Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 51 / Солиқ солиш

Газ қуйиш ишлаб чиқаришми ёки савдоми?

Бизнинг жамият автомобилларга сиқилган газ (метан) қуйиш фаолияти билан шуғулланиб келмоқда. Газетангизнинг 2013 йил 14 январдаги 2-сонида келтирилган «Газ қуйиш фаолияти ишлаб чиқариш ҳисобланади» номли материалда газ қуйиш фаолияти ишлаб чиқариш ҳисобланади деб хулоса берилган. Биз ҳам автомобилларга сиқилган газ (метан) қўйиш фаолияти билан шуғуллансак-да, 2012 йилда вилоят статистика бўлими томонидан жамиятимизга 11232 ишлаб чиқариш фаолияти кодидан 71211 чакана савдо фаолияти кодига ўзгартириб хабарнома берилган. Шундан келиб чиқиб, қонунчиликка мувофиқ фаолият турини аниқлаш бўйича хулосани ким бериши ва биз қайси фаолият турига киришимиз тўғрисида маълумот беришингизни сўраймиз.

«Эзгу мақсад сари» МЧЖ директори.

 

– Хатингизда корхонангизнинг фаолият тури статистика бўлими томонидан ишлаб чиқариш фаолиятидан (ХХТУТ коди – 11232) чакана савдо фаолиятига (ХХТУТ коди – 71211) ўзгартирилган деб кўрсатгансиз.

Аслида ушбу фаолият тури Ўзбекистон Республикаси халқ хўжалиги тармоқларининг умумдавлат таснифлагичига (ХХТУТ) асосан газ саноати ҳисобланади. Табиий газни қайта ишлаш, яъни табиий газ (ёқилғи)ни қайта ишлаш корхоналарининг фаолияти 11232 коди билан белгиланган.

Шунингдек, Кичик тадбиркорлик (бизнес) субъектларига тегишли бўлган корхоналар ва ташкилотлар классификация­сида ҳам (ВМнинг 11.10.2003 йилдаги 439-сон қарори билан тасдиқланган) табиий газни қайта ишлаш фаолиятига 11232 коди берилган бўлиб, ушбу фаолият классификациянинг саноат бўлимига киритилган.

Юқоридаги қонуний асослардан ташқари, 4.10.2012 йилда Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Эксперт кенгашининг 19-сонли баённомасига мувофиқ автомобилларга газ тўлдириш компрессор станциялари орқали сиқилган метан газни сотиш фаолияти янги саноат маҳсулотини ишлаб чиқариш фаолияти деб эътироф этилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 24.05.2006 йилдаги «Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш ва ҳисобга қўйишнинг хабардор қилиш тартиби тўғрисида»ги ПҚ-357-сон қарори билан тасдиқланган Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш ва ҳисобга қўйишнинг хабардор қилиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 36-бандига асосан, корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат реест­рига ўзгартириш киритишни тақозо этувчи тадбиркорлик субъекти – юридик шахснинг фаолияти тури ва унда ишловчиларнинг ўртача йиллик сони ўзгарса, давлат статистика органлари тадбиркорлик субъектини жалб қилмаган ҳолда, қонунчиликка мувофиқ ҳолда тақдим қилинадиган йиллик статистик ҳисоботлар асосида тегишли ўзгартиришлар киритади ва бу ҳақда рўйхатдан ўтказувчи органлар, давлат солиқ хизмати органлари ҳамда тадбиркорлик субъектини хабардор қилади.

Борди-ю, давлат статистика органлари сизнинг сиқилган газни (метан) сотиш фаолиятингизни чакана савдо фаолияти деб баҳоласа, шунга мос ХХТУТ коди, яъни 71211 берилса, унда сизнинг корхонангизда ҳисобот даврида табиий газни қайта ишлаш фаолиятидан ташқари чакана савдо билан шуғулланилган бўлиши ва бунда чакана савдо фаолиятидан тушган тушум бошқа тушумлардан устунлик қилган бўлиши керак. Бу масалага эса ҳисоботингиздаги маълумотларни ўрганмай туриб аниқ жавоб бера олмаймиз.

Лекин ҳисобот даврида табиий газни қайта ишлаш фаолия­тидан тушган тушум бошқа тушумлардан устунлик қилган бўлса, юқорида таъкидлаганимиздек қонунчиликка мувофиқ сизнинг фаолиятингиз саноат соҳасига киритилади ва ишлаб чиқариш фаолияти деб қаралиши лозим.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, давлат статистика бўлимига тақдим этилган ҳисоботларингизни қайта кўриб чиқишингиз, сўнгра келтирилган асосларга таяниб, статистика бўлими билан биргаликда фаолиятингизни чакана савдо ёки ишлаб чиқаришга тааллуқлилигини муҳокама қилиб олишингиз мақсадга мувофиқ бўлади.

Жавобни экспертимиз

Мурод МУҲАММАДЖОНОВ тайёрлади.

Прочитано: 2200 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика