Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 49 / Солиқ солиш

Рақамларга солиқ қандай солинади

Сайтни барпо этишнинг муҳим элементларидан бири ҳисобланган ва оқилона ёндашганда оптималлаштириш ва реклама дастагига айланиши мумкин бўлган Интернетдаги контент тўғрисидаги суҳбатни унинг яратувчиларидан бошлашни хоҳлардик.

 

Давлат ўз ихтиёридаги ҳуқу­қий, маъмурий ва молиявий дастаклар орқали Интернетда очиқ давлат ахборот ресурсларини тақдим этади, республика қонун ҳуж­жатларида улардан эркин фойдалана олишни таъминлаш кўрсатилган. Уларда ҳо­кимият органларининг фаолияти тўғрисидаги, ҳуқуқий, экологик, илмий, таълимга оид ва бошқа хил ахборот жой­лаштирилган.

Ҳукуматнинг Интернет тармоғидаги расмий давлат ахборот ресурси Ўзбекис­тон Республикасининг Ҳуку­мат портали www.gov.uz ҳисобланади.

Уни барпо этиш ва қўл­лаб-қувватлаш Вазирлар Маҳкамасининг «Интернет тармоғида Ўзбекистон Респуб­ликасининг Ҳукумат порталини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (17.12.2007 йилдаги 259-сон) билан белгиланган.

Ҳукумат портали ташки­лотлар, шунингдек юридик ва жисмоний шахслар элект­рон-ахборот ҳамкорлиги инфратузилмасининг тизим ҳо­сил қилувчи элементидир. Қи­дирув контентидан фойдаланиб, унинг фойдаланувчиси давлат органлари сайтларига чиқиши мумкин, бироқ бунда унга қуйидаги маълумотни эслатадилар: «Сиз Ҳукумат порталини тарк этяпсиз, ташқи ахборот ресурсларида жойлаштирилган маълумотларнинг ишончлилиги ва долзарблиги учун ресурсларнинг тегишли эгалари жавоб берадилар». Бинобарин, ўзининг веб-сайтида жойлаштирилган ахборот учун уларнинг эгалари (барпо этувчилари) жавоб берадилар.

Қисқаси, агар контент – ахборот ва сайтда жойлаштирилган барча нарса бўлса, контентнинг барпо этувчиси ёки лицензиари сайт эгаси ҳисобланади. Интернетдаги барча контент муаллифлик ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун билан қўриқланади, зеро интеллектуал меҳнат маҳсулоти бўлгани учун у муаллиф ва эгаларига эга бўлади. Контентни ўғирлаш, бошқаларнинг брендлари ёки патентланган ишланмаларидан фойдаланиш сингари, ноқонунийдир.

Веб-сайтга кириш ва за­рур ахборотни олиш учун Интер­нет тармоғидан фойдаланиш хизматларини олиш керак. Уларни, шунингдек фойдаланиш билан боғлиқ бошқа хизматларни интернет-провайдерлар тақдим этади, улар ахборот (контент ва сайт) мулкдорлари ҳисобланмайдилар. Шундан келиб чиқиб, баъзи экспертлар интернет– ва контент-провайдерларни ахборот воситачиларига киритадилар, чунки улар ўзларининг эмас, балки бошқаларнинг ахборот ресурслари ва контентларини тарқатиш билан шуғулланадилар.

Агар ушбу фикрга қўшил­сак, ахборот воситачилари рўйхатига қуйидагиларни ҳам киритиш мумкин бўлади:

l оммавий ахборот воситалари – газеталар, журналлар, теле– ва радиодастурлар, оммавий тарқатиладиган бошқа даврий нашрлар;

l асарларни намойиш этадиган ташкилотлар, яъни кино-, видеосалонлар;

l аудиовизуал асарларни кўпайтириш билан шуғулла­надиган корхоналар ва ҳо­казо.

Бироқ «Муаллифлик ҳу­қуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги Қонуннинг (20.07.2006 йилдаги ЎРҚ-42-сон) 3-моддаси билан белгиланишича, ҳуқуқ эгаси – муаллифлик ҳуқуқига нисбатан муаллиф ёки унинг меросхўрлари, турдош ҳуқуқ­ларга нисбатан ижрочи ёки унинг меросхўрлари, фонограммани тайёрловчи, эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилот, шунингдек шартномада ёки ушбу Қонунда назарда тутилган бошқа асос бўйича асарлардан ёхуд турдош ҳуқуқлар объектларидан фойдаланиш ҳуқуқини олган бошқа юридик ёки жисмоний шахслардир. Бинобарин, лицензия шартномасини тузиб, юридик ёки жисмоний шахс муаллифлик асари ёки турдош ҳуқуқлар объектларидан фойдаланиш ҳуқуқини олади ва воситачи эмас, балки ҳуқуқ эгаси ҳисобланади.

Ушбу мулоҳазаларнинг ҳаммаси солиқ солиш объектини белгилаш ва контент– ҳамда интернет-провайдерлар фаолиятидан олинадиган даромадларга қўлланадиган солиқ ставкаси тўғрисидаги саволга жавоб олишимизга имкон беради. Солиқ кодексининг (СК) 355-моддасига кўра ялпи тушум солиқ солиш объектидир. Воситачилик, топшириқ ва бошқа шунга ўхшаш шартномалар бўйича воситачилик хизматлари кўрсатадиган юридик шахсларда у – кўрсатилган хизматлар учун ҳақ суммаси.

Агар контент-, интернет-провайдерларни ахборот воситачиларига киритадиган экспертларнинг фик­рига қўшилсак, уларнинг даромадларига солиқ солишда биз ялпи тушумни, яъни лицензиардан (ҳуқуқ эгасидан) олинган воситачилик ҳақини белгилашимиз ва унга 33%лик ставкада солиқ солишимиз керак. Бироқ лицензия шартномасини тузиш чоғида лицензиар (ҳуқуқ эгаси) қўриқланаётган интеллектуал мулк объектидан шартномада кўрсатилган ҳажмда бошқа шахс – лицензиат фойдаланишига рухсат беради, лицензиат эса лицензиарга (ҳуқуқ эгасига) шартномада қайд этилган тўловларни киритиш мажбуриятини ўз зиммасига олади. Шу тариқа, лицензиатда (бизнинг ҳолатда контент-, интернет-провайдерларда) лицензия шартномаси бўйича воситачилик ҳақи тарзида даромад юзага келмайди, демак, 33%лик ставкада ягона солиқ тўлови солиш объекти мавжуд эмас.

Интернет тақдим этиш хизматига уланган фойдаланувчилар бунинг учун провайдерга тармоқда ўтказадиган вақтини ҳисобга олган ҳолда пул тўлайдилар. Мазкур сумма ялпи тушум – ягона солиқ тўлови солиш объекти ҳисобланади. Мазкур фаолият Ўзбекистон қонун ҳужжатларида воситачилик фаолиятига киритилмаслиги боис, телекоммуникация хизматларини кўрсатиш учун келиб тушган тушумга 6%лик ставкада солиқ солинади.

Хулоса чиқарарканмиз, яна бир марта шуни таъкидлаб ўтамизки, контентдан фойдаланиш ҳуқуқларига эгалик қиладиган, операторлар тармоғи орқали ва ўзларининг технологик платформалари орқали тижорат асосида телекоммуникация хизматларини кўрсатиш чоғида ундан фойдаланувчи контент-, интернет-провайдерларда мазкур хизматларни кўрсатишдан келиб тушган тушумга 6%лик ставкада солиқ солинади.

Шарофиддин РЎЗМЕТОВ,

экспертимиз.

 ___________________________________

Р.S. Дарвоқе, ҳар доим ҳам жисмоний шахслардан олинган, хизматлар учун тўловнинг ҳаммаси 6%лик ставкада ягона солиқ тўлови солиш объекти ҳисобланмайди. Бу турли тўловларни қабул қилиш бўйича воситачилик хизматларини кўрсатганлик учун жисмоний шахслардан бош агентга (PAYNET) келиб тушган суммаларга тааллуқли. Бироқ бу ҳақда кейинги мақоламизда сўз юритамиз.

 

 

 

 

 

 

*Мавзунинг бошланишини «СБХ»нинг 26.11.2013 йилдаги 47 (1007)-сонида ўқинг.

 

Прочитано: 2317 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика