Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 47 / Тадбиркорлик

Аёллар тадбиркорлиги – ижтимоий барқарорлик омили

Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг имкониятлар берилаётган бир шароитда аёллар тадбиркорлиги ҳам жамиятда ўз ўрин ва мавқеига эга бўлиб бормоқда.

Миллий матбуот марказида республика «Тадбиркор аёл» уюшмаси ташаббуси билан ташкил этилган матбуот анжуманида ҳам айнан хотин-қизлар тадбиркорлиги ва унинг жамиятда тутган ўрни хусусида сўз борди. Анжуманда таъкидландики, айни пайтда «Тадбиркор аёл» уюшмасининг вилоятларда 14 та, туман ва шаҳарларда 78 та бўлимлари республикамиз хотин-қизларининг жамиятдаги ижтимоий-иқтисодий нуфузини ошириш, оилавий тадбиркорликни ташкил қилиш масалаларига яқиндан кўмак бериб келмоқда.

12 минг нафардан ортиқ аъзони ўзида бирлаштирган Уюшма томонидан шу вақтга қадар 130 мингдан ортиқ иш ўринлари яратилган. 14 минг нафардан зиёд тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган хотин-қизлар бизнес асосларига ўқитилдилар. Бундан ташқари 9 мингдан зиёд вақтинча ишсиз аёллар меҳнат бозорида харидоргир бўлган касб-ҳунарга йўналтирилдилар. Бўлимлар қошида ўз бизнесини бошламоқчи бўлган, шунингдек, соҳада фаолият юритаётган аёллар учун ҳуқуқий ва бизнес ўқув марказлари ташкил этилган. Ушбу марказларда республикамиз қонун ҳужжатларини жамлаган электрон кутубхоналар ҳам мавжуд.

«Тадбиркор аёл» уюшмаси Халқаро аёллар ассамблея­си, Профессионал аёллар ассоциацияси, Халқаро меҳнат ташкилоти каби қатор нуфузли ташкилотлар аъзоси сифатида ишбилармон аёлларнинг халқаро бизнес анжуманларида иштирок этишларига имкон яратиб келмоқда. Республикамизнинг чет эллардаги элчихоналари билан ўрнатилган ҳамкорлик туфайли кўплаб аёлларимиз Ўзбекистон ва хориж мамлакатларида ўтказилаётган Бизнес-форумларда қатнашиб, мамлакатимиз экспорт салоҳиятини оширишга муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар.

Якунланаётган йил давомида Уюшма 3 та йирик лойиҳани амалга ошириш устида иш олиб борди. Хусусан, «Тадбиркорликни ривожлантириш омиллари ва вазифалари» лойиҳаси доирасида жорий йилнинг тўққиз ойи давомида 50 нафардан ортиқ аёлнинг кредит олиш, бино ва иншоотлар қуриш учун ер билан таъминланиш, экспортга оид масалалари ижобий ҳал этилди.

«Коллежларни битираётган қизларни тадбиркорликка йў­налтириш, «Уста-шогирд» анъанаси асосида уларда тад­биркорлик кўникмаларини шакллантириш» лойиҳаси дои­расида ҳар бир вилоятдан жалб этилган 500 нафар қиз турли корхоналарда амалиёт ўтадилар ва иш билан таъминландилар. 

«Аёлларни иш билан таъмин­лаш, уларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўл­лаб-қувватлаш» лойиҳаси доирасида 18 та йў­налишда 24 нафар маҳаллий тренерлар тайёрланди, 720 нафар аёл янги касбга ўқитилди.

Бундан ташқари, Уюшманинг ҳудудлардаги бўлимлари ҳам мустақил равишда бир неча лойиҳаларни амалга оширмоқда. Масалан, Бухоро вилояти бў­лимида «Аёллар учун бизнес-инкубатор ташкил қилиш» лойи­ҳаси илгари сурилиб, ҳозир унда 2 минг нафардан зиёд хотин-қиз тадбиркорлик асосларига ўқитилди.

Шунингдек, Уюшманинг Қорақалпоғистон Республикаси бўлимида «Қорақалпоқ миллий мусиқа асбоблари ишлаб чиқариш», Сурхондарё вилояти бўлимида «Ҳунармандчилик – оила фаровонлиги ривожла­нишининг муҳим омили», На­манган вилояти бўлимида «Хотин-қизларни тадбиркорлик асосларига ўқитиш», Тошкент вилоятида «Фермерлик макта­бини ташкил қилиш», Қашқадарё вилоятида «Оилавий бизнесни ривожлантириш орқали янги иш ўринлари яратиш» каби лойиҳалар амалиётга татбиқ этилди.

Саҳифани «СБХ» мухбири

Гулбаҳор САТТОРОВА тайёрлади.

Прочитано: 9390 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика