Norma.uz

Биз яшайдиган уй

УЙ ҲАМЖАМИЯТДАН ЧИҚМОҚЧИ...

ЁКИ ОҚИБАТЛАРСИЗ АЖРАЛИШ

 

Мамлакатимизда дастлабки ширкатлар барпо этилган пайтдан бошлаб ўтган вақт уй-жой мулкдорларига уларнинг қандайлари кўп квартирали турар жой фондини бошқариш ҳамда унга хизмат кўрсатиш учун энг кўп самарадор ва яшовчанлигини танлаш имконини берди. Пойтахтда бир уйли ва кичик ХУМШлар афзал кўриляпти. Шундай бўлса-да, улар ҳам йирик ХУМШлар сингари қандайдир қотиб қолган ва барқарор шакл деб ҳисобланмайди. Уларда доимо ҳаракат бор. Баъзи уйлар мавжуд катта ёки мақбул ҳамжамиятлардан ажраб чиқади ва мустақил равишда фаолият юритади. Бошқалар эса, аксинча, ёлғиз ҳолда уй-жой муаммолари тўлқинларида сузиб юриб ва кўплаб талафотларни бошдан кечириб, катта, барқарор бирлашмага қўшилишни хоҳлайди. Учинчилари эса ўз ширкатини тугатиш ёки мавжуд аҳволдан қутулиш ва уй хўжалигини юридик шахсни ташкил этмасдан бошқариш хусусида қатъий қарор қабул қилади, бунга ҳам қонун ҳужжатлари рухсат беради.

Яшовчилар ўз уйларини қандай ҳамжамиятда кўришни хоҳлашлари доимо уларга боғлиқ. Бу борада четдан кўрсатма бериш ёки босим ўтказиш керак эмас. Бир уйли ширкат ўз уйини эпақага келтира олмаслиги, катта ширкат эса уни яшнатиб юбориши ҳоллари учрайди.

ХУМШнинг муваффақияти уйлар сонига эмас, балки унда қандай кишилар – аҳил ёки уришқоқ; фаол ёки лоқайд; бағри кенг ёки ҳамма нарсадан норози (фақат шикоят ила талаб этадиган, ўзлари эса ўз фаровонликлари учун ҳаракат ҳам қилмайдиган) қўшнилар яшашига боғлиқдир. ХУМШ деган кема қулай оқимда сузиши ва унга ҳеч қандай саёзликлар, денгиз қоялари хатар туғдирмаслиги учун жамоа ўз дарғасини қўллаб-қувватлаши, мақсад сари олға бориши, бунинг учун жиддий саъй-ҳаракатлар қилиши керак.

Одатда уйнинг катта ширкатдан ажраб чиқиши ва мустақил ширкат тузишига айрим сабаблар туртки бўлади. Кишилар йиллар давомида уйлар исимаслиги, томдан чакка ўтиши, йўлаклар ва ҳовлилар ифлос бўлиб ётиши, ертўлаларнинг зах тортиб ётиши, лифтларнинг ишламаслиги ва аввалги ХУМШдан мерос қолган бошқа кўнгилсизликлар туфайли энди чидай олмайдиган ҳол туфайли шундай бўлади. У билан ажрашиш оғриқли оқибатларсиз ўтиши учун масалаларни тинч йўл билан қандай бартараф этиш керак? Бизнинг тавсияларимиз ўз уйини (уйларини) катта ХУМШдан олиб чиқиш ва мустақил ширкат барпо этишни ўйлаётганлар учун мўлжалланган.

 

МАВЖУД ШИРКАТДАН УНИ ҚАЙТА ТАШКИЛ ЭТМАСДАН ТУРИБ, БИР УЙНИНГ ЧИҚИШИ ЙЎЛИ БИЛАН ЯНГИ ХУМШни БАРПО ЭТГАНДА ҲАРАКАТЛАР МЕХАНИЗМИ

 

1-қадам. Нимадан бошлаш керак?

Аввалги катта ширкат «ҳамжамияти»дан чиқиш мўлжалланаётган уйда серғайрат, фаол кишилар ташаббускор гуруҳни шакллантиришлари керак. Гуруҳ мулкдорларнинг алоҳида ХУМШни барпо этиш ташаббусини йўналтириб боради. Уйнинг ҳар бир йўлагида обрўли ва қўшнилар ҳурматини қозонган фаоллардан кўмакчи гуруҳини тузиш лозим. Уларнинг алоҳида вазифалари яшовчилар эътиборига ХУМШ фаолиятига доир масалаларни етказиш, бадалларнинг ўз вақтида тўланиши зарурлигини тушунтириш, кишиларни шанбаликларга сафарбар этиш, йўлакдаги тартибни кузатиш ва бошқалардан иборатдир.

 

2-қадам. Ташаббускор гуруҳ аъзоларининг хабардорлигини ошириш

Ташаббускор гуруҳ аъзолари ширкатни барпо этиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг асосларини эгаллаши керак. Ушбу жараённи бир қатор ҳужжатлар тартибга солади. Уларнинг асосийлари – «Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонун (12.04.2006 йилдаги ЎРҚ-32-сон, бундан кейин – ХУМШ тўғрисидаги Қонун), Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйиш тўғрисида низом1 (бундан кейин – Низом), Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатининг намунавий устави2 (бундан кейин – Устав).

 

3-қадам. Яшовчиларнинг хабардорлиги ва фаоллигини ошириш

Ташаббускор гуруҳ яшовчиларга ХУМШ аъзоларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини, бир уйли ширкатларнинг афзаллигини тушунтиради. Бундай ҳамжамиятлар фаолиятидан ижобий мисоллар келтиради, улардан бирига экскурсия уюштириши мумкин. Йиғилишлар ва суҳбатлар вақтида мустақил ХУМШ барпо этилишининг яхши ва нохуш жиҳатларини аниқлайдилар.

 

4-қадам. Уй ва унда яшовчилар тўғрисида ахборот йиғиш

Фаоллар уйдаги турар жой ва нотурар жойлар мулкдорларининг рўйхатини тузиб, уларнинг телефонларини кўрсатадилар. Уйдаги нотурар жойлар кимга тегишлилигини, қанча квартиралар бўш ётганлиги, турар жойларда қанча квартирантлар яшаши ва бошқа маълумотларни аниқлайдилар.

Қўшниларнинг ижтимоий таркиби аниқланади: бадавлат, кам таъминланган, ёлғиз яшовчилар ва ҳоказо. Уйда хилма-хил касбдаги кишилар: бухгалтерлар, электриклар, юристлар, слесарлар ва ширкатга баҳоли қудрат ёрдам кўрсата олувчилар яшашлари мумкин.

Уйда нотурар жойларнинг мавжудлиги, уйнинг пештоғи ёки томида рекламани жойлаштириш, кабелли ТВ антенналари ва ҳоказодан келиб чиқиб бўлажак ХУМШ учун қўшимча даромадлар олиш ёки тежамкор бўлиш имконияти ўрганилади.

 

5-қадам. Умумий йиғилишни ўтказишга тайёргарлик кўриш

Ташаббускор гуруҳ яшовчилар учун бўлажак ташкилий йиғилиш тўғрисида хабарномалар тайёрлайди, улар ҳар бир мулкдорга тилхат олиб топширилади. Гуруҳ ХУМШ ташкилий йиғилишида шахсан ҳозир бўла олмайдиган квартира эгаларини ишончнома билан таъминлайди. Фаоллар ширкат устави лойиҳасини ишлаб чиқадилар, уни танишиш учун мулкдорларга тақдим этадилар. Яшовчилар унга қўшимчалар ва таклифларни киритишлари мумкин. Ташаббускор гуруҳ йиғилиш ўтказилиши тўғрисида эълон, сценарий, янги ХУМШ бошқаруви ва тафтиш комиссиясига номзодлар бўйича таклифларни тайёрлайди, бошқарув ва уйни сақлаш имкониятлари ва вариантларини ишлаб чиқади.

 

6-қадам. Жой мулкдорларининг умумий йиғи­лишини ўтказиш

Ташкилий умумий йиғилиш ўтказиш механизмини ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг 20-моддаси тартибга солади. Ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши, агар йиғилишда кўп квартирали уйдаги ёки зич жойлашган бир нечта уй ҳар биридаги жой мулкдорларининг ёки улар вакилларининг 50%идан ортиғи ҳозир бўлса, ваколатли ҳисобланади.

Ташкилий умумий йиғилиш қуйидаги кун тартиби билан ўтказилади: ХУМШни барпо этиш, уставни тасдиқлаш, раис ва бошқарув аъзоларини сайлаш, тафтиш комиссиясини сайлаш ва бошқа масалалар.

Кворум етарли бўлмаган тақдирда ташаббускор гуруҳ умумий йиғилишни ўтказишнинг янги санаси ва вақтини белгилайди, бу ҳақда уй-жой мулкдорлари қўшимча равишда огоҳлантирилади. У илгари қолдирилган умумий йиғилиш кунидан 10 кундан кечиктирмай ўтказилади (Уставнинг 11.5-банди).

 

7-қадам. ХУМШни ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилиш

ХУМШни ташкил этиш тўғрисидаги қарор, агар барча жой мулкдорларининг 50%идан кўпи уни ёқлаб овоз берган бўлса, қабул қилинган ҳисобланади. Жой мулкдорининг умумий йиғилишга ёзма шаклда, унда ширкатни ташкил этиш масаласи бўйича мулкдорнинг қарори ва унга қарашли жой манзили кўрсатилган ҳолда (ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг 10-моддаси), шунингдек вакил орқали ишончнома асосида берилган овози (ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг 21-моддаси) ҳисобга олинишига йўл қўйилади.

Ҳар бир мулкдор (ширкат аъзоси) умумий йиғилишда бир овозга эга бўлади, бунда унинг уйда бир нечта турар жойга эга бўлиши аҳамиятга эга эмас (ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг 20-моддаси).

Овоз бериш натижалари ва ёзма шаклда берилган овозлар сони кўрсатилган ҳолда йиғилиш баённомаси йиғилиш раиси ва котиби томонидан имзоланади. Уй чиқиб кетаётган ширкатга янги ХУМШ барпо этиш тўғрисидаги қарор нусхаси берилади.

 

8-қадам. Уйдаги яшовчилар чиқадиган мавжуд ХУМШ бошқаруви билан ҳамкорлик

Уй катта ХУМШдан чиқишида ҳар доим ижро этилмаган ўзаро мажбуриятлар қолади. Улар тарафларнинг келишуви билан ёки суд тартибида белгиланади (Низомнинг 6-банди). Собиқ ширкат бошқаруви билан ўзаро ҳисоб-китобларнинг якунлари бўйича уйни қабул қилиш-топшириш далолатномаси тузилади.

1. Уй учун қилинган харажатларни ўрганиш.

Бошқарув уйдаги умумий мол-мулкни техник текширувдан ўтказади, унинг ҳолатини фотосуратларда қайд этади, унинг қандай ҳолатдалиги тўғрисида хулоса тузади. Кейинги бир неча йил ичида кўп қаватли уй квартира эгаларининг маблағлари қандай сарфланганлигини аниқлайди:

унда қандай таъмирлашлар ва уларга доир харажатлар қилинганлиги;

ширкатга таъмирлашни ўтказиш учун материаллар тарзида ҳомийлик ёрдами ажратилганми, уйгача етиб келганми;

уйдан ХУМШ бюджетига қандай қўшимча даромадлар (нотурар жойлар мулкдорларидан бадаллар, уйда рекламани жойлаштириш, кабелли ТВ антенналарини ўрнатиш ва бошқалардан бадаллар) келиб тушган ва улар уй эҳтиёжларига сарфланганлиги;

дебиторлик ва кредиторлик қарзи мавжудлиги. Кўп ҳолларда ушбу қарзлар шубҳали бўлади, чунки аввалги ширкатнинг масъулиятсизлиги ва ишни ташкил эта олмаслиги туфайли ишлар билан қопланмайди;

кўп қаватли уйда яшовчиларнинг 30 фоизлик жамғармалари мукаммал таъмирлашга қандай сарфланганлиги. ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг 37-моддасига асосан алоҳида кўп квартирали уйдаги жой мулкдорлари ширкат аъзолигидан чиққан тақдирда, бу уйни мукаммал таъмирлаш учун жой мулкдорлари томонидан маблағларни мақсадли жамғариш ҳисобига тўпланган ширкат пул маблағларининг бир қисми янги тузилаётган ширкатга белгиланган тартибда ўтказилиши керак;

юридик шахс сифатида ширкат мол-мулкининг (ширкат мулкида бўлган ускуналар, инвентарь, материаллар, жойлар ва ҳоказо) қандай қисми мазкур уй мулкдорларининг улушига кириши ва у қиймат ифодасида компенсацияланиши ёки мол-мулк тарзида берилиши лозимлиги.

 

2. Яшовчиларнинг олдинги ширкатдан қарзлари

 

ЁДДА ТУТИНГ:

Ташкил этилаётган ХУМШ илгари улар аъзо бўлган ширкат олдида ўз аъзоларининг мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий ворис бўлиб ҳисобланмайди (Низомнинг 6-банди). Яъни уй-жой мулкдорларининг олдинги ХУМШдан қарзлари эски ширкатда қолади. Унинг ўзи қарзларни ўз фойдасига ундириш билан шуғулланиши ва уларни янги ХУМШдан талаб қилмаслиги керак.

 

9-қадам. Янги ХУМШни рўйхатдан ўтказиш

Низомнинг 4 ва 6-бандларига кўра мавжуд ширкатни қайта ташкил этмасдан бир уй (бир нечта уй) жой мулкдорларининг ундан чиқиши йўли билан янги ширкат барпо этилганида унда яшовчилар ҳокимликнинг тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш инспекциясига қуйидаги ҳужжатлар пакетини тақдим этишлари керак:

ширкатга бирлашаётган уй (уйлар) квартира мулкдорларининг умумий йиғилиши ваколат берган шахс томонидан имзоланган ариза;

уй (уйлар) квартира мулкдорлари умумий йиғили­шининг ширкатни ташкил этиш (ҳар бир уй бўйича овоз бериш натижалари билан), уставни тасдиқлаш ва бошқарув органларини сайлаш тўғрисидаги баённомасидан умумий йиғилиш раиси ва котиби имзолаган кўчирма;

ширкат устави;

ширкатни тузишга овоз берган уй (ҳар бир уй) мулкдорларининг уларнинг паспорт маълумотлари, манзиллари, квартирага ҳуқуқни белгилайдиган ва мулкдорлар имзолаган ҳужжатлар номлари ва реквизитлари кўрсатилган рўйхати;

квартиралар ва нотурар жойлар сони кўрсатилган ҳолда уй (уйлар) манзил рўйхати;

белгиланган тартибда туман (шаҳар) статистика органлари томонидан берилган фирма номи тўғрисидаги гувоҳнома;

3 нусхада муҳр ва штампларнинг эскизлари;

аъзоларнинг бир қисми чиққан ширкатни қабул қилинган қарор тўғрисида хабардор қилиш далилини тасдиқлайдиган ҳужжатлар (нусхалар).

 

МАЪЛУМОТ УЧУН:

Қайта ташкил этмасдан туриб ширкатни рўйхатдан ўтказиш чоғида тақсимлаш балансини тузиш, туман (шаҳар) ҳокимининг қарорини чиқариш талаб этилмайди.

Рўйхатдан ўтказувчи орган ширкатдан Низомда назарда тутилмаган қўшимча ҳужжат­лар ва маълумотларни сўраб олишга ҳақли эмас.

Тақдим этилган ҳужжатларнинг Низом талабларига номувофиқлигигина асосланган рад этиш учун асос ҳисобланади. Рўйхатдан ўтказишни асосланган рад этиш рўйхатдан ўтказишни рад этиш тўғрисидаги тегишли хат билан расмийлаштирилади.

Ширкатни рўйхатдан ўтказишда такроран рад этиш ҳамда рўйхатдан ўтказувчи орган биринчи асосланган рад этишда кўрсатилмаган янги ҳолатларни келтиришга ҳақли эмас (Низомнинг 7-банди).

 

1Президентнинг 10.02.2005 йилдаги ПҚ-3-сон қарорига 3-илова.

2Вазирлар Маҳкамасининг 30.05.2006 йилдаги 100-сон қарорига 1-илова.

 

САМАРҚАНД АРИҚЛАРИ

 

Самарқанд шаҳри қанчалик бой тарихга эга бўлса, унинг ирригация тизими ҳақида ҳам шундай фикр айтиш мумкин. Негаки, шаҳарларнинг пайдо бўлиши ва ривожланишида сув ресурсларининг мавжудлиги ҳам муҳим аҳамият касб этган.

Самарқанд шаҳри Зарафшон водийсининг ўрта қисмида, денгиз сатҳидан 700-740 метр баландликда бўлса-да, Дарғом ва Сиёб каналлари оралиғида жойлашгани боис сув таъминоти жуда яхши бўлган. Қадимий Афросиёб харобаларида олиб борилган археологик қазишма ишларида аниқланишича, шаҳарнинг барча ҳудудларини қамраб олган мураккаб ирригация тизими мавжуд бўлган. Мазкур тизим ариқлар, тўғонлар, сув кўприклари, пишиқ ғиштдан терилган ер ости сув галереялари – оби-мўрилардан ва сув сақлаш ҳавзаларидан иборат бўлган. Тарихий маълумотларга кўра, ўша даврда сув таъминоти тизимларида 680 тўғон бўлиб, улар ёрдамида 15 мингга яқин хўжалик ерларига сув етказиб берилган. Аҳоли хонадонлари эса сопол қувурлар ёрдамида сув билан таъминланган. Шаҳарнинг юқори қисмига сув чиқариш учун махсус чиғирлардан фойдаланилган. Бундай мосламалар Шоҳи Зинда мажмуасидан 150 метр ғарб томонда ҳам топилган.

ЎзА материали асосида.

 

 

ҚЎШНИЛАР УЧУН ҲОРДИҚ ВАҚТИ

Кўп квартирали турар жойларда шовқин-суронли таъмирлаш ишларини қайси вақтда амалга оширишга рухсат этилган? Менинг икки нафар кичик болам бор, улар кундузи ухлашлари керак. Перфоратор шовқини уларга уйқу бермайди. Уй-жой тўғрисидаги қонун ҳужжатларида «ҳордиқ вақти» назарда тутилганми?

Ольга.

 

– Таъмирлашни бошга тушган савдо дейишади. Таъмирлов нафақат уй эгасига, балки қўни-қўшниларига ҳам катта ноқулайликлар олиб келади. Ҳақиқатан ҳам эрталабдан кечгача перфоратор гувиллаб турса ёки қўшни деворни бузиб ташлаётган бўлса, қаерга қочасиз? Бундай ишларни бажариш вақтини Кўп квартирали уйларда бинолар чидамлилигининг хавфсизлигини таъминлайдиган жойларни реконструкция қилиш, қайта ўзгартириш ва қайта жиҳозлашни амалга ошириш тартиби тўғрисида низом1 белгилайди. Ушбу ҳужжатнинг 20-бандида кўп квартирали уйларда шовқин-суронли ишларни соат 8.00 дан олдин бошлаш ва уларни 21.00 дан кейин тугаллаш тақиқланган. Агар уйда яшовчилар ўртасида яхши қўшничилик муносабатлари ўрнатилган бўлса, улар осонлик билан умумий тил топишлари ва ма­салани кичик бо­лалар учун «ҳор­диқ вақти»ни бе­лгилаган ҳол­да ҳал этишлари мумкин. Масалан, «шовқин-су­ронли» ишларни муайян вақтда бажаришга келишиб олиш мумкин.

Баъзи ширкатлардаги умумий йиғилишларда уйда яшаш қоидалари ишлаб чиқилади ва тасдиқланади. Бундай локал ҳужжатларда қўшниларнинг таъмирлашни бажариш билан боғлиқ масалалари акс эттирилиши мумкин. Уйда яшовчилар уларда шовқин-суронли ишларни бажариш вақтларини қайд этишлари лозим.

Фуқароларнинг уй-жой ҳуқуқ­лари, коммунал хизмат кўрсатиш, фуқаролар учун қулайлик соҳа­сида ҳуқуқбузарликлар учун жа­воб­гарлик Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда назарда тутилган. Унинг 192-моддасида белгиланишича, тунги вақтда – соат 23.00 дан 06.00 гача – фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишини бузиш, яъни баланд овоз билан қўшиқ айтиш, мусиқа асбобларида чалиш, товуш сигналлари бериш, хонадонларда, турар жойларнинг йўлаклари ва эшикларида, кўчаларда овози баланд қилиб қўйилган телевизорлар, радиоприёмниклар, магнитофонлар ва овоз чиқарувчи бошқа аппаратуралардан фойдаланиш, турар жой биноларида ва улардан ташқарида жуда зарур бўлмагани ҳолда шовқин чиқарувчи ишлар қилиш, шунингдек маиший шовқинга қарши кураш талабларини бузувчи бошқа ҳаракатларни содир этиш фуқароларга энг кам иш ҳақининг 1/3 қисми, мансабдор шахсларга эса – 1/3 қисмидан 1/2 қисмигача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Худди шундай ҳу­қуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, фуқароларга энг кам иш ҳақининг 1/2 қисми миқдорида, мансабдор шахс­ларга эса – 1/2 қис­мидан 1 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

 

1ШНК 1.04.05-06, Архитектура ва қурилиш бўйича давлат қўмитасининг 23.03.2006 йилдаги 20-сон буйруғи билан тасдиқланган.

 

Мавзувий сонни Ирина ГРЕБЕНЮК олиб боради.

 

Прочитано: 1047 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика