Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 2 / Назорат

Шикоят қилиниши керак

Қисқа муддатли текширувларни қонун ҳужжатлари билан тартибга солиш мавзусини* якунлаб, назорат қилувчи органларнинг қисқа муддатли текширув якунлари бўйича чиқарган қарорлари устидан шикоят қилиш тартиби ва муддатларини кўриб чиқамиз.

 

Солиқ органлари мансабдор шахсларининг қисқа муддатли текширув далолатномасини (бундан кейин – далолатнома) тузиши далили унда кўрсатилган солиққа оид ҳуқуқбузарликларни содир этишда солиқ тўловчи айбдорлигининг қайд этилиши ҳисобланмайди. Айбдорлик солиқ органининг текширув материалларини кўриб чиқиш натижалари бўйича қабул қилинган, солиқ тўловчини жавобгарликка тортиш ёки тортмасликни назарда тутадиган қароридагина эътироф этилиши мумкин.

У қабул қилингунига қадар текширув тугалланган кундан бошлаб 10 иш куни, кўпи билан 15 иш куни ўтганидан кейин далолатнома ва қисқа муддатли назорат операциясининг бошқа материалларини солиқ органининг раҳбари ва унинг ўринбосарлари кўриб чиқишлари керак. Солиқ тўловчи далолатнома бўйича ўзининг ёзма тушунтиришларини ёки эътирозларини солиқ текшируви тугаган кундан эътиборан 10 иш куни ичида тақдим этганда уларни кўриб чиқишда иштирок этади. Бу солиқ тўловчи уларни тақдим этган ҳолда қисқа муддатли солиқ текшируви материаллари солиқ тўловчининг мансабдор шахслари (раҳбар ва (ёки) бухгалтер) иштирокида кўриб чиқилиши шартлигини англатади. Ушбу ҳолда материалларни кўриб чиқиш санаси, вақти ва жойи тўғрисида уни кўриб чиқишдан камида 2 иш куни олдин хабардор қиладилар.

Шуни таъкидлаш лозимки, ёзма тушунтиришлар ёки эътирозларнинг тақдим этилиши қисқа муддатли солиқ текшируви натижалари устидан ўзига хос «дастлабки шикоят» ҳисобланади. Бироқ, улар тақдим этилмаган бўлса, бу солиқ тўловчининг текширув натижаларига розилигини билдирмайди ҳамда уни юқори турувчи орган ва (ёки) судга шикоят қилиш имкониятидан маҳрум қилмайди.

Қисқа муддатли солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш натижалари солиқ органининг раҳбари ёки раҳбар ўринбосари, солиқ тўловчи ёки унинг вакили (ёзма тушунтиришлар ва эътирозлар тақдим этилганида), шунингдек кўриб чиқишда қатнашган бошқа иштирокчилар имзолайдиган баённомада акс эттирилиши керак.

Баённома имзоланганидан ке­йин 5 иш куни мобайнида назорат қилувчи орган содир этган солиққа оид ҳуқуқбузарлиги учун солиқ тўловчини жавобгарликка тортиш ёки буни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиши керак. Унинг нусхаси 2 иш кунидан кечиктирмай солиқ тўловчига тилхат олиб топширилади ёки ушбу ҳужжатни олиш санаси ва далили тўғрисида гувоҳлик берувчи бошқа усул билан берилади. Агар бунинг имкони бўлмаса, қарорнинг нусхаси почта орқали буюртма хат билан жўнатилади ва жўнатилганидан 3 кун ўтгач, топширилган ҳисобланади.

Агар солиқ органининг қарори бюджетга ҳамда давлат мақсадли жамғармаларига солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг тушмаслигига олиб келмаган солиққа оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жарима қўлланилишини назарда тутса, солиқ тўловчи қарор нусхасини олган кундан эътиборан 5 иш кунидан кечиктирмасдан солиқ органига мазкур ҳуқуқбузарликлардаги айбини тан олганлиги ва ихтиёрий равишда жарима тўлаши тўғрисида ёки уни рад этиши тўғрисида ёзма билдириш тақдим этиши (юбориши) шарт. Солиқ тўловчи ушбу айбини тан олганлиги ва жаримани ихтиёрий равишда тўлаш тўғрисидаги ёки уни рад этганлиги тўғрисидаги ёзма билдиришни тақдим этмаган, шунингдек берилган муддат ичида жарима тўланмаган тақдирда, назорат қилувчи орган солиқ тўловчига нисбатан жарима қўллаш тўғрисидаги даъво аризаси билан судга ­мурожаат қилади (Солиқ кодексининг 104-моддаси, бундан кейин – СК).

Олий суд ва Олий хўжалик суди қўшма Пленумининг «Тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш ва уларнинг молиявий жавобгарлигини эркинлаштиришни такомиллаштиришга йўналтирилган Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларини қўллаш билан боғлиқ масалалар тўғрисида»ги қарорида (22.12.2006 йилдаги 12/149-сон, бундан кейин – Пленум қарори) назорат қилувчи органнинг тадбиркорлик субъектига нисбатан молиявий санкция қўллаш тўғрисида судга муро­жаат қилишига доир бошқа тартиб ва муддат белгиланган. Унда қайд этилишича, Президентнинг «Тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида (14.06.2005 йилдаги ПФ-3619-сон) моҳиятан молиявий санкцияларни қўллаш масаласини судгача тартибга солиш белгиланган. Шу сабабли судга мурожаат қилгунга қадар назорат қилувчи орган молия­вий санкция қўлланадиган шахсга уни ихтиёрий тўлаш талаб қилинган билдиришни, шунингдек санкция суммаси ҳисоб-китобини топширади ёки уни буюртма хат билан юборади. Агар тадбиркорлик субъекти ушбу талабни у қабул қилганидан кейин 10 кун мобайнида қаноатлантирмаса, назорат қилувчи орган судга мурожаат қилишга ҳақли. Ушбу тартибнинг бажарилмаслиги суд томонидан аризани қайтариш учун асос бўлади (Пленум қарорининг 16-банди).

2008 йилда Солиқ кодекси кучга кирганидан кейин Пленум қарорига тегишли ўзгартиришлар киритилмаганлиги муносабати билан мазкур зиддиятлар юзага келган. Унинг қоидаларини амалдаги Солиқ кодексига мувофиқлаштириш мақсадга мувофиқдир, акс ҳолда юқорида кўрсатилган зиддиятлар суд ва суд муҳокамаси тарафларини янглиштириши мумкин.

Текширув натижалари бўйича қарор устидан шикоят қилиш учун шикоятни юқори турувчи солиқ органи ва (ёки) судга бериш керак. «Юқори турувчи орган»ни белгилаш учун қандай орган бошқа органга нисбатан юқори туришини белгилайдиган солиқ хизмати таркибига эътибор қаратиш керак (29.08.1997 йилдаги «Давлат солиқ хизмати тўғрисида»ги 474-I-сон Қонуннинг 3-моддаси). Бунда солиқ тўловчига унинг ҳуқуқлари ва қонун билан муҳофаза қилинадиган манфаатлари бузилганлиги маълум бўлган кундан бошлаб 30 кун мобайнида юқори турувчи органга шикоят берилиши кераклигини унутмаслик лозим.

СК 123-моддасининг иккинчи қис­мида солиқ тўловчига ДСХнинг юқори турувчи органига шикоят қилиб туриб ёки унга шикоят бермасдан туриб бир вақтда судга шикоят бериш ҳуқуқи берилган. Шуни ҳисобга олиш лозимки, судга ҳеч қандай бошқа ҳужжат устидан эмас, фақат солиқ органининг қарори устидан шикоят қилиш мумкин. Чунончи, унда қисқа муддатли солиқ текшируви далолатномаси ёки унинг мате­риалларини кўриб чиқиш баённомаси устидан норозилик билдириш мумкин эмас. Улар солиқ тўловчининг ҳуқуқлари ва қонун билан муҳофаза қиладиган манфаатларини бузадиган ҳужжатлар ҳисобланмаслиги боис, уларни бекор қилиш ёки ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги талаблар ҳам хўжалик суди томонидан кўрилмайди (ОХС Пленумининг 18.06.2010 йилдаги 210-сон қарори 28-бандининг бешинчи хатбошиси).

Солиқ органининг қарори устидан хўжалик судига шикоят қилинганида тадбиркорлик субъекти давлат божини тўлашдан озод этилади (СК 330-моддасининг 3-банди). Бироқ агар суд унинг шикоятида баён этилган талабларни қондирмаса, суд қарорини чиқариш пайтида амал қилаётган, 10 ЭКИҲ доирасидаги давлат божи бўйича харажатлар тадбиркорлик субъекти зиммасига юкланади (ВМнинг 3.11.1994 йилдаги 533-сон қарори билан тасдиқланган Давлат божи ставкаларининг 2-банди; ОХС Пленумининг 18.04.2008 йилдаги 180-сон қарори 29-банди).

 

*Бундан аввалги «Қисқа муддатли солиқ текширувлари хусусида» («СБХ», 29.10.2013 йилдаги 43 (1003)-сон), «Ҳуқуқларингизни билган ҳолда мажбуриятларингизни ҳам унутманг» («СБХ», 12.11.2013 йилдаги 45 (1005)-сон), «Кечқурунги текширув» («СБХ», 3.12.2013 йилдаги 48 (1008)-сон), «Текширув якунидаги далолатнома қандай расмийлаштирилади?» («СБХ», 17.12.2013 йилдаги 50 (1010)-сон) материалларига қаранг.

 

Алишер УБАЙДУЛЛАЕВ,

«VICTORY ­YURCONSALT» МЧЖ юрисконсульти.

Прочитано: 2797 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика