Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2014 год / № 4 / Автомобиль ва ҳуқуқ

Автомобилни сотиш учун...

Бизнинг ташкилотимиз давлат улушига эга ОАЖнинг шуъба корхонаси ҳи­собланади. Акциядорлар йиллик йиғи­лиши якунларига кўра устав фондини капиталлаштириш ҳисобига бизга янги автомобиль харид қилиш учун пул ажратилди, шунингдек ОАЖ раҳбариятининг 1997 йилда ишлаб чиқилган эски «Нексия»ни сотишга розилиги олинган.

Автотранспорт воситасини жисмоний ёки юридик шахсга сотиш қандай тартибда амалга оширилади?

 

– Автотранспорт воситалари билан боғлиқ битимни амалга ошириш, шу жумладан уларнинг олди-сотдиси учун қуйидаги тартибда ҳаракат қилишни таклиф этамиз:

1) сотувчи ҳамда харидор томонидан ҳужжатлар пакетини тайёрлаш;

2) тарафлар томонидан ёки баҳолаш ташкилотини жалб этган ҳолда автотранспорт воситасини баҳолаш;

3) автомобилни агрегатлари рақамла­рининг рўйхатга олиш рақамла­рига муво­фиқлиги бобида ДЙҲХХ органларига тақдим этиш;

4) шартнома тузиш ва нотариал идорада уни нотариал тасдиқлаш;

5) харидор томонидан шартномани ДЙҲХХда рўйхатдан ўтказиш.

Автомототранспорт воситаларини бош­қа шахсларга ўтказиш тўғрисидаги битимлар албатта нотариал тасдиқланиши керак. Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисида йўриқномага1 мувофиқ сиз нотариал идорага қуйидаги ҳужжатларни тақдим этишингиз керак:

юридик шахснинг таъсис ҳужжатлари;

юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақидаги гувоҳнома;

мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар (сизнинг ҳолатингизда – транспорт воситасини қайд қилиш гувоҳномаси);

юридик шахс ваколатли органининг автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш ҳақидаги ҳужжати (қарор, умумий мажлис баённомаси, кузатув кенгашининг қарори, буйруқ ва ҳоказо);

вакилнинг ваколатини тасдиқловчи ҳужжат (ишончнома);

қолдиқ баланс қиймати тўғрисида маълумотнома;

юридик шахснинг соф активлари ҳақида маълумотнома;

автомототранспорт воситасини тарафлар ўртасидаги баҳолаш далолатномаси;

топшириш ва қабул қилиш далолатномаси (агар шартномани имзолашдан аввал автомототранспорт воситаси топширилган бўлса);

мулкдорнинг розилиги (агар автомототранспорт воситаси юридик шахсга оператив бошқарув ҳуқуқи асосида тегишли бўлса);

давлат божи тўланганлигини тасдиқ­ловчи ҳужжат (тўлов топшириқ­номаси, квитанция);

тарафлар ўртасида ҳисоб-китоб қилин­ганлигини тасдиқловчи ҳужжат (ҳисоб-китоб кечиктирилган ҳоллар бундан мус­тасно);

Давлат ташкилотларига тегишли бўл­ган автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги битимларни тасдиқлашда қўшимча равишда баҳоловчи ташкилотнинг ҳисоботи ва юқори турувчи ташкилотнинг рухсати (агар у мавжуд бўлса) талаб қилинади.

Давлат ташкилотларига тегишли бўлган автомототранспорт воситаларини сотиш билан боғлиқ битимларни расмийлаштириш Бюджет ташкилотлари ва давлат унитар корхоналарининг асосий воситаларини ҳамда қурилиши тугалланмаган объектларини сотиш, шунингдек уларни сотишдан тушган пул маблағларини тақсимлаш тартиби тўғрисидаги низом2 талабларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади.

Мазкур ҳужжат фақат бюджет ташкилотлари ва давлат унитар корхоналарига татбиқ этилишига эътиборингизни қаратамиз. Бироқ сизнинг корхонангиз акциядорлик жамиятининг шуъба корхонаси ҳисобланади. Фуқаролик кодекси 4-бобининг 2-§ига кўра акциядорлик жамиятининг шуъба корхоналари, жамиятнинг давлатга тегишли акцияларининг сонидан қатъи назар, бюджет ташкилотлари деб ҳам, давлат унитар корхоналари деб ҳам ҳисобланмайди. Бинобарин, мазкур меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат корхонангизга татбиқ этилмайди.

Автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни расмийлаштириш тартиби тўғрисида низомга3 мувофиқ ав­томототранспорт воситаларининг ол­ди-сотдиси билан боғлиқ битимларни нотариуслар томонидан нотариал тартибда тасдиқлаш фақат қатъий ҳисобда турадиган, ҳимоя даражасига, серияга, тартиб рақамига ва ҳудудий кодга эга бўлган гербли (махсус) бланкаларда амалга оширилади. Бунда бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги битимнинг биринчи нусхаси гербли (махсус) бланкада расмийлаштирилади.

18 ёшга тўлмаган шахсларга автотранспорт воситалари, 16 ёшга тўлмаган шахс­ларга автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни расмийлаштиришга йўл қўйилмайди, лотерея ва бошқа оммавий ўйинларнинг ютуқлари бўлган, қонунда белгиланган тартибда мерос қилиб олинган автомототранспорт воситалари бундан мустасно.

Нотариуслар томонидан битимлар тас­диқлангунга қадар автомототранспорт воситалари улар рўйхатга олинган жойдаги ёки битим содир этилган (сотиб олувчининг танловига кўра) жойдаги ДЙҲХХ органларида агрегатлар рақамлари рўй­хатдан ўтказиш рақамларига муво­фиқлиги юзасидан кўздан кечирилиши керак. Уларнинг мувофиқлиги кўздан кечирган мансабдор шахснинг фамилияси ҳамда исми ва отаси исмининг бош ҳарфлари, кўздан кечирилган сана кўрсатилган ва мансабдор шахс имзоси қўйилган ҳолда автомототранспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш ҳужжатидаги штамп билан тасдиқланади. Штамп 10 кун мобайнида амал қилади.

Нотариуслар томонидан автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни тасдиқлаш бошқа шахсга бериш тақиқланмаганлиги ва хатлаб қўйилмаганлиги текширилгандан кейин амалга оширилади. Бундай ҳолат мавжуд эмаслиги тўғрисидаги ахборот 5 кун мобайнида ҳақиқийдир.

Автомототранспорт воситаларининг олди-сотди шартномаси матнида қуйида­гилар кўрсатилиши керак:

битимнинг номи, битим тасдиқланган жойнинг тўлиқ номи (вилоят, туман, шаҳар) ва тузилган санаси (йил, ой ва кун сўзлар билан ёзилади);

тарафларнинг фамилияси, исми, ота­сининг исми, доимий прописка қи­линган манзили, паспорти ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатининг рақами, қачон ва ким томонидан берилганлиги (жисмоний шахслар учун);

юридик шахснинг тўлиқ номи, жойлашган ери (почта манзили), СТИР, давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома рақами ва санаси, давлат рўйхатидан ўтказган органнинг номи (юридик шахс учун);

автомототранспорт воситасининг русуми, ишлаб чиқарилган йили, рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиси, агрегат рақамлари, қуввати (от кучи);

транспорт воситасини қайд этиш гувоҳномасининг серияси, рақами, қачон ва ким томонидан берилганлиги;

автомототранспорт воситасининг тарафлар томонидан келишилган баҳоси;

автомототранспорт воситасини бошқа шахсга ўтказиш тақиқланмаганлиги ва хатланмаганлиги ҳақидаги маълумотлар;

давлат божи қайси тараф томонидан тўланганлиги ҳақидаги маълумот;

битим неча нусхада тузилганлиги ва қайси рақамли гербли (махсус) бланкада (бланкаларда) расмийлаштирганлиги ҳақидаги маълумотлар;

автомототранспорт воситаларини бош­қа шахсга ўтказиш тўғрисидаги олди-сотди, айирбошлаш, ҳадя қилиш шартномалари ва бошқа турдаги битимлар нотариал тартибда тасдиқланган пайтдан бошлаб 10 кун мобайнида ДЙҲХХ органларида рўйхатдан ўтказилиши кераклиги. Бунда шартнома матнининг якуний қисмида ва тасдиқловчи ёзувда: «Ушбу шартнома ИИВнинг тегишли ДЙҲХХ органларида ўн кун ичида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилиши шарт. Мазкур талабни бажармаслик қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортишга олиб келади» деб ёзиб қўйилади.

Тарафларнинг хоҳишига кўра олди-сотди шартномасида қонун ҳужжатларига зид келмайдиган бошқа шартлар ҳам кўрсатилиши мумкин. Одатда у тарафлар ҳамда нотариуснинг ушбу битимларга доир қонун ҳужжатларининг барча талабларига риоя этиши мақсадида бевосита нотариал идорада тузилади ва имзоланади.

 

1Адлия вазирининг АВ томонидан 30.03.2010 йилда 2090-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.

2Вазирлар Маҳкамасининг 31.12.2009 йилдаги 343-сон қарори билан тасдиқланган.

3Вазирлар Маҳкамасининг 7.03.2006 йилдаги 38-сон қарори билан тасдиқланган.

 

 

Абдураҳмон БАХТИЕВ,

эксперт-юристимиз.

Прочитано: 11269 раз(а)

Комментарии к статье (1)

Ошибка: Xbb_Tags_Color не найден.Ошибка: Xbb_Tags_A не найден.
2018-04-13 22:47:38, Гость_:
Если Вы являетесь клиентом компании Norma (подписчиком годового комплекта электронной/печатной версии газет или пользователем программного продукта "Законодательство РУз", заключившим договор на 12 месяцев), Вы можете задать вопросы экономико-правовой тематики,  воспользовавшись Справочной службой «Мы отвечаем»!

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика