Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 51 / Инфратузилма

Маслаҳат сўраб солиқ маслаҳатчиси ҳузурига...

Бугунги кунда бизнесни тўғри юритиш учун ишлаб чиқариш технологиясини билиш ва бўлғуси даромадлар ҳамда харажатларни тахмин қилишнинг ўзи етарли эмас. Қабул қилинаётган қарорларнинг солиқ оқибатларини чамалаш жуда муҳим. Зеро солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари доимо такомиллашиб боряпти, субъектларга қўшимча имтиёзлар бериляпти. Тўғри танланган йўналиш нафақат капитални асраш, балки уни кўпайтириш имконини беради.

Қолаверса, тадбиркорларнинг кўпчилиги солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини тушуниб етиши анча мушкул. Бунда уларга республикада ташкил этилган солиқ маслаҳатчилари институти ёрдам бериши керак. Солиқ маслаҳати бугунги кунда хизматлар бозорининг истиқболли йўналишларидан бири ҳисобланади. Унинг ривожланиши ва ҳуқуқий тартибга солиниши тўғрисида Молия вазирлиги Солиқ ва божхона тарифи сиёсати бошқармасининг солиқ маслаҳати соҳасидаги муносабатларни тартибга солишни таъминлаш шуъбаси бош иқтисодчиси Ҳулкар ТОЖИЕВА сўзлаб беради.

 

– Республикада солиқ маслаҳат­чилари­нинг институти қандай ривожланяпти?

– Солиқ маслаҳати бўйича хизматлар бозори 2006 йилда «Солиқ маслаҳати тўғрисида»ги Қонун қабул қилингандан кейин шакллана бошлади. Бугунги кунда 93 нафар сертификатланган солиқ маслаҳатчиси солиқ маслаҳатчилари ташкилотлари орқали хизмат кўрсатяпти. Уларнинг манфаатларини 2009 йилдан бери фао­лият юритаётган Солиқ маслаҳатчилари палатаси ҳимоя қиляпти.

– Ким солиқ маслаҳати бериш билан шуғулланиши мумкин?

– Солиқ маслаҳати бериш бўйича фаолият кўрсатиш ҳуқуқига белгиланган тартибда солиқ маслаҳатчиси малака сертификатини олган жисмоний шахс эгадир. Агар у солиқ маслаҳатчилари ташкилоти штатида турса ёки у билан фуқаролик-ҳуқуқий шартнома тузган бўлса, солиқ маслаҳатчиси бу фаолиятни амалга ошириши мумкин.

– Солиқ маслаҳатчиси сертификатини олиш тартиби қандай?

– Малака сертификатини олишга даъвогар қуйидаги талабларга жавоб бериши керак: олий маълумотга ва олий ўқув юртини битиргандан кейин камида 5 йиллик, шу жумладан иқтисодий ёки юридик ихтисослик бўйича камида 2 йиллик иш стажига эга бўлиш, солиқ маслаҳатчиларини тайёрлаш бўйича махсус курсда таҳсил олиш.

Ушбу талабларга мувофиқ келадиган мутахассис ваколатли давлат органи – Молия вазирлигига малака имтиҳонини топширишга рухсат беришни сўраб ариза билан мурожаат қилишга ҳақли. Ариза ва унга илова қилинадиган ҳужжатларнинг шакл­лари Солиқ маслаҳатчиси малака сертификатини олиш учун малака имтиҳонларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида низом1 билан тасдиқланган.

– Малака имтиҳони қандай ўтка­зи­лади?

– Солиқ маслаҳатчиси малака сер­тифика­тини олиш учун малака имтиҳони гуруҳлар шаклланганда, аммо чоракда камида бир марта ўтказилади. Даъвогарлар сони 10 дан ортса, гуруҳ шаклланган деб ҳисобланади.

Имтиҳон 3 астрономик соат ичида ёзма шаклда тест ўтказиш йўли билан ўтказилади. Имтиҳон модули 60 та тест саволидан иборат бўлади, яъни юридик ва жисмоний шахсларни солиққа тортиш; бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи; солиқ ҳуқуқи, иқтисодий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш ва солиқ маслаҳати беришнинг ҳуқуқий асослари бўйича.

Имтиҳонни муваффақиятли топширган даъвогар белгиланган тартибда солиқ маслаҳатчиси малака сертификатини олади.

– Солиқ маслаҳатчилари ўз мижозларига қандай хизматларни тақдим этишлари мумкин?

Солиқ маслаҳатчилари солиқ маслаҳат­чилари ташкилотлари орқали ўз ичига қуйидагиларни оладиган хизматларни кўрсатишлари мумкин:

мижозга (ишонч билдирувчига) солиқлар ва бошқа мажбурий тў­ловларни ҳисоблаб чиқариш ҳамда тўлаш масалалари бўйича маслаҳат бериш;

солиқ ҳисоботини тузишда мижозга (ишонч билдирувчига) ёрдам кўрсатиш;

солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ бўлган объектларни аниқлаш ҳамда уларнинг ҳисобини юритиш;

судда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органларда солиқ солиш масалалари бўйича мижоз (ишонч билдирувчи) номидан ва унинг топшириғига биноан вакиллик қилиш.

Солиқ маслаҳати бўйича хизматлар билан бир қаторда улар бухгалтерия ҳисобини йўлга қўйиш, тиклаш ва юритиш; молиявий ҳисобот тузиш; бухгалтерия ҳисоби, менежмент ва молия-хўжалик фаолиятининг бошқа масалалари бўйича консалтинг хизматларини ҳам кўрсатишлари мумкин.

– Солиқ маслаҳатчиларига нисба­тан би­рор-бир қўшимча талаблар бор­ми?

– Ҳа, бор. Солиқ маслаҳатчиси Солиқ маслаҳатчиларининг малакасини ошириш тартиби тўғрисидаги низомга2 мувофиқ ҳар йили 1 апрелга қадар ўз малакасини ошириб бориши шарт. Уларнинг малакасини ошириш махсус курс бўйича ўқитишни амалга оширувчи давлат ва нодавлат таълим муассасалари томонидан амалга оширилади.

– Солиқ маслаҳатчилари ташкилотини қандай қилиб очиш мумкин?

– Солиқ маслаҳатчилари ташкилоти тижорат ташкилоти мақомига эгадир. У акциядорлик жамиятидан ташқари, исталган ташкилий-ҳуқуқий шаклда ташкил этилиши мумкин. Унинг раҳбари солиқ маслаҳатчиси бўлиши шарт.

Солиқ маслаҳатчилари ташкилотини давлат рўйхатидан ўтказиш Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан амалга оширилади.

– Солиқ маслаҳатчилари ташкилотларига қандай ваколатлар берилган?

– «Солиқ маслаҳати тўғрисида»ги Қо­нунга мувофиқ солиқ маслаҳатчилари ташкилоти қуйидаги ҳуқуқларга эга:

мижоздан (ишонч билдирувчидан) солиқ маслаҳатини амалга ошириш учун зарур бўлган ҳужжатларни ва бошқа маълумотларни олиш;

солиқ маслаҳати бериш жараёнида юзага келган масалалар бўйича мижоздан (ишонч билдирувчидан) оғзаки ёки ёзма тушунтиришлар олиш;

солиқ маслаҳатини амалга ошириш учун зарур бўлган ахборот, маълумотномалар, ҳужжатлар ва бошқа материалларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда муассасалар ҳамда ташкилотлардан сўраб олиш;

солиқ солиш масалалари бўйича давлат органларига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мурожаат қилиш (илтимос қилиш, таклифлар киритиш, сўровлар, аризалар, шикоятлар бериш ва бошқа шу кабилар) ҳамда улардан жавоблар олиш;

солиқ маслаҳатида иштирок этишга бошқа мутахассисларни мижознинг (ишонч билдирувчининг) розилиги билан шартнома асосида жалб қилиш;

мижоз (ишонч билдирувчи) солиқ маслаҳатини амалга ошириш учун зарур бўлган ҳужжатлар ва бошқа маълумотларни тақдим этмаган тақдирда, солиқ маслаҳати беришни рад қилиш;

солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинадиган муносабатлар иштирокчиларининг вакили сифатида солиқ органларида, шунингдек солиққа оид низони судгача ҳал қилиш давомида ва судда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда иш олиб бориш;

солиқ текширувларини ўтказиш вақ­тида солиқ маслаҳати бўйича хизматлар кўрсатиш.

Солиқ маслаҳатчилари ташкилоти шарт­номада солиқ маслаҳати бўйича сифатли хизматлар кўрсатиш учун зарур бўлган бошқа ҳуқуқларни ҳам назарда тутиши мумкин. Бундан ташқари, унга қонун ҳужжатлари томонидан хўжалик юритувчи субъектларга берилган барча ҳуқуқлар татбиқ этилади.

– Кўрсатилаётган хизматларнинг сифати учун солиқ маслаҳатчилари ташкилотлари қандай жавобгарликка эгалар?

– «Солиқ маслаҳати тўғрисида»ги Қо­нунда назарда тутилишича, солиқ масла­ҳатчилари ташкилоти солиқ мас­лаҳати бўйича хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартномани бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги оқибатида мижозга (ишонч билдирувчига) зарар етказганлиги учун жавобгар бўлади. Мижозга (ишонч билдирувчига) етказилган зарарларнинг, шу жумладан бой берилган фойданинг ўрни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланиши керак.

– Бугунги кунда солиқ маслаҳати бў­йича фаолиятни қандай миллий стандартлар тартибга солади?

– Солиқ маслаҳати соҳасидаги ваколатли орган – Молия вазирлиги томонидан белгиланган тартибда қуйидаги солиқ маслаҳати миллий стандартлари (СММС) ишлаб чиқилган ва тасдиқланган:

1-сон СММС «Солиқ маслаҳати бўйича хизматлар кўрсатиш тўғри­сида шартнома тузиш тартиби» (мо­лия вазирининг АВ томонидан 3.05.2012 йилда 2357-сон билан рўй­хатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган) Ўзбекистонда солиқ маслаҳати бўйича фаолиятни норматив тартибга солишнинг элементи ҳисобланади ва солиқ маслаҳати бўйича хизматлар кўрсатиш тўғрисида шартнома тузиш тартибини белгилайди;

2-сон СММС «Солиқ маслаҳати бўйича ҳисобот тузиш ва мижозга (ишонч билдирувчига) тақдим этиш тартиби» (молия вазирининг АВ томонидан 28.06.2012 йилда 2375-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган) мижозга (ишонч билдирувчига) солиқ маслаҳати бўйича хизмат кўрсатувчи солиқ масла­ҳатчилари ташкилоти томонидан солиқ маслаҳати бўйича ҳисобот тузиш ва тақдим этиш тартибини белгилайди;

3-сон СММС «Давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ текширувлари ўтказиш вақтида солиқ маслаҳати бўйича хизматлар кўрсатиш тартиби» (молия вазирининг АВ томонидан 6.02.2013 йилда 2425-сон билан рўйхатга олинган буйруғи билан тасдиқланган) давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ текширувларини ўтказиш вақтида солиқ маслаҳатчилари ташкилоти томонидан мижозга (ишонч билдирувчига) солиқ маслаҳати бўйича хизматлар кўрсатиш тартибини белгилайди;

4-сон СММС «Солиққа оид низони судгача ҳал қилиш давомида ва судда мижознинг (ишонч билдирувчининг) манфаатларини кўзлаб вакиллик қилиш» (молия вазирининг АВ томонидан 18.11.2013 йилда 2526-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган) солиққа оид низони судгача ҳал қилиш давомида ва судда мижознинг (ишонч билдирувчининг) манфаатларини кўзлаб вакиллик қилиш тартибини белгилайди.

 

1МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 17.12.2007 йилда 1749-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

2Молия вазирининг АВ томонидан 17.03.2012 йилда 2343-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.

Прочитано: 4957 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика