Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 4 / Устуворликлар

2013 йилда Республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифалари тўғрисида

1. Вазирлар Маҳкамаси қайд этадики, 2013 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифаларини мақсадга йўналтирилган ҳолда ва тизимли амалга ошириш натижасида ўсишнинг барқарор юқори суръатларини, макроиқтисодий мувозанатлиликни сақлаш, мамлакат иқтисодиётини модернизациялаш ва диверсификациялаш таъминланди.

Мамлакатнинг ялпи ­ички маҳ­сулоти 8 фоизга, саноат маҳсу­лоти ишлаб чиқариш ҳажми 8,8 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми 6,8 фоизга, пудрат қурилиш ишлари ҳажми 16,6 фоизга, хизматлар кўрсатиш ҳажми 13,5 фоизга, чакана товар айланмаси ҳажми 14,8 фоизга ўсди. Ялпи ички маҳсулотнинг таркибида хизматлар кўрсатиш улуши 53 фоизгача ўсди.

Давлат бюджети профицит билан ижро этилди. Инфляция даражаси прогноздагидан паст бўлди ва 6,8 фоизни ташкил этди.

2013 йилда ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми эквивалентда 13,0 миллиард долларни ташкил этиб, 2012 йилдагига нисбатан 11,3 фоизга ўсди. Хорижий инвестициялар ҳажми 3,0 миллиард АҚШ долларидан ортиқ бўлди, унинг 72 фоизидан ортиғи тўғридан-тўғри хорижий инвестициялардир. Инвестиция дастури доирасида ишлаб чиқариш йўналишида умумий қиймати қарийб 2,7 миллиард АҚШ долларини ташкил этган 150 та лойиҳани амалга ошириш тугалланди.

Ишлаб чиқариш чиқимларини рационаллаштириш, энергияни тежайдиган технологияларни жорий этиш чора-тадбирларининг амалга оширилиши натижасида ишлаб чиқарилаётган маҳсулот таннархини ўртача 11,2 фоизга, ялпи ички маҳсулотнинг энергия сарфи кўрсаткичини эса 15,3 фоизга пасайтириш таъминланди.

Жаҳон бозори конъюнктурасининг беқарорлигига қарамай, экспорт ҳажмининг 10,9 фоизга ўсиши таъминланди ва ташқи савдо айланмасининг 1,3 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги ижобий сальдосига эришилди. Жами экспорт ҳажмининг 72 фоизидан ортиғи хом ашё бўлмаган товарларга тўғри келди.

Республиканинг банк тизими барқарор фаолият кўрсатмоқда, унинг капитал етарлилиги даражаси минимал халқаро стандартлардан 3 баравар ортиқ миқдорда сақланиб қолмоқда, ликвидлиги эса энг юқори талаблардан 2,2 баравар кўпдир. Ўтган йили тижорат банкларининг жами капитали 25 фоизга кўпайди, кредит портфели жами суммасининг 80 фоизга яқини ички манбалар ҳиссасига тўғри келади.

Қулай ишбилармонлик муҳи­тини шакллантириш борасида тизимли чора-тадбирларнинг амалга оширилиши кичик бизнес соҳасини янада ривожлан­тиришга кўмаклашди. Кичик тадбиркорлик соҳасида 26 мингтадан ортиқ янги субъект ташкил этилди, унинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши эса 55,8 фоизгача ўсди.

Аҳоли бандлигини ошириш дастурини бажариш юзасидан кўрилган чора-тадбирлар 2013 йилда қарийб 970 минг нафар кишининг ишга жойлаштирилишини таъминлади, улардан 60,3 фоиздан ортиғи қишлоқ жойларга тўғри келади. Касб-ҳунар коллежларининг 500 минг нафардан ортиқ битирувчилари ишга жойлаштирилди.

Аҳоли турмуш даражаси ва сифатини ошириш юзасидан комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. 2013 йилда бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва ижтимоий нафақалар миқдори 20,8 фоизга, аҳолининг реал даромадлари эса – 16 фоизга ўсди. Аҳоли жами даромадларининг ярмидан ортиғи тадбиркорлик даромадлари улушига тўғри келади.

Қишлоқ жойларда 353 та мавзеда умумий турар жой майдони 1,5 миллион квадрат метрдан ортиқ бўлган 10 мингта шинам уйлар қурилди, бу ўтган йилдагига нисбатан 17 фоиз кўпдир.

Шу билан бирга, тўлақонли рақобат муҳитини шакллантириш, бизнесни юритиш шарт-шароитлари юзасидан қабул қилинаётган ва амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳали эркин бозор иқтисодиёти талаблари ва тамойилларига, умумий қабул қилинган халқаро нормаларга мувофиқ эмас.

Ишлаб чиқариш чиқим­ла­рининг, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга материаллар ва энергия сарфининг юқори­лиги, шунингдек, солиқ имтиёзлари ва пре­ференцияларга ҳаддан таш­қа­ри берилиш рақобатбар­дошлиликни оширишда жиддий тўсиқ бўлмоқда. 140 тадан ортиқ корхона, жумладан, 67 та йирик корхона ҳанузгача зарар кўриб ишламоқда.

2. Мамлакатни узоқ муддатли ривожлантиришнинг дастурий мақсадларидан келиб чиқиб, қуйидагилар 2014 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим вазифалари ва устувор йўналишлари этиб белгилансин:

иқтисодиётни ўстиришнинг барқарор юқори суръатларини таъминлаш бўйича қабул қилинган стратегияни давом эттириш, бунинг учун мавжуд резервлар ва имкониятларни сафарбар этиш;

саноатда юқори технологияли ва замонавий бўлган энг муҳим объектлар ҳамда қувватларни ишга тушириш, инвестиция жараё­нини ошириш ва такомиллаштириш;

мамлакатда ишлаб чиқаришни техник ва технологик жиҳатдан янгилаш ва модернизациялашнинг, жаҳон бозорларига чиқишнинг асосий омили ҳисобланган тўлақонли рақобат муҳитини шакллантириш;

ишбилармонлик муҳитини («бизнес билан шуғуллан» тамойили бўйича) шакллантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва янада рағбатлантириш;

ижтимоий соҳани ривожлантириш, иш ўринлари ташкил этиш ва аҳолининг иш билан бандлигини таъминлаш, уй-жойлар қуриш ва аҳоли пунктларини ободонлаштириш, таълим жараёнини ва соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилишни давом эттириш ва такомиллаштириш;

«Соғлом бола йили» Давлат дастурини амалга ошириш.

3. Вазирлар Маҳкамаси 2014 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифалари амалга оширилиши юзасидан тизимли назорат ўрнатсин, тегишли вазирликлар, идоралар, ишлаб чиқариш тузилмалари ва иқтисодий тузилмалар раҳбарларининг айрим иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларидаги ишларнинг ҳолати тўғрисидаги ҳисоботларини йилнинг ҳар чорагида эшитиб борсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари – Вазирлар Маҳкамаси комплекслари раҳбарлари вазирликлар, идоралар, акциядорлик компаниялари, уюшмалар ва йирик корхоналар – буюртмачилар, пудрат қурилиш ташкилотлари билан биргаликда икки ҳафта муддатда 2014 йилги Инвестиция дастурида назарда тутилган объектлар ва ишлаб чиқариш қувватлари қури­лишини тугаллаш ва ишга туширишнинг тармоқ жадвалларини тасдиқласинлар.

Вазирлар Маҳкамаси Инвестиция дастурининг амалга оширилишини йилнинг ҳар чорагида Вазирлар Маҳкамаси мажлисларида кўриб чиқсин.

5. Вазирлар Маҳкамаси, Иқти­содиёт вазирлиги (Саидова), Молия вазирлиги (Гуськова), Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси (Абду­ҳакимов) манфаатдор тузилмаларни жалб этган ҳолда уч ой муддатда ҳар бир норентабел корхона бўйича уларни молиявий инқироздан ва амалдаги банкротликдан чиқариш дастури – «йўл хариталари»ни ишлаб чиқсин­лар ва тасдиқласинлар. Ҳолати­га молиявий соғломлаштириш бўйича таклиф этилаётган чо­ра-тадбирлар ижобий таъсир кўрсат­майдиган корхоналар «нолга тенг қиймат» бўйича хусусий тадбиркорларга сотилсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари У.У.Розукулов, Иқтисодиёт вазирлиги (Саидова), Молия вазирлиги (Юсупов), Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси (Абдуҳакимов), Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги (Ғаниев):

Тошкент трактор заводи, «Агре­гат заводи», «Чирчиқ­қиш­лоқмаш», «Оникс» очиқ акция­дорлик жамиятларининг ишлаб чиқариш ва молия-хўжалик фаолияти ҳолатини икки ой муддатда танқидий ўрганиб чиқсинлар ва уларни янада ривожлантириш, рентабеллигини ошириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига аниқ таклифлар киритсинлар, бунда жаҳоннинг етакчи ишлаб чиқарувчиларини жалб этган ҳолда тармоқни модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш, корхоналар фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш ҳамда қишлоқ хўжалиги машинасозлиги холдинг компаниясини ташкил этиш чора-тадбирларини назарда тутсинлар;

жорий йилнинг 1 февралига­ча бўлган муддатда Вазирлар Маҳ­камасига «Ўзэлтехсаноат» уюш­масини акциядорлик компаниясига айлантириш бўйича так­лифларни ҳамда 2014–2018 йилларда электротехника саноатини ривожлантириш дастурини киритсинлар, бунда электр-маиший товарларни ишлаб чиқариш ҳамда экспорт қилиш бўйича уларнинг турлари ва ҳажмларини тубдан кенгайтириш чора-тадбирларини назарда тутсинлар.

7. Иқтисодиёт вазирлиги (Саи­дова) Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси (Абдуҳакимов), Марказий банк (Муллажонов), Молия вазирлиги (Гуськова), Адлия вазирлиги (Йўлдошев), Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси (Мирзоҳидов) ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари билан биргаликда икки ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига:

қонун ҳужжатларида ва норма­тив-ҳуқуқий ҳужжатларда хусусий мулк тушунчасини ва унинг нодавлат мулкидан фар­қини аниқ ифодалаш, қабул қилинган қонунларга мувофиқ иқтисодиётнинг хусусий сектори устуворлигини, уни қўллаб-қувватлашни ва унинг дахлсизлигини амалда таъминлаш;

тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш ва юритиш учун турли рухсат бериш тартиботларининг муддатларини янада қисқартириш, уларни соддалаштириш ва арзонлаштириш, тадбиркорлик йўлидаги ортиқча ­бюро­кратик тўсиқларни барта­раф этиш ва уларга йўл қўймаслик;

рухсат бериш ва лицензиялаш тартиботларини расмийлаштиришни электрон шаклга ўтказишни жадаллаштириш, коммунал хизматларни, шунингдек, солиқ солиш ва божхонада расмийлаштириш хизматларини интерактив тарзда кўрсатиш бўйича таклифлар киритсин.

Вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликларининг бизнесни юритиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасидаги роли ва масъулиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилсин.

8. Давлат солиқ қўмитаси (Парпиев), Давлат божхона қўмитаси (Дусанов), Давлат статистика қўмитаси (Тўраев) раҳбарлари зиммасига ҳисоботларни тақдим этиш ва ҳужжатлар айланишининг электрон шаклига тўлиқ ўтиш юзасидан шахсий масъулият юклансин.

Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технология­лари давлат қўмитаси (Мирзо­ҳидов) ушбу ишларнинг мувофиқ­лаштирилишини таъминласин ва уларни амалга оширишда амалий ёрдам кўрсатсин.

9. Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация техноло­гиялари давлат қўмитаси (Мир­зоҳидов):

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда 2013–2020 йилларда телекоммуникация технологияларини, алоқа тармоқлари ва инфратузилмаларини ривожлантириш дастурининг 2014 йил учун белгиланган тадбирларини сўзсиз бажариш бўйича қўшимча чора-тадбирлар кўрсин. Дастурнинг амалга оширилиши йилнинг ҳар чорагида Вазирлар Маҳкамаси мажлисларида кўриб чиқилсин;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар, уюшмалар, компания­лар ва йирик корхоналар билан биргаликда Иқтисодиётнинг реал секторида ахборот-коммуникация технологияларини ва ахборот тизимларини жорий этиш чора-тадбирлари дастурини бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

жорий йилнинг I чораги мобайнида Тошкент ахборот технологиялари университетида ва унинг минтақавий филиалларида компьютер техникасида ва Интернет тизимида ишлаш, замонавий коммуникация технологияларини эгаллаш бўйича малака ошириш курсларини ташкил этсин.

10. Марказий банк (Муллажонов), Молия вазирлиги (Юсупов), Давлат солиқ қўмитаси (Парпиев), Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси (Мирзоҳидов) бошқа манфаатдор тузилмалар билан биргаликда икки ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига электрон тижоратни кенгайтиришга доир таклифлар киритсинлар ва «Электрон тижорат тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳририни тайёрласинлар.

11. Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги (Ҳамроев), Иқтисодиёт вазирлиги (Саидова), Молия вазирлиги (Юсупов), Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси (Юсупов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари Ўзбекистон Фермерлари кенгаши ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда бир ой муддатда 2013–2017 йиллар даврида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича комплекс чора-тадбирлар давлат дастурида назарда тутилган чора-тадбирларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш юзасидан қўшимча тадбирлар ишлаб чиқсинлар.

Вазирлар Маҳкамаси Дас­турнинг бажарилиши юзасидан тизимли назорат ўрнатсин ва унинг амалга оширилишини йилнинг ҳар чорагида Вазирлар Маҳкамаси Президиуми мажлисларида кўриб чиқсин.

12. Қорақалпоғистон Рес­публикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, «Дав­архитектқурилиш» қўмитаси (Тохтаев), Молия вазирлиги (Юсупов), «Қишлоқ қурилиш банк» ва «Қишлоқ қурилиш инвест» компанияси:

жорий йилда қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибда уйлар қуриш дас­тури бўйича молиялаштириш шу йил 10 февралгача очилишини ҳамда уй-жойлар қурилиши шу йил 15 мартгача бошланишини таъминлаш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар кўрсинлар;

қишлоқ посёлкаларини барча зарур муҳандислик ва транспорт коммуникациялари, ижтимоий ва бозор тузилмаси объектлари – тиббиёт, спорт, банк, маиший хизмат, савдо ва маданият муассасалари билан таъминлашга, уларда яшаш шароитларининг сифат ва шинамлик жиҳатидан шаҳар шароитларидан қолишмайдиган бўлишига алоҳида эътибор қаратсинлар.

Кўрилаётган чора-тадбир­ларнинг натижалари йил­нинг ҳар чорагида Вазирлар Маҳкамаси мажлисларида кўриб чиқилсин.

13. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.И.Закиров Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, «Давархитектқурилиш» қўмитаси (Тохтаев), бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда вилоятларда қурилиш ишларининг бутун комплексини «фойдаланишга тайёр» усули билан амалга оширишга қодир бўлган ихтисослаштирилган қурилиш-пудрат ташкилотлари ташкил этиш, шунингдек, уларни замонавий қурилиш техникаси ва кичик механизация воситалари билан жиҳозлаш чора-тадбирлари дастурини ўн кун муддатда ишлаб чиқсин.

Вазирлар Маҳкамаси «2011–2015 йилларда инфратузилмани, транспорт ва коммуникация қурилишини ривожлантиришни жадаллаштириш тўғрисида»ги дастурда назарда тутилган лойи­ҳалар амалга оширилишини ­йилнинг ҳар чорагида танқидий кў­риб чиқсин, уларни амалга оши­ришни жадаллаштиришга тўс­қинлик қилаётган масалаларни ўз вақтида ҳал этиш чора-тадбирларини кўрсин.

14. Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги (Хаитов) Иқтисодиёт вазирлиги (Саидова), Давлат статистика қўмитаси (Тўраев) билан биргаликда, меҳнатга лаёқатли ёшга етган ва меҳнат бозорига биринчи марта кириб келаётган ёшларни ишга жойлаштиришга алоҳида эътибор берган ҳолда, меҳнат ресурслари, аҳоли бандлиги ва ишга жойлаштиришнинг ҳар йилги прогноз ва ҳисобот балансларини ишлаб чиқишни амалиётга киритсин.

15. Қорақалпоғистон Респуб­ликаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари, хўжалик бирлашмалари ва корхоналар раҳбарлари 2014 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг тас­диқланган параметрлари сўз­сиз бажарилиши, 2013/2014 ўқув йилида касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш юзасидан шахсан жавобгар эканликлари тўғрисида огоҳлантирилсинлар.

Вазирлар Маҳкамаси касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини фаол меҳнат фаолиятига тўлиқ жалб этиш ишларининг пухта мувофиқлаштирилишини таъминласин, йилнинг ҳар чорагида ўз мажлисларида 2014 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлашнинг тасдиқланган дастури бажарилишини, шунингдек, тармоқлар ва мамлакат ҳудудлари бўйича касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг ишга жойлаштирилишини кўриб чиқсин.

16. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси (Қодиров) 2014 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури амалга оширилиши юзасидан назоратни ва касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш тўғрисида тақдим этилган маълумотларнинг ишончлилигини таъминласин, айбдор мансабдор шахс­ларни қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортсин.

17. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (Ходиев), Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази (Салимов) Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги (Хаитов), Иқтисодиёт вазирлиги (Саидова), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, манфаатдор идоралар ва корхоналар билан биргаликда бир ой муддатда ҳар бир туман ва шаҳар бўйича касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини, кейинчалик эгаллаган касблари бўйича ишга жойлаштиришни назарда тутган ҳолда, ишлаб чиқариш амалиётини ўташ учун аниқ ташкилотларга – иш бе­рувчиларга бириктиришга ­доир манзилли тадбирларни ишлаб чиқсинлар ва тасдиқласинлар.

18. Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Алимов) Молия вазирлиги (Юсупов) билан биргаликда қишлоқ врачлик пунктлари фаолиятини зарур даражада тартибга солиш ва такомиллаштириш, шу жумладан, врачлар юкламасининг янги нормативларини тасдиқлаш, республиканинг бир қатор туманларида, тажриба тариқасида, пат­ронаж ҳамшираларининг иши натижадорлигини оширишни рағ­батлантириш чораларини кўриш бўйича аниқ чора-тад­бирлар комплексини бир ой муддатда амалга оширсин.

19. Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда «Соғлом бола йили» Давлат дастури лойиҳасини ишлаб чиқишни тугалласин ва киритсин, унда оналик ва болаликни муҳофаза қилишни таъминлаш, бошланғич таълим сифатини ошириш, ёшларни спорт машғулотларига кенг жалб этиш, болаларни тарбиялашда ­жамоат ташкилотларининг ролини кен­гайтириш, таълим, соғлиқни сақлаш, жисмоний тарбия ва спорт муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича амалий чора-тадбирларни рўёбга чиқаришга алоҳида эътибор берилсин.

20. Мазкур протокол қарори­нинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М.Мирзиёев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

Президенти

И.КАРИМОВ.

Тошкент шаҳри,

2014 йил 17 январь.

Прочитано: 2831 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика