Norma.uz

Шунақаси ҳам бўлади

МУЛКДОР ЎЗИГА ЎЗИ БАДАЛ МИҚДОРИНИ БЕЛГИЛАШИ МУМКИНМИ?

 

 

 

Кўп квартирали уйдаги яшашга мўлжалланмаган жой мулкдори бу жойдан баҳолаш фирмаси офиси учун фойдаланмоқда. Бошқа мулкдорлардан фарқли равишда ширкат у билан яхши қўшничилик муносабатларини ўрнатишга ва шартнома тузишга муваффақ бўлмаяпти. Тадбиркор уйларимизга келадиган йўлларда ноқулайлик туғдирмоқда – фирма мижозлари унинг офисига автомобилларда келишади. Натижада йўл ҳамиша тирбанд, қопламаси, йўлаклар эса ўнқир-чўнқир бўлиб қолмоқда. Кўп қаватли турар жойда бизнес тузилмаси борлиги уйга туташ ҳудуд ҳолатига ёмон таъсир этмоқда. Сигарета қолдиқлари, қоғоз ва шунга ўхшаш нарсаларни ташлаб кетишади. Бу ҳол одамларимизга ёқинқирамаяпти. Фирма уйнинг ички муҳандислик коммуникацияларидан жадал фойдаланмоқда. Айни бир вақтда яшашга мўлжалланмаган жойларнинг бошқа эгаларидан фарқли равишда бу тадбиркор ширкатга ҳеч қанақа ёрдам кўрсатмаяпти.

Умумий йиғилиш қарори билан ширкатимизга қарашли уйлардаги яшашга мўлжалланмаган жойларнинг бошқа мулкдорлари сингари унга ҳам умумий мол-мулкни сақлаш учун ҳар квадрат метр саҳнга 450 сўм миқдорида мажбурий бадал белгиладик. Шартномага оширилган тариф асослантирилган сметани ҳам қўшиб бердик. Бироқ тадбиркор уни имзолашни хоҳламади ва ХУМШ аъзолари сингари ўзи учун ҳар квадрат метрга 300 сўм миқдорида бадал белгилаган ҳолда шартноманинг ўз вариантини тақдим этди. Биз буни имзоламадик. У ширкат устидан истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига шикоят ёзди. Шикоятда «Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонунда мажбурий бадаллар тўлашда турар жой мулкдорлари билан яшашга мўлжалланмаган жой мулкдорлари тенглаштирилган деб кўрсатибди. Жамият ходимлари шикоятни ўрганиб чиқиб, бизнинг бадал оширилганлиги хусусидаги асосимизни ўринли деб топди. Тадбиркорга бадални кўпроқ тўлаши лозим эканлигини, негаки у ХУМШ аъзоларига нисбатан уйдаги умумий мол-мулкдан жадалроқ фойдаланаётганлигини тушунтириб беришибди. Аммо мулкдор ўзиникини маъқул деб туриб олди. Ширкат билан шартнома тузмаяпти, бадалларни эса ХУМШ аъзолари билан тенг миқдорда тўламоқда. Бошқа уйлардаги яшашга мўлжалланмаган жой эгалари ҳам унга қараб, нега биз кўпроқ бадал тўлаяпмиз-у у камроқ тўлаяпти деб нолишга тушишди.

Тадбиркорни бу масалани муҳокама этиб, ҳар иккала тарафни ҳам қаноатлантирадиган ягона фикрга келиш мақсадида ширкат бошқаруви мажлисига икки марта таклиф этдик. Аммо у келишни лозим топмади. Бу муаммони ХУМШ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ қай йўсинда ҳал этиш мумкин?

Ф.Бердникова, «Санжар-техсервис» ХУМШ ижрочи директори.

Тошкент шаҳри.

 

 

 

 

        – «Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонуннинг (12.04.2006 йилдаги ЎРҚ-32-сон; бундан буён матнда Қонун деб юритилади) 6-моддасида назарда тутилишича, ширкатнинг кўп квартирали уйдаги яшаш учун мўлжалланмаган жой мулкдорлари билан муносабатлари улар ўртасида мажбурий тартибда тузиладиган шартнома билан тартибга солинади. Мулкдор бундан бўйин товлаган тақдирда, ширкат шартнома тузишга мажбурлаш тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат этишга ҳақли.

Яшашга мўлжалланмаган жой мулкдори шартнома тузишдан бўйин товлаш билан, у ҳатто ўзига ўзи белгилаб олган бадалларни тўлаб турган бўлса ҳам, қонун ҳужжатларини бузмоқда. Бугунги кунда ХУМШлар амалиётида яшашга мўлжалланмаган жой эгалари умумий мол-мулкни сақлаш учун шартнома тузишни истамаётган ҳолларда ширкат бунга суд тартибида эришаётганлиги билан боғлиқ мисоллар оз эмас.

Уйдаги жой мулкдорларининг ҳаммасига умумий мол-мулк улушли мулк асосида тегишлидир. Улар бу мол-мулкни сақлашнинг умумий харажатларини биргаликда зиммага олишлари шарт. Аммо яшашга мўлжалланмаган жой эгалари ширкат аъзоси эмас (Қонуннинг 3-моддаси). Бадаллар тўлаш борасидаги ихтилоф ва қарама-қаршиликларнинг асо­сий сабаби ҳам шу. Қонунда маж­бурий бадалларни тўлашда ХУМШ аъзоси бўлмаган – яшашга мўл­жалланмаган жой мулкдорлари ширкат аъзоларига тенглаштириб қўйилган. Айни бир вақтда яшашга мўлжалланмаган жой эгалари билан ХУМШ ўз муносабатларини шартнома асосида йўлга қўйиши шарт. Демак, улар келишиб олишлари ва муносабатларни иккала тарафни ҳам қаноатлантирадиган тарзда йўлга қўйишлари керак.

Бир тарафдан олганда, ХУМШ аъзоларида бўлгани каби яшашга мўлжалланмаган жой эгаларининг зиммасида ҳам умумий мол-мулкни сақлаш мажбурияти бор (Қонуннинг 30-моддаси). Бошқа тарафдан қараладиган бўлса, улар мажбурий бадаллар миқдори ҳақидаги қарорни қабул қилишдан маҳрум, негаки бу ширкат умумий йиғилишининг ваколатларига киради (Қонуннинг 19-моддаси). ХУМШ барча аъзолари тасдиқланган миқдордаги бадални тўлашга мажбур (Қонуннинг 22-моддаси). Миқдори жуда катта дея ким ҳам бадал миқдорини ўзича камайтиришга журъат этарди дейсиз?! Одатда уйдаги квартира эгалари бу бадалларни индамайгина тўлайдилар ёки қонун ҳужжатларини бузган ҳолда тўламайдилар, қарзлари эса кўпайиб бораверади. Оқибат натижада эртами-кечми қарзни белгиланган тарифлар асосида узишга мажбур бўладилар.

Яшашга мўлжалланмаган жой мулкдорларининг баъзилари ҳа­монки, бадал миқдорини тас­диқлаш ҳақидаги қарорни қабул қилмаган эканмиз, уни тан олмаслигимиз ва тўлашдан бўйин товлашимиз мумкин деб ҳисоблайдилар. Муайян ҳолларда яшашга мўлжалланмаган жой мулкдорлари учун мажбурий бадалларнинг миқдори оширилганлиги асосли бўлади.

Қонуннинг 30-моддасида белгилаб қўйилишича, мажбурий бадаллар билан қопланадиган умумий харажатлар ширкат аъзоларининг умумий мол-мулкни, ширкатнинг ер участкасини ва мол-мулкини сақлаш билан боғлиқ харажатларидир. Агар яшашга мўлжалланмаган жой эгасининг фаолияти умумий мол-мулкка (совуқ ва иссиқ сув таъминоти, электр таъминоти тизимларига, уйнинг сирт тарафи ва шу сингариларга), уйга туташ ҳудудга зўр келаётган бўлса, демак бу нарса бадал миқдорида ўз аксини топиши, бинобарин бу миқдор кўпайтирилиши лозим. Ширкат аъзолари ширкат аъзоси бўлмаган юридик шахс фаолияти туфайли бўлаётган харажатларни ўз зиммасига олмаслиги керак-да. Ширкат ана шу қўшимча харажатларни асослаб, тадбиркорга тақдим этиши лозим. Борди-ю, тадбиркор бунга рози бўлмаса ва шартнома тузишни истамаса, судга мурожаат қилмоқ керак.

Бу вазият Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкати намунавий устави (Вазирлар Маҳкамасининг 30.05.2006 йилдаги 100-сон қарорига 1-илова) 5.1-банди билан тартибга солинади. Унда айтилишича, яшашга мўлжалланмаган жойлардан белгиланган мақсадда фойдаланиш ширкатнинг умумий мол-мулкнинг техник ва санитария ҳолатини лозим даражада сақлашга ҳамда таъмирлашни таъминлашга қаратилган харажатларини ошириб юбораётган ва (ёки) турар жойлардан фойдаланишда ноқулайлик келтириб чиқараётган бўлса, ширкат яшашга мўлжалланмаган жой мулкдорига ширкат аъзолари умумий йиғилишининг қарори асосида пул ёки бошқа моддий ифодада тегишли компенсация тўлаш юзасидан асослантирилган талаблар қўйишга ҳақлидир.

 

 

Прочитано: 2557 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика