Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2013 год / № 51 / 2014 йил – Соғлом бола йили

Фарзандларимиз бизга қулоқ соладими?

Бундан қарийб ўн беш аср илгари бир улуғ инсон башорат қилиб, шундай замонлар келадики, Машриқда турган инсон Мағрибдагининг гапини бемалол эшитади, деганда, содда одамлар «Уларнинг қулоқлари шунчалик катта бўладими?» деб сўрашибди. Шунда у улуғ инсон улар қулоқларини чўнтакларида ўраб юрадиган бўладилар, деб жавоб берган экан.

 

ажабмаски, башорат қилинган «қулоқ­ларини ўраб юрадиган»лар биз бўлсак, бу ўралган қулоқлар эса бугунги кундаги мобил телефонлар бўлса. Албатта, уяли телефонларнинг фойдаси, қулайлиги, дол­зарблиги хусусида бугун баҳслашиш бефойда. Лекин биз мақоламизда мазкур алоқа воситасининг салбий жиҳатларини, келгусида у туфайли қандай офатлар юза келиши мумкинлигини, айниқса болалар учун у қанчалик зарарли эканлигини му­лоҳаза қилишга ҳаракат қилмоқ­чимиз.

Ҳозирги кунда таълим муассасаларининг деярли барча босқичларида таҳсил олаётганлар – мактаб, коллеж, лицей ўқувчилари, олий ўқув юрти талабаларининг деярли 100%и уяли телефондан фойдаланади. Бу эса, назаримизда, бир қатор жисмоний, маънавий-руҳий зарарларни келтириб чиқаради. Хусусан, дарс вақтида болалар диққат-эътиборини чал­ғитади, ёшларнинг ўзаро муносабатларида синфий табақаланишга олиб келади (менинг телефоним сеникидан қиммат қабилида), қолаверса, энг муҳими, камол топиб келаётган организмнинг соғ­лом шаклланишига салбий таъсир кўр­сатади.

Соғлиқни сақлаш соҳаси олимларининг таъкидлашларича, уяли телефонлардан ҳаддан ташқари кўп фойдаланувчилар бош оғриғи, бош айланиши, нохушлик, қулоқ атрофида «иссиқлик»ни ҳис этиш, кўнгил айниши, тез чарчаш каби ҳолатлардан арз қилишади... уяли телефон орқали кўп гаплашувчиларда кўзларнинг ёшланиши, уйқусизлик, дармонсизлик ҳам кузатилади... Электромагнит таъсири ўтказилган каламушларда уларнинг авлодида ўлим сони ошганлиги аниқланган.

Мамлакатимизда таълим-тарбия жараёни самарадорлигини янада оширишни таъминлаш, ҳар томонлама ривожланган ва баркамол авлодни тарбиялаш учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақ­садида Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 21 майдаги «Ўзбекистон Респуб­ликаси таълим муассасаларида мобил телефонлардан  фойдаланишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида» 139-сон қарори қабул қилинган. Ана шу қарор билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларида мобил телефонлардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомда барча турдаги таълим муассасаларида мобил телефонлардан фойдаланиш тартиби белгиланиб, у давлат ва жамият манфаатлари йўлида ўқувчи ёшларнинг соғ­лиғини сақлашда хавф-хатарларни камайтиришда таълим олувчиларнинг конституциявий ҳуқуқларини таъминлашга йўналтирилгандир. Ушбу Низомнинг 8-бандига кўра, таълим олувчиларга қуйидагилар қатъиян тақиқланади:

– телефонини бўйнига осиб олиш, кўкрак чўнтакларида, шим, юбкалари чўнтакларида ва шу кабиларда сақлаш;

– телефон аккумуляторини зарядлаш учун таълим муассасаси электр тармоқ­ларига улаш;

– телефони ёрдамида:

атрофдагиларга зўравонлик, шафқат­сизлик, порнографияни тарғиб қилувчи видео ва суратларни намойиш қилиш;

таълим муассасасининг нуфузига, шу жумладан, зўравонлик ва вандализм ҳо­латларини суратга олиш ва кейинчалик уларни атрофдагиларга намойиш этиш йўли билан зарар етказиш;

– ўқув машғулотлари вақтида:

телефон орқали сўзлашиш ҳамда SMS (ММS) ва бошқа турдаги хабарларни жўнатиш;

телефонни стол устига қўйиш;

мусиқа, шу жумладан, наушниклар орқали тинглаш;

сурат ва видеотасвирларни кўрсатишда телефондан фойдаланиш (ўйинлар билан шуғулланиш), тасвир (матн, расм, видеоёзув ва фотосуратлар) кўриш, диктофон, калькулятор, календарь, блокнот, ён дафтарча кабилар сифатида фойдаланиш;

суратга олиш ва видеотасвирга тушириш;

телефон (GPRS, Bluetooth, Интернет ва шу кабилар) орқали бошқа хизматлардан фойдаланиш.

Низомнинг мазмун-моҳиятидан кўри­ниб турибдики, у фарзандларимизнинг соғ­лом-саломат, маънавий жиҳатдан бар­камол бўлиб ўсишлари учун моне­лик қилиши эҳтимоли бўлган мобил телефондан омил­корона фойдаланиш қоида­ларини белгилаб берган. Қолаверса, бундай телефонлардан фойдаланишда санитария нормаларига ҳам риоя этилиши лозимлигини унутмаслик керак, зеро, замонавий техника тараққиёти маҳсулотларидан оқи­лона фойдаланиш саломатликнинг га­рови эканлиги барчага маълумдир.

Бир сўз билан айтганда, бугун биз фарзандларимизнинг майда инжиқликларига кўниб, уларни турли русумдаги мобил телефонлар билан сийламоқдамиз. Яқин келажакда эса шу фарзандлар бизга қулоқ солмайдиган бўлиб вояга етишса, мажозий қилиб айтганда, мобил телефонлар бизни фарзандларимиздан ҳам маънавий, ҳам жисмонан узоқлаштирса, додимизни кимга айтамиз?

Бундай бўлмаслиги ва ҳукуматимиз қарорларида бу борада белгиланган вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш учун ўқитувчи ва мураббийлар, ота-оналар, кенг жамоатчилик бирдек масъулмиз.

Муяссар АБДУЛЛАЕВА,

1-сон республика тиббиёт ­коллежи ўқитувчиси.

Прочитано: 2940 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика