Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 49 / Божхона

Кинология хизмати: минтақавий ҳамкорлик кучаймоқда

29 ноябрь куни пойтахтимиздаги Миллий кинология марказида БМТ Тараққиёт Дас­тури ва Европа Иттифоқи комиссиясининг Марказий Осиё давлатлари чегараларини бошқаришга кўмаклашувчи БОМКА Ривожлантириш дастурининг 8-босқичи доирасида «Гиёҳванд ҳамда қурол-аслаҳа ва портловчи моддаларни қидириш» йўналиши бўйича жорий йилнинг 16 сентябридан 30 ноябригача давом этган навбатдаги минтақавий ўқув курсларининг тантанали ёпилиш маросими ҳамда Марказий Осиё давлатлари божхона ва чегара хизматларига тегишли кинология маркази раҳбарларининг бешинчи минтақавий анжумани бўлиб ўтди.

Давлат божхона қўмитаси томонидан ташкил этилган тадбирда Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Тожикистон республикаларининг чегара ва божхона тузилмаларида фаолият юритаётган кинология хизматлари раҳбарлари, шунингдек ЕХҲТ, ШҲТ Ижроия қўмитаси, Туркия Ҳамкорлик ва тараққиёт халқаро агентлиги (TIKA), БМТнинг Гиёҳванд моддалар устидан назорат қилиш ва жиноятларнинг олдини олиш бошқармаси, Техник ҳамкорлик бўйича Германия жамияти, АҚШ, Буюк Британия, Болгария, Чехия, Исроил, Италия ва бошқа давлатларнинг Ўзбекистондаги элчихоналари вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Тадбирда Давлат божхона қўмитаси раиси ўринбосари Ғ.Шукуров, БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Яко Силиерслар сўзга чиқишди.

Таъкидланганидек, Ўзбекис­тон БМТ Тараққиёт Дастури ва Европа Иттифоқининг турли ихтисослаштирилган минтақавий лойиҳаларида фаол қатнашиб келмоқда. Бу йўналишдаги энг муваффа­қиятли лойиҳалардан бири – БОМКА Ривожлантириш дастури бўлиб, у Ўзбекистон ҳукумати томонидан 2004 йилда тасдиқланган.

Мазкур Дастур доирасида ташкил этилган турли хил ўқув ва таништирув семинарларида Давлат божхона қўмитаси, Олий ҳарбий божхона институти, Миллий кинология маркази ходимлари фаол иштирок этиб, қўлга киритилган янги билим ва назарий кўникмаларидан ўз фаолиятларида фойдаланиб келишмоқда.

Миллий кинология маркази билан БМТ Гиёҳванд моддалар устидан назорат қилиш ва жиноятларнинг олдини олиш бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси ўртасида халқаро ҳамкорлик Дастури ишлаб чиқилган бўлиб, унинг дои­расида БОМКА лойиҳаси орқали Марказий Осиё ва дунёнинг бошқа давлатлари божхона хизматлари учун кинолог мутахассислар ва хизмат итлари тайёрлаб бериш йўлга қўйилган.

Ўтган йиллар давомида лойиҳа доирасида Марказий Осиё давлатлари ва Афғо­нистоннинг 145 нафар кинологлари «Гиёҳванд моддаларни қидириш» ҳамда «Қурол-аслаҳа ва портловчи моддаларни қидириш» йўналишларида минтақавий ўқув курсларида таҳсил олишган бўлиб, бу йил навбатдаги курсларда мамлакатимиз ва қўшни давлатларнинг 20 нафар кинологлари таҳсил олишди.

Тадбирда иштирокчиларга ўқув курсларини тугаллаган кинологлар томонидан хизмат итлари кўмагида гиёҳванд моддалар ва портловчи воситаларни излаб топиш бўйича кўргазмали амалий чиқишлар намойиш қилинди. Шундан сўнг минтақавий ўқув курсларини якунлаган кинологларга тантанали тарзда битирув дип­ломлари топширилди.

* * *

Марказий Осиё давлатлари божхона ва чегара хизматларига тегишли кинология маркази раҳбарларининг бешинчи минтақавий анжумани доирасида иштирокчи давлатлар вакиллари ўз юртларидаги кинология хизмати фаолияти, қўлга киритилган натижа ва тажрибалар юзасидан кўргазмали чиқишлар ташкил қилишди.

Анжуманнинг энг муҳим натижаларидан бири шундаки, унда Марказий Осиё давлатлари божхона ва чегара хизматларига тегишли кинология маркази раҳбарлари Мувофиқлаштирувчи Кенгашининг 2014 йилга мўлжал­ланган чора-тадбирлар дастури тасдиқланди, кинология хизматларини янада такомиллаштириш бўйича амалий тавсиялар ишлаб чиқилди.

Эслатиб ўтамиз, минтақа­даги ноёб ва ягона Миллий кинология маркази 1996 йил 24 октябрда Президентимиз ташаббуси билан Вазирлар Маҳкамасининг «Миллий кинология хизматини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори асосида ташкил этилган. Қа­рорда Марказ вазифалари сирасига Марказий Осиё мамлакатлари учун кинологларни ўқитиш ва хизмат итларини наслига қараб танлаш ва тайёрлаш ҳам киритилган бўлиб, ушбу вазифаларни сифатли ва тўлақонли бажариш самараси ўлароқ, 2008 йилда Миллий кинология марказига Жаҳон божхона ташкилоти томонидан минтақавий марказ мақоми берилган.

 

 

 

                        Материаллар ДБҚ ­Матбуот хизмати томонидан ­тайёрланди.

Прочитано: 1869 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика