Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 48 / Назорат

Кечқурунги текширув

Қисқа муддатли текширувларни қонун воситасида тартибга солиш мавзусини* давом эттириб, бугунги мақолада уларни ўтказиш чоғида ҳужжатларни олиб қўйиш тартибини кўриб чиқамиз.

 

 

Биз солиқ органлари ходимларининг текширув мақсадига мувофиқ келадиган ҳужжатларни талаб қи­либ олиш ва улар билан танишиш ҳуқуқига эга (Солиқ кодексининг 94-моддаси, бундан кейин – СК) эканлиги тўғрисида аввал гапирган эдик. Қисқа муддатли текширувлар чоғида тақдим этилаётган ҳужжатлар хўжалик юритувчи субъект­нинг айрим операцияларига тааллуқли бўлиши ва молия-хўжалик фаолиятини текшириш билан боғланмаслиги керак. Текширув мақсадлари Муво­фиқлаштирувчи кенгашнинг қарори ва солиқ органи бошлиғининг буйруғи билан тасдиқланади. Агар солиқ органлари мансабдор шахслари ушбу мақсадларга ва (ёки) текширилаёт­ган даврга тааллуқли бўлмаган ҳуж­жатларни талаб қилсалар, тадбиркорлик субъекти уларни тақдим этмаслик ва улар билан таништирмасликка ҳақлидир (24.12.1998 йилдаги «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида»ги 717-I-сон Қонуннинг 16-моддаси).

Бироқ агар хўжалик юритувчи субъект текширувчиларнинг ҳужжатларни тақдим этиш тўғрисидаги қонуний талабларини бажармаса, ушбу ҳолда текширув ўтказаётган солиқ органининг мансабдор шахси уларни мажбурий тартибда олиб қўяди.

Ҳужжатлар ва предметларни олиб қўйиш тартиби СКнинг 95-моддасига мувофиқ амалга оширилиши керак. Назоратчиларнинг унинг талабларига риоя этмаганлиги солиқ органининг солиқ текшируви якунлари бўйича чиқарилган қарори юқори орган томонидан бекор қилиниши ёки унинг суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши учун асос бўлиши мумкин (СК 104-моддасининг еттинчи қисми).

СКнинг 95-моддаси ҳужжатлар ва предметларни олиб қўйишнинг қуйидаги тартибини назарда тутади.

l Солиқ органининг ходими ҳуж­жатлар ва предметлар мажбурий олиб қўйилишигача уларни талаб қилиб олиш ва ихтиёрий равишда топширишни таклиф этиши керак. Хўжалик юритувчи субъект ушбу талабларни бажаришдан бош тортган тақдирдагина мажбуран олиб қўйилади.

l Солиқ органининг ходими ҳуж­жатлар ва предметларни мажбуран олиб қўйиш бошлангунига қадар хўжалик юритувчи субъектга уни ўт­казиш тўғрисидаги қарорни тақдим этади ҳамда иштирок этаётган шахс­ларга уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтиради.

l Ҳужжатлар ва предметларни олиб қўйиш солиқ тўловчи (унинг ваколатли вакили) иштирокида, мажбуран олиб қўйиш эса холислар ҳамда солиқ тўловчи (унинг вакили) иштирокида амалга оширилади.

l Ҳужжатлар ва предметларни ­соат 6.00 дан 23.00 гача олиб қўйиш мумкин.

l Солиқ текширувига тааллуқли бўлмаган ҳужжатлар ва предметларни олиб қўйиш ман этилади.

l Олиб қўйиш натижалари бўйича 2 нусхада баённома тузилади, улардан бири хўжалик юритувчи субъектга топширилиб, тилхат олинади. Унда СКнинг 100-моддасида назарда тутилганлардан ташқари, шунингдек ҳужжатлар ва предметларнинг номи, миқдори ҳамда алоҳида белгилари, имкони бўлганда эса қиймати ҳам кўрсатилиши керак.

Амалиётда солиқ органларининг вакиллари СК 95-моддасининг талабларини бузадиган ҳоллар учрайди. Улардан бирини келтирамиз.

25.07.2013 йилда тахминан ­соат 17.00 да ҳудудий солиқ органи МЧЖнинг савдо дўконида солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва ташқи иқтисодий фаолият тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиш, шунингдек назорат-касса машиналари ва ҳисоб-китоб терминалларини қўллаш масалалари бўйича режадан ташқари қисқа муддатли текширувни ўтказди. Дўконга 5 киши кирди ва солиқ органи ходимлари сифатида ўзларини таништириб, кассирга Мувофиқлаштирувчи кенгаш қарори ва солиқ органи бошлиғи буйруғининг нусхаларини тақдим этдилар, махсус гувоҳномаларини кўрсатдилар ва солиқ текшируви дастури билан таништирдилар. Текширув ўтказиш тўғрисидаги буйруқда фақат уч нафар текширувчининг фамилиялари кўрсатилган эди. Ҳужжатлар билан танишган кассир буйруқда кўрсатилмаган икки кишининг кимлигини сўради. Мазкур саволга ходимлардан бири шундай деб жавоб берди: «Булар – холислар, улар текширувда иштирок этадилар».

Ўша куни МЧЖ директори оилавий шароитларга кўра йўқ эди. Солиқ органи ходимлари кассирдан товарларни харид қилиш шартномалари, тўлов топшириқномалари, мувофиқлик сертификатлари ва унинг ихтиёрида бўлмаган бошқа ҳужжатларни талаб қилдилар. Ҳужжатларни ихтиёрий тақдим этиш зарурлиги тўғрисида огоҳлантириб ва рад жавоби олиб, текширувчилар уларни олиб қўйиш тўғрисида қарор тақдим этдилар. Кассир ўз рад жавобини ҳужжатларни тақдим этишга ҳуқуқи йўқлиги, чунки улар учун ташкилот директори жавоб бериши билан асослади. У иш куни соат 18.20 да тугаб бўлганлиги, бу билан бирга текширув ўтказиш муддати ҳам тугаганлигини эслатди (СКнинг 89-моддасига асосан қисқа муддатли текширув ўтказиш муддати бир иш кунидан ошмаслиги керак).

Мазкур важларга кўнмаган ходимлар ҳужжатларни мажбуран олиб қўйдилар, ушбу далил бўйича баённома туздилар, унга кўра солиқчилар томонидан 24 шартнома ва тўлов топшириқномаси ҳамда директорнинг шахсий кундалиги, унда директорнинг МЧЖ харажатларига дахлдор бўлмаган шахсий суткалик харажатлари кўрсатилган эди. Қисқа муддатли солиқ текшируви далили бўйича далолатнома тузилган, унда 12 ой ичида 8 600 000 сўм тушум яширилганлиги кўрсатилди. Ушбу суммани ҳисоблаш учун асос бўлиб директорнинг шахсий кундалигидаги ёзувлар хизмат қилди.

Ҳудудий солиқ органи қисқа муддатли текширув далолатномасига асосланиб, МЧЖдан 8 600 000 сўм жарима ундириш тўғрисида қарор қабул қилди.

МЧЖ ушбу қарор устидан юқори солиқ органига шикоят қилди, у СКнинг 104-моддасига ва 67-моддаси­нинг тўртинчи қисмига асосланиб қарорни бекор қилди, зеро унга кўра қонун ҳужжатларининг талабларини бузган ҳолда олинган солиқ тўловчи тўғрисидаги ҳужжатлар ёки бошқа ахборот солиқ тўловчини солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарликка тортишга асос бўла олмайди.

Алишер УБАЙДУЛЛАЕВ ва ­Тимур ТУРСУНОВ,

«VICTORY YURCONSALT» МЧЖ юрисконсультлари. 

 

Прочитано: 1209 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика