Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 49 / Бизнинг маслаҳатлар

Ўсимликларга эскириш ҳисоблайсий

Корхонамиз балансида кўп йиллик ўсимликлар (мевали дарахтлар ва бошқалар) мавжуд бўлиб, улар бухгалтерияда 0100 ҳисобварақда ҳисобга олинган. Бир савол туғилиб қолди: балансимиздаги кўп йиллик ўсимликлар бўйича амортизацияни қачон ва қандай меъёрлар бўйича ҳисоблашимиз керак ёки уни ҳисоблаш шарт эмасми?

Даврон Оллоберганов, МЧЖ директори.

Пскент тумани. 

 

 

 

           – Сиз кўтарган масала «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонунга асосан ишлаб чиқилган «Асосий воситалар» 5-сон БҲМС билан тартибга солинади.

Асосий воситалар объекти бўйича амортизация ажратмаларини ҳисоблаш мазкур объект асосий воситалар таркибига қабул қилинган ойдан кейинги ойнинг дастлабки санасидан бошланади ҳамда мазкур объектнинг амортизацияланадиган қиймати тўлиқ сўндирилгунга қадар ёхуд бу объект балансдан ҳисобдан чиқарилгунча амалга оширилади.

Асосий воситалар объекти бўйича амортизация ажратмаларини ҳисоблаш мазкур объектнинг амортизацияланадиган қиймати тўлиқ сўндирилган ёки бу объект балансдан ҳисобдан чиқарилган ойдан кейинги ойнинг дастлабки санасида тўхтатилади (5-сон БҲМСнинг 30-31-бандлари).

Демак, кўп йиллик  ўсимликлар асосий воситалар таркибига ўтказилган (далолатнома бўйича фойдаланишга берилган) бўлса, амортизацияни ушбу объект асосий воситалар таркибига киритилган ойдан кейин келадиган ойнинг биринчи кунидан бошлаб ҳисоблаш керак.

Сизнинг корхонангиз учун кўп йиллик ўсимликлар асосий воситалар объектлари ҳисобланади, улар 0180-«Кўп йиллик ўсимликлар» ҳисобварағида ҳисобга олинади ҳамда мажбурий амортизацияланиши ва ҳар йили қайта баҳоланиши лозим.

5-сон БҲМСнинг 6-параграфига кўра, асосий воситалар қиймати амортизацияни ҳисоблаш йўли билан сўндирилади. Амортизацияланадиган қиймат бутун фойдали хизмат муддати мобайнида субъект харажатларига амортизация ажратмалари кўринишида мунтазам тақсимланади.

5-сон БҲМС амортизацияни ҳисоблаб ёзишнинг қуйидаги усулларини тавсия қилади:

– амортизацияни тенг маромли (тўғри чизиқли) ҳисоблаш;

– бажарилган ишлар ҳажмига мутаносиб равишда амортизацияни ҳисоблаш (ишлаб чиқариш усули);

– икки баравар амортизация меъёри билан қолдиқни камайтириш усули (жадаллаштириш усули);

– йиллар суммаси усули (кумулятив усул).

Корхонангиз қўллайдиган амортизацияни ҳисоблаш усулини ўз ҳисоб сиёсатингизда белгилашингиз керак. Танланган усул бир ҳисобот давридан бошқасига қараб кетма-кет қўлланиши ва календарь йил мобайнида ўзгармаслиги керак («Ҳисоб сиёсати ва молиявий ҳисобот» 1-сон БҲМСнинг 56-бандида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно).

21-сон БҲМСга биноан ҳисобда дарахтлар бўйича амортизация ажратмалари қуйидаги ёзув билан акс эттирилади:

2010-«Асосий ишлаб чиқариш» ҳисобварағи дебети

0280-«Кўп йиллик ўсимликларнинг эскириши» ҳисобварағи кредити.

Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, солиқ солиш мақсадида асосий воситалар гуруҳлари бўйича амортизация меъёрлари қабул қилинган. Улар Солиқ кодексининг 144-моддасида келтирилади. Хусусан, кўп йиллик ўсимликлар учун чегараланган меъёр йилига 10%ни ташкил қилади. Ушбу меъёрлар фойдага солиқ солишда (умумбелгиланган солиқларни тўловчилар учун) ҳисобга олинади. Солиқ солишнинг соддалаштирилган тизимини қўллайдиган корхоналар (кичик корхоналар одатда ЯСТни тўлайдилар, унинг ҳисоб-китоби чоғида солиқ тўловчи қилган харажатлар, шу жумладан амортизацияга доир харажатлар ҳисобга олинмайди) солиқ солиш мақсадида бухгалтерия ҳисоби мақсадлари учун тасдиқланган, масалан, дарахтларнинг мева қилиш муддатидан келиб чиқиб амортизацияни ҳисоблаш меъёрларини қўллашлари ёки амортизацияни жадаллаштирилган усул билан ёхуд, аксинча, Солиқ кодекси томонидан белгиланганларидан паст меъёрлар бўйича ҳисоблашлари мумкин.

 

 

Жавобларни экспертимиз Ғуломжон ТЎЛАГАНОВ тайёрлади.

Прочитано: 2553 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика