Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2014 год / № 3 / Криминалист эксперт ён дафтаридан

Экспертиза нима тўғрисида хабар беради?

Ашёнинг ҳолати, унинг қиймати, шикастланиш даражасини аниқлашда ва яна терговнинг кўпдан-кўп саволларига жавоб беришда товаршунослик экспертизаси ёрдам беради. Унинг натижалари ҳам одатий, ҳам ғайриодатий бўлиши мумкин, бироқ ҳар доим улар ўтмиш воқеаларини тиклаш ва ишнинг аниқ ҳолатларини белгилаш имконини берадиган исботлаш базасининг асоси ҳисобланади.

 

Суд-товаршунослик экспертизасига (СТЭ) турли тоифадаги ишларни тергов қилиш чоғида мурожаат қиладилар. Булар: иқ­тисодий жиноятлар, товарни сохталаштириш, контрабанда, мусодара қилиш, порахўрлик, талон-торож қилиш, ўғирлик, қотиллик билан боғлиқ жиноят ишларидир. Мол-мулкни тақсимлаш, ёнғин ва сув тошқинида турар жойга, ташиш чоғида мол-мулкка шикаст етказилишида моддий зарарни қоплаш билан боғлиқ фуқаролик ишларини, шунингдек товарларни ғайриқонуний олиб кириш билан боғлиқ тергов қилиш босқичида­ги иш­лар, шунингдек хўжалик ишлари ва маъмурий ҳуқуқбузарлик­лар тўғрисидаги ишларни кўришда экспертиза муҳим ўрин тутади. Бундай жиноятларнинг кўпчилиги пухта ниқобланади. Кўп жиҳатдан уларни текшириш муваффақияти СТЭ имкониятларидан тўлиқ фойдаланишга боғлиқдир.

Эксперт-товаршуноснинг экспертизани ўтказишда махсус билимларни талаб қиладиган масалаларга жавоб беришига тўғри келади. Масалан, товарнинг номи ва гуруҳи қандай? Тақдим этилган саноат товарлари қандай хом ашёдан тайёрланган? Улардаги мавжуд нуқсонлар шикастланиш натижасида пайдо бўлганми ёки фойдаланаётгандами? Шубҳа ос­тидаги одамдан тинтув чоғида олиб қўйилган куртка билан жабрланувчида топилган шим бир комплектни ташкил қиладими? Текширилаётган товар янгими ёки фойдаланилаётган товарми? Буюмларнинг сифат тавсифлари намуна сифатида тақдим этилган бошқа буюмларнинг худди шундай кўр­саткичларига мувофиқ келадими, агар мувофиқ келмаса, фарқи нимада? Текширилаётган товарнинг қиймати экспертиза ўт­казилаётган пайтда ва ўтган давр­нинг муайян даврида қандай бўлган? Эскириш, шикастланиш, бузилишни ҳисобга олганда текширилаётган предметларнинг қиймати қандай? Етказилган моддий зарарнинг суммаси қанча?

Санаб ўтилган саволлар энг кўп учрайдиганлари. Улар доираси кенгайтирилиши мумкин ва улар ҳар бир тергов қилинаётган ишнинг хусусиятларини ҳисобга олганда ўзгариши мумкин.

Саноат аҳамиятига эга бўлган ва турли гуруҳдаги ҳар қандай  халқ истеъмоли товарлари, шу жумладан илгари фойдаланишда бўлган товарлар экспертиза объектлари бўлиши мумкин. Уш­бу рўйхатга мебель, кийим (газлама, трикотаж), хўжалик товарлари, маиший техника, ташкилий техника, технологик линиялар, темир йўл вагонлари ва кўплаб бошқа ашёлар киради.

Мисол сифатида текширув объекти аёлларнинг нимпўс­тини бўлган воқеани келтириш мумкин. Истеъмолчи уни қимматбаҳо ашёлар сотиладиган дўконларнинг биридан харид қилган. Янги йил байрамидан кейин нимпўстин турли доғлар билан қопланган ва унинг эгаси нимпўстинни кимё­вий тозалашга беришга қарор қилди. Кийимни кимёвий тозалашдан олган аёлнинг ҳафсаласи пир бўлди, зеро нимпўстин «анвойи» тус олган эди, яъни унинг бир этаги бошқасидан узайган, юзасида бурмалар ҳосил бўлган, бунинг устига унда майда тешиклар ва турли тусдаги доғлар пайдо бўлган эди. Кимёвий тозалаш ходимлари ўз айбларини тан олишни хоҳламадилар, уларнинг айтишича, буларнинг ҳаммаси ишлаб чиқариш нуқсонлари бўлиб, улар тозалашдан кейин намоён бўлган, шу сабабли улар учун жавобгар эмаслар. Нимпўстин эгаси кимёвий тозалашни нотўғри бажариш натижасида етказилган моддий зарарни ундириш тўғрисида даъво билан судга мурожаат қилди. Суд томонидан суд-товаршунослик экс­­пертизаси тайинланди, уни ўтказиш чоғида нимпўстиннинг юзасида нуқсонларнинг юзага келиши сабаби аниқланди. Товаршунос экспертлар кимёвий тозалашгача нимпўстин фойдаланишда бўлганлигини ҳисобга олган ҳолда кимёвий тозалашни нотўғри ўтказиш натижасида етказилган моддий зарар миқдорини ҳам белгиладилар. Ўтказилган экспертиза натижаларига асосланиб, суд ҳал қилув қарори чиқарди ва нимпўстин эгасининг етказилган моддий зарарни қоплаш тўғрисидаги даъвоси қондирилди.

Экспертнинг кўриб чиқишига тергов доим ҳам текширилиши ва баҳоланиши керак бўлган товарни тақдим эта олмайдиган ҳоллар ҳам учрайди. Бундай ҳолларда эксперт учун ахборотнинг бирдан-бир манбаи ҳужжатлар ҳисобланади. Масалан, ёрлиқлар, товар чеклари, товарнинг техник паспорти, сифат ва келиб чиқиш сертификатлари, олди-сотди шартномалари, спецификациялар, ҳисобварақ-фактуралар, ўров варақлари, нуқсон қайдномалари, кўрикдан ўтказиш баённомалари, экспертларнинг хулосалари, буюмлар хоссалари ва хусусиятлари баёни, аризалар, маълумотномалар ва ҳоказолар шундай ҳужжат бўлиши мумкин.

Агар ҳужжатлар етарли миқ­дорда ва текширишга яроқли тарзда тақдим этилса, уларни ўрганиш буюмнинг товар тавсифлари, унинг амалдаги ҳолати, сақлаш, қабул қилиш ва фойдаланиш шартларини белгилаш ҳамда ҳақиқатдаги ҳолатни ҳисобга олган ҳолда товарнинг қийматини белгилаш билан боғлиқ вазифаларни ҳал қилиш имконини беради.

Чунончи, бир марта ўғирланган телевизорнинг қийматини белгилаш зарур бўлган. Телевизор эгасининг аризасига кўра ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ходимлари ўғрини ушлаганлар, бироқ унда телевизор аллақачон йўқ эди, чунки уни нотаниш шахс­га сотиб юборган экан. Бироқ телевизор эгасида уни харид қилиш санаси кўрсатилган кафолат талони билан бирга техник паспорт сақланган экан. Ўғирланган мол-мулкнинг қийматини аниқлаш ва ўғрини жазолаш учун ўғирлик содир этилган пайтдаги физик ҳолатни ҳисобга олган ҳолда телевизорнинг қийматини белгилаш зарур эди, бунинг учун эса махсус билимлар талаб этиларди, бу бўйича суд-товаршунослик экспертизаси тайинланди. Техник паспорт ва кафолат талони маълумотларига асосланган экс­пертиза натижалари телеви­зорнинг қийматини аниқлади, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари эса жиноят квалификациясини белгилади.

Экспертлар товар қийматини белгилаш бўйича экспертизани ўтказишга жуда кўп тўқнаш келадилар. Улар буюмнинг ҳолатини ўргана бориб, унинг сифати ва қолдиқ қийматига таъсир кўрсатадиган нуқсонларни, шунингдек келгусида фойдаланиш учун яроқлилигини аниқлай­ди­лар. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Республика суд экспертизаси марказида товаршунослик экспертизаларини бажариш амалиётининг кўрсатишича, экс­пертиза ўтказиш чоғида эксперт-товаршунос кўпинча иш учун аҳамиятли бўлган янги ҳолатларни топади.

Чунончи, чегарадаги контра­бандага қарши кураш бўли­мининг ходимлари томонидан товарларни ноқонуний тарзда олиб кираётган Ўзбекистон фуқароси ушланган. Содир этилган жи­ноятни квалификациялаш учун товарларнинг умумий суммасини аниқлаш зарур эди. Товаршунослик экспертизаси тайинланди ва турли номланиш ва вазифадаги товарлар (аёлларнинг ассортиментдаги кийим-кечаклари, ноут­буклар, мобил телефонлар ва парфюмерия) ўрганиб чиқилди. Бироқ, экспертиза ўт­казиш натижасида маълум бўлишича, товарларнинг бир қисми илгари фойдаланишда бўлган экан. Экспертлар махсус услубиятлар ва жадвалларга асосланиб, товарларнинг қийматини уларнинг ҳақиқатдаги ҳолатини ҳисобга олган ҳолда белгиладилар. Шуни қайд этиш жоизки, агар ноқонуний тарзда олиб кирилган барча товарлар ушлаш пайтида янги ҳолатда бўлганида уларнинг умумий суммаси экс­пертиза билан белгиланган суммадан анча кўп бўлар, бинобарин, жиноят квалификацияси бошқача бўлар эди, яъни ушланган шахс жиноий жазога тортилган бўлар эди. Экспертизани объектив ўтказиш натижалари бўйича эса у жарима тўлаш билан қутулди.

Баҳолаш объектининг физик ҳолатини белгилашда экспертлар бизнинг Марказимиз меъёрий ҳужжатлар ва кўп йиллик амалиёт натижаларига асосланиб ишлаб чиққан турли гуруҳларнинг, Товарларнинг физик ҳолатини текшириш чоғида эксперт баҳолари шкаласига асосланадилар.

Суд-тергов органларининг суд-товаршунослик экспертизаларини ўтказиш бўйича ўсиб бораётган эҳтиёжи уларни ўт­казиш географиясини кенгайтиришга олиб келди. Бундай экспертизаларни ўтказиш амалда Марказнинг барча вилоятлараро бўлимларида – Самарқанд, Сирдарё, Хоразм, Қашқадарё, Фарғона, Андижон вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида ташкил этилди.

Альбина ПАК,

Республика суд экспертизаси марказининг етакчи эксперти.

 

Прочитано: 3267 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика