Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 47 / Бизнинг лойиҳалар

Билим деганлари пухта бўлгани маъқул

«NORMA» профессионал ривожланиш марказида CAP/CIPA халқаро сертификатлаштириш дас­тури бўйича имтиҳонлар топширишга тайёргарлик кўриш курсини илк бор тамомлаган бухгалтерлар катта синовдан ўтдилар. Яқинда Марказ идорасида «Молия ҳисоби-1» ва «Бошқарув ҳисоби-1» курсларини муваффақиятли тамомлаган толиби илмларга сертификатлар топширилди. Улар бу ерда назарий билимлар ва амалий кўникмалар, шунингдек бўлажак асосий имтиҳонни муваффақиятли топшириш юзасидан тавсия­лар ва маслаҳатлар олдилар. «NORMA» курсида таълим олиш имтиҳондан ўтишга ёрдам беради. Негаки курсда таълим олаётганлар бир неча оралиқ имтиҳонларини ва битта якуний имтиҳон топширганларидан кейин уларнинг натижалари асосида сертификат берилади.

Марказ муаллимларидан Михаил ва Игорь Аипкинлар ўқувга жиддий муносабати ва таълим олишга бўлган алоҳида иштиёқи учун толиби илмларга миннатдорчилик билдирдилар. Михаил Семёнович молия ижараси ҳамда товар-моддий захиралар ҳисоби билан боғлиқ анчагина мураккаб саволларга тўғри жавоб берилганидан ҳам ҳайратга тушганлигини, ҳам қувонганлигини яшира олмади. Игорь Михайлович якуний имтиҳон натижалари кутганидан ҳам аълороқ бўлганлигини эътироф этиб, бундай қизиқувчан одамлар билан ишлаш кўнгилли ва завқли эканлигини айтди. Сертификатларни Марказ директори Мўмин Ашуров топширди. Бу ҳужжат курс­да таълим олганликни шунчаки тасдиғи эмас, балки у CAP/CIPA сертификатини олиш учун имтиҳон топширишдаги муваффақиятсизликларни кескин камайтирувчи омил ҳамдир. Дарвоқе, имтиҳондан «йиқилган» тақдирингизда сизга такроран, аммо бепул таълим берадилар.

Иштирокчилар бундан буён ҳам таълимни Марказда бажонидил давом эттириш истагини билдирдилар.

Д.МУҲИТДИНОВА, «Gested Consultant OHK» МЧЖ директори:

– Малака ошириш йўналишидаги турли курсларда таҳсил олиб тураман. Шу сабабли ҳам комил ишонч билан айтишим мумкинки, бошқарув ҳисоби бўйича мазкур Марказдаги таълим курсига етадигани йўқ! Компаниямиз бухгалтерия хизматлари кўрсатиб келади. Унинг директори сифатида бу соҳадаги кўп жиҳатлардан бохабар бўлишим зарур. Бу ерда – таълим курсида бир дунё янгиликлардан хабар топдим. Кўриладиган фойда ҳисобини чиқариш, смета тузиш, зарарларни имкон қадар камайтириш борасидаги билим ва кўникмаларим анчагина кенгайди. Муаллимимиз – Игорь Аипкин барча мавзуларни кўргазмали воситалар асосида очиб берди, яхшилаб тушунтирди. Илгари менга мутлақо ёт туюлган, негадир ўзим ҳам унча ёқтирмайдиган дисконтлаш масаласи билимдонлик билан лўнда қилиб тушунтирилгач, мен яхши кўрадиган мавзуга айланди. Мабодо Марказ «Бошқарув ҳисоби-2» курси очадиган бўлса, биринчилар қатори бу курс­га ёзилган бўлур эдим!

Д.САТИ­МОВА, бухгалтер:

– Бухгалтерия билан шу­ғулланаётганимга унча кўп бўлмади. Шу сабабли бўлса керак, курс аввалига мен учун мураккаброқ туюлди. Дастлабки дарсларда молия ҳисобининг айрим масалаларини, гапнинг рос­ти, яхши тушуна олмадим. Аммо курс охирлагач, бу соҳада кўп нарса билиб олганлигим ўзимга ҳам аён бўлди-қўйди. Муаллимимизга бунинг учун ташаккур. Михаил Семёнович қалбимга ютуқлардан умидворлик туйғусини сингдира олмаганида, билмадим нима қилган бўлар эдим?!

 

А.КОШКИНА, «TRI-S-Audit» МЧЖ аудиторининг ёрдамчиси:

– Бу мен учун дастлабки таълим курси эди. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини тамомлаб, эндигина меҳнат фаолиятини бошлаганим учун ҳам бу курс менга кўп нарса берди деб айта оламан. Муаллимлар барча мавзуларни тушунарли тарзда, осон ўзлаштириладиган қилиб тушунтирдилар, ҳар биримизга якка тартибда ёндашув йўлини ҳам топдилар. Уларнинг имтиҳонни қай йўсинда муваффақиятли топшириш ­мумкинлиги ҳақида айтган гап­лари, топ­шириқлар моҳиятини теран ўзлаштиришга ўргат­ганликлари, имтиҳонда берадиган жавобларимизни текшириб кўришнинг талайгина усуллари билан таништирганликлари зўр бўлди. Энг асосийси эса курсда олган билимларимни ҳозирнинг ўзидаёқ ишда қўлламоқдаман!

 

О.БЕЛИ­КОВА, бош бухгалтер:

– Курс таълимини ўзлаш­тирганимдан беҳад шодман! Тўғри, ўзимиз одатланиб қолган қонун ҳужжатларидан озгина фурсат бўлса-да, четлашиш осон бўлмади. Негаки бу ерда таълим халқаро стандартларга асосланган экан. Муаллим ўрганилаётган барча материалларни «қуйиб қўйиш» орқали одамни курснинг талабларига аста-секин кўниктирар экан.

И.МИРЗА­АҲМЕДОВА, «CIB Group» МЧЖ бош бухгалтери:

– Энг аввало менга таълим курсининг ташкил этилиши, ўқитиш усуллари, тарқатма материаллар жуда ёқди. Оралиқ имтиҳонлар шарофати билан билимимизни муттасил баҳолаб боришга, камчилик ва нуқсонларимизни аниқлашга муваффақ бўлдик. Игорь Аипкин жуда одамохун, эътиборли муаллим экан. Бунга ўхшаш бошқа кўпгина курсларга ҳам қатнаганим учун қатъий ишонч билан айта оламанки, «NORMA» марказининг «Бошқарув ҳисоби-1» курси энг олди таълим курсларидан биридир. Дўстларимга ҳам бажонидил шу курсда таълим олишни тавсия этаман.

Н.МИРФАЁЗОВА, «Valley Group Partners» МЧЖ бош бухгалтери:

– Курс қийинроқ бўлса ҳам, қизиқарли экан. Ўзи­мизникидан анчагина фарқ­ланувчи халқаро стан­дартлар бўйича «фикр юритиш» аввалига осон бўлмади. ­Аммо кейинроқ тегишли маромга тушиб олдик, таълим ҳам осонроқ туюла бошлади. Янгидан-янги билим ва тажриба олганим-ку ўз йўлига, айни бир вақтда қизиқарли одамлар, ҳамкасабалар билан танишиб олдим. Муаллимларимизга ўқиш асносида берган ёрдамлари, тавсия ва маслаҳатлари учун ҳар қанча раҳмат айтсак кам. Ташкилотчиларга келгуси ишларида ҳам ютуқ ва муваффақиятлар тилайман.

 

 

Юқорида айтилганлардан шуни хулоса қилиш мумкинки, бу гўшада ғалвирни биринчи бор сувдан кўтариш чакки бўлмабди, курсдаги таълим муваффақиятли ўтибди. Энди янги гуруҳларга талабгорлар тўпланмоқда, яна иккита – малака ошириш ва САР сертификати олиш истагидагиларнинг ҳаммаси учун фойдали «Солиқлар» ва «Ҳуқуқ» курслари очиш мўлжалланмоқда.

 

 

Наталья СПИРИДОНОВА,

мухбиримиз.

 

Прочитано: 874 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «Norma Hamkor», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 24.05.2007г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел./факс (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz

Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «Norma Hamkor», 2006-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика