомобиль қийматини ҳар ойда тўлаш суммаси билан ижара ҳақини бир бутун қилиб бирлаштириш мумкинми?

 

– Мазкур ҳолда кейин сотиб олиш шарти билан ижара шартномасини тузиш лозим. Бироқ аввал нима учун лизинг шарт­номасини имзолаш мумкин эмаслигини кўриб чиқамиз.

 

Фуқаролик кодексининг (ФК) 587-моддасига асосан лизинг шартномаси бўйича бир тараф (лизинг берувчи) иккинчи тараф (лизинг олувчи)нинг топшириғига биноан учинчи тараф (сотувчи) билан ундан лизинг олувчи учун мол-мулк сотиб олиш ҳақида келишиш мажбуриятини олади, лизинг олувчи эса бунинг учун лизинг берувчига лизинг тўловларини тўлаш мажбуриятини олади. Дастлаб қараганда, сизнинг вазиятингиз тўлалигича лизинг шартномасига тўғри келади: лизинг берувчи (МЧЖ) автомобилни сотувчидан сотиб олган ва уни лизинг шартномаси асосида лизинг олувчи (ХК)га беради.

Бироқ бир нечта ҳолат туфайли уни тузиш мумкин эмас. Биринчидан, автомобиль харид қилишда МЧЖ ХКнинг топшириғига кўра эмас, балки ўз манфаатларини кўзлаб ҳаракат қилган. Айни вақтда ФКнинг 587-моддасида назарда тутилишича, лизинг берувчи сотувчидан мол-мулк харид қилаётганда лизинг олувчининг топшириғига кўра ҳаракат қилиши керак.

Иккинчидан, МЧЖ сотувчини автомобиль ХКга лизингга беришга мўл­жалланганлиги ҳақида хабардор қилмаган, чунки уни харид қилиш пайтида жамиятнинг бундай нияти бўлмаган. Бундай билдиришнинг мажбурийлиги эса ФКнинг 591-моддасида назарда тутилади.

Учинчидан, лизинг шартномасини тузишнинг мумкин эмаслиги шу билан ҳам белгиланганки, мазкур ҳолда лизинг олувчи (ХК) автомобиль сотувчисига сотувчи билан лизинг берувчи (МЧЖ) ўртасида тузилган олди-сотди шартномаси талабларини, хусусан мол-мулкнинг сифати ва бутлиги, уни етказиб бериш муддатлари ҳақидаги талабларни ва шартнома сотувчи томонидан зарур даражада бажарилмаётган бошқа ҳоллардан келиб чиқадиган талабларни қўйишга ҳақли эмас, айни шу нарса ФКнинг 598-моддасида назарда тутилган.

 

Кейин сотиб олиш шарти билан ижара шартномасини тузиш имконияти ФКнинг 556-моддасида назарда тутилган. Унга кўра мулк ижараси шартномасида ижарага олинган мол-мулк ижара шарт­номасининг муддати тамом бўлганидан кейин ёки тамом бўлмасдан олдин ижарага олувчи шартно мада келишилган сотиб олиш баҳосининг ҳаммасини тўлаган тақдирда унинг мулкига айланиши назарда тутилиши мумкин.

Сизнинг МЧЖ ХК билан кейинчалик сотиб олиш шарти билан ижара шартномаси тузиб, унда сотиб олиш шартларини кўрсатиши ёки кўрсатмаслиги, уларни тарафларнинг қўшимча битимида назарда тутиши мумкин. Шартнома нарсасига боғлиқ ҳолда ижарачи тўловларни бир нечта усул билан амалга ошириши мумкин:

● сотиб олиш нархини ижара муддати мобайнида ижара тўловлари билан бир вақтда бир маромда ўтказиши. Бунда уларга ҳақ тўлаш алоҳида тўлов топшириқномалари билан амалга оширилади;

● миқдори мол-мулк қийматини ўз ичига оладиган ижара тўловларинигина тўлаши. Ижара шартномасининг муддати тугаши билан тарафлар қўшимча битимни имзолайдилар, унга кўра ижара тўловларининг бир қисми ижарага олинган мулкни сотиб олиш нархи ҳисобига қайд этилади;

● мулк қийматини ижара тўловлари билан бир вақтда битта тўлов топшириқномаси билан тўлаши.

Бироқ учинчи усулни қўллаганда мулк­ни сотиб олиш қийматини ҳисобга олган ҳолда ижара ҳақини белгилаш камлик қилишини инобатга олиш керак. Шартномада ижара ҳақи ва сотиб олиш қисми миқдорларини назарда тутиш, тўлов топшириқномасида эса тўловнинг қайси қисми ижара харажатлари, қайси қисми эса автомобилнинг қийматини қоплаш (сотиб олиш нархи) ҳисобланишини қайд этиш керак. Буни аввало нохуш солиқ оқибатларига йўл қўймаслик мақсадида қилиш лозим. Зеро шартномада автомобилни сотиб олиш шартлари бўлмаса, ўтказилаётган 1 612 500 сўм ижара тў­лов­лари деб ҳисобланиши мумкин. Бу ҳолда автомобиль қиймати ХКнинг текин олинган мол-мулк тарзидаги даромади ҳисобланиши ва унга солиқ солиниши мумкин. МЧЖ 1 612 500 сўм миқдорида оладиган тўловлар эса унинг қонун ҳужжатлари билан белгиланган ставкада ЯСТ солинадиган, товарлар (ишлар, хизматлар) реализациясидан олинадиган ялпи тушуми деб ҳисобланади. Агар шартномада автомобилнинг сотиб олиш нархи назарда тутилса, Солиқ кодекси (СК) 355-моддаси тўртинчи қисмининг 12-бандига мувофиқ МЧЖ ижара ҳақи суммасидангина, автомобилнинг сотилиш нархи унинг қолдиқ қийматидан ошмаслиги шарти билан, ЯСТ тўлайди (СКнинг 133-моддаси).

Шуни ёдда тутиш лозимки, автотранс­порт воситаларини ижарага олиш шарт­номаси (шу жумладан кейин сотиб олиш шарти билан) Автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни расмийлаштириш тартиби тўғрисида низомга (ВМнинг 7.03.2006 йилдаги 38-сон қарори билан тасдиқланган) мувофиқ нотариал тартибда тасдиқланиши керак. ФКнинг 112-моддасига кўра ушбу талабга риоя қилмаслик битимнинг ҳақиқий эмаслигига олиб келади.

Алишер УБАЙДУЛЛАЕВ,

«VICTORY YURCONSALT» МЧЖ юрисконсульти.

Прочитано: 2566 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика