Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2014 год / № 3 / Йиллик ҳисоботга тайёрланамиз

2013 йил IV чораги учун ягона солиқ тўловини ҳисоб-китоб қилишга доир тавсиялар

Ўтган йилда биз 2013 йилнинг I, II ва III чораклари учун ягона солиқ тўловини ҳисоб-китоб қилишга доир тавсияларни чоп этган эдик («Норма маслаҳатчи»нинг 9.04.2013 йилдаги 14 (403)-сони, «СБХ»нинг 9.07.2013 йилдаги 27 (987)-сони, «СБХ»нинг 15.10.2013 йилдаги 41 (1001)-сонига қаранг). Уларда турли фаолият соҳаларидаги корхоналар (ишлаб чиқариш, улгуржи ва чакана савдо, хизмат кўрсатиш) учун вазиятлар имтиёзларни ҳисобга олган ҳолда ЯСТ ҳисоб-китоби, солиқ солинадиган базани камайтириш, солиқ ставкасини пасайтириш, шунингдек ҳар бир муайян вазият учун ЯСТнинг энг кам миқдорини ҳисобга олган ҳолда, ЯСТ ҳисоб-китоби ва унга иловалар, шунингдек ЯСТ энг кам миқдорининг маълумотнома-ҳисоб-китобини тўлдириш бўйича тавсиялар кўриб чиқилган эди.

Худди шу вазиятлар асосида «Norma Ekspert» мутахассислари ЯСТ бўйича ҳисоб-китоб ва йиллик ҳисоботни тўлдиришга доир тавсияларни тайёрлашди.

 

Ягона солиқ тўлови солиқ солинадиган базадан ва белгиланган ставкалардан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади.

Ягона солиқ тўловининг ҳисоб-китоби солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органларига ортиб борувчи якун билан йилнинг ҳар чорагида, ҳисобот давридан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича эса – йиллик молиявий ҳисобот топшириладиган муддатда тақдим этилади.

Ягона солиқ тўлови қуйидагича тўланади:

микрофирмалар ва кичик корхоналар томонидан – ҳисоб-китобни тақдим этиш муддатидан кечиктирмай;

микрофирмалар ва кичик корхоналар жумласига кирмайдиган солиқ тўловчилар томонидан – ҳар ойда, кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича эса – йиллик молиявий ҳисобот тақдим этиладиган муддатдан кечиктирмай.

Солиқ кодекси, 360-модда.

 

Қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда айрим турдаги солиқларни ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқаришда уларнинг тўланиши лозим бўлган энг кам миқдори белгиланади.

Солиқ кодекси, 28-модданинг тўртинчи қисми.

 

ЯСТ ҳисоб-китобига доир тавсиялар «Norma Ekspert» мутахассисларининг эксклюзив ишланмаси саналади. Уларни, шу жумладан электрон ОАВларда қайта босишга «Norma» газеталари бирлашган таҳририяти» МЧЖ ва «Norma Ekspert» ХКнинг ёзма рухсатномаси билангина йўл қўйилади.

 

1-вазият.

Иккита савдо шохобчасига ва кафега эга бўлган чакана савдо корхонаси учун яст ҳисоб-китоби. тушумнинг бир қисми пластик карталар қўлланиб олинган

 

Кичик корхона иккита савдо шохобчасига: Тошкентда озиқ-овқат дўкони (солиқ ҳисобига олинган жойда) ва Чирчиқда қурилиш материаллари дўкони, шунингдек кафега эга.

9 ойлик якунга кўра реализация қилишдан тушум 463 100 минг сўмни ташкил этди, шундан:

Тошкентдаги дўконда – 292 200 минг сўм, шу жумладан 149 250 минг сўм пластик карталар қўлланиб тўланган;

Чирчиқдаги дўконда – 160 400 минг сўм, шу жумладан 81 550 минг сўм пластик карталар қўлланиб тўланган;

кафеда – 10 500 минг сўм, шундан 2 400 минг сўм пластик карталар қўлланиб тўланган.

Бошқа даромадлар 1 669 минг сўмни ташкил этади.

9 ой учун бюджетга 15 228,66 минг сўм миқдорида ЯСТ тўланган, қўшимча ҳисоблашлар бўлмаган.

Ноябрь ойида Тошкент шаҳридаги дўконда алоҳида кириш йўлаги билан алкоголли маҳсулотларни реализация қилиш бўйича савдо зали жиҳозланган, алкоголли маҳсулотнинг чакана савдосини амалга ошириш ҳуқуқи учун рухсат гувоҳномаси олинган.

 

IV чоракда тушум (207 200 минг сўм) қуйидаги тартибда тақсимланган:

Тошкентдаги дўконда – алкоголли маҳсулотнинг реализацияси – 28 900 минг сўм, шу жумладан 22 300 минг сўм пластик карталар қўлланиб тўланган; бошқа озиқ-овқат товарлари – 115 100 минг сўм, шу жумладан 75 800 минг сўм – пластик карталар бўйича;

Чирчиқдаги дўконда – 17 700 минг сўм, шу жумладан 13 400 минг сўм пластик карталар қўлланиб тўланган;

кафеда – 45 500 минг сўм (нақд тўланган).

 

IV чорак учун ЯСТ ҳисоб-китобида қуйидагиларни ҳисобга олиш лозим:

солиқ солишнинг турли объектлари ва (ёки) ЯСТнинг турли ставкалари белгиланган бир нечта фаолият тури билан шуғулланувчи корхона ушбу фаолият турлари бўйича алоҳида ҳисоб юритади ва тегишли ставкалар бўйича ЯСТ тўлайди (Солиқ кодексининг 353-моддаси, бундан кейин – СК).

Чакана савдо билан шуғулланувчи корхоналар учун ЯСТ ставкалари савдо шохобчалари жойлашган жой бўйича белгиланган: Тошкент шаҳрида – 4%, Чирчиқ шаҳрида – 2%. Умумий овқатланиш шохобчаси бўйича жойлашган жойидан қатъи назар, 10%лик ставка қўлланади;

пластик карталарни қўллаб (шу жумладан кафеда терминал орқали) олинган тушумдан ЯСТ амалдагидан 10%га пасайтирилган ставкада ҳисобланади. Мазкур ҳолатда ЯСТнинг пасайтирилган ставкалари қуйидагиларни ташкил қилади:

Тошкент шаҳридаги дўкон бўйича – 3,6% (4 – 4 х 10%);

Чирчиқ шаҳридаги дўкон бўйича – 1,8% (2 – 2 х 10%);

кафе бўйича – 9% (10 – 10 х 10%);

кўп тармоқли корхоналарда ЯСТнинг энг кам миқдори (қатъий белгиланган солиқ ёки ер солиғининг 3 баравари) ҳисобот чораги якунларига кўра (ортиб бормайдиган якун билан) реализациянинг умумий ҳажмида тушумнинг энг кўп улуши бўйича аниқланадиган асосий фаолият турига боғлиқ.

 

IV чоракда асосий фаолият тури чакана савдо ҳисобланади (улуш – 78%). Бироқ бунда товар оборотида якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан реализация қилиниши учун рухсат берилган товарлар ҳамда сотиш билан фақат юридик шахслар шуғулланиши мумкин бўлган алкоголли маҳсулотлар савдосидан тушум ҳам ҳисобга олинган.

 

Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан чакана савдо корхоналари томонидан ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга1 (бундан кейин – 2449-сон Низом) кўра, агар асосий фаолият тури якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан реализация қилиниши учун рухсат этилган товарлар билан чакана савдо қилиш бўлса, чакана савдо корхонаси ЯСТнинг энг кам миқдорини қатъий белгиланган солиқни ҳисобга олган ҳолда аниқлайди. Бироқ агар асосий фаолият тури фақат юридик шахслар реализация қиладиган товарлар билан чакана савдо қилиш бўлса, ЯСТнинг энг кам миқдори ер солиғининг 3 баравари сифатида аниқланади. Якка тартибдаги тадбиркорлар сотиш билан шуғулланиши мумкин бўлмаган товарлар турлари ВМнинг 7.01.2011 йилдаги 6-сон қарорига 1-илованинг I бўлимида кўрсатилган.

 

IV чорак учун келтирилган мисолга кўра, тушумнинг энг кўп қисми якка тартибдаги тадбиркорларнинг сотишга ҳуқуқи бўлган товарлар савдоси улушига тўғри келади. Бинобарин, IV чорак учун ЯСТ суммаси қатъий белгиланган солиқ суммасидан кам бўлмаслиги керак. Битта савдо шохобчаси Тошкент шаҳрида (шартга кўра алкоголли маҳсулот худди шу озиқ-овқат дўконида, бироқ алоҳида кириш жойи бўлган махсус жиҳозланган савдо залида реализация қилинади), бошқа савдо шохобчаси Чирчиқ шаҳрида жойлашган иккита савдо шохобчасига эга бўлган корхона ЯСТнинг энг кам миқдорини ҳар бир шохобчанинг жойлашган жойи бўйича белгиланган қатъий белгиланган солиқ ставкаларини қўшиш орқали белгилайди.

 

ЯСТ бўйича ҳисобот2 тўлдирилаётганда асосий фаолият тури чакана савдо бўлган ва турлича ЯСТ ставкалари билан турли аҳоли пунктларида иккита савдо шохобчасига (мустақил бўлмаган юридик шахслар) эга корхона:

тушумни ҳар бир шохобча бўйича алоҳида-алоҳида 11, 12 рақамлари билан ифодаланадиган (асосий рақам белгисининг устида жойлаштирилади) қўшимча устунларда кўрсатади. Умумий овқатланиш бўйича кўрсаткичлар алоҳида кўрсатилади;

ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан Ягона солиқ тўловининг маълумотнома-ҳисоб-китобида (2449-сон Низомга 1-илова) ЯСТ ҳисоб-китобига ўхшаш ҳолда савдо шохобчалари бўйича кўрсаткичлар учун қўшимча устунлар (11 ва 12) киритилади.

 

IV чорак учун ЯСТ ҳисоб-китоби ортиб борувчи якун билан қуйидаги тартибда амалга оширилади.

Бутун корхона бўйича товарларни реализация қилишдан соф тушум – 670 300 минг сўм (463 100 + 207 200) – Ягона солиқ тўлови ҳисоб-китобининг (бундан кейин – Ҳисоб-китоб) 010-сатрида «Жами» устунида кўрсатилади.

Ҳисоб-китобнинг асосий фаолият тури кўрсаткичлари учун мўлжалланган устунида асосий рақам белгиси устига 11, 12 қўйилади. 11-устунда солиқ бўйича ҳисобга қўйилган жойда (Тошкент шаҳрида) жойлашган дўкон бўйича умумий тушум – 436 200 минг сўмни (292 200 + 28 900 + 115 100) кўрсатамиз, 12-устунда эса Чирчиқ шаҳридаги дўкон бўйича тушум – 178 100 минг сўм (160 400 + 17 700) кўрсатилади.

010-сатрда алоҳида устунда умумий овқатланишдан тушум – 56 000 минг сўм (10 500 + 45 500) кўрсатилади.

Ҳисоб-китобнинг 020-сатрида фаолиятнинг ҳар бир тури бўйича тушум улуши кўрсатилади: чакана савдо – 92% (614 300 / 670 300), умумий овқатланиш – 8% (56 000 / 670 300).

Бошқа даромадлар (Ҳисоб-китобга 2-илованинг 010-сатри) – 1 669 минг сўм Ҳисоб-китобнинг 030-сатрида 11-устунда кўрсатилади.

Солиқ солинадиган ялпи тушум (Ҳисоб-китобнинг 040-сатри) соф тушум ва бошқа даромадларни қўшиш йўли билан аниқланади. У 671 969 минг сўмни (670 300 + 1 669) ташкил этади. Шу сумманинг ўзи Ҳисоб-китобнинг 060-сатри «Жами» устунида солиқ солинадиган база сифатида кўрсатилади ҳамда иккита савдо шохобчаси ва умумий овқатланиш бўйича тақсимланади:

Тошкент шаҳридаги дўкон бўйича (бошқа даромадларни ҳисобга олганда) – 437 869 минг сўм (436 200 + 1 669);

Чирчиқ шаҳридаги дўкон бўйича – 178 100 минг сўм;

умумий овқатланиш бўйича – 56 000 минг сўм.

Ҳисоб-китобнинг 0601 ва 0602-сатрлари тегишли устунларида пасайтирилган ва умумбелгиланган ставкаларда ЯСТ солинадиган тушум ажратиб кўрсатилади:

Тошкентдаги дўкон бўйича 247 350 минг сўмга (149 250 + 22 300 + 75 800) 3,6%лик ставкада, 190 519 минг сўмга (437 869 – 247 350) 4%лик ставкада солиқ солинади;

Чирчиқдаги дўкон бўйича 94 950 минг сўмга (81 550 + 13 400) 1,8%лик ставкада, 83 150 минг сўмга (178 100 – 94 950) 2%лик ставкада солиқ солинади;

кафе бўйича 2 400 минг сўмга 9%лик ставкада, 53 600 минг сўмга (56 000 – 2 400) 10%лик ставкада солиқ солинади.

Белгиланган ва тузатилган ЯСТ ставкалари Ҳисоб-китобнинг тегишинча 070 ва 0802-сатрларида кўрса­тилади.

Сўнгра ягона солиқ тўлови суммаси аниқланади:

пластик карталар қўлланиб товарлар реализация қилинишидан тушумдан – 247 350 х 3,6% + 94 950 х 1,8% + 2 400 х 9% = 10 829,7 минг сўм (Ҳисоб-китобнинг 0901-сатри);

белгиланган ставкаларда солиқ солинадиган тушумдан –

190 519 х 4% + 83 150 х 2% + 53 600 х 10% = 14 643,76 минг сўм (Ҳисоб-китобнинг 0902-сатри);

йил учун ҳисоб-китоб қилинганда (умуман корхона бўйича):

10 829,7 + 14 643,76 = 25 473,46 минг сўм (Ҳисоб-китобнинг 090, 120 ва 130-сатрлари).

ЯСТнинг энг кам миқдори ва ҳисоб-китоб суммаси IV чорак учун ортиб бормайдиган якун билан аниқланади. Агар ҳисоб-китоб суммаси энг кам миқдордан кам бўлса, улар ўртасидаги фарқ (қўшимча ҳисобланган ЯСТ) бюджетга ўтказилади. Акс ҳолда бюджетга Ҳисоб-китобга кўра ҳисобланган сумма тўланади.

ЯСТнинг энг кам миқдори ва унинг ҳисоб-китоб суммаси ҳисоби Маълумотнома-ҳисоб-китобда (2449-сон Низомга 1-илова) келтирилади. ЯСТнинг энг кам миқдори умуман корхона бўйича ҳар бир савдо шохобчаси бўйича қатъий белгиланган солиқ ставкаларини қўшиш йўли билан ҳисобланади.

IV чорак учун ЯСТнинг энг кам миқдори:

(9 + 6,5) х 79 590 х 3 = 3 700,935 минг сўмга тенг,

бунда ЭКИҲнинг 9 ва 6,5 баравари – қатъий белгиланган солиқнинг тегишли равишда Тошкент шаҳридаги (озиқ-овқат товарларига) ва Чирчиқ шаҳридаги (ноозиқ-овқат товарларига) ставкалари.

ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси солиқ солинадиган ялпи тушум ва белгиланган ставкалардан (4 ва 2% – савдо бўйича, 10% – умумий овқатланиш бўйича) келиб чиқиб ҳисобланади. IV чоракдаги ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммасини аниқлаш учун солиқ солинадиган ялпи тушум ҳисобот даври ва III чорак учун ЯСТ ҳисоб-китобининг 040-сатрлари маълумотлари ўртасидаги фарқ сифатида ҳисобланади.

IV чорак учун ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси:

(437 869 – 293 869) х 4% + (178 100 – 160 400) х 2% + (56 000 – 10 500) х 10% = 10 664 минг сўмни ташкил қилади.

Ҳисоб-китоб суммаси ЯСТнинг энг кам миқдоридан кўп, бинобарин қўшимча ҳисоблаш амалга оширилмайди. Тегишинча, йил якунлари бўйича бюджетга тўланиши лозим бўлган ЯСТ суммаси 25 473,46 минг сўмга тенг (Ҳисоб-китобнинг 130-сатри).

Бюджетга 10 244,8 минг сўм (25 473,46 – 15 228,66) ўтказилади.

 

1МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 4.04.2013 йилда 2449-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

2МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 22.03.2012 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарорига 13-илова.

 

Диққат! Мисолларда ҳисоб-китоб минг сўмда кўрсатилган. ЯСТ бўйича ҳисоботда барча кўрсаткичлар сўмда яхлит рақамларда кўрсатилган.

 

2-вазият.

Улгуржи савдо билан шуғулланувчи ва кўчмас мулкни ижарага берувчи корхона учун яст ҳисоб-китоби

 

Кичик корхона Тошкентда улгуржи савдо билан шуғулланади (аввалги йил якунларига кўра асосий фаолият тури) ва майдони 900 кв.метрлик бўш омборхоналарни бошқа улгуржи савдо корхонасига товарларни сақлаш учун ижарага беради.

Дастлаб тарафларнинг келишувига кўра ижара ҳақи ойига 700 минг сўм этиб белгиланган эди. 1 апрелдан бошлаб ижара ҳақи 1 000 минг сўмгача кўтарилди, шартнома муддати 2014 йил 1 январга қадар узайтирилди.

9 ойлик якуни бўйича корхона ялпи тушуми 75 260 минг сўмни ташкил қилди, шу жумладан:

67 160 минг сўм – улгуржи савдодан;

8 100 минг сўм – ижара ҳақи.

Бюджетга 4 456,529 минг сўм ЯСТ тўланди, шу жумладан ЯСТнинг энг кам миқдоригача қўшимча ҳисобланган сумма – 693,529 минг сўм.

 

IV чоракда улгуржи савдодан тушум 49 000 минг сўмни, мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромад 3 000 минг сўмни ташкил қилди.

2013 йилнинг декабрь ойида корхона товарлар сотиб олди. Уларнинг қиймати – 15 200 минг сўм, бироқ улар учун тўлов олдиндан ўтказилганлиги сабабли етказиб берувчи шартнома шартларига кўра сотув нархидан 5% сийловни (чегирмани) тақдим этган. Етказиб берувчининг ҳисобварақ-фактурасида сийлов суммаси (760 минг сўм) ва реализация қилиш нархи (14 440 минг сўм) ажратилган.

Чорак мобайнида бюджетга 2 535 минг сўм бўлган ЯСТ бўйича бўнак тўловлари ўтказилди.

Жорий йилнинг ҳар бир чораги учун ЯСТнинг энг кам миқдори 324,285 минг сўмни ташкил қилди.

 

ЯСТни ҳисоб-китоб қилишда қуйидагилар инобатга олинади:

t харидор томонидан шартномада назарда тутилган шартлар бажарилганда пул сийловлари билан харид қилинган товарлар сийловларни ҳисобга олмаган ҳолда қиймати бўйича товарларни ҳисобга олиш ҳисобварақларига кирим қилинади, яъни сийловлар уларнинг қийматини камайтирмайди («Товар-моддий захиралар» 4-сон БҲМСнинг3 13-банди). Етказиб берувчи томонидан ҳисобварақ-фактурада ажратилган сийлов суммаси молия-хўжалик фаолияти натижаларига киритилади.

Сийловлар билан олинган товарларнинг ҳисобга қабул қилиниши қуйидаги ўтказмада кўрсатилади:

дебет 2900 «Омборлардаги товарлар»

кредит 6010 «Етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўлаш учун ҳисобварақлар»

кредит 9390 «Бошқа операцион даромадлар» (сийлов суммасига).

Олинган сийловлар ялпи тушумга киритилади, бироқ ЯСТ бўйича солиқ солиш базасини ҳисоб-китоб қилишда сийловлар суммаси чегирилади (СК 356-мод­даси биринчи қисмининг 6-банди);

t мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадларга солиқ солиш мол-мулкни ижарага бериш ҳисобот даври якунлари бўйича (ортиб борувчи якун билан) корхонанинг асосий фаолият тури ҳисобланиши ёки ҳисобланмаслигига боғлиқ.

Агар реализациянинг умумий ҳажмида ижарадан тушум улуши устунлик қилса (мол-мулкни ижарага бериш асосий фаолият тури ҳисобланса), унга 6%лик ставкада ЯСТ солинади (реализациянинг умумий ҳажмида савдо шохобчаларини ижарага беришдан даромадлар 60%дан ортиқни ташкил этса, ЯСТ ставкаси 30%га тенг). Агар устунлик қилмаса, ижарадан даромадлар бошқа даромадларга киритилиб, уларга асосий фаолият тури ставкасида солиқ солинади.

2013 йилда кўчмас мулкни ижарага беришдан олинадиган даромадларга шартномада белгиланган ижара ҳақи суммасидан келиб чиқиб солиқ солинган, бироқ у Тошкент шаҳар ҳокимининг 30.12.2012 йилдаги 1052-сон қарори билан белгиланган Тошкент шаҳрида давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара ҳақининг энг кам ставкаларидан («Норма» газетасининг 15.01.2013 йилдаги 2 (391)-сонида чоп этилган) келиб чиқиб ҳисобланганидан кам бўлмаслиги керак эди. Бундай тартиб бошқа даромадлар ҳисобланган ижарадан олинган даромадларга, шунингдек асосий фаолият туридан олинган даромадларга нисбатан амал қилади.

Агар шартномада белгиланган ижара ҳақи суммаси энг кам ставкалар бўйича ҳисобланган суммадан кам бўлса, ЯСТ энг кам ставкалардан келиб чиқиб ҳисоб-китоб қилиниши керак (МВ ва ДСҚнинг 26.01.2012 йилдаги ММ/04-01-32-14/87 ва 13/1-954-сон тушунтириш хати).

Ҳисобот шаклларида ЯСТ ҳисоб-китобига алоҳида 1-илова назарда тутилган, унда ҳар бир ижара объектининг энг кам ставкалар бўйича ижара ҳақининг шартномада белгиланганидан ошган суммаси ҳисоб-китоби кўрсатилади. Агар ЯСТ ҳисоб-китобига 1-иловадаги ҳисоб-китобга кўра ошиш аниқланса (060-сатр), ижарадан олган даромадини корхона:

у реализациянинг умумий ҳажмида устунлик қилса, ошиш суммасини Ҳисоб-китобнинг 026-сатрига кўчиради;

бошқа даромадларга кирса, ушбу суммани Ҳисоб-китобга 2-илованинг 035-сатрида кўрсатади.

 

Биз келтирган мисолда реализациянинг умумий ҳаж­мида товар обороти устунлик қилади. Тегишли тарзда, йил якуни бўйича асосий фаолият тури улгуржи савдо ҳисобланади. Ижарадан олинган даромадлар бошқа даромадлардир. Шунинг учун уларга нисбатан асосий фаолият тури ставкаси – 5% қўлланилади.

Ижарадан олинган даромадлардан солиқ қайси суммадан ҳисоб-китоб қилинишини (ҳақиқатдагими ёки энг кам сумма сифатида белгиланганми) аниқлаш учун Ҳисоб-китобга 1-илова қуйидагича тўлдирилади:

011-сатрда – ижарага берилган жойнинг умумий майдони (900 кв.метр), ижарага олинган жойдаги ижарачининг фаолият тури (улгуржи савдо) ва объект жойлашган жой (Тошкент шаҳри);

021-сатрда – 1 кв.метр учун бир йилги ижара ҳақининг энг кам ставкаси – 10 минг сўм;

031-сатрда – II чоракдан бошлаб ижара ҳақининг – 11 100 минг сўм (700 х 3 + 1 000 х 9) ошишини ҳисобга олган ҳолда бир йил ҳисобидаги шартномада белгиланган ижара ҳақи суммаси;

041-сатрда – энг кам ставкаларда ҳисобланган бир йиллик ижара ҳақи суммаси – 9 000 минг сўм (900 кв.метр х 10);

051, 061 ва 060-сатрларда – энг кам ставкаларда ҳисобланган сумманинг бир йил ҳисобидаги шартномада белгиланган ижара ҳақидан ошиши.

Келтирилган мисолда ошиш мавжуд эмас ва ЯСТ шартномада белгиланган ижара ҳақи суммасидан келиб чиқиб ҳисоб-китоб қилинади (051, 061 ва 060-сатрларда «0» кўрсатилади).

Ҳисоб-китобга 2-илованинг 035-сатри ҳам ноль кўр­саткичга эга. Йил якуни бўйича олинган (олиниши керак бўлган) ижара ҳақи суммаси – 11 100 минг сўм Ҳисоб-китобга 2-илованинг 030-сатрида кўрсатилади.

Олинган сийлов суммаси (760 минг сўм) ЯСТ бўйича ҳисоботда қуйидаги кўрсаткичларда ҳисобга олинади:

ЯСТ ҳисоб-китобига 2-иловадаги 180, 010-сатрларда, ЯСТ ҳисоб-китобининг 030-сатрида бошқа даромад сифатида;

ЯСТ ҳисоб-китобининг 040-сатрида солиқ солинадиган ялпи тушумнинг таркиби сифатида;

ЯСТ ҳисоб-китобига 4-иловадаги 0206, 010-сатрларда, ЯСТ ҳисоб-китобининг 0502-сатрида солиқ солинадиган ялпи тушумни камайтирувчи сумма сифатида.

IV чорак учун ЯСТ ҳисоб-китоби қуйидаги тартибда қилинади:

асосий фаолият туридан соф тушум (Ҳисоб-китобнинг 010-сатри) – улгуржи савдодан – 116 160 минг сўм (67 160 + 49 000);

бошқа даромадлар (Ҳисоб-китобнинг 030-сатри) – 11 860 минг сўм (8 100 + 3 000 + 760);

солиқ солинадиган ялпи тушум (Ҳисоб-китобнинг 040-сатри) – 128 020 минг сўм (116 160 + 11 860);

солиқ солинадиган ялпи тушумнинг камайиши (Ҳисоб-китобнинг 050-сатри) – 760 минг сўм;

солиқ солинадиган база (Ҳисоб-китобнинг 060-сатри) – 127 260 минг сўм (128 020 – 760).

ЯСТ суммаси – 6 363 минг сўм (127 260 х 5%) Ҳисоб-китобнинг 090 ва 0902-сатрларида кўрсатилади ҳамда 120 ва 130-сатрларга кўчирилади.

Бюджетга тўланадиган ЯСТ суммасини аниқлаш учун ЯСТнинг энг кам миқдори ва ҳисоб-китоб суммасини солиштирамиз.

ЯСТнинг энг кам миқдори (ер солиғининг 3 баравари суммаси) мисол шартида 324,285 минг сўмни ташкил этади. Ушбу сумма Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдорини ҳисобга олган ҳолда ягона солиқ тўловининг маълумотнома-ҳисоб-китоби 040-сатрида кўрсатилади (Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга4 3-илова, бундан кейин – Маълумотнома-ҳисоб-китоб).

ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси ЯСТ бўйича имтиёзларни қўлламаган ҳолда ҳисобот даври учун солиқ солинадиган ялпи тушум (ҳисобот даври ва олдинги ҳисобот давр­ларидаги ЯСТ ҳисоб-китобининг 040-сатрлари бўйича маълумотлар фарқи) ва белгиланган солиқ ставкасидан келиб чиқиб аниқланади.

ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси 2 638 минг сўмга (128 020 – 75 260) х 5%) тенг бўлиб, ЯСТ маълумотнома-ҳисоб-китобининг 030-сатрида кўрсатилади.

ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси энг кам миқдордан кўп, шу боис қўшимча ҳисоблаш амалга оширилмайди.

Ҳисобот даври учун бюджетга тўланадиган сумма (Ҳисоб-китобнинг 180-сатри) йил якунлари бўйича ҳисоблаб ёзилган ЯСТ суммаси (Ҳисоб-китобнинг 130-сатри) ва I чорак учун қўшимча ҳисоблаш суммасининг (Ҳисоб-китобнинг 170-сатри) йиғиндиси сифатида аниқланиб, 7 056,529 минг сўмни (6 363 + 693,529) ташкил этади.

Олдин амалга оширилган тўловлар, шу жумладан бўнак тўловларини ҳисобга олган ҳолда бюджетга 65 минг сўм (7 056, 529 – 4 456,529 – 2 535) ўтказилади.

 

3Молия вазирининг АВ томонидан 17.07.2006 йилда 1595-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқ­ланган.

4МВ, ИВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 3.03.2011 йилда 2203-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқ­ланган.

 

3-вазият.

Юк ташиш билан шуғулланувчи корхона учун яст ҳисоб-китоби

 

Бир фаолият тури – юк ташиш билан шуғулланувчи корхона автопаркида 14 та автомобиль бор. У Андижон шаҳрида рўйхатдан ўтказилган, «Камолот» жамғармасига ажратмалар тўлайди.

Корхона мулки саналган офис (алоҳида бино) шаҳарнинг 1-иқтисодий зонасида жойлашган бўлиб, кадастр ҳужжатларига кўра майдони 280 кв.метрлик ер участкасини эгаллайди.

Автомобилларни сақлаш учун 3-иқтисодий зонадаги майдони 1 100 кв.метрлик ижарага олинган ер участкасидан фойдаланилади. Августда ижарага олинган участка майдони 900 кв.метргача камайтирилди.

9 ойлик якунлар бўйича:

хизматлар кўрсатишдан тушум 490 200 минг сўмни ташкил этди;

бошқа даромадлар – 43 620 минг сўм, шу жумладан тўлиқ амортизация қилинган автомобилнинг реализациясидан даромад – 13 200 минг сўм;

«Камолот» жамғармасига 2 498,976 минг сўм ўтка­зилди;

бюджетга 28 738,224 минг сўм ЯСТ тўланди.

 

IV чоракда хизматлар кўрсатишдан тушум 62 300 минг сўмни ташкил этди.

Октябрда корхонанинг автомобилларидан бири аварияга учради. ЙҲҲ тўғрисидаги хулосага кўра, авариянинг бошқа иштирокчисининг ҳайдовчиси айбдор деб топилган. ЙҲҲ айбдорининг суғурта компанияси томонидан 8 300 сўм минг қийматдаги суғурта товони тўланган.

 

Мазкур ҳолатда ЯСТни ҳисоб-китоб қилишда қуйи­дагилар эътиборга олинади:

ялпи тушум, маълумки, товарлар (ишлар, хизматлар) реализациясидан олинган соф тушум ва бошқа даромадлар ҳисобидан шаклланади. СК 355-моддасининг тўртинчи қисмида ЯСТ бўйича алоҳида элемент сифатида солиқ солиш объекти деб қаралмайдиган тушумлар ажратилган. Улар қаторига суғурта шартномалари бўйича суғурта товони (суғурта суммаси) тариқасида олинган маблағлар ҳам киритилган.

Солиқ солиш объекти сифатида қаралмайдиган алоҳида турдаги тушумлар учун Ҳисоб-китобга 3-илова назарда тутилган. Ушбу илованинг охирги кўрсаткичи Ҳисоб-китобнинг 0502-сатри якунига, яъни солиқ солинадиган ялпи тушумнинг камайтирилиш суммасига киритилади. Суғурта товони Ҳисоб-китобга 3-иловада (040-сатр) кўрсатилади, бинобарин, у камайтириш суммасига киритилади. Бироқ шу билан бирга у товарлар (ишлар, хизматлар) ишлаб чиқарилиши ва реализацияси билан бевосита боғлиқ бўлмаган операциялардан бошқа даромад сифатида Ҳисоб-китобга 2-иловада 180-сатр бўйича бошқа даромадларда ажратилиши ҳамда Ҳисоб-китобга 2-илованинг 010-сатри бўйича ва Ҳисоб-китобнинг 030-сатрида бошқа даромадларнинг умумий суммасида ҳисобга олиниши керак.

 

ЯСТнинг энг кам миқдорини ҳисоб-китоб қилиш­да:

юридик шахслар мулк, эгалик қилиш, фойдаланиш ёки ижара ҳуқуқида фойдаланадиган ер участкалари инобатга олинади. Ўз биноси учун ажратилган ер участкаси майдони ер кадастри ҳужжатларига, ижарага олинган ер участкаси майдони ижара шарт­номасига кўра кўрсатилади;

майдон камайиши ушбу камайиш юз берган ойдан бошлаб ҳисобга олинади. Мисолда ижарага олинган участканинг майдони август ойида 1 100 кв.метрдан 900 кв.метргача камайди, шу боис августдан бошлаб ЯСТ энг кам миқдорини ҳисоблашда 900 кв.метр ҳисобга олинади. IV чорак учун ЯСТ энг кам миқдори камайтиришдан кейинги майдондан – 0,118 га (0,028 + 0,09) келиб чиқиб, аниқлаштирилган ЯСТ энг кам миқдори маълумотнома-ҳисоб-китоби маълумотлари бўйича белгиланади.

 

IV чорак якунларига кўра ЯСТ ҳисоб-китоби қуйидаги тартибда амалга оширилади.

Хизматлар реализациясидан соф тушум (Ҳисоб-ки­тобнинг 010-сатри) 552 500 минг сўмни (490 200 + 62 300) ташкил қилади.

Бошқа даромадлар – 51 920 минг сўм (43 620 + 8 300) Ҳисоб-китобга 2-илованинг 010-сатри бўйича кўрсатилади ва Ҳисоб-китобнинг 030-сатрига ўтказилади.

Солиқ солинадиган ялпи тушум (Ҳисоб-китобнинг 040-сатри) 604 420 минг сўмни (552 500 + 51 920) ташкил қилади.

Ҳисоб-китобнинг 050-сатри бўйича имтиёзларнинг йиллик суммаси тўлиқ амортизация қилинган автомобилнинг реализациясидан олдин олинган даромад ва суғурта товони суммаси – 21 500 минг сўм (13 200 + 8 300) ҳисобидан шакллантирилади.

Солиқ солинадиган база (Ҳисоб-китобнинг 060-сатри) 582 920 минг сўмга (604 420 – 21 500) тенг.

Юкларни ташиш билан шуғулланувчи корхоналар учун ЯСТ ставкаси 6%ни ташкил этади. У Ҳисоб-китобнинг 070-сатрида кўрсатилади.

Ягона солиқ тўловининг суммаси (Ҳисоб-китобнинг 0902, 090, 120-сатрлари) 34 975,2 минг сўмни (582 920 х 6%) ташкил этади. Шундан:

«Камолот» жамғармасига (Ҳисоб-китобнинг 160-сатри) – 2 798,016 минг сўм (34 975,2 х 8%);

бюджетга (Ҳисоб-китобнинг 130-сатри) – 32 177,184 минг сўм (34 975,2 – 2 798,016).

Шундан кейин ЯСТ энг кам миқдори ва ҳисоб-китоб суммасини таққослаймиз.

Андижон шаҳрида жойлашган корхоналарда ЯСТ энг кам миқдори 4-зона учун белгиланган ер солиғининг энг кам ставкаси бўйича аниқланади – 8 809 455 сўм (1 га учун). Мазкур ҳолда 0,35 пасайтирувчи коэффициентидан фойдаланилади, сабаби асосий фаолият тури бўлиб юкларни ташиш ҳисобланади ва автотранспортни сақлаш учун ер участкалари мавжуд.

IV чорак учун ЯСТнинг энг кам миқдори (Маълу­мотнома-ҳисоб-китобнинг 040-сатри):

3 х 8 809 455 х 0,118 х 0,35 / 4 = 272 872,869 минг сўмни ташкил қилади.

ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси ЯСТ бўйича имтиёзларни ҳисобга олмасдан солиқ солинадиган ялпи тушум (ҳисобот даври ва ундан аввалги даврлар учун Ҳисоб-китобнинг 040-сатри маълумотлари ўртасидаги фарқ) ва ЯСТнинг белгиланган ставкасидан келиб чиқиб ҳисобланади.

IV чорак учун ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси:

(604 420 – 533 820) х 6% = 4 236 минг сўмни ташкил қилади.

Ҳисоб-китоб суммаси ЯСТнинг энг кам миқдоридан кўплиги сабабли қўшимча ҳисоблаш амалга оширилмайди (Маълумотнома-ҳисоб-китобнинг 050 ва 070-сатрлари кўрсаткичлари нолга тенг) ва бюджетга йил учун ҳисоб-китоб бўйича сумма – 32 177,184 минг сўм тўланади.

Бюджетга 3 438,96 минг сўм (32 177,184 – 28 738,224) ўтказилади.

 

Бюджетга ва бюджетдан ташқари фондларга солиқларни, бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш учун зарур бўлган солиқ ҳисоботларини, ҳисоб-китобларини ҳамда бошқа ҳужжатларни тақдим этмаслик, ўз вақтида тақдим этмаслик ёки белгиланмаган шаклда тақдим этиш, худди шунингдек камерал назорат натижалари бўйича аниқланган тафовутлар асосларини ёхуд аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини белгиланган муддатда тақдим этмаслик энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, – энг кам иш ҳақининг уч бараваридан ўн бараваригача миқдорда* жарима солишга сабаб бўлади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс, 175-модда.

 

*7.10.2013 йилдаги ЎРҚ-355-сон Қонунга мувофиқ 8.10.2013 йилдан бошлаб ҳуқуқбузарликни такрор содир этганлик учун маъмурий жариманинг энг кўп миқдори оширилди (олдин жарима ЭКИҲнинг 3 бараваридан 5 бараваригача атрофда бўлган);

СКнинг 115-моддаси бўйича молиявий жарима (муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун 1% миқдорида, бироқ белгиланган тўлов муддатида тўланиши лозим бўлган тўлов миқдоридан тегишли ҳисобот даври учун илгари ҳисобланган тўловлар чегириб ташланган сумманинг 10%идан кўп бўлмаган миқдорда) бекор қилинган.

 

4-вазият.

Ишлаб чиқариш ва чакана савдо билан шуғулланадиган корхона учун яст ҳисоб-китоби

 

9 ойлик якунлар бўйича «Камолот» жамғармасига ажратмалар тўлайдиган корхонанинг (Бухоро ш.) тушуми 142 910 минг сўмни ташкил этди, шу жумладан:

ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотни реализация қилишдан, шу жумладан фирма дўкони орқали реализация қилишдан тушум – 120 000 минг сўм;

чет ташкилотлардан харид қилинган товарларни реализация қилишдан тушум – 22 910 минг сўм.

Солиқ солинадиган база 6 000 минг сўмга (янги технологик ускуна сотиб олиш ва маҳсулотни сертификатлаш харажатлари) камайтирилди.

Хом ашёнинг чет эл валютасига импорт қилиниши муносабати билан август ойида салбий курс фарқи – 320 минг сўм юзага келган (чет эл валютасида ифодаланган бошқа операциялар бўлмаган).

9 ой ичида бюджетга 6 095,92 минг сўм ЯСТ ўтказилди, шу жумладан 123,965 минг сўм – IV чорак учун ЯСТ энг кам миқдоригача қўшимча ҳисоблаш.

IV чоракда:

44 300 минг сўмлик ўзи ишлаб чиқарган маҳсулот реализация қилинган;

қайта сотиш учун олинган товарлар 16 600 минг сўмга (нақд пулга) реализация қилинган.

Октябрь ойида қиймати харидор билан келишувга  кўра АҚШ долларида белгиланган маҳсулот юклаб жўнатилган. Тўлов сўмда амалга оширилган. Юклаб жўнатиш ва тўлов санасида МБ курсларида фарқ бўлганлиги сабабли ижобий курс фарқи юзага келган – 328 минг сўм.

IV чорак учун ЯСТнинг энг кам миқдори 2 002,965 минг сўмни ташкил қилди.

 

ЯСТни ҳисоб-китоб қилиш ва унга доир ҳисобот шаклларини тўлдиришда қуйидагиларни инобатга олиш лозим:

корхонанинг фаолият турлари (ишлаб чиқариш ва чакана савдо) бўйича алоҳида-алоҳида ҳисоб олиб борилади. Ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотни реализация қилишдан (пул ўтказиш йўли билан ва нақд пулга) тушумга ЯСТнинг 5%лик ставкаси қўлланади. Аҳолиси 100 минг кишидан кўп бўлган шаҳарда амалга оширилган чакана савдо товар оборотига 4%лик ставкада солиқ солинади;

I чоракда амалга оширилган харажатлар (6 000 минг сўм) бўйича солиқ солинадиган базани камайтириш суммаси икки фаолият тури бўйича йил якунларига кўра ҳар бир фаолият туридан олинган тушумнинг реализация умумий ҳажмидаги салмоғидан келиб чиқиб тақсимланади;

баланснинг валюта моддалари қайта баҳо­ланганда ЯСТ ҳисоб-китобида ялпи тушумга ижобий ва салбий курс фарқлари ўртасидаги сальдо киритилади (СКнинг 355-моддаси). IV чоракда олинган ижобий курс фарқи салбий курс фарқидан ошади. Сальдо – 8 минг сўм (328 – 320) Ҳисоб-китобга 2-илова 140-сатри бўйича кўрсатиладиган бошқа даромаддир.

 

Йил якунларига кўра корхонанинг соф тушуми (203 810 минг сўм) қуйидагича тақсимланган:

ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотни реализация қилишдан – 164 300 минг сўм (120 000 + 44 300);

қайта сотиш учун олинган товарларни реализация қилишдан – 39 510 минг сўм (22 910 + 16 600).

Реализациянинг умумий ҳажмида фоизлардаги нисбат (Ҳисоб-китобнинг 020-сатри бўйича салмоғи):

асосий фаолият тури (ишлаб чиқариш) – 81% (164 300 / 203 810);

савдо – 19% (39 510 / 203 810).

Бошқа даромад, яъни ижобий курс фарқининг салбий курс фарқидан (8 минг сўм) ошишини Ҳисоб-китобга 2-илованинг 010-сатридан Ҳисоб-китобнинг 030-сатрига кўчирамиз (асосий фаолият турига тааллуқли).

Солиқ солинадиган ялпи тушум (Ҳисоб-китобнинг 040-сатри) қуйидагиларни ташкил этади:

асосий фаолият тури бўйича – 164 308 минг сўм (164 300 + 8);

савдо бўйича – 39 510 минг сўм;

жами – 203 818 минг сўм.

Ҳисоб-китобнинг 0502 ва 050-сатрларида камайиш суммаси ва унинг фаолият турлари бўйича тақсимланиши кўрсатилади:

ишлаб чиқариш – 4 860 минг сўм (6 000 х 81%);

савдо – 1 140 минг сўм (6 000 х 19%).

Солиқ солинадиган база (Ҳисоб-китобнинг 060 ва 0602-сатрлари) ҳар бир фаолият тури бўйича камайтиришни ҳисобга олган ҳолда аниқланади:

ишлаб чиқариш – 159 448 минг сўм (164 308 – 4 860);

савдо – 38 370 минг сўм (39 510 – 1 140).

070-сатр бўйича тегишли устунларда ЯСТ ставкалари – 5 ва 4% кўрсатилади.

Ягона солиқ тўлови суммаси (Ҳисоб-китобнинг 090-сатри):

ишлаб чиқариш фаолияти бўйича – 7 972,4 минг сўм (159 448 х 5%);

савдо бўйича – 1 534,8 минг сўм (38 370 х 4%);

жами – 9 507,2 минг сўм (Ҳисоб-китобнинг 120-сатри).

ЯСТнинг умумий суммасидан:

«Камолот» жамғармасига (Ҳисоб-китобнинг 160-сатри) – 760,576 минг сўм (9 507,2 х 8%);

бюджетга (Ҳисоб-китобнинг 130-сатри) – 8 746,624 минг сўм (9 507,2 – 760,576) ўтказилади.

Ишлаб чиқариш корхоналарида тўланиши лозим бўлган ЯСТ суммаси энг кам миқдор – ер солиғининг 3 бараваридан кам бўлмаслиги керак.

Шартга кўра IV чорак учун ЯСТнинг энг кам миқдори 2 002,965 минг сўмга тенг.

ЯСТнинг энг кам миқдори билан таққосланадиган ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси ЯСТга доир имтиёзларни қўлламасдан ҳисобот чорагидаги солиқ солинадиган ялпи тушумдан (жорий ва олдинги ҳисобот даврлари Ҳисоб-китобининг 040-сатри кўрсаткичлари фарқи) келиб чиқиб ҳисобланади.

IV чорак учун ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси умуман корхона бўйича ҳисобланади:

(164 308 – 120 000) х 5% + (39 510 – 22 910) х 4% = 2 879,4 минг сўм.

Ҳисоб-китоб суммаси ЯСТ энг кам миқдоридан ошади, тегишли тарзда, IV чоракда қўшимча ҳисоблашлар бўлмайди. Бироқ ЯСТнинг йиллик суммасини аниқлаётганда III чорак учун қўшимча ҳисоблаш суммаси (123,965 минг сўм)ҳисобга олинади. У ЯСТ ҳисоб-китобининг 170-сатрида кўрсатилади.

Йил учун бюджетга тўланадиган ЯСТ (Ҳисоб-ки­тобнинг 180-сатри) Ҳисоб-китобнинг 130 ва 170-сатрлари кўрсаткичларини қўшиш йўли билан аниқ­ланади.

Бюджетга 2 774,669 минг сўм (8 746,624 + 123,965 – 6 095,92) ўтказилади.

 

*Тавсиялар «Практическое налогообложение» («Амалий солиқ солиш»), «Практическая бухгалтерия» («Амалий бухгалтерия»), «Малое предприятие: учет, налоги, право» («Кичик корхона: ҳисоб, солиқлар, ҳуқуқ») электрон маълумотнома тизимлари материаллари асосида тайёрланди.

 

Прочитано: 2581 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика