Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 46 / Бизнинг лойиҳалар

Иш жойи ва хонадаги монитордан ажралмаган ҳолда ўқинг, ўқинг ва яна ўқинг

 

Масофадан туриб ўқитиш мустақил билим олиш шакли бўлиб, бунда ўқитувчи ва ўқувчилар масофадан туриб ҳамкорлик қилишади. Ундан барча ёшдагилар кенг тарзда фойдаланишади. Ваҳоланки бу усул бир неча аср аввал қўллана бошланган эди. XVIII аср охирида Европада доимий ва ҳаммабоп поч­та алоқаси ўрнатилганда «ёзишмали ўқитиш» усули пайдо бўлган. Ўқувчилар муаллимлар билан хат ёзишиб турганлар, почта орқали ўқув материалларини олганлар.

Замонавий компьютер технологиялари мазкур ўқитиш турининг бугунги кунда ривожланишини тезлаштирди. Унинг қулайликлари шубҳасиз: масофадан туриб шуғулланадиган киши ўқиш жараёнини ўзи назорат қилиб, жой ва вақтни танлаши мумкин. Кўпинча бу ҳол ўқишни иш билан қўшиб олиб борадиган ёки маълум сабабга кўра уйда ўтиришга мажбур бўлган кишилар учун бирдан-бир мумкин бўлган таълим олиш туридир. 

 

Ушбу усулнинг барча афзалликларини ҳисобга олиб, «NORMA» профессионал ривожланиш маркази жорий йилда ­ноёб лойиҳани амалга оширишга киришди – бухгалтер малакасини оширишнинг масофали курсини ишга туширди. Унинг биринчи модули – «Бухгалтерия ҳисобига кириш» ўз ичига назарий материални олган, иккинчи модуль – «Амалиёт­чи бухгалтер» бухгалтерияни юритиш амалиётига асосланган. Лойиҳа ишлаб чиқувчиларининг фикрича, иккала модулдан муваффақиятли ўтиб, ушбу мураккаб бухгалтерия ишининг бошланғич асосларини эгаллаган ҳар қандай киши уйдан чиқмасдан, ўзи учун қулай бўлган исталган вақтда уни профессионал даражада эгаллаб олиши мумкин.

Профессионал экспертлар бўлмиш Игорь Аипкин («Бухгалтерия ҳисобига кириш») ва Ольга Шабанова («Ама­лиётчи бухгалтер») ишлаб чиққан элект­рон курсда дарсларнинг таркиби ва улар ҳар бирига тестлар берилган. Ахборот содда, қизиқарли шаклда, ёрқин мисоллар ва электрон суратлар билан берилган. Таълим олаётган ўқувчилар ўқитувчи билан боғланиш, унга саволлар бериш, маслаҳат олиш, шунингдек бир-бирлари билан тажриба алмашиш имкониятига эга бўладилар. Курснинг муҳим афзаллиги – тезда билим олиш мумкинлигида. «Бухгалтерия ҳисобига кириш» 15 машғулотни ўз ичига олади, уни 4 ҳафтада, «Амалиётчи бухгалтер» модулини эса 10 ҳафтада ўзлаштирса ва шу билан профес­сионал сертификат олса бўлади. Бунинг учун, албатта, иккала модул ўтилгандан кейин тест синовини муваффақиятли топшириш керак.

4 ноябрда «NORMA» компаниялар гуруҳи ушбу курс тақдимотини ўтказди. «NORMA» профессионал ривожланиш маркази директори М.Ашуров ва И.Аипкин йиғилганларга – сертификатнинг бўлғуси талабгорларига лойиҳа тўғрисида ҳикоя қилдилар, ўқувчи сифатида қандай қилиб рўйхатдан ўтишни кўрсатдилар, тақдимот иштирокчиларининг саволларига жавоб бердилар.

– Курсингизнинг мазмуни шунга ўхшаш бошқа курслардан нимаси билан фарқ қилади?

– Менинг ишончим комилки, бухгалтер шунчаки «ҳисобчи» эмас, балки бизнес жабҳасида муҳим қарорлар қабул қилишда раҳбарнинг ёрдамчисидир.

Кўпчилик ўқув курслари кишиларни бошланғич ҳужжатларни тўғри тўлдириш, проводкалар қилиш, компьютер дастурлари билан ишлаш ва бошқа кўникмаларга ўргатишга катта эътибор қаратади. Ушбу билимлар, шубҳасиз, муҳим. Бироқ, бухгалтерия ҳисоби ва бир қарашда назарий туюладиган бошқа масалаларнинг моҳиятини тушунмасдан туриб, олинган молиявий ахборотни малакали таҳлил қилиб ва бухгалтерия ҳисобидан бизнеснинг рентабеллигини ошириш учун фойдаланиб бўлмайди. Шу сабабли курсимизнинг биринчи модулида биз бухгалтерия ҳисобининг асосий тушунчалари ва атамаларини тушунтиришга урғу берамиз, уларни тайёргарлик даражасидан қатъи назар, ўқувчиларга тушунарли қилишга интиляпмиз.

Биз ушбу модуль устида деярли бир йил ишладик ва у доимо такомиллаштириляпти. «Амалиётчи бухгалтер» модулига ишлов бериляпти, яқин келажакда ундан ҳамма фойдаланадиган бўлади.

– Масофали ўқитиш курси кимлар учун ташкил этилган?

– Унинг аудиториясининг қамрови кенг. Уларга тегишли ихтисосликларни олаётган талабалар ҳам, ўзининг профессионал иқтисодий билимларини бухгалтерия билимлари билан чуқурлаштирмоқчи бўлган кишилар ҳам киради. Курсимиз ўз кўникмаларини ривожлантириш ва янги билимлар олиш иштиёқида бўлган тажрибали мутахассисларга ҳам фойдали бўлади.

– Курсда ўқиётганларга қўшимча қўлланмалар, дарсликлар керак бў­ладими?

– Ўқитиш олиб бориладиган buhshkola.uz сайтида (рўйхатдан ўтганлар учунгина очилган) биз тавсия қилган материаллар рўйхатини топиш мумкин. Улардан қўшимча манбалар сифатида фойдаланиш тавсия қилинади. Лекин курс дастурида профессионал малакани ошириш учун барча зарур материал мавжуд.

– Сизнинг тизимингиз анъанавий ўқитиш шаклидан нимаси билан фарқ қилади?

– Аслини олганда, у ўқитишнинг сиртқи шаклини эслатади ва нафақат ўқитувчи, балки бошқа ўқувчилар билан ҳам алоқа боғлаш имкониятини назарда тутади. Биз махсус форум ва шахсий хабарлар тизимини ишлаб чиқдик, кейинчалик алоқа боғлашнинг бошқа шакллари ҳам пайдо бўлади.

– Сизнинг тизимингиз малака сертификатини жуда осонлик билан олиш имконини берадиган кўринади…

– Бу фикр хато. Масофали ўқитишнинг шакли, ғоятда қулай бўлса-да, аввало билимларни мустақил назорат қилиб боришни тақозо этади. Ўқитувчи эса бор хатоларни қайд этиши ва уларга қандай қилиб йўл қўймаслик хусусида маслаҳатлар бериши керак. Ноҳалол ўқувчи, албатта, ҳар бир дарс бўйича тест саволларига тажрибали бухгалтердан ўзи учун жавоб беришини илтимос қилиши мумкин. Бироқ унинг билимларидаги барча камчиликлар юзма-юз ўтадиган оралиқ ва якуний тест синовларида аниқланади. Хуллас, малака сертификатларини ўқишга иштиёқ ва қизиқиш билан киришган, якуний тест синовларида яхши натижалар кўрсатган шахс­ларгина оладилар.

 

Ишлар бошлаб юборилди! Курс ишга тушди, дастлабки таништириш семинари ўтказилди. Унинг иштирокчилари мамнун кайфиятда, муваффақиятдан умидвор ҳолда тарқалдилар.

Наталья СПИРИДОНОВА,

мухбиримиз.

__________________________________

Таҳририятдан: «Norma» ПРМдан бизга маълум қилишларича, материалда сўз борган курс ҳозирча рус тилида олиб борилади. 2014 йилнинг февралидан бошлаб курсни ўзбек тилида ҳам олиб бориш режалаштирилган.

 

________________________________________________________________________________________________________

Лойиҳа тўғрисида ўз фикрларини баҳам кўрдилар:

 

Р.Маҳмудова, «AL Akrom Biznes» МЧЖ бухгалтер ёрдамчиси.

norma.uz сайтида ушбу курс тўғрисидаги эълонни ўқиб, унда ўқишни ва сертификат олишни жуда хоҳладим. Мени қулай вақт ва қулай жойда ўқиш имконияти қувонтиради. Курслар алоҳида ғамхўрлик ва эътибор билан ишлаб чиқилганлиги яққол кўзга ташланади.

 

И.Астафьева, «Alkim Tekstil» МЧЖ хорижий корхона бухгалтери:

Мен қарийб бир йилдан бери бухгалтер бўлиб ишлаяпман. Ушбу вақт ичида олган амалий кўникмаларимни назарий билимлар билан мустаҳкамламоқчиман. Мазкур курс менга мутахассис сифатида ривожланиш имконини беришига ишонаман. Ўз бухгалтерим Елена Владимировна мазкур курсда ўқиш имкониятини бергани учун ва, албатта, «NORMA»га уни ташкил этгани учун раҳмат айтмоқчиман.

 

Ю.Акишина, «Pharma Impex» МЧЖ бухгалтер ёрдамчиси:

Менга бошловчи бухгалтер сифатида ушбу соҳада кейинчалик ишлашим учун янги билим ва кўникмалар зарур. Мен бу ерга билим олиш учун келдим ва уни олишимга ишончим комил!

 

С.Пшеничникова, «Advertising Guide» МЧЖнинг мижозлар билан ишлаш бўйича менежери:

– Менинг ишим бухгалтерия билан боғланмаган. Бироқ мен ушбу соҳадаги билимлар жуда муҳим деб ҳисоблайман ва ўзимни бу соҳада синаб кўришни хоҳладим. Бунинг устига мазкур ўқитиш шакли исталган вақтда ўқиш имкониятини берар экан. Мени ўқишга юборган компаниям раҳбариятидан миннатдорман.

 

М.Орипова, «Granit» ДУИШЧК бухгалтери:

– Бугунги илиқ муҳитда ўтган семинарда мен саволларимга батафсил жавоб олдим. Менда бухгалтерияда ишлашнинг 10 йиллик тажрибаси бор. Шундай бўлса-да, масофали ўқитиш курси кўплаб янгиликлардан воқиф бўлиш имконини беришидан умидворман!

 

Б.Абдураззоқова, «Қурилишмеханизация» МЧЖ бухгалтери:

– Мен бошловчи бухгалтерман. Шу сабабли мазкур курс мен учун жуда фойдали ва муҳим! Унинг ёрдамида фойдали билимлар ва тажриба эгаллашимга ишонаман! Эртаданоқ ўқишни бошлайман!

Прочитано: 1996 раз(а)

Комментарии к статье (2)

2013-11-22 13:01:45, Гость_Элёр:
кандай килиб регистрация килса булади ёрдам беринглар
2013-11-22 17:15:58, Maruf Usmanov-Norma [админ]:
Гость_Элёр
кандай килиб регистрация килса булади ёрдам беринглар
Ҳурматли Элёр!
Ағар мақолани диққат билан ўқиб чиқсангиз, саволингизга аниқ жавоб топасиз, ҳамда «NORMA» профессионал ривожланиш марказидаги 200-00-45 ва 283 23 42 рақамларини териб, батафсил маълумот оласиз.

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика