Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 46 / Бизнинг лойиҳалар

Бухгалтерлар учун семинарлар: Фойдали ва долзарб

Бухгалтерия бир тусдаги ва ҳаракатни кам талаб қиладиган фаолият деб шаклланган андозага қарамай, бу соҳа доимо ривожланиб боряпти. Шунинг учун ҳатто кўп йиллик стажга эга бўлган тажрибали мутахассислар ҳам бирор янги нарсани ўрганишга, ўз тажрибаларини баҳам кўришга, бошқаларнинг тажрибасини ўрганишга интиладилар. Бухгалтерлик касбини эндигина эгаллаганлар эса бу нарсага айниқса муҳтож бўладилар. Буларнинг ҳаммасини «NORMA» газеталарининг бирлашган таҳририяти» ва «NORMA» профессионал ривожланиш маркази ўтказаётган ўқув ва амалий семинарларда билиб олиш мумкин.

29 октябрда бўлиб ўтган семинарда қирққа яқин иштирокчи – ягона солиқ тўлови тўловчиси бўлган турли корхоналарнинг ҳисоб мутахассислари тўпланди. Зеро унда ЯСТ ҳисоб-китоби масалалари ҳамда кичик бизнесга солиқ солишнинг бошқа муҳим ва долзарб жиҳатлари муҳокама қилинди. Семинарни олиб борган тажрибали эксперт Зоя ТУЧКОВА тингловчиларнинг диққатини ўзига тўлиқ жалб этди.

Бу табиий ҳол, сабаби бошловчи иштирокчиларни қизиқтирадиган, улар семинарга кириш учун рўйхатга олинаётгандаёқ берган саволларга асосланди. Уларни эса таннарх, товарни реализация қилишдан тушум ва уни ҳисоблаб чиқариш, асосий фондларнинг ҳар йилги қайта баҳоланиши, ижара ҳақи ставкалари, имтиёзларни қўллаш мавзулари қизиқтиради. Маърузачи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга асосланган, шу жумладан ўзгартирилган ва яқинда чоп этилган ҳужжатларга асосланган у ёки бу ахборотни шунчаки хабар қилибгина қолмай, балки ҳисоб-китоб мисолларини ҳам келтирди. Дебиторлик қарзини ундириш масаласи қизғин муҳокамага сабаб бўлди. Семинарда яқинда ушбу вазиятга тўқнаш келган кишилар иштирок этишди. Зоя Ивановна солиқ солиш ва бухгалтерия ҳисобининг семинарда кўтарилган бошқа масалалари бўйича ҳам тавсиялар ва маслаҳатлар берди. 

 

Имтиёзлардан мақсадли фойдаланишни қандай расмийлаштириш керак?

Корхонага берилган имтиёзларни расмийлаштириш ва бухгалтерлик ҳисобида акс эттириш, бунда тежалган маблағлардан фойдаланиш тартиби Юридик шахс­ларга солиқлар, божхона ва мажбурий тўловларни бюджетга тўлаш бўйича берилган имтиёзларни расмийлаштириш ва бухгалтерлик ҳисобида акс эттириш тартиби тўғрисида низом1 билан белгиланади.

Бўшаётган маблағларни мақсадли ишлатиш назарда тутилган имтиёзлар қўлланилганда бюджетга тўланадиган солиқлар, божхона ва мажбурий тўловлар маҳсулот (товарлар, ишлар, хизматлар) ҳамда бошқа хил мол-мулкнинг сотиш (харид) қийматига ҳисоблаб ёзилади ва киритилади. Бундан ҚҚС тўловчилари учун мазкур солиқ ва қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳисобга қабул қилинадиган акциз солиғи мустаснодир.

Солиқ ва божхона им­тиёзлари миқдори бюджетга ҳисоблаб ёзилган солиқлар, божхона ва мажбурий тўлов­лардан келиб чиқиб белгиланади, улар бўйича ҳисоб-китоблар солиқ тўловчи рўйхатга олинган жойдаги солиқ органларига белгиланган шакллар ва муддатларга мувофиқ тақдим этилади.

Хўжалик юритувчи субъектлар ҳисоб-китоблар тўғри­лиги ва ўз вақтида тақдим этилиши учун жавобгардир. Ҳисоб-китоблар тақдим этилмаган ёки ўз вақтида тақдим этилмаган тақдирда хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан қонун ҳужжатларига мувофиқ молиявий жазо қўлланади.

Мақсадли имтиёзларнинг бухгалтерия ҳисоби 8840-«Мақсадли ишлатиш билан солиқ имтиёзлари» ҳисобварағида берилган, солиқ ва божхона имтиёзлари турлари бўйича юритилади. Унда ҳисобга олинадиган маблағлар суммалари қуйидаги тартибда ҳисобдан чиқарилади:

а) асосий воситалар, номоддий активлар, товар-моддий бойликларни харид қилишга, кредит ва қарзларни сўндиришга, асосий воситаларни реконструкция қилиш ва замонавийлаштиришга йўналтирилганда, агар имтиёзли давр кўрсатилган бўлса – муддатларнинг энг ками бўйича: имтиёзли давр ёки ҳақиқатда ишлатиш тугаганда, имтиёзли давр кўрсатилмаган ҳолларда эса – ҳар йили:

8840-«Мақсадли ишлатиш билан солиқ имтиёзлари» ҳисобварағи дебети;

8530-«Текинга олинган мол-мулк» ҳисобварағи кредити, бунда «Солиқлар ва божхона имтиёзлари» ҳисобварағи ажратилади;

б) жорий мажбуриятларнинг ҳосил бўлишига (масалан: иш ҳақининг ҳисоблаб ёзилиши, ижара, давлат мақсадли жамғармаларига ажратмалар ва ҳоказо) олиб келадиган жорий харажатларни қоплашга йўналтирилганда:

8840-«Мақсадли ишлатиш билан солиқ имтиёзлари» ҳисобварағи дебети;

6010-«Етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган ҳисобварақлар» ёки 6120-«Шуъба ва қарам хўжалик жамиятларига тўланадиган ҳисобварақлар» ёхуд 6710-«Меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича ходимлар билан ҳисоб-китоблар» ёки турли кредиторлардан қарзни ҳисобга олиш ҳисобварағи (6900) кредити ёхуд бошқа тегишли ҳисобварақлар.

Имтиёзларни қўллаш туфайли бўшаган маблағлардан мақсадга мувофиқ фойдаланилмаганда уларнинг барча суммаси пеня ҳисобга олинган ҳолда бюджетга ўтказилади. Зеро, Солиқ кодексининг (СК) 22-моддасига кўра, солиқ тўловчига муайян мақсадларга йўналтириш шарти билан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича берилган имтиёзлар ҳисобига бўшайдиган маблағлар бюджетдан ажратиладиган субсидиялар ҳисобланади, уларга солиқ солинмайди ва солиқлар бўйича ҳисоб-китобларда солиқ солиш объекти сифатида қаралмайдиган даромадлар сифатида акс эттирилади. Субсидиялардан эса, маълумки, улар ажратиладиган мақсадларда фой­даланиш керак.

Солиқ тўловчиларнинг айрим тоифаларига қонунлар ва Президентнинг қарорлари ­билан бериладиган солиқ ва божхона имтиёзларини қўллаш ҳамда уларни қўллашда бўшайдиган маблағлардан фойдаланиш тартиби айрим меъёрий ҳужжатлар билан ҳам тартибга солинади. Чунончи, Маҳаллийлаштириш дастури иштирокчиси бўлган корхоналар Тасдиқланган Маҳаллийлаштириш дастури лойиҳалари амалга ошири­лаёт­ган корхоналар томонидан солиқ ва божхона имтиёзларини қўллаш тартиби тўғрисида низомга2, ноозиқ-овқат истеъмол товарларини ишлаб чиқарувчилар эса Ноозиқ-овқат истеъмол товарларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналар томонидан солиқ ва божхона имтиёзларини қўллаш тартиби тўғрисида низомга3 амал қиладилар ва ҳоказо.

 

ЯСТ нормативи коэффициентлари билан қандай ҳисоб-китоб қилинади?

Чакана савдо билан шу­ғулланмайдиган корхоналар ягона солиқ тўловини Солиқ кодексига мувофиқ, Президентнинг тегишли йил учун қарори билан тасдиқланган ставкалар бўйича, бироқ энг кам миқдор – ер солиғининг 3 баравар суммасида тўлай­дилар, ушбу сумма жойлашган жойи ва амалга оширилаётган фаолият турларини ҳисобга олган ҳолда эгаллаган ер участкаси майдонидан келиб чиқиб ҳисоб­ланади. Ушбу корхоналар киритилган ўзгартиришлар ва қўшимчаларни ҳисобга олган ҳолда Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга4 амал қилишлари керак.

ЯСТнинг йил учун энг кам миқдори қуйидаги формула бўйича аниқланади:

ЭКМяст = 3 х С х К1 х К2,

бу ерда:

С – ер солиғи. Ер солиғини ҳисоблаб чиқаришда мазкур жой ва ер тоифаси учун белгиланган энг кам ставкалар қўлланилади. 2013 йилга улар Президентнинг 25.12.2012 йилдаги ПҚ-1887-сон қарорига 19-иловада белгиланган. Ер солиғи ставкаси Тошкентнинг 1-зонасида 1 га учун 10 836 596 сўмга тенг;

К1 – амалга оширилаётган фаолият туридан келиб чи­қиб қўлланиладиган пасайтирувчи коэффициент;

К2 – юридик шахснинг жойлашган жойидан келиб чи­қиб қўлланиладиган па­сайтирувчи коэффициент.

Пасайтирувчи коэффициентлар 2203-сон Низомга 1-иловада келтирилган.

Тўловчилар

 

Коэффициент

 

Амалга ошираётган фаолият турига боғлиқ ҳолда (К1)

 

1. Асосий фаолият тури товар ишлаб чиқариш (саноат соҳаси) бўлган микрофирма ва кичик корхоналар

 

0,5

 

2. Асосий фаолият тури қуйидагилар бўлган ташкилотлар:

улгуржи савдо (ўзининг ёки ижарага олган омборхоналари мавжуд бўлган тақдирда);

автомобиль транспортида йўловчиларни ва юкларни ташиш бўйича хизматлар (автотранспортни сақлаш учун ер участкалари мавжуд бўлган тақдирда) кўрсатиш;

автотранспортни таъмирлаш ва унга техник хизмат кўрсатиш (автотранспортни сақлаш учун ер участкалари мавжуд бўлган тақдирда);

божхона назорати остида божхона омборларида товарларни сақлаш бўйича хизматлар (ўзининг ёки ижарага олган омборхоналари мавжуд бўлган тақдирда) кўрсатиш

0,35

 

3. Машина-трактор парклари

 

0,35

 

4. Улгуржи, улгуржи-чакана ва чакана дорихона ташкилотларига

 

0,2

 

5. Янги цехларни қуришни, уларнинг модернизациясини, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлашни амалга оширувчи, шу жумладан, инвестиция мажбуриятларига мувофиқ инвестицияларни амалга оширувчи, ушбу ишларни амалга ошириш даврида товарлар ишлаб чиқаришни амалга оширмаётган микрофирма ва кичик корхоналар - ушбу ишларни амалга ошириш даврига, бироқ ушбу ишларни амалга оширишни бошлаш санасидан бошлаб 24 ойдан ошмаган даврга

 

0,35

 

6. Қурилиш учун ажратилган ерларда уй-жой қуришни амалга оширувчи микрофирма ва кичик корхоналар - норматив қурилиш даври (у мавжуд бўлмаганда - 1 йил) учун

 

0,35

 

7. Кон ва карьерларни ободонлаштиришни, шу жумладан, уларнинг рекультивациясини амалга оширувчи микрофирма ва кичик корхоналар

 

0,1

 

8. Автовокзаллар, автостанцияларни ташкил этадиган юридик шахслар

 

0,35

 

Юридик шахснинг жойлашган ерига боғлиқ ҳолда (К2)

 

Амалга ошираётган фаолият туридан қатъи назар, бориш қийин бўлган ва тоғли ҳудудларда жойлашган ташкилотлар учун

 

0,7

 

 

 

 

 

Агар чорак якунлари бўйича асосий фаолияти хизматлар (мол-мулкнинг оператив ижараси) бўлган бошқа даромадларга қандай ставка бўйича солиқ солиш керак?

2011 йил 1 январдан бошлаб озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотларини реализация қилиш учун турғун савдо шохобчаларини ижарага беришга ихтисослашган корхоналар (ижарага беришдан олинган даромадлар 60%дан кўпни ташкил этади) озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарлари учун ягона солиқ тўловининг 30%лик ставкасини қўллайдилар5. Қолган ҳолларда ижарадан олинган даромадларга 6%лик ставка бўйича солиқ солинади.

СКнинг 353-моддасига мувофиқ турли солиқ солиш объектлари ва (ёки) ягона солиқ тўлови ставкалари белгиланган бир неча фаолият турлари билан шуғулланадиган ягона солиқ тўловини тўловчилар шу фаолият турлари бўйича алоҳида-алоҳида ҳисоб юритишлари ҳамда солиқ тўловчиларнинг тегишли тоифалари учун белгиланган ставкалар бўйича ягона солиқ тўловини тў­лашлари керак.

Ягона солиқ тўлови тў­лов­чиларининг бошқа даромадларига асосий фаолият тури ставкаси бўйича – ҳисобот даври якунлари бўйича умумий реализация қилиш ҳажмидаги тушум ­улуши устунлик қиладиган тур бўйича солиқ солинади (СКнинг 22-моддаси). Турғун савдо шохобчаларини ижарага берадиган корхоналар учун ЯСТ ставкаси ҳар бир аниқ даврда унинг умумий ҳажмида ижарадан тушумнинг улушига боғлиқдир. Агар у умумий ҳажмнинг 60%идан ошса, ижарадан олинган тушум ва СКнинг 132-моддасида кўрсатилган бошқа даромадларга 30%лик ставка бўйича ягона солиқ тўлови солинади. Агар савдо шохобчаларини ижарага беришдан олинган даромадлар 60%дан камни ташкил этса, ЯСТ ялпи тушумдан (мол-мулкни ижарага бериш бўйича хизматлар кўрсатишдан тушум + бошқа даромадлар) тўланади. 

 

           Семинар тўрт соатдан кўпга чўзилди. Бироқ тингловчилар ўқув залини тарк этишга шошилишмади. Кўпчилик эксперт билан шахсан маслаҳатлашиш, ўз тажрибаларини баҳам кўришни хоҳлади. Тингловчиларнинг қизғин қарсаклари тадбирга берилган ҳақиқий баҳо бўлди. Шубҳасиз, семинар муваффақиятли ўтди!

Наталья СПИРИДОНОВА,

мухбиримиз.

 

 

_____________________________________________________

1МВ, ДСҚ ва ДБҚнинг АВ томонидан 2.04.2005 йилда 1463-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

2МВ, ТИАИСВ, ИВ, ДСҚ ва ДБҚнинг АВ томонидан 17.05.2012 йилда 2365-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

3МВ, ИВ, ТИАИСВ, ДСҚ ва ДБҚнинг АВ томонидан 31.03.2009 йилда 1932-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

4МВ, ИВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 3.03.2011 йилда 2203-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

5Президентнинг 24.12.2010 йилдаги ПҚ-1449-сон қарорига 9-1-илованинг 7-банди.

 

Прочитано: 2809 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика