Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 47 / Ёнғин хавфсизлиги

Тилсиз ёв

УНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ ҲАР БИРИМИЗНИНГ БУРЧИМИЗДИР!

 


Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЁХББ томонидан «Ёнғин хавфсизлиги ойлигини эълон қилиш ва ойлик давомида амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларни белгилаб олиш» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Таъкидландики, мустақиллик йилларида бошқа соҳаларда бўлгани сингари ёнғиндан сақлаш хизмати тизимида ҳам туб ислоҳотлар амалга оширилди. Соҳада масъулиятни ошириш, тизимнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш юзасидан республикада бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Ўтган давр мобайнида «Ўзавтосаноат» АК билан ҳамкорликда «Самарқанд автомобиль заводи» МЧЖда «Исузу» шассисида енгил ва ўрта турдаги ёнғин ўчириш автоцистерналарини ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб, ҳозирги кунда давлат ёнғин хавфсизлиги хизматининг бўлинмалари ушбу турдаги ёнғин ўчириш автомобиллари билан таъминланган.

Ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солишда муҳим ҳужжат ҳисобланган Ўзбекистон Республикасининг «Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонунида (30.09.2009 йилдаги ЎРҚ 226-сон) маҳаллий давлат ҳокимияти, корхона-ташкилотлар, ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқароларнинг ваколат ва мажбуриятлари мустаҳкамлаб қўйилди. Қонуннинг ижроси натижасида республикамиздаги барча аҳоли турар жойлари, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларида ёнғинлар ва уларда инсонларнинг тан жароҳати олиши ёки ҳалок бўлиш ҳолатларининг олдини олиш, ёнғинларни тезда бартараф этиш, ёнғин ўчириш қисмлари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, шахсий таркиб фаолиятини яхшилаш ва янги норматив ҳужжатларни ишлаб чиқишга эришилди.

Жорий йилнинг ўтган ўн ойи мобайнида республикамиз ҳудудида содир бўлган ёнғинлар сони 10 570 тани ташкил этиб, 2012 йилнинг шу даврига нисбатан 134 тага ёки 1,3%га ошган. Содир бўлган ёнғинларда 400 нафар фуқаро тан жароҳати олган, 100 нафар фуқаро ҳалок бўлган.

Таҳлилларга кўра, маиший-маданий ва маъмурий биноларда содир бўлган ёнғинлар 18,8%га, оловдан эҳтиётсизлик билан фойдаланиш натижасида содир бўлган ёнғинлар 6,6%га, болаларнинг олов билан ўйнашлари оқибатида содир бўлган ёнғинлар 16,6%га ошган.

Ёнғин тасодифий ёки ўз-ўзидан келиб чиқадиган ҳолат эмас, балки  у кимнингдир айби билан юзага келадиган бахтсиз ҳодисадир. Ана шу ҳодисанинг олдини олиш эса ҳар бир кишининг ўз қўлида эканлигини фуқароларимиз унутмаслиги, ўз яшаш жойлари ва иш жойларида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этишлари зарур.

Дунёдаги кўпгина ривожланган мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, аҳолининг ёнғин хавфсизлиги борасидаги тушунчаси қанчалик паст бўлса, ундан кўриладиган талафот – инсонларнинг ҳалок бўлиш ҳолатлари ва зарарларни қоплаш харажатлари ҳам шунча кўп бўлади.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида республика ҳудудида фуқароларимиз томонидан газ иситиш мосламаларидан нотўғри фойдаланиш ва техник қоидаларга риоя этмаслик, носоз газ асбоб-ускуналаридан фойдаланиш натижасида газ ва ҳаво аралашмасининг чақнаши билан боғлиқ 63 та ҳолат қайд этилиб, уларда 7 нафар фуқаро ҳалок бўлган ва 137 нафар фуқаро (шундан 15 нафари болалар) куйиш орқали тан жароҳати олган.

Маълумки, ёнғинни ўчиришда сув асосий восита бўлиб, унинг етарли даражада ва доимий соз ҳолатда бўлиши ёнғинларни бартараф этишнинг асосий омили ҳисобланади. Таассуфки, ёнғинга қарши сув манбаларини қуриш, мавжудларини соз ҳолда сақлаш масалаларига мутасадди ташкилотлар ва жойлардаги ҳокимликлар етарли даражада эътибор бермаётганлиги туфайли уларнинг аксарият қисми яроқсиз ҳолга келиб қолмоқда. Бугунги кунда 34 044 та ёнғин ўчириш ер ости сув олгичидан 1191 таси ва 16 048 та сув ҳовузларидан 554 таси ҳанузгача таъмирланмаган ҳолда носоз бўлиб турибди. Айрим ҳудудларда ёнғинга қарши сув ҳовузи ва ер ости сув олгичлари бўлмаганлиги сабабли ёнғинлар узоқ масофадан сув ташиб келтирилиб бартараф этилган.

Матбуот анжуманида республика иқтисодиёти тармоқлари ва аҳоли турар жойларида содир бўлиши мумкин бўлган ёнғинларнинг олдини олиш мақсадида мутасадди тизимлар олдида турган бир қатор вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.

Тадбир якунида ёнғинларнинг асосий қисми (75%и) ва улар келтирган моддий зарар миқдори (70%и) аҳоли турар жойлари ҳиссасига тўғри келишини ҳисобга олган ҳолда, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан олиб бориладиган ишларни тубдан такомиллаштириш, ёнғин келиб чиқишига сабаб бўлувчи омилларни маҳалла фаоллари, уй-жой мулкдорлари ширкатлари ёрдамида бартараф этиш юзасидан таклифлар билдирилди.

Саҳифани «СБХ» мухбири

Гулбаҳор САТТОРОВА тайёрлади.

 

Прочитано: 3806 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика