Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2013 год / № 51 / Аудитор хабарномаси

Илғорлар сараланди

Ҳар қандай касбнинг устаси бўлиш ўз ишини кўпчиликдан кўра яхши билиш ва бажара олиш демакдир. «Энг яхши аудитор–2013» ва «Энг яхши бухгалтер–2013» танлови иштирокчилари ўзларининг ижодий деб бўлмайдиган касблари ёшлар учун жозибали бўлиб бораётганини, уни билган кишиларга эса иқтисодиётнинг барча соҳаларида талаб борлигини кўрсатдилар.

Танловда энг журъатли ҳамда фаол бухгалтер ва аудиторлар жамланди. Улар учун бу тадбир билим ва амалий кўникмалар синови бўлди. Танлов ғолиблари дипломлар ва эсдалик совғалар билан тақдирландилар. Тадбир ҳақидаги материал билан «Аудитор хабарномаси»да танишишингиз мумкин.

«Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги Қонун (9.12.1992 йилдаги 734-XII-сон) қабул қилинган кунга бағишлаб Тошкентдаги «Grand Mir Hotel» меҳмонхонасида байрам тадбири ўтказилди. Ушбу кун 2010 йилдан бошлаб ҳар йили нишонланади. Тадбир доирасида «Энг яхши аудитор–2013» ва «Энг яхши бухгалтер–2013» республика танловларининг ғолиблари эълон қилинди.

Тадбирда профессионал ташкилотларнинг 120 намояндаси иштирок этди, улар орасида мамлакатимиз аудиторлик ташкилотлари ҳамда Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган хорижий аудиторлик ташкилотлари раҳбарлари, шунингдек аудиторлик ва бухгалтерлик касблари соҳасидаги юқори малакали мутахассислар иштирок этдилар. Тантанали кечага Олий Мажлис Қонунчилик палатасидан, молия ва адлия вазирликларидан, Давлат божхона қўмитаси ва Давлат солиқ қўмитасидан меҳмонлар таклиф этилди.

 

«Энг яхши аудитор–2013» деган ном учун ўтказилган танловда малака сертификатига эга бўлган, мамлакатимиз ҳудудида иш олиб бораётган аудиторлар қатнашдилар. Ўз нав­батида «Энг яхши бухгалтер–2013» унвони учун Ўзбекистонда ишлаётган амалиётчи бухгалтерлар куч синашдилар. Ҳар иккала танлов Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг кўмагида ўтказилди.

Шуни эслатиб ўтиш жоизки, «Йилнинг энг яхши аудитори» танловини ўтказиш мамлакат Президентининг «2011–2015 йилларда республика молия-банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва барқарорлигини ошириш ҳамда юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришишнинг устувор йўналишлари тўғ­рисида»ги Қарори (26.11.2010 йилдаги ПҚ-1438-сон) билан тасдиқланган.

Айни шу Қарорда аудиторлик ташкилотлари рейтингини ўтказиш ҳам белгилаб қўйилган бўлиб, бу иш аудиторлик компаниясининг ривожланишини, унинг профессионализми даражасини баҳолайди, баҳолаш мезонларига мувофиқ аудиторлик ташкилотлари муайян тартибда жойлашуви таъминланади ҳам. Ўтган йили у ёки бу ташкилотнинг рейтинг баҳосини аниқлаш учун аудиторлар танловида иштирок этганлик ҳам инобатга олинди. Хусусан, «Корпоратив салоҳият» омилини баҳолашда «Йилнинг энг яхши аудитори» танловининг I турида иштирок этганлик учун умумий рейтинг факторининг 4,2, II турида иштирок этганлик учун 8,3 фоиз, ғолибларга эса 12,5 фоизи улушини бериш назарда тутилган эди.

Бу йил танлов икки турда ўтказилди. Биринчиси сиртқи танлов бўлиб, унда иштирок этиш учун бадал (энг кам иш ҳақининг 1 баравари миқдорида) тўлаган иштирокчиларга тест саволлари жўнатилди. I тур тест саволлари norma.uz ва бухгалтерлар ва аудиторларнинг профессионал бирлашмасининг сайтида чоп этилган эди. Саволларга жавобларни электрон почта орқали ёки махсус бланкада оддий хат йўсинида юбориш мумкин бўлди. I тур иштирокчилари иш жойидан маълумотнома (бухгалтерлар учун) ёки малака сертификатини (аудиторлар учун) тақдим этишлари керак эди.

«Йилнинг энг яхши бухгалтери» танловининг биринчи турида 12 даъвогар иштирок этди, «Йилнинг энг яхши аудитори» унвонига эса 39 компаниядан 74 аудитор талабгор бўлди.

Шуни эътироф этиш керакки, «Йилнинг энг яхши аудитори» танлови тўртинчи марта, «Йилнинг энг яхши бухгалтери» танлови эса Ўзбекистонда илк бор ўтказилмоқда.

Танловлар доирасида иштирокчиларнинг касб маҳорати, ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан билим ва кўникмалари баҳоланди.

I тур саволларига келган жавобларни кўриб чиқиш натижалари асосида танловнинг II турида қатнашадиган ғолиблар аниқланди.

I турда иштирок этиб, II турга ўта олмаганларга «Энг яхши аудитор–2013» ва «Энг яхши бухгалтер–2013» танловларида иштирок этганлик учун сертификатлар берилди. Танловларнинг II турида иштирок этган, аммо ғолиблик насиб этмаганларнинг барчаси «Йилнинг энг яхши аудитори» танлови лауреати» ҳамда «Йилнинг энг яхши бухгалтери» танлови лауреати» деган дипломлар билан тақдирланди.

Тадбир доирасида танлов ғолибларига тегишли I, II ва III даражадаги «Энг яхши аудитор–2013» ва «Энг яхши бухгалтер–2013» дипломлари, шунингдек совринлар топширилди.

Маросимнинг тантанали қисмида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутати, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси, иқтисод фанлари номзоди Насим Алимов йиғилганларга табрик сўзи билан мурожаат этди. Иқтисодчи сифатида у ўз ҳамкасабаларини байрам билан қутлар экан, ҳар бир корхонада бухгалтер ва директор тимсолида иккита раҳбар борлигини таъкидлаб, уларнинг тўғри ва ўзаро келишилган ҳаракатлари корхонани зафар сари элтади, бухгалтер томонидан молиявий ҳисоботда маълумотлар ҳаққоний акс эттирилиши аудитор томонидан тасдиқланади деб айтди.

Йиғилганларни молия вазирининг ўринбосари Мубин Мирзаев ҳам табриклади. У жамоат ташкилотлари аъзоси бўлмиш барча мутахассисларга юқори малакали кадрлар тайёрлаш, шу жумладан ёшлар орасида шундай кадрлар тайёрлаш ишига салмоқли ҳисса қўшаётганликлари учун миннатдорчилик билдирди.

«Modellar Uyi Galereyasi» МЧЖ бош бухгалтери Асомиддин Умаров танловда биринчи ўринни олиб, «Энг яхши бухгалтер–2013» фахрий унвонини қўлга киритди.

– Бизнес иши муваффақиятли ривож топиши учун корхонада юқори малакали бош бухгалтер ишлаши керак, – дейди танлов ғолиби А.Умаров. – Бундай малака ўз тасдиғини топиши учун эса танловларда қатнашиб турмоқ лозим. Профессионаллик ва малака даражасини сақлаб туриш учун ўз устида мунтазам ишлаш лозим, бухгалтерия ҳисобини юритиш билан боғлиқ турли семинар ва тренингларда, лекцияларда қатнашиб туриш бунга кўмак беради. Бухгалтерлар учун таълим берувчи ва тушунтирувчи семинарларни изчиллик билан ўтказиб келаётганликлари учун Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, «NORMA» компанияси мутахассисларига алоҳида миннатдорчилик билдирмоқчиман. Бу йил танлов илк марта ўтказилди. Октябрь ойи бошларида бу ҳақда хабар топишим билан унда иштирок этишга қатъий бел боғладим. Рақобатлашув асосидаги ҳалол курашда ғолиблик насиб этганидан жуда хурсандман.

«Balans Konsalting» МЧЖ бош бухгалтери Мирзақул Тўлаев «Энг яхши бухгалтер–2013» танловининг II даражали дип­ломини олди. «Энг яхши бухгалтер–2013» танловининг III даражали дипломи «Techno Inter Finans» МЧЖ бош бухгалтери Флорида Еремеевага тегди.

«Энг яхши аудитор–2013» танловида ҳам совринли ўрин­лар ўз эгаларини топди.

«Энг яхши аудитор–2013» танловининг I даражали дип­ломи соҳиби, аудитор, «Grant Thornton» МЧЖ аудиторлик ташкилоти солиқ маслаҳатчиси, CIPA халқаро сертификати соҳиби Шоҳрух Бўтаев:

– «Йилнинг энг яхши аудитори» унвони учун танловда иккинчи бор қатнашишим. 2011 йилда ҳам ғолиблик менга насиб этган эди, мана яна шу мақомни тасдиқлашга муваффақ бўлдим. Танлов, айниқса имтиҳонлар юксак даражада ташкил этилганлиги ва ўтказилганлигини алоҳида таъкидламоқчиман. Бу тадбир куч, амалий билим ҳамда кўникмаларни синаш имкониятини берганлиги билан мени ўзига жалб этди. Мамлакатимизнинг қонунчилик базаси изчил ривожланиб бораётганлигини эътиборга олиб, малакани муттасил ошириб бориш, янги қабул қилинаётган ҳамда мавжуд норматив ҳужжатларни ўрганиб бориш ва уларни амалиётда қўллаш лозим. Ўтказилган танлов ўз кучимни синашдан ташқари малакамни тасдиқлаш имконини берганлиги билан ҳам таҳсинга лойиқдир.

«Энг яхши аудитор–2013» танловининг II даражали дип­ломи соҳиби, аудитор, «Kreston Tashkent» МЧЖ аудиторлик ташкилотининг аудитори, «Rastax Group» МЧЖ СМТнинг солиқ маслаҳатчиси, CIPA халқаро сертификати ва DipFR дипломи соҳибаси Татьяна Шалунова:

– Мен учун танловда иштирок этиш бухгалтерия ҳисоби ва аудит соҳаси мутахассислари жалб этилган мусобақада қатнашиш имконияти ҳамда ҳамкасабалар билан учрашиш ҳамда билим ва малакани машқ қилдиришга яхши шароитдир. 12 йилдан буён иқтисодиёт соҳасидаман. Аудит жабҳасида, айнан «Kreston Tashkent» компаниясида 2008 йилдан буён ишлаб келаётирман. Умуман, аъло даражадаги тадбир, қулай шарт-шароит ва совринлар учун ташкилотчилар ва ҳомийларга раҳмат айтмоқчиман.

«Энг яхши аудитор–2013» танловининг III даражали дип­ломи соҳиби, «AUDIT INCOME» МЧЖ аудиторлик ташкилоти аудитори, САР сертификати соҳибаси Шоира Бўронова:

– «Йилнинг энг яхши аудитори»ни аниқлаб берадиган танловда сурункасига иккинчи йил қатнашишим. Бу йил менга учинчи ўрин насиб қилди. Буни касбий малакам, мутахассис сифатидаги ютуқларимнинг ўзига хос эътирофи деб биламан. Аввалига танловда иштирок этиш ниятим йўқ эди. Танловга озгина фурсат қолганда фикрим ўзгариб, I тур саволларига берган жавобларимни аранг жўнатишга улгурдим. Кўриб турганингиздек, ҳаракатларим зое кетмади. Шунча даъвогар орасида учинчи ўринга кўтарилиш ёмон натижа эмас. Келаси йили яна танловда иштирок этиб, компаниямиз номини муносиб ҳимоя этишни мўлжалламоқдаман.

«Йилнинг энг яхши аудитори» ва «Йилнинг энг яхши бухгалтери» деган фахрли ном учун ҳар йилги республика танловлари аудитор ва бухгалтер касбининг нуфузини ошириш, ижтимоий аҳамиятини кучайтириш ва соҳани янада ривожлантириш, шунингдек мутахассисларнинг маҳорат бобидаги билим ва уқувини аниқлаш мақсадида ўтказиб келинмоқда.

Танловларни ўтказиш бўйича масъул ташкилотлар бўлиб Молия вазирлигининг бевосита кўмагида Ўзбекистон Бухгалтерлар ва аудиторлар миллий уюшмаси, Ўзбекистон Аудиторлар палатаси, Ўзбекистон Бухгалтерлар, аудиторлар ва маслаҳатчилар федерацияси, «Cолиқ ва божхона хабарлари» газетаси таҳририяти, «Cолиқ Инфо» газетаси таҳририяти ҳисобланади. Танловлавнинг барча турларини ўтказиш бўйича масъул мувофиқлаштирувчи бўлиб «CIPAEN UZ» Мустақил имтиҳон ўтказиш тармоғи, раислик қилувчи ташкилот сифатида эса Ўзбекистон Бухгалтерлар, аудиторлар ва маслаҳатчилар федерацияси майдонга тушди.

«NORMA» газеталари бирлашган таҳририяти», «IPAK YO’LI» ОАИТБ, «PRICEWATERHOUSECOOPERS» ШК, «Deloitte», «TSIAR-FINANS», «PKF MAK ALYANS» МЧЖлар танловларга расмий ҳомийлик қилдилар.

Прочитано: 1129 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика