Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 48 / Божхона

Ўзаро фойдали савдо-сотиқ

Ноябрнинг биринчи ўн кунлигида Термизда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Афғонистон тадбиркорларининг анжумани бўлиб ўтди. Унда элликдан ортиқ киши, шу жумладан давлат ҳокимияти органлари, бизнес уюшмалари, савдони ривожлантириш бўйича ташкилотларнинг вакиллари иштирок этдилар. Тадбирни Ўзбекистон агроахборот-инновация маркази USAIDнинг минтақавий иқтисодий ҳамкорлик бўйича лойиҳаси билан ҳамкорликда ташкил этди.

           Анжуманда Ўзбекистон билан Афғо­нистон тадбиркорлари ўртасида савдо муносабатларини ривожлантириш истиқболлари, минтақавий савдога кўмак беришда савдо-саноат палаталарининг роли муҳокама қилинди. Минтақа экспорт салоҳиятининг турли жиҳатлари, қўшма ҳамкорлик бўйича так­лифлар кўриб чиқилди. Анжуман дас­тури ўз ичига Ўзбекистон, Афғонистон ва Қозоғистон бизнеси вакилларининг business-to-business форматида ишбилармонлик учрашувларини ҳам ўз ичига олган эди.

Афғонистон делегациясининг тақди­моти иштирокчиларни ушбу мамлакат ССП фаолияти билан таништирди, транспорт, логистиканинг ривожланиши, шу жумладан юкларни ушбу мамлакатга етказиб бериш ва ундан олиб чиқишнинг мақбул усуллари тўғрисида маълумот берди. Афғонистон савдо-саноат палатаси 1931 йилдан бери мавжуд. 2008 йилда у жиддий тарзда ислоҳ қилинди ва давлат органидан ўзини ўзи бошқарувчи ташкилотга айлантирилди. Ҳозир ССП 62 мингдан зиёд кооперативлар ва бизнес тузилмаларини бирлаштиради ҳамда мамлакатнинг амалда барча вилоятларида таркибий бўлинмаларга эгадир. У ҳукумат даражасида тадбиркорлик манфаатларини ифода этади. Унинг функцияларига қонун ижодкорлиги жараёнида иштирок этиш воситасида бизнес манфаатларини ҳимоя қилиш, адвокатлик ва арбитраж масалалари бўйича хизматлар тақдим этиш киради. Жорий йилнинг сентябридан ССП ушбу мамлакат учун айниқса муҳим бўлган транспорт ва транзит соҳасида ҳам хизматлар кўрсата бошлади.

Тақдимотда чет эллик инвесторларга тақдим этиладиган имтиёз ва преференциялар тилга олинди. Афғонистон делегацияси вакиллари ОАВ кўпинча Афғонистон хусусида салбий ахборот беришини қайд этдилар. Бироқ бугунги кунда мамлакатда амалда либерал ва очиқ ҳуқуқий тизим фаолият юрит­япти ва афғон бизнес ҳамжамияти ўз республикасининг имижини яхшилаш устида доимий ишлаяпти. Чунончи, ҳозирги вақтда Афғонистонга импорт экспортдан беш баравар ортиб, қарийб 2 млрд АҚШ долларини ташкил этади. Бинобарин, экспорт ҳажми кейинги вақтда 30%га ошган. Олиб чиқиладиган асосий товарлар рўйхати анъанавий: қуруқ мевалар (умумий ҳажмнинг 47%и) ва гиламлар. Бундан ташқари, мармар ва ҳунармандларнинг маҳсулотлари экспорт қилиняпти. Асосий харидорлар – Покистон (28%), ке­йин Ҳиндистон ва Европа Иттифоқи. Афғонистонга энергетика маҳсулотлари (22%), машина ва ускуналар (21%), қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари (18%), тиббий дори-дармонлар (19%) импорт қилинади. Импорт соҳасида асосий савдо ҳамкорлари бўлиб Покистон, Эрон, Туркия, Ҳиндистон ва Ўзбекистон ҳисобланади. Иштирокчилар Марказий Осиё мамлакатлари Афғонистонга савдо муносабатларини ривожлантириш учун жуда муҳимлигини таъкидлашди. Бундай форматдаги учрашувлар ҳам шунга имкон беради.

Сурхондарё вилояти Афғонистон билан чегарадошлиги боис меҳ­мон­лар республикамиз ушбу минтақа­сининг экспорт салоҳиятига катта қизиқиш билдирдилар. Сурхондарё Ўзбекистонда энг йирик қишлоқ хўжалик маҳсулоти етиштирувчиларидан бири ҳисобланади, бу ерда йилига 1 млн тоннадан зиёд мева ва сабзавот етиштирилади. Шунингдек Сурхондарё энг йирик пахта толаси ишлаб чиқарувчиси сифатида машҳур. Минтақада 50 га яқин хорижий инвес­тиция иштирокидаги корхоналар фаолият юритади (Швейцария, Германия, Греция, Россия, Индонезия ва бошқа мамлакатларнинг компаниялари билан ҳамкорликда).

Вилоят вакиллари қозоғистонлик ва афғонистонлик тадбиркорларга қўшма ҳамкорлик қилиш учун бир қатор йўналишларни таклиф этдилар. Булар – логистик хизматлар, мева-сабзавот, озиқ-овқат ва коньяк маҳсулотлари, шунингдек енгил са­ноат маҳсулотларидир. Импортчи ва экспортчилар учун Термиз шаҳрида дарё портининг логистик маркази ишлаяпти. Музработ туманидаги «Меҳнат-роҳат» МЧЖ логистик хизматлар кўрсатади, у донни қайта ишлаш ва сақлаш билан шуғулланади. Унинг базаси 20 минг тоннага мўлжалланган. Анжуманда вилоятнинг маҳсулоти талабгир бўлган, экспорт қилинадиган ёки истиқболда олиб чиқиш мўлжалланган бир қатор корхона ва фермер хўжаликларининг номи келтириб ўтилди.

– Бундай учрашувлар экспорт ҳажм­ларининг ўсиши ва унинг географияси кенгайишига имкон яратади, – деб таъкидлади Ўзбекистон агроахборот-инновация маркази директори Мирзоҳид Йўлдошев. – Мамлакатимиз экспорт салоҳиятини ошириш омилларидан бири янги узилган ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулоти анъанавий бозорларини тиклаш ҳамда кенгайтириш ҳисобланади. МДҲ мамлакатлари орасида уларнинг асосий етиштирувчиларидан бири ҳисобланган Ўзбекистон бошқа мамлакатларда уларга доир талабни қондириш учун жуда катта имкониятларга эгадир.

Анжуманга якун ясар экан, USAID­нинг минтақавий иқтисодий ҳам­корлик бўйича Лойиҳаси раҳбари Виктор Продедович шундай деб таъкидлади: «Бизнинг Лойиҳамиз Марказий Осиё мамлакатлари ва Афғонистон ўртасида савдо муносабатларини мустаҳкамлашга кўмаклашади. Биз В2В форматидаги бундай учрашувларни биринчи марта ташкил этаётганимиз йўқ. Чунончи, ўзбек ва қозоқ тадбиркорларининг ёздаги учрашуви 1,5 млн АҚШ доллари атрофидаги суммада Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотини етказиб беришга контрактларни имзолаш билан якунланди. Термиздаги анжуман ҳам савдо шартномаларини имзолаш, уч мамлакат бизнес вакилларининг ўзаро фойдали ҳамкорлигини кенгайтириш учун муносиб бошланғич майдончага айланди».

Прочитано: 2509 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика