Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 4 / 26 январь – Халқаро божхоначилар куни

Ўзбекистон божхонаси: Халқаро ҳамкорлик ва иқтисодий хавфсизлик чорраҳасида

Бу йилги Халқаро божхоначилар куни Жаҳон божхона ташкилоти томонидан «Янада самарали ҳамкорлик учун ахборотлар алмашинуви!» шиори остида нишонланмоқда.

 

Халқаро божхоначилар куни нафақат дунё давлатлари божхона хизматларининг ўзаро ҳамкорлигини намойиш этиш, балки иқтисодий ва ижтимоий тараққиётга эришишда божхонанинг муҳим иштирокига яна бир карра кенг жамоатчилик эътиборини жалб қилиш имконини беради.

ЖБТнинг тарихи 1947 йилдан бошланган. Дастлаб Европанинг 13 давлатини ўзида бирлаштирган ва Ишчи гуруҳ тарзида фаолиятини бошлаган ЖБТ 1950 йилда Кенгаш тарзида фаолият олиб бориш учун ўз Конвенциясини имзолади. 1952 йилга келиб, мазкур Конвенция кучга киритилди. 1953 йилнинг 26 январида эса Кенгашнинг Инаугурация сессияси бўлиб ўтди. Божхона ҳамкорлиги кенгаши (ҳозирги ЖБТ)нинг 1993 йил 25 январдаги қарорига асосан ҳар йили 26 январда Халқаро божхоначилар куни дунё бўйлаб кенг нишонланади.

1994 йилдан эса Кенгаш Жаҳон божхона ташкилоти номини олди ва унга ҳозирда 180 га яқин давлат аъзо ҳисобланади. Конвенциянинг 1952 йилдан кучга киргани эъти­борга олинса, жорий йилда ЖБТ ташкил этилганига расман 62 йил тўлди.

Мамлакатимиз 15 та халқаро божхона конвенциясининг аъзоси бўлиб, бугунга келиб ЖБТ ишида фаол иштирок этяпти. Ўзбекистоннинг 1995 йилда Сиёсий комиссия аъзоси этиб, 2001 йилда эса Молия қўмитаси таркибига сайланиши ҳам мамлакатимизнинг халқаро божхона ҳамжамияти томонидан муносиб эътироф этилганидан далолат беради. Ушбу кўп йиллик ҳамкорлик республикамиз ҳуқуқий базасини халқаро конвенциялар ва божхона ишининг бошқа халқаро меъёрларига яқинлаштиришга имкон берди. Божхона соҳасидаги қонунчилигимиз умумқабул қилинган халқаро стандартлар, меъёрлар ва амалиёт билан бирхиллаштириш ҳамда уйғунлаштириш йўналишида ривожланмоқда, бу эса республика божхона сиёсати ютуқларини мамлакатда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг муҳим далили сифатида ­эътироф этишга асос бўла олади.

Ҳалқаро ҳамкорлик борасида 2013 йил Ўзбекистон божхонаси учун самарали бўлди дейиш мумкин. Ўтган йилда Давлат божхона қўмитаси таклифига биноан ЖБТ экспертлари икки маротаба Тошкентга ташриф буюришди ва Қўмита томонидан Олий ҳарбий божхона институтида ташкил этилган «Контрафакт ва қалбаки товарларга қарши курашиш» ҳамда «Божхонада «Бир дарча» тамойили ва электрон декларациялаш» мавзусидаги семинарларда иштирок этишди.

Йил давомида Давлат божхона қўмита­сининг бир қатор ходимлари ЖБТ томонидан Бельгия, Россия, Озарбайжон, Арманис­тон ва Қозоғистонда ташкил этилган турли ўқув-амалий тадбирларда фаол иштирок этиб қайтишди.

Шунингдек, июнь ойида ЖБТнинг йиллик сессиясида Давлат божхона қўмитаси вакиллари Божхона ҳамкорлик кенгашининг 2013–2016 йилларга мўлжалланган Стратегик дастури тасдиқланишида бевосита қатнашишди.

Ўтган йилнинг энг муҳим воқеликларидан яна бири 2013 йил 1 январдан бошлаб респуб­ликамизда товарларни божхонада электрон шаклда расмийлаштириш тартибининг амали­ётга жорий қилингани бўлди. Мазкур тартиб ташқи иқтисодий фаолият қатнашчисига божхона расмийлаштируви жараёнларини ўз идорасидан чиқмасдан туриб, масофадан амалга ошириш имкониятини беради.

Жорий йил 17 январь куни Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий ­дастур йўна­лишларига бағишланган мажлисида Президентимиз лицензия ва рухсат бериш тартиб-таомилларини электрон шаклда тақдим этиш масаласига алоҳида тўхталиб ўтдилар. Шу жумладан, божхона расмийлаштируви бўйича хизматларни интерфаол шаклда кўрсатишга ўтишни тезроқ амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.

Рақамларга ­мурожаат қил­сак, 2013 йилда жами расмийлаштирилган 373 мингдан ортиқ божхона юк декларациясининг 146 мингдан ортиғи, яъни 39,2 %и электрон шаклда расмийлаштирилди. Агар буни ойлар кесимида таҳлил қиладиган бўлсак, 2013 йилнинг декабрь ойига келиб, 95,5% божхона юк декларацияси электрон шаклда расмийлаштирилганига гувоҳ бўламиз.

Шунингдек, Президентимизнинг 2013 йил 29 январдаги «Мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг рақобатдошлилигини янада ошириш ва товарларни республикага ноқонуний олиб киришга қарши курашни кучайтириш тўғрисида»ги ПҚ-1913-сон қарори ҳам ўтган йилда божхона соҳасида кенг кўламли чора-тадбирларни амалга оширишга ўзига хос туртки бўлди дейишимиз мумкин. Ҳужжатга кўра, 2013 йилнинг 1 апрелидан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали товарларни олиб кираётган ёки транзитини амалга ошираётган юк ташувчилар чегарани кесиб ўтган жойидаги божхона органларига ўтказилаётган товарлар тўғрисидаги маълумотни, шу жумладан уларнинг номи, миқдори, вазни ва юклар қиймати, шунингдек Товарларни тавсифлаш ва кодлашнинг уйғунлаштирилган тизимига мувофиқ уларнинг кодлари ҳақидаги маълумотни тақдим этишлари шарт. Илгари бундай қонун-қоида бўлмагани боис, товарлар умумий ном остида кириб келар, уларни бирма-бир текширувдан ўтказишда муайян қийинчиликлар туғилар эди.

Қарор билан амалиётга жорий қилинган муҳим ўзгаришлардан яна бири 2013 йил 1 июлдан бошлаб, республикага олиб кириладиган 44 турдаги озиқ-овқат товарлари, шахсий гигиена буюмлари ва бошқа истеъмол товарларига уларни ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан давлат тилидаги товар маркировкаси қўйилиши шартлигининг белгилангани бўлди.

2013 йилда давлат бюджетига ундирилган божхона тўловлари 2012 йилга нисбатан 23 фоизга кўпайган. Ўтган йилда республикамиз божхона постларида 341 мингдан ортиқ божхона юк декларациялари расмийлаштирилди. Уларнинг салкам 73 мингтасини экспорт божхона юк декларациялари ташкил қилади.

Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига божхона тўловлари бўйича берилган имтиёзлар 2012 йилга нисбатан 36,6 фоизга ўсди.

Бундай натижаларга асосий эътиборни божхона тизимини ислоҳ қилиш, кадрлар салоҳиятидан унумли фойдаланиш, божхона қонунчилигини такомиллаштириш, божхона назоратини ва контрабандага қарши курашни кучайтириш, фаолиятга ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, товарларнинг ҳақиқий миқдори ва қийматидан келиб чиқиб божхона тўловларини ундириш эвазига эришилмоқда.

Ўтган йил давомида божхона органлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда контрабанда ва божхона қонунчилигининг бузилишига оид 24 мингдан ортиқ ҳолатлар аниқланди. Уларни бартараф этиш натижасида 151 млрд сўмдан ортиқ қийматдаги ноқонуний олиб ўтилган товар-моддий бойликлар олиб қўйилди. Аниқланган ҳолатларнинг 784 таси бўйича жиноят иши қўзғатилган, 22,2 мингдан ортиғи бўйича маъмурий ишлар юритилган. Натижада 223 кг гиёҳвандлик воситалари, 8,8 минг дона психотроп таблеткалар, 9,6 кг порох, 47 та ўқ-отар қуроллари, 675 та патрон, 9,4 минг капсула ва 230 минг донадан ортиқ пиротехника воситалари ушлаб қолинди.

Республика чегараларида ноқонуний олиб ўтишга уриниш чоғида божхоначилар салкам 313 минг литр ёнилғи-мойлаш материаллари, 114,2 тонна рангли ва қора металлар, 48 минг литр спирт ва алкоголли маҳсулотлар, 1 310 тонна гўшт ва гўшт маҳсулотлари, 209 минг қути тамаки маҳсулотлари, 110,3 минг литр ўсимлик ёғи, 1 517 бош чорва моллари, 2 520 дона ноёб тарихий ва маданий бойликларнинг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйишди.

Божхоначиларнинг шарафли меҳнати ҳамиша эъзозланиб, муносиб эътироф этиб келинмоқда. Ўтган йилда божхона органларида ўрнак кўрсатиб хизмат қилиб келаётган 7 нафар ходим, жорий йилда эса 2 нафар божхона ходими Президентимиз қарори асосида давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлишди.

Ҳусен ТАНГРИЕВ,

ДБҚ Матбуот хизмати катта инспектори.

 

Прочитано: 4558 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика