Norma.uz

Иссиқлик таъминотига... истеъмолчилар

2013 йил 1 декабрдан эътиборан иссиқ ва совуқ сув истеъмоли ҳисоблагичлари ўрнатилмаган турар жой эгалари иссиқ ва совуқ сув таъминоти билан боғлиқ хизматлар учун назарда тутилган тарифдан бир ярим баравар кўпроқ ҳақ тўлайдиган бўлдилар. Бу қоида Вазирлар Маҳкамасининг 6.11.2013 йилдаги 300-сон қарорида (бундан буён матнда 300-сон қарор деб юритилади) назарда тутилган. Ҳужжатда мамлакатимиз иссиқлик ва сув таъминоти ташкилотларини молиявий соғломлаштиришга қаратилган ҳаракатларнинг кенг дастури мужассам топган. Мазкур дастурий ҳужжат иситиш мавсумида сув ва иссиқлик таъминоти корхоналари барқарор ишлашини таъминлашга, энергия ресурсларини етказиб берувчилар олдидаги кредиторлик қарзларини қисқартиришга, иссиқлик энергияси нормативдан ортиқча сарфланиши омилларини бартараф этишга, зарарлар ва унумсиз харажатларни қисқартиришга қаратилгандир. Ҳужжатда жумладан мамлакатимизнинг 28 та йирик шаҳрида 2014–2020 йиллар мобайнида иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантириш ва модернизация қилиш схемаларини ишлаб чиқиш; Коммунал хизмат кўрсатиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва услубий ҳужжатларни такомиллаштириш ва янгилашнинг 2014–2015 йилларга мўлжалланган дастурини амалга ошириш назарда тутилмоқда. Мамлакатимиз иссиқлик таъминоти ташкилотлари иши самарадорлигини ошириш ҳамда уларни молиявий соғломлаштириш комплекс чора-тадбирлари билан иссиқлик энергияси истеъмолчиларининг ҳамда реализация қилинган шундай энергия ҳажмларининг автомат тарзда ҳисобга олинишини таъмин этувчи биллинг дастурини жорий этиш ҳам назарда тутилмоқда.

Истеъмолчиларнинг аксарияти иссиқлик таъминоти ташкилотларининг самарали ишлаши, аҳолининг иссиқлик ва сув билан сифатли тарзда, узлуксиз таъминланиши муайян маънода ўзларига ҳам боғлиқ эканлиги хусусида ўйлаб ҳам кўрмаса керак. Ишларнинг реал аҳволи ана шундай. 300-сон қарорда етказиб берувчиларни молиявий жиҳатдан бундай мураккаб аҳволга олиб келган сабаблар ҳам қайд этиб ўтилган. Бунда истеъмолчиларнинг ўзлари ҳам ҳазилакам роль ўйнамаяптилар. Аҳолининг тўловларни амалга оширмаслиги, иссиқлик ва сув таъминоти тизимига қонунга хилоф тарзда уланув, иссиқлик энергиясининг нормативдан ортиқ истеъмоли катта-катта нобудгарчиликлар келтириб чиқармоқда.

Тармоқ самарадорлигига турар жой эгалари тимсолида сабаб бўлаётган омилларнинг салбий таъсирини бартараф этиш ва имкон қадар камайтириш учун қандай чоралар кўриш зарур? Махсус мухбиримиз «Тошиссиққуввати» ИЧБ УК (бундан буён матнда «Тошиссиққуввати» деб юритилади) метрология ва стандартлаштириш хизмати бошлиғи Артур ГРИГОРЬЯНЦ, унинг ўринбосари Низомиддин КАМОЛОВ ва ИЧТБ бошлиғи Алексей ПИЛИПЧУНлар билан ана шу муҳим мавзу доирасида суҳбатлашди.

 

Улгурмаган одам кечиккан ҳисобланадими?

 

– Иссиқлик таъминоти соҳасидагилар 300-сон қарорни иссиқлик таъминоти корхоналарининг аҳволини яхшилайдиган, вақтида қабул қилинган, қатъиятли ҳужжат деб ҳисобламоқдалар. Истеъмолчилар учун Янги йилга кўнгилсиз­роқ бу совға қаттиққўллик ўзанида­ги, ҳатто уларнинг ҳуқуқларини ­бузувчи ҳужжатдек кўринади. Ҳужжат 2013 йилнинг 6 ноябрида қабул қилинди, ҳи­соблагичларни ўз вақтида ўрнатиб улгурмаган абонентларга эса шу қа­рорга мувофиқ 1 декабрдан эътиборан молиявий таъсир чоралари жорий этилди. Улар иссиқ сув учун белгилаб қўйилган тарифга нисбатан ошиб борувчи 1,5 коэффициентини қўллаган ҳолда ҳақ тўламоқдалар. Истеъмолчилар ҳисоб­лагичларни ўрнатиш учун бизга фурсат ҳам беришмади деб нолиганнамо гапириб юришибди.

– Бунинг учун фурсат етарли эди – роппа-роса 8 йил вақт берилганди. Мамлакатимиз қонун ҳужжатларида уй-жой фонди мулкдорлари зиммасига иссиқ сув ҳисоблагичларини ўрнатиб олиш вазифаси назарда тутилган. 2006 йилда совуқ ва иссиқ сув ҳисоблагич асбоб-ускуналарини ўрнатиш бўйича дастур (ВМнинг 8.08.2006 йилдаги 166-сон қарори билан тасдиқланган) қабул қилинган бўлиб, унинг амал қилиш муд­дати бир неча марта узайтирилди. 2007 йилда Хитой Халқ Республикасининг имтиёзли кредитлари доирасида «Ўзбекистон Респуб­ликаси уй-жой фондини совуқ ва иссиқ сув ҳисоблагич асбоб-ускуналари билан жиҳозлаш» инвестиция лойиҳасини (Президентнинг 3.01.2007 йилдаги ПҚ-553-сон қарори) амалга оширишга киришилди. Мазкур лойиҳанинг амал қилиш муддати 2010 йилга қадар узайтирилди ва ўшанда ҳам кўпчилик сув ўлчагичлар ўрнатилишидан бўйин товлаганлиги сабабли бажарилмай қолди. Ўтган вақт мобайнида бу тадбирнинг зарурлиги, муҳимлиги, истеъмолчи кўрадиган наф ҳақида мунтазам равишда тушунтириш ишлари олиб борилди. Айни бир вақтда ресурсларни тежашга оид қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик борлигидан ҳам аҳоли хабардор этилди. Лекин айрим фуқароларимиз ресурсларни тежаш мамлакат иқтисодиётини айтмаганда ҳам ўзлари учун фойдали эканлигини билиш­ни хоҳламадилар. Кўзларига фа­қат ҳисоблагич асбоб-ускуналарини сотиб олиш харажатларигина кўринди, холос.

Давлат дастури учун белгиланган муддатни узлуксиз чўзиб бўлмайди, албатта. Вақти келиб, у охирига етади, унинг бажарилишига тўсқинлик қилаётганларга нисбатан эса қатъий чоралар кўрилади. Демак, ё ҳисоблагич ўрнатиб, ҳақиқатда истеъмол қилинган иссиқ сув учун пул тўлаш, ёки ҳисоблагич асбоб-ускунасига пулини қизғаниш оқибатида... кўпроқ ҳақ тўлаш керак. Рисоладагидек амалиётнинг ўзи шу.

– Бошқача қилиб айтганда, ким улгурмаган бўлса, у кечиккан ҳисобла­нар экан-да? Ҳисоблагичсиз оширилган йўсинда ҳақ тўлаш ўзига хос қамчи ва­зифасини ўтаб, сув ўлчагичлар ўрна­тишни пайсалга солиб, ўзига ўзи жабр қилганларни «савалар» экан-да? Бунинг истеъмолчиларга ёқадиган жиҳатлари ҳам борми?

– Кечикиш дейиш ўринсиз, ҳисоблагични ўрнатиш ҳар қачон ва ҳар қандай ҳолатда ҳам кеч эмас. Яхши жиҳатлари масаласига келганда, иссиқ сув ҳақи борасида маблағ тежалишини айтиш керак. Зотан нормативга нисбатан бунда сувнинг ҳақиқий сарфиёти анчагина кам бўлади. Янги ҳужжат истеъмолчиларга ҳисоблагич асбоб-уску­наларини ўрнатиш зарурлигини яна бир карра эслатмоқда. Ҳужжатда кам таъминланган, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари орқали ёрдам пули олаётган оилаларга имтиёзлар назарда тутилган. Улар сув ўлчагич асбоб-ускуналарини коммунал хизматлар етказиб берувчиларнинг маблағлари ҳисобидан белгиланган тартибда ўрнаттиришлари ва унинг қийматини шартнома асосида 12 ой мобайнида бўлиб-бўлиб тўлашлари мумкин.

– Мазкур масалани ҳал этиш йўли қандай?

– Маҳалла фуқаролар йиғини кам таъминланган оилаларнинг рўйхатини ҳо­кимликларга тақдим этади. Ҳокимликлар эса уларни «Тошиссиққуввати»нинг туман тузилмаларига беради. У ерда маълумотлар аниқлаштириб олингач (кимдир ҳисоблагич ўрнатиб олган бўлиши ҳам мумкин), ҳисоблагич асбоб-ускуналарининг керакли миқдори аниқланиб, уларни ўрнатиш жадваллари тузилади. Ҳозир шу иш билан шуғулланадиган бригадалар шакллантирилмоқда. Кам таъминланган оилалар билан шартномалар жойнинг ўзида тузилади. Истеъмолчилар сув ўл­чагич ўрнатиладиган кун ва вақтдан олдинроқ хабардор этилади. Бу анча катта ҳажмдаги иш бўлгани учун уни амалга ошириш йўллари янада аниқлаштирилмоқда.

– Борди-ю, кам таъминланган оила­лардан биронтаси сув ўлчагич ўрна­тилишини рад этса-чи?

– Мажбурийлик хусусиятидаги барча чоралар тугагач, истеъмолчиларни бу борада ишга солувчи бошқа омилларга навбат келса керак.

Сув ўлчагичларни ўрнатишда яна бир тўсқинлик келиб чиқиши мумкин. Бу «Тош­иссиққуввати» ходимларини кўп қаватли уйларнинг ертўлаларига киритиш билан боғлиқдир. Ҳисоблагич асбоб-ускуналари ўр­натилаётганда ширкат иссиқ сув таъминоти тизимини ўчириб қўйиши керак. Кўпгина ХУМШларда бундай тизим носоз, сув силқиб ётади. Иссиқлик таъминоти вакиллари ҳуқуқбузарликлар ҳақида далолатнома тузмасин деган хаёлда ширкат раҳбарлари жўяли ва жўясиз баҳоналар билан уларни ертўлаларга киритмасликка ҳаракат қиладилар.

 

Бирни ёзамиз – беши дилда

 

– Қарорда ҳеч ким рўйхатда турмайдиган квартираларда иссиқ сув учун ҳисоблагич асбоб-ускуналарисиз ҳақ тўлаш билан боғлиқ масала ҳам тартибга солинган. Истеъмолчиларнинг фикрича, бунда анчагина қаттиққўллик билан иш тутилган кўринади. Бинобарин квартирада ҳеч ким яшамаётган ва иссиқ сувдан ҳеч ким фойдаланмаётган экан, ҳақ тўлашга, яна оширилган коэффициент билан ҳақ тўлашнинг талаб этилиши тўғримикин?

– Бу жиддий масала истеъмолчилар билан иссиқлик таъминоти ташкилотлари ўртасида кўпдан буён зиддият ва қарама-қаршиликка сабаб бўлиб келмоқда. Гап шундаки, квартира бўйича ҳеч ким рўйхатда турмаслиги ҳоллари оз эмас, аммо коммунал маҳсулотларнинг реал истеъмоли сезилиб туради. Бинобарин бундай квартирада рўйхатдан ўтмаган ҳолда кўп одам яшаётган бўлади. Уларга ҳисоблагич ўрнатишнинг ҳожати йўқ? Зотан улар ҳақиқий истеъмол ҳажми ҳисобга олинишидан манфаатдор эмас, негаки нормативдагидан анчагина кўп истеъмол қилаётганликлари аниқ. Суриштиргудек бўлинса, яхши деганда жой мулкдори бир киши учун норматив бўйича ҳақ тўлаб келган, ёмон жиҳати эса, у квартирада ҳеч ким яшамайди деб маълумотнома олиб келиб, нега ҳақ тўлашим керак деб ҳуқуқини рўкач қилишга тушган бўлиб чиқади. Баъзан бир одам рўйхатдан ўтган бўлади-ю, кўп одам яшайди. Муаммони ҳал этиш йўли осон. Ҳисоблагич ўрнатиш керак, тамом-вассалом. Зеро ҳисоблагич асбоб-ускунаси ҳақ тўлаш керак-керакмаслиги, тўлагудек бўлса, қанча тўлаши жоизлиги борасидаги низоларда одил ҳакам бўлади.

Мабодо сув ўлчагичдан фойдаланишга рағбатинг бўлмаса, 300-сон қарорга кўра ҳеч ким рўйхатдан ўтмаган турар жойда ҳисоблагич бўлмаса, иссиқ сув истеъмоли учун ҳисоб-китоб истеъмол нормаси бўйича тарифларга ошиб борувчи 1,5 коэффициентини қўллаган ҳолда қуйидаги йўсинда амалга оширилади: 1 ва 2 хонали турар жойда бир киши, 3 хонали турар жойда икки киши, 4 хонали турар жойда уч киши, 5 хонали квартирада 4 киши учун ҳақ тўланади. Ошиб борувчи коэффициент тарзидаги таъсир чоралари истеъмолчиларни ҳисоблагич асбоб-ускуналари­ни ўрнаттиришга рағбатлантириши ҳамда нор­мативдан ортиқча нобудгарчиликларни қисқартирмоғи лозим.

– Пойтахтдаги уй-жой фондининг иссиқ сув ҳисоблагич асбоб-ускуналари билан жиҳозланганлигига оид статистика маълумотлари қандай?

– Тошкентда 9 000 дан ортиқ кўп квартирали уй бор, улардаги квартиралар сони 424 мингдан ортиқдир. Ўтган йилнинг 1 ­ноябрь ҳолатига кўра 254 641 та квартирада 323 128 та иссиқ сув ҳисоблагич асбоб-ускуналари ишлаб турган эди. Демак, яна 170 мингдан ортиқ квартирага сув ўлчагич ўрнатилмоғи лозим.

 

Кўп қаватли уйдаги умумҳисоблагичлар шарофати

 

– Кўп квартирали уйларга умум­ҳисоблагич асбоб-ускуналарини ўрна­тиш дастурини 2014 йилнинг 1 апрелига қадар ишлаб чиқиш мўлжалланаётган экан. Айтинг-чи, бу нима учун керак?

– Уйнинг умумҳисоблагичлари кўп квар­тирали турар жойнинг ертўлаларида ўр­натилади ва бутун уйга етказиб берилаётган иссиқлик энергияси ҳамда иссиқ сув сарфиёти реал тарзда ҳисобланишини таъминлайди. Бугунги кунда эса уй қанча иссиқлик қабул қилишга қодир бўлса, шунча иссиқлик қуввати бераяпмиз, ҳисоби тузукроқ юритилмаяпти ҳам. Муайян уйга берилаётган сув ҳажми билан квартиралардаги сув ўлчагичларда қайд этилган ҳажм ўртасидаги тафовут ҳам шундан келиб чиқмоқда. Уйнинг умумҳисоблагичлари эса нобудгарчиликларнинг сабабларини аниқлаш ва бартараф этиш имконини беради.

Пойтахтимизда истеъмол мониторингини олиб бориш учун 32 та асбоб-ускуна ўрнатилган. Булар кўпгина уйларда ҳақиқий сарфиёт нормадагидан анчагина кўп бўлгани ҳолда одамлар камроқ истеъмол учун ҳақ тўлаётганликларини кўрсатмоқда. Бу эса, табиийки, тармоққа бевосита зарардир.

Ортиқча сарфиётнинг сабаблари кўп. Уй ичидаги ва квартира ичидаги тизимларнинг қониқарсиз ҳолатда эканлиги шундай сар­фиётга олиб келмоқда. Уйдаги иссиқлик таъминоти тизими носозлиги ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Одамлар балконларга батарея ўрнатадилар, радиаторлар секцияси сонини ё кўпайтириб юборадилар, ёки умуман олиб ташлайдилар. Иситадиган пол ўрнатадилар, тўсқичларни олиб ташлайдилар, бу эса квартирадаги иссиқлик режимини ўзгартириб юборади. Радиаторлардаги ва уй ичи тармоқларидаги иссиқ сувни оқизиб ташлайдилар. Бунақа ўзбошимчалик билан қилинган ишлар жабрини эса бутун уй тортади. Негаки, битта қувур ортиқча бурилганлиги ҳам бутун схемани ўзгартириб, тизим ишига ўз таъсирини ўтказади. Квартира эгаси ўзим учун шинам шароит яратдим деб ўйлайди-ку, қўшниларнинг квартирасидаги шароитни ёмонлаштирганидан бехабар. Бундай уйда ҳатто барча қувурлар янгисига алмаштирилган тақдирда ҳам тизим самарали ишламайди, иссиқлик унга тўла ҳажмда етиб бормайди.

Нормативдан ортиқча истеъмол квартирани ортиқча иситиб юборади. Айтайлик, ташқарида 18 даража иссиқ, квартирада батареялар қизиб ётибди. Одамлар деразаларни очиб ташлайдилар – иссиқлик ташқарига, ҳавога совурилади. Уйнинг умумҳисоблагичлари эса иссиқлик энергиясини ташқи ҳаво ҳароратига қараб узатиш, ортиқча иситиб юбориш ҳолларини бартараф этиш имконини беради – ортиқча харажат бўлаётганлигини у шундоққина кўрсатиб туради: ширкат нобудгарчилик сабабларини аниқлаши ва бартараф этиши лозим. Таассуфки, уйнинг ички ис­сиқлик тармоқлари қониқарсиз ҳолатда эканлиги сабабли ХУМШ­лар уйнинг умум­ҳисоблагичлари­дан чўчиб турадилар. Шир­катлар бундан манфаатдор бўлиши учун чинакам иқтисодий рағбат омиллари ишламоғи лозим.

– Уйнинг умумҳисоблагич асбоб-уску­наларидан квартира эгаларига нима наф?

– Бундай ҳисоблагичлар жой мулкдорлари маблағлари чинакамига тежали­ши, ресурслар учун ҳисоб-китоб қилишда кам­роқ ҳақ тўланишини таъмин этади. Негаки, уйнинг умумҳисоблагич асбоб-ус­куналари сув ва иссиқлик энергияси сарфиёти ҳажм­ларинигина эмас, балки уларнинг бошқа кўрсаткичлари, шу жумладан ҳароратини ҳам қайд этиб боради. Шу сабабли уй аҳли, агар бу кўрсаткичлар белгиланган нормативларга мувофиқ бўлмаса, камроқ ҳақ тўлашга асосли тарзда даъво қила оладилар. Ҳозирги кунда эса бундай қилиб бўлмайди. Чунки етказиб берувчилар билан истеъмолчилар ўртасида уйнинг умумҳисоблагич асбоб-ускуналари асосида ўзаро ҳисоб-китобларни қай тартибда амалга ошириш масаласи қонунчилик йўли билан тартибга солинмаган. Бизда бундай ҳисоблагичлар ресурсларнинг яхшигина тежамкорлигига олиб келаётган уйлар ҳам бор.

 

Қайта режалаштирганлик учун жазо

 

– Ҳужжатда квартираларини қайта режалаштирган, тузилишига ўзгартиш­лар киритган жой эгаларига нисбатан иқтисодий жазо чораларини жорий этиш мўлжалланган экан.

– Бу жиддий муаммо ҳам 300-сон қарор билан тартибга солинган. Негаки, жойни қайта режалаштириш ва реконструкция қилишда кўпинча белгиланган нормалар ва қоидаларга риоя этилмайди. Квартирани ўзбошимчалик билан қайта қуриш гидравлик режим бузилиши, нормативдан ортиқ истеъмол юзага келиши сингари оқибатларга олиб келади. 300-сон қарорда балконлари қайта режалаштирилиб, уларнинг саҳнлари иситиладиган ҳажмларга қўшиб олинган кўп квартирали уйларни энергия жиҳатидан аудитдан ўтказиш назарда тутилган. Шу тадбир натижаларига қараб, қайта режалаштирилган квартиралар учун иситиш хизматлари қиймати ҳақини ҳисоб-китоб қилишда ошиб борувчи коэффициентни жорий этиш мўлжалланган. Истеъмолчилар инвентаризацияси доирасида қўшимча иситиладиган саҳнлар аниқланади ва улар учун ҳам ҳақиқатда истеъмол этилаётган иссиқлик энергиясини инобатга олган ҳолда ҳақ ҳисоблаб чиқарилиши мўлжалланмоқда.

– Иссиқлик таъминоти ташкилоти би­лан хизматлар истеъмолчиси ўрта­сидаги шартномага янгиликларга му­вофиқ тузатишлар ҳам киритиладими?

– Ҳужжатда амал қилиб турган шартномани етказиб берувчининг шартномада кўрсатилган ҳароратни таъминлаш борасидаги мажбуриятларига тааллуқли шартлар билан тўлдириш назарда тутилган. Уч тарафлама шартнома ишлаб чиқиш фурсати ҳам келган кўринади, унда етказиб берувчи ва истеъмолчидан ташқари ширкат ҳам бўлиши лозим. Бугунги кунда иссиқлик таъминоти ташкилоти билан уйнинг ички тизимларини сақлаш учун жавоб берадиган ХУМШлар ўртасида ўзаро муносабатлар регламенти йўқ. Уйга ҳисоблагич асбоб-ускуналари ўрнатилган тақдирда квартира мулкдорлари номидан иш кўрадиган ширкат бундай асбоб-ускуналарнинг бут сақланишини кузатиб бориши, уларнинг соз ҳолатда бўлиши ва ишлаб туришидан манфаатдор бўлиши, шартномада айтилган шартлар бажарилишини назорат қилиб ва қайд этиб бориши, шу уйда яшовчилар қайта режалаштириш ишлари билан тизимни бузмаслигини кузатиб бориши, бошқача қилиб айтганда, иссиқлик етказиб берувчилар билан ўзаро яқин ҳамкорликни йўлга қўйиши лозим. Шартномада иссиқлик таъминоти ходимларини уйнинг ертўласига, квартираларга монеликсиз кириши билан боғлиқ шарт ҳам назарда тутилмоғи лозим. Йўқса қўшимча равишда иситилаётган саҳнларни аниқлаш юзасидан инвентаризация ёки энергияга оид аудит ўтказиб бўлармиди? Баъзи ширкатлар ходимларимиз кўрсаткичларни ёзиб олиши учун уйнинг бизга тегишли умумҳисоблагич асбоб-ускуналари турган ертўласига киришига йўл қўймайдилар. Ширкатдаки аҳвол шундай бўлгач, одамлар ҳақида нима деб бўларди?! Демак, бундай ХУМШларда уйнинг ички тармоқлари талаб даражасида эмас. Улар шартномангиз ширкат билан эмас, балки истеъмолчилар билан тузилган, шундай экан, сизларни ертўлага қўя олмаймиз, дейишдан нарига ўтмайдилар. Ҳолбуки, иситиш мавсумига тайёргарлик кўришда ширкат баъзи ишларни иссиқлик таъминоти ходимлари ҳозирлигида амалга ошириши лозим.

– 300-сон қарорда назарда тутилган айрим чора-тадбирлар уйнинг ички тизимларини иситиш мавсумига тайёрлашга қаратилган. Аслида эса бу ХУМШ­ларнинг кундалик амалиёти билан боғлиқ иш-ку?!

– Уйнинг ички тизимларисиз уйдаги ис­сиқлик таъминоти тизими самарали ишлай олмайди. Шу сабабли ҳам ҳукумат даражасидаги мазкур ҳужжатда ана шу тадбирларнинг аҳамияти яна бир карра қайд этиб ўтилган. Масалан, қарорда қатъий ҳисоб-китоб асосида чеклаб борадиган қурилмалар ўрнатиш зарурлиги айтилган. Уйдаги элеватор узеллари муайян босим остида ишламоғи керак. Иссиқлик тенг тақсимланиши учун ҳар бир уйга алоҳида гидравлик ҳисоб-китоб қилинади ва бу ҳисоб-китоб уйга иссиқлик таъминоти кираверишида қандай қурилма ўрнатиш маъқуллигини аниқлаб беради. Иссиқлик энергияси қозонхонадан уйга етказиб берилаётганда босим камаяди. Агар чекловчи қурилма бўлмаса ёки бундай қурилма катта ҳажмли бўлса, қозонхонага яқин жойлашган уйлар иссиқликни кўпроқ, қолганлари эса камроқ оладилар. Айни шунинг учун ҳам бундай қурилмалар ҳар бир кўп қаватли уй учун қатъий ҳисоб-китоб асосида ўрнатилмоғи лозим.

Шуниси ҳам борки, гидравлика ҳисоб-китоби рисоладагидек ишлаётган тизим учун тайёрланади. Элеватор узели, агар уйда тик қувурлар тўлиб қолган ёки кесиб олиб ташланган бўлса ёхуд иссиқлик таъминоти схемаси ўзгартирилган бўлса, самарали ишламайди. Битта бинога босимни нормал даражага қадар пасайтириб берадиган қурилма ўрнатилган, қўшни кўп қаватли уйларда уйнинг ички тизимлари талаб даражасида эмас дейлик. Натижада бу бинога иссиқлик етарли миқдорда етиб келмайди. Босимни ошириш ва уйни иситиш учун ширкат чекловчи қурилмани олиб ташлайди ва оқибатда занжирли реакция ишга тушади: қўшни уйларда босим ўзгаради, сув сарфиёти ортади; тармоқдаги барча участкаларда гидравлика бобида қайта созлашга киришилади, иш мароми бузилади. Шу сабабли ҳам иссиқлик таъминоти схемасини одамлар ўз билгича бузмаслиги, ширкат уйнинг ички тизимини сақлаш борасидаги мажбуриятларини бажариши жуда муҳимдир.

– Муфассал суҳбат учун ташаккур. Таҳририят ва барча газетхонларимиз номидан сизларни Янги йил билан қут­лаймиз. Хайрли ўй-ниятларингиз амалга ошишини ва турмушни яхшилик сари ўзгартиришини тилаймиз. Ҳамма тизимлар ишончли тарзда, узлуксиз ишласин-у барча уй ва хонадонларимиз қиличини қайраб келган шу фаслда ҳам ҳамиша ёздагидек иссиқ бўлаверсин!

Махсус мухбиримиз

Ирина ГРЕБЕНЮК суҳбатлашди.

Прочитано: 3007 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика